Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

ЯНГИ НАЗАРИЙ ТАМОЙИЛЛАР ВА

ЯНГИЛАНАЁТГАН АДАБИЙ ЖАРАЁН

(Адабиётшунос Ҳамидулла Болтабоев билан суҳбат)

 

          Умарали НОРМАТОВ. Президентимиз Иcлом Каримовнинг 2007 йил 30 августдаги тарихий маърузаси “Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли” деб номланган. Бунда теран маъно бор. Шоир айтмоқчи, чархи кажрафторнинг фожеий бир шеваси туфайли мамлакатимиз тарихининг 130 йиллик йўли мустамлака шароитида, аввал чоризм, сўнг қизил империя истибдоди остида кечди. Империя сиёсати зуғуми, айниқса, маънавият – фан, таълим-тарбия, маданият ва адабиёт соҳасида оғир асоратлар қолдирди. Шўро даврида миллий адабиётимиз “кўпмиллатли совет адабиётининг таркибий қисми” деб қаралди, унинг салкам етмиш йиллик тараққиёти Кремлда ишлаб чиқилган адабий сиёсат, қатъий маъмурий-сиёсий йўл-йўриқлар назоратида бўлди. Бугина эмас. Адабиёт ҳақидаги фан – миллий адабиёт тарихи, адабиёт назарияси, уни ўрганиш, ўқитиш ҳам Москвада тайёрланган ўқув дастурлари, назарий қўлланмалар, дарсликлар андозасига мос тарзда олиб борилди. Марксча-ленинча методология, коммунистик партиявийлик, синфийлик принципларидан заррача четга чиқиш, миллий адабий ҳодисаларни ўзгачароқ тарзда талқин этишга уриниш катта гуноҳ саналар ва гоҳо бунга журъат этган ижод ёки илм аҳлининг  боши дорда эди ўша машъум замонларда. ХХ аср биринчи ярмида бу борада юз берган ақл бовар қилмас фожиалар архив ҳужжатларида сақланиб қолган. Биз тенгли авлод бевосита шоҳиди бўлган Сталин вафотидан кейинги “эрувгарчилик”, нисбатан “юмшаш” шароитида содир бўлган кўргиликлар ҳам аввалгисидан қолишмайди.

         Ниҳоят, 1991 йил 1 сентябрда истибдод деб аталган мудҳиш жараёнга охирги нуқта қўйилди. Миллат тарихида янги саҳифа очилди. Биз қутлуғ чин янги тарихнинг иккинчи ўн йиллигида яшаяпмиз. Барча жабҳаларда бўлганидек, адабий муҳитда, адабиёт фани, уни ўрганиш, ўқитиш бобида улкан бурилиш, туб янги жараёнлар бошланди. Энг муҳими, яккаҳоким мафкура, истибдод адабий сиёсати зуғумларидан бутунлай халос бўлдик; миллий адабиётимиз тор қобиққа, боши берк кўчага кириб қолган “совет адабиёти”, “социалистик реализм адабиёти” доирасидан чиқиб, тараққийпарвар замонавий жаҳон адабиёти ўзанларига тушиб олди. Бугунги адабий жараён ўз инон-ихтиёри, ички қонуниятлари асосида эркин, табиий ривожланиш йўлидан бормоқда. Миллий адабий-танқидий тафаккурда ҳам жиддий эврилишлар кечаётир, илмий-танқидий парадигмалар ўзгарди, адабий ҳодисаларга миллий ғоя ҳамда хилма-хил умуминсоний фалсафий эстетик мезонлар асосида ёндашиш қарор топа бошлади. Шўро даврида топталган миллий адабий қадриятларни тиклаш, миллий адабиётимиз тарихини янгича ҳаққоний ёритиш, хусусан, тасаввуф ва жадид адабиётини ўрганиш, шулар асосида дарслик, ўқув қўлланмалари яратиш йўлида кўп хайрли ишлар қилинди. Айни шу йилларда “мустақиллик даври ўзбек адабиёти” деб аталган янги адабий ҳодиса қарор топди, бу ҳодиса бугунги кунда тадқиқотчиларимизнинг диққат марказида турибди. Қисқаси, айтса, мақтанса арзигулик савоб ишлар қилинди, қилинмоқда. Аммо...

         Мустақиллик йилларида маънавият, фан, таълим, маданият, қонунчилик каби соҳаларда амалга оширилаётган ишларга хос муҳим жиҳат шуки, бунда миллий менталитет, ўзига хослик билан баробар, уларнинг “жаҳон андозалари”га қанчалик мос келиши назарда тутилмоқда. Мана шу нуқтаи назар бадиий адабиёт ва адабиёт илмига ҳам тўла дахлдордир. Бугунги миллий адабиётимизда кечаётган жараёнлар, миллий адабиётимиз тарихини ўрганиш, ўқитиш, адабиёт назарияси бобидаги ишларимизнинг савия даражаси, уларнинг илмий-эстетик кўлами бугунги жаҳон адабий- танқидий тафаккури даражасидан туриб қараладиган бўлса, кўнгил тўлмайдиган жиҳатлари анчагина, очиғини айтганда, хийла ачинарли...

         Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ. Яқин тарихимиздан маълум бўлишича, миллат “чархи кажрафторнинг фожеий бир шеваси туфайли”гина эмас, балки ўзининг ҳаракатсизлиги, курашга чоғланмаслиги, борингки, уқувсизлиги туфайли 130 йил мустамлака даврида яшади. Мана шу 130 йил давомида жуда ҳам фаровон осойишта ҳаёт бўлмаган, гўё ундан кейин ҳам ниятдаги турмушга етолмаганимиз каби. Собиқ иттифоқ шароитида ҳам “тенглар орасида тенг” бўлиб эмас, бошқа миллатларга нисбатан бўйнимизни қисиброқ яшадик, “яшасинчилик”ка осон берилдик. 1937 йилги қизил қатағонга кўпроқ қурбон берганлар ҳам, миллат гулларини “отиб беринг” дея миллатлар отасидан сўраганлар ҳам биз бўлдик. Энди “чин янги тарих”нинг иккинчи ўн йиллиги ўрталарига келиб ҳам ўз фожиамизни англашимиз қийин кечяпти...

Табиийки, йиллар давомида ўзгаришлар бўлди. Шўро мафкураси ўз моҳиятини йўқотди, комфирқа ваъда қилган ҳаётга эришилмади, иттифоқ тарқаб кетди, бутун дунё пролетарлари бирлашмади, кўзланган коммунизм қурилмади. Шунда ҳам биз эргашувчанликка осон ўрганганлар ўзимизни миллат моделини яратаётган ҳис қилиб коммафкурадан тозалаб улгурилмаган вакуумга нималарнидир тиқиштирмоқчи бўлдик. Ниҳоят, мустақиллик даври адабиётининг тамойилларини излаш баробарида мустақил адабиёт деган деворга бошимизни урмоқчи бўлдик. Бироқ не қилайликки, мана шу янги давр адабиётининг бешигини тебратганлар ҳам шўро давридаги етакчи адиблар бўлди... Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов... рўйхатни давом эттириш мумкин. Бироқ мустақиллик даври адабиётини биз мустақил (мафкурадан, таъмадан, илинждан холи) адабиёт деб айта оламизми? Менимча, биз излаётган назарий тамойилларнинг учи ҳам мана шу саволга бориб тақалади. Устоз, Сиз куюниб айтаётган “танқидчиликнинг илмий-эстетик кўлами” ҳам нафақат Россия ва бошқа ўлкалардаги назарий ишлардан бехабарлигимиз, балки ўзингиз ачиниб тилга олгандай, ўз миллий адабиётимиз яратаётган дурдоналарни ҳам ҳазм қила билмаётганимизда, уларнинг профессионал холис тадқиқотчиларига айлана олмаётганимизда кўринади.

         Умарали НОРМАТОВ. Адабиёт назарияси ва ҳозирги ўзбек адабиётига оид китобларимизни рус ҳамкасбларимиз томонидан яратилиб, кейинги йилларда чоп этилган айрим фундаментал асарларга, чунончи, “Теория литературы” (Том IV, “Литературный процесс”, 2001), икки томлик “Теория литературы” (2004), икки томлик “Современная русская литература” (2006) деб номланган ўқув қўлланмаларига қиёслаб кўрайлик.

         Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ. Сиз ҳавас билан тилга олаётган назарий китобларни ўқиш баробарида бундай фундаментал асарларни нечта ўзбек олими ёки адиби ўқиган экан, деган савол мени кўпроқ ўртайди. Ҳолбуки, 2001-2006 – йилларда Россияда биргина “Адабиёт назарияси” номи остида А.С. Бушмин, И.Ф. Волков, Н.А. Гуляев, П.В. Палиевский, А.Н. Богданов, В.Е. Хализев, Л.Г. Юдкевич, С.И. Кормилов, Б.Г. Реизов, А.Н. Семенев, В.В.Семенева, В.И. Сорокин, Э.Я. Фесенко, Т.Т. Давидов, В.А. Пронин, Н.Д.Тамарченко, В.И. Тюпа, С.Н. Бройтман каби йигирмадан ортиқ муалифларнинг асарлари чоп этилди, унинг қаторига INTERNET сайтларидаги шу номдаги юздан ортиқ материалларни қўшсак, зиммамиздаги профессионал китобхонлик бурчини яна бир бор эсга олишга тўғри келади. Юртимизнинг энг пешқадам олимларидан бу китоблар ҳақидаги фикрини сўрасангиз, менга бериб турсангиз (ёки топиб берсангиз) ўқиб қўярман, қабилида жавоб оласиз. Бизнинг адабиётшунослигимизда эса улар билан қиёслашга арзигулик назарий адабиётларнинг ўзи йўқ. Сиз тилга олган назарий манбалар қаторига Ҳ. Умуровнинг “Адабиёт назарияси” (2002) ёки раҳматли Т. Бобоевнинг “Адабиётшунослик асослари” (2002)ни қўйиш қанчалик ҳижолатпазлик келтириши мумкин. Устоз Иззат Султон номи билан 2004 йилда чоп этилган дарслик эса 1980 йилги нашридаги мафкуравий қисмлари олиб ташланган қисқа варианти холос.

Умарали ака, Сиз тилга олган назарий манбаларнинг ҳаммаси ҳақида бирваракайига гаплашиб бўлмагани сабабли, яхшиси, уларнинг айримлари ҳақида алоҳида–алоҳида фикр юритсак.

         Умарали НОРМАТОВ. Аввало, бизда бугунги кунда олий ўқув юртлари учун чиқарилган учта адабиёт назариясига оид ўқув қўлланмалари шўро даври назариясига оид дарсликларидан деярли фарқ қилмайди. Қисман фарқи шундаки, уларда аввалгидек марксча-ленинча методология ҳақида гап-сўзлар, ҳар қадамда “марксизм классиклари”дан иқтибослар келтириш йўқ, бироқ масалаларнинг қўйилиши, талқини, китоб тузилиши асл моҳият “эски ҳаммом, эски тос” тарзида. Сўз санъати, бадиият оламини янгича идрок этиш, англашга рағбат йўқ.

         Н.Д.Тамарченко таҳрири остида чиққан “Адабиёт назарияси” эса муаллифлар изоҳи, “Кириш” бобидан тортиб уч қисм, қисмлар ва улардаги боб ва фаслларнинг номланиши, масалаларнинг қўйилиши ва талқинлари, масала ва мавзуга доир асарлар, умуман олганда, бадиий ижодни англаш тарзи, асарлар “ички дунёси” моҳиятини очиш, матнларнинг ихчам ва теран таҳлили – барча-барчаси янгича, ўтган асрнинг 40-90-йилларида чиққан адабиёт назариясига оид дарслик, ўқув қўлланмалардан тубдан фарқ қилади.

         Қўлланма муаллифлари узоқ йиллар унутилган ёки менсимай қаралган бой назарий мерос – Б.В. Томашевский, айниқса, А.Н. Веселовский, М.М.Бахтин, С.Н. Бройтман, Ю.М. Лотман каби алломалар қарашларига, хусусан, В. Кайзернинг қайта-қайта чоп этилган “Das sprachliche Kunstwerk” китоби тажрибаларига таяниб, ўзларининг мустақил илмий концепцияларини илгари сурган, ўзига хос назарий моделни яратган: ҳар хил, гоҳ “формал мактаб”, гоҳ “социологик метод” томон оғишлардан қочиб, адабий ҳодисага ҳам хилма-хил, ҳам яхлит ҳолда ёндашиш йўлини топганлар. Китобнинг “Бадиий дискурс назарияси”, “Назарий поэтика” ва “Тарихий поэтика” тарзида уч қисмдан иборат қилиб тузилиши бадиий адабиёт назариясига оид барча муҳим жиҳатларни қамраб олишга имкон берган. Биринчи қисмда семиотика, шунингдек, бадиий ижод, бутунаси адабиётнинг эстетик ва коммуникатив функцияси муаммолари, иккинчи ва учинчи қисмларида эса бадиий адабиёт санъат тури экани текширилади; асосий эътибор поэтика масалалари, тушунчаларига қаратилади; энг муҳими, поэтика тушунчаларининг, бадиий мезонларнинг замонлар оша бетиним ўзгариб, янгиланиб бориш манзараси кўрсатиб берилади. Китобдаги шахсан менга маъқул тушган энг муҳим жиҳат шуки, назарий тушунчага, мезонларга қотиб қолган “догма”, “ўзгармас қонун” деб қараш, талқинларни узил-кесил ҳукм деб даъво қилиш йўқ; кўтарилган муаммолар бўйича муаллифлар бой маълумот, янгича концепцияларни тақдим этиш билан баробар, китобхонни баҳс-мунозараларга, ижодий фикрлашга ундайди. Бу жиҳатдан тарихий поэтикага оид учинчи қисм (2 том), айниқса, диққатга сазовор.

         Муаллифлар тарихий поэтика қисмини синкретизм даври поэтикаси, эйдетик – анъанавий поэтика ва, ниҳоят, бадиий модаллик поэтикаси тарзида уч даврга ажратадилар. Аввалги дарслик, қўлланмалардаги адабий оқим, ижодий методларга оид талқинлардан фарқли ўлароқ, бу борадаги ўзгариш, янгиланишлар бадиий тафаккурдаги, асар поэтикасидаги янгиланиш тамойиллари тадқиқи орқали кўрсатилади, айниқса, илк реализм, аналитик реализм, ниҳоят, модернизм жараёнининг ички оқими ғоят синчковлик билан таҳлил қилинади, бадиий модаллик поэтикасидаги янгиланиш – жараёнларнинг деканонизациялашуви, яъни каноннинг бузилиши, ички мезон канонининг ўзгариши табиий равишда бадиий ижодда туб ўзгаришларга олиб келганлиги теран бир тарзда очиб берилади. Энг муҳими, модернистик тамойиллар етук, яъни аналитик реализм бағридан, чунончи, Ф. Достоевский романларидаги полифония – кўп овозли тасвирдан униб чиқиб, М. Пруст, Ж. Жойс, У. Фолкнер, В. Вульф, Ҳ. Ҳессе каби улкан модернист адиблар ижоди орқали қудратли “онг оқими”га, персонажлар эса аввлгидек шунчаки “характер” эмас, “образ – шахс”га (М.М. Бахтин) айланиши манзараси жонли гавдалантириб берилади.

Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ. Адабиёт назариясининг вазифасини бадиий адабиётнинг ижтимоий функциясини англатишдан иборат тарзида англаган ва тушунтириб келган адабиётшуносларимиз Н.Д. Тамарченко таҳрири остида чоп этилган “Теория литературы” (М.: Academia, 2004)нинг дастлабки саҳифалари нега “Семиотика” (белгилар назарияси) ва бадиий адабиёт муносабатини англатишдан бошланишига эътибор беришлари лозим. Бунинг моҳияти борлиқнинг модели бадиий асарда яратилар экан, у ўз навбатида, муаллифнинг версияси, талқини ҳам ҳисобланади. Дунёнинг бадиий моделини ёзувчи истеъдодининг яралмиши ҳисобланган асарда кўриш, унинг табиатини, белги-хусусиятларини назарий китоблардан эмас, қатига энг гўзал бадиият белгилари сингган нафис адабиётдан топиш истаги охир-оқибат ўша китоб муаллифларини “бадиий дискурс”, “назарий ва тарихий поэтика” доирасида фикр юритишга олиб келган бўлса ажаб эмас. Чунки “Теория литературы” муаллифларининг ҳар учаласи – Н.Д.Тамарченко ҳам, В.И. Тюпа ва С.Н. Бройтман ҳам бахтиншунос олим бўлганлар. М.М. Бахтиннинг қарашлари эса унинг ўзи адабиётшунослик назариясининг бошланиши деб билган (М. Бахтиннинг Р. Медведов имзоси билан ёзилган “Русский формализм” асарига қаранг: Бахтин М.М. Собрание соч. в 7-и томах. Т. 5. – М.: 1996.) формалистларнинг назарий қарашларига асосланган. Бу жиҳатдан В.М. Жирмунскийнинг “Кейинги даврда адабиёт илми поэтика номи билан тараққий этмоқда. Бу фаннинг фундаментал асосларини эса А.Н. Веселовский томонидан ишланган “тарихий поэтика” билан А.А. Потебня илгари сурган “назарий поэтика” масалалари ташкил қилади” каби фикри диққатга сазовор (В.М. Жирмунский. Теория литературы. Поэтика. Стилистика. Ленинград, 1977). Демак, “Адабиёт назарияси”ни олий ўқув юртлари филология таълими учун дарслик сифатида тавсия этаётган юқоридаги олимлар мана шу илмий асосда иш қилганлари учун ҳам, менимча, назарияни бадиийликнинг моҳиятини англатишдан бошлаганлар.

МГУ профессори В.Е. Хализевнинг анъанавий адабиёт назарияси (Теория литературы. 4-е изд. М.: 2006)да эса адабиётни санъатнинг бир тури сифатида унинг эстетик моҳиятини англатишдан бошлайди. Юқоридаги қарашни бундан ажратиб турадиган жиҳат ҳам, менимча, масалага адабиётшуносликдаги академик мактаблар эришган ютуқлардан келиб чиқиб ёндашилишида бўлса керак. Чунки А.Н. Веселовскийнинг “Тарихий поэтика”си, А.А. Потебнянинг “Назарий поэтика”сига мурожаат ушбу фундаментал тадқиқотлар яратилганидан юз йилча кейинроқ юз берди (уларнинг қайта нашрлари шўро мафкураси нураётган 80-йилларнинг охирига бориб амалга оширилди). Ўртада юз йилларча муддат назарий тамойиллар излаб мафкура бозорида санқиганимиздан кейин тирик адабий асарни фикр, ғоя ўлчамлари билан эмас, санъатнинг зар тарозусида тортиб иш кўриш лозимлигини англатгандай бўлди бу нашрлар. Ҳолбуки, рус шаклшуносларининг бизга энг яқин вакили Б.В. Жирмунскийнинг бундан  90 йил бурун ёзилган “Поэтиканинг вазифалари” мақоласидаёқ поэтика (бадиият) илмининг қўшқаноти тарихий ва назарий поэтика бўлиши кераклиги айтилган эди. Биз энди уни замонлар тажрибасидан ўтгандан сўнг Н.Д. Тамарченко ва унинг шериклари ишлаб чиққан назарий қоидаларида кўряпмиз.

         Умарали НОРМАТОВ. Шуниси ачинарлики, жаҳон адабиёти тарихининг сўнгги бир асрдан мўлроқ даврида етакчи оқим тусини олган модернизм ҳақида бизда ҳозир амалда бўлган назарияга оид қўлланмаларда лом-мим дейилмайди. Худди шўро даврида бўлганидек, модернизм ҳодисасига фақат бирёқлама мафкуравий-сиёсий жиҳатдан ёндашиш, уни бизга, миллий менталитетимизга ёт деб қараш, дағдағалар қилиш, ҳатто мактаб адабиёт дастурига жаҳон модернизми намуналари киритилишини жиддий ғоявий хатога йўйиш ҳолларига дуч келаётирмиз...

         Мана шунақа “таажжуб ҳангомалар” асносида рус ҳамкасбларимиз тажрибаларига – улар бу борада қандай йўл тутаётганлигига бир қур назар ташлаб қўйилса зарар қилмас эди. Бошдан-оёқ адабий жараён тадқиқига бағишланган 600 саҳифадан ошиқ “Теория литературы” (2001) китобининг қарийб учдан бир қисми модернизм ҳодисаларига бағишланган.

         Иқрор бўлиш даркор: айрим ҳамкасбларимизнинг ғашлик кўрсатишларига қарамай, ўзбек модерн шеърияти, насри хусусида мақолалар чиқиб турибди, баҳс-мунозаралар давом этяпти, диссертациялар ҳимоя қилиняпти. Бироқ ҳозирги миллий адабиётимиздаги модернизм ҳодисасини жаҳон адабиётидаги мазкур жараён билан қиёсий ўрганиш кўнгилдагидек эмас.

         “Теория литературы” (IV том)да модернизм адабиётининг бир аср давомида босиб ўтган босқичлари, ҳар бир босқичдаги кўриниш-турлари таҳлил этилган. Чунончи, “Модернизм олди” даври – натурализм, импрессионизм, прерафаэлитизм, символизм, эклектизм; “Модернизм даври” – модерн, акмеизм, футуризм, примитивизм, кубизм, абстракционизм, лучизм, фовизм; “неомодернизм даври” – дадаизм, сюрреализм, экспрессионизм, имажизм, имажинизм конструктивизм, экзистенциализм, “онг оқими” адабиёти, неоабстракционизм ва, ниҳоят, “постмодернизм даври” – поп-арт, гиперреализм, фотореализм, сонористика, музикали пуантилизм, алеаторика, хеппенинг, соц-арт, концептуализм каби турлари батафсил тавсифланган.

         Шунингдек, тасвирий санъатдаги янги оқим намояндалари ва намуналарини ўз ичига олувчи “Модернизм энциклопедияси” (М.: Эскамо, 2002)да бу оқимнинг фовизм, кубизм, футуризм, экспрессионизм, абстракционизм, дадаизм, сюрреализм, поп-арт, оп-арт ва уларнинг қоришиқ шакллари кенг шарҳланган. Хўш, бизда бу турларнинг қайси бирлари мавжуд, улар қай тариқа намоён бўлаётир? Бу саволлар ҳозирча очиқ турибди. Қарийб кейинги қирқ беш йил давомида амалда бўлган постмодернизм хусусида танқидчилигимиз ҳамон сукут сақлаб келаётир. ХХ аср иккинчи ярми рус адабиётидаги жараёнлар тадқиқига бағишланган икки томлик “Современная русская литература” (2006) китобида расман ҳукмрон метод – социалистик реализм ва анъанавий реализм билан баробар, бу давр адабиётидаги модернистик тамойиллар, хусусан, постмодернизм ҳодисаси махсус тадқиқ этилган.

         Кези келганда айтиб ўтай, “Теория литературы” (2004) муаллифлари модернизм хусусида қисқа, лекин асосли мулоҳазаларни ўртага ташлаган ҳолда постмодернизм ҳодисасига негадир нописандроқ муносабатда бўлганлар, “постмодернизм янгича бадиий парадигма тақдим этгани йўқ” (1-том, 103-бет) деб ёзадилар. “Современная русская литеатура” муаллифлари Н.Л. Лейдерман, М.Н. Липовецкийлар эса постмодернизмга энг янги жиддий адабий-бадиий, маданий ҳодиса сифатида юксак баҳо берганлар.

Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ. Сезишимча, фикр назарий тамойиллардан адабий жараён масалаларига қараб кўчмоқда. Сиз тилга олган манбаларни қайта кўриб, шундай хулосага келдим: Адабиёт (адабий жараён ҳам) назариядан эмас, бадиий асардан туғилади. Адабиёт назарияси минг йиллар давомида амалга оширилган қонуниятлар билан эмас, бадиий таҳлил тажрибасидан келиб чиқиб ривожланади. Амалда яратилган ҳар бир гениал, ҳеч бўлмаса, оригинал асар назарий қоидаларни бойитибгина қолмай, аввалги эски қолипларни синдиради. Ундаги янгилик қуввати ҳам, охорлилик белгиси ҳам мана шу назарий тамойилларни янгилашига қараб белгиланади. Шунинг учун ҳам адабиётшунослик классицизм (қонунлаштирувчи) эстетикасидан тезда воз кечиб, унинг рационал қолиплари қаршисига ҳиссий, туйғулар оқимини қўйди. Табиийки, бу қараш адабиётнинг юрак қонига асослангани учун ҳам юзлаб “...изм”лар вужудга келганига қарамай, бадиий асар учун ҳиссий асос бирламчи бўлиб қолмоқда. Менимча, дунё адабиётшунослиги XVIII асрнинг охиридаёқ ана шу Сиз айтган “деканонизациялашув” даврига кирган эди.

Бадиий асарни худди инсон зоти каби тирик мавжудот (организм) сифатида билиш, уни ўрганишда, талқин ва таҳлил жараёнида ана шу тириклик белгиларини эҳтиёт қилган ҳолда ёндашиш бадиият илмини имкон қадар ўнг ва сўлларга (Сиз тўғри белгиланганингиз “социал” ва “формал”) оғиб кетишдан сақлаб турибди. Гарчи бундай қарашларнинг умумий йиғиндиси сифатида урф бўлган “модерн” истилоҳи мана 110 йилдан бери ўз аҳамиятини йўқотмагани ҳаммага кундай аён. Бу ҳолатни кўриб туриб билмаслик ёки билса ҳам ўжарларча тан олмаслик нафақат адабиёт назариясини, балки янги ва гўзал асарлар яратилишидек адабий жараён амалиётини ҳам торайишига олиб келиши мумкин. Дарвоқе, шўро даврида шундай бўлди ҳам, бу ҳол ҳозир ҳам айрим қарашларда давом этмоқда (узоққа бормасдан абсурд драмаси ҳақидаги баҳсларни ёдга олайлик). Ўзининг ажойиб асарлари билан соцреализм инерциясининг паришонлашувига сабаб бўлган устоз адибларнинг модерн адабиётини хушламаслиги ҳақидаги ёзувларини ижоддаги самимиятнинг белгиси деб ҳисоблаб бўлмайди. Бу ўринда мен қандайдир буюртма билан иш кўриб, шошқалоқ (ёки ўзбошимча) ёшларнинг қулоғидан чўзиб қўйиш тенденциясидан бошқа раддоматни кўрмайман.

“Современная русская литература (1968-1986)” муаллифлари ҳам биз модернизм деб қабул қилаётган тушунча бағрида “мутация”, ахлоқий максимализм, сокин лирика, маданий парадигма, руҳ экологияси, романтик, психологик ва карнавал гротески, интеллектуал тенденция, “стоицизм”, тарихий хотира ва хотирасизлик, “трагифарс”, “неоакмеизм”, “мовизм”, хаос метанимияси, “палисандрия” каби қулоғимиз унчалик ўрганмаган истилоҳларни келтириш баробарида уларнинг ҳар бири назарий китобларда эмас, балки “70-йиллар” дея шартли ном берилган адабий жараёнда акс этганлигини англатадилар. Ҳар бир тушунчанинг истилоҳий моҳиятини изоҳлабгина қолмай, уларни англамига мос бадиий асарлар орқали асослаб кўрсатадилар. Бироқ, Умарали ака, рус заминида вужудга келган ҳар қандай адабий ҳодисани (борингки, у модерн - замонавий бўлсин) ўзбек тупроғига тўғридан-тўғри кўчириб бўлмайди. Ҳатто биз рус миллати билан етмиш йил давомида бир маъмурий ҳудудда яшаб, бир ғоя (соцреализм)дан озиқланган, бир-бирига яқин жанрий шакллар билан иш кўрган бўлсак ҳам. Менимча, “шўро адабиёти” деган мужмал тушунчани таназзулга олиб келган унсурлардан бири ҳам шу бўлса керак. Шунинг учун ҳам адабиётимиз мафкура бўғувида қолганда ҳам айнан рус шўро адабиётига туйғудош бўлиш тажрибасида оқсаганини кузатиш мумкин. Модернизм бағрида ўсган ўнлаб тушунчаларни бизнинг адабиётимизда учрамаслиги ҳам табиий ҳол. Олайлик, ўзбек насридан “легал шўро сўллиги”га мос бир-икки асар топишимиз мумкиндир, “эмиграция ва ватан андеграунди” каби адабий ҳодисани ўзбек адабиётига тиқиштириб бўлмайди, чунки муҳожирлик адабиёти бизда “русское зарубежье” каби тараққий этмаган. ХХ асрнинг 90-йилларида ўзбек матбуотида учраган айрим парчалар Войнович ёки Бродский асарлари даражасидан анча қуйида. Бизнинг мухожирлик адабиёти ҳақидаги қарашларимиз ҳам, унинг айрим намуналари ҳам устоз Абдулла Қаҳҳор писанда қилиб айтганидай, “Тўйтепадан нарига ўтмайди”. Табиийки, қарашларимиз қанчалик ожиз бўлса, адабиётимиз ҳам шунга яраша бўлишлиги кўҳна мунаққидлар томонидан тан олинган ҳақиқат.

         Умарали НОРМАТОВ. Гапларингизга қўшиламан. ХХ аср рус адабиётида юз берган ҳодисаларнинг миллий адабиётимизда айнан такрорланмаслиги табиий ҳол. Айни пайтда, биздаги миллий адабий ҳаракат жаҳон адабиётидаги етакчи тамойиллардан, аниқроғи, модернизм оқимидан бутунлай четда кечгани йўқ. Шўро адабий сиёсати модернизмни хушламай қарши олишига қарамай, рус ва бошқа миллий адабиётлар, жумладан, ўзбек адабиётида 20-йиллардаёқ бу тамойил бўй кўрсата бошлади, бир оз нўноқлик билан уч берган футуризм даврнинг суръатини, яратувчилик меҳнатини олқишлаш тарзида социалистик ғояларга уйғунлашган ҳолда хийла кенг тарқалди. Чуқур миллий илдизга – тасаввуф фалсафасига бориб тақаладиган “рамзчилик” замонавий символизм тажрибалари билан туташган ҳолда эрк-озодлик туйғу-ғояларини ифодаловчи жиддий адабий тамойилга айланди, Чўлпон, Фитрат, Боту, Ойбек шеърияти бунинг ёрқин далили. Илм-фанда, масалан, Фитрат, Абдураҳмон Саъдий асарларида модернистик тамойиллар истилоҳлари ва уларнинг шарҳ, талқинлари майдонга келди. Яна бир характерли жиҳат – янги миллий адабиётнинг етакчи намояндалари – Абдулла Қодирий 20-йиллар миёнасида рус модернизмининг лидерларидан бири Брюсов асос солган адабиёт институтида таълим олди; “символист шоир” номини олган Чўлпон бир неча йиллар Москвада ўша даврнинг қизғин адабий-маданий муҳити ичида яшаб ижод этди; Фитрат ҳам марказ об-ҳавосидан баҳраманд бўлди; Ойбек Ленинградда ўқиб, Оврўпа маданий муҳити руҳида шеърлар битди; Абдулла Қаҳҳор Тошкентда университетда рус тилида таҳсил олиш баробарида замонавий жаҳон фалсафаси, руҳшунослиги, адабиёти ва адабиётшунослиги янгиликлари билан танишди... Ҳеч иккиланмай дадил айтиш мумкин – улар яратган асарларда замонавий жаҳон адабиёти, жумладан, модернистик тамойилларга оҳангдош жиҳатлар бисёр. Ҳозирча, бу хусусда узуқ-юлуқ гаплар айтилди, айтиляпти. Бу муаммо жиддий ечимини кутиб турибди.

         Социалистик реализм совет адабиётининг расмий методи деб эълон этилган, модернизмнинг ҳар қандай кўринишлари буржуача реакцион оқим сифатида кескин рад этилган замонларда ҳам ё ихтиёрий, ёки беихтиёр ижодкор – онги ости ғаройиб шеваси тарзида модернистик тамойиллар турли кўринишда намоён бўлишда давом этди. Миллий адабиётимизда бу ғаройиб ҳодисанинг ажойиб намуналари сифатида Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”ини, Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романи, қатор ҳикоялари ва “Ўтмишдан эртаклар” қиссаларини тилга олиш мумкин. Уларда модернистик адабиётга хос “онг оқими”, абсурд ғояси ва туйғуси, экзистенциализм тамойиллари яққол кўзга ташланади. Бу адабий ҳодиса ҳам жиддий тадқиқотлар учун ажойиб мавзу бўла олади.

Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ. Модерн атамаси нисбий тушунча. Фикрни бевосита назарий муаммолар ва ҳозирги жонли адабий жараёндан 20-йилларга кўчирадиган бўлсак, ўтган аср бошларида ўзбек шоири Чўлпон мумтоз шеъриятнинг “бир хиллиги”дан безиб, янги шакл ва вазн ахтариш натижасида ўзбек шеърияти бармоқ вазнини таомилга киритиб, сарбастни топган экан, бу имконият биргина янгилик илинжидан эмас, балки анъанавий шеъриятни чуқур билишлик натижасида амалга оширилган саъй-ҳаракат эди. Жадид адабиёти ўзигача бўлган мумтоз адабиётни чуқур ўзлаштириш, жаҳон адабиётидаги етакчи тенденциялардан хабар топиш натижасидагина маданий ҳаётнинг барча жабҳаларидаги каби бадииятда ҳам янгилик эҳтиёжини ҳис қилган ва бунга ўзларининг бутун ижодий кучларини қаратган эдилар.

Шу каби 60-йилларнинг “эрувгарчилик” шамоли янги “модернчи”ларни яратгани каби мустақиллик эпкинлари ҳам янги адабиётни яратиши шубҳасиз. Бироқ бугунги мустақиллик шароитидаги янгиланиш жараёни бизда қанча суст кечаётгани 16 йиллик даврнинг шиддатида сезилмаслиги мумкин. Аммо биз “мустақиллик даври адабиёти” деб атаётган бадиият намуналари чинакамига мустақил адабиёт бўлиши учун нималар етишмаётганини илғаш ва шунга кўра иш тутиш адабиёт назариячиларининг ҳам, адабий ҳаракатдаги мунаққид ва адибларнинг ҳам бирдай зиммасида турибди.

         Умарали НОРМАТОВ. Менингча, 70-йилларнинг охири, саксонинчи йиллари бизда модернизм тамойилларининг янгидан жонланиш даври бўлди. Ижодкорлар орасида жаҳон модернистик адабиёти ва санъатига қизиқиш бениҳоя кучайди. Ницше, Пруст, Кафка, Жойс, Камю, Сартр номлари ёшлар тилидан тушмайдиган бўлиб қолди, улар асарларидан таржималар қилинди. Ёшлар ижодида бу жараён таъсири яққол кўрина бошлади, Чўлпон, Қаҳҳор ижодида уч берган “онг оқими”, абсурд ғояси ва туйғуси, экзистенциализм тамойиллари янада ёрқинроқ, айни пайтда, ўзгачароқ бир тарзда намоён бўлди. Айни шу йилларга келиб хийла кескин тус олган мустабид тузум, коммунистик эътиқодлар инқирози бундай тамойилларнинг миллий адабиётимизда кенгроқ илдиз отиши учун қулай имкон – шароит яратди. Қатор ҳикоя, қиссалардан бошланган бу бадиий жараён “Лолазор”, “Отамдан қолган далалар”, “Тушда кечган умрлар”, шунингдек, “Кўҳна дунё”дек тарихий роман орқали ўз интиҳосига етди. Миллий адабиётимизда айни шу тамойилларнинг бетакрор ва таъсирчан намуналари сифатида эътироф этилган Назар Эшонқулнинг қатор ҳикоя ва қиссалари  ҳам “Кўҳна дунё” билан “Тушда кечган умрлар” оралиғида яратилди.

         Бу муҳим адабий ҳодисани ҳам биз ҳозирги жаҳон адабий-танқидий тафаккури даражаси ва миқёсида туриб ёрита олганимиз йўқ.

Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ. Бу асарларнинг ҳар бири бир дунё. Мен уларни бирор “...изм”га солиб кўришдан аввал улар мутолаасидан санъат асари сифатида завқ туяман, ҳар бирини бирор қолипга тортмасдан ўз ҳолича, ўзининг ички табиатидан келиб чиқиб холис ўрганилиши тарафдориман...

         Умарали НОРМАТОВ. Мен ҳам айни шундай фикрдаман... Шу ўринда яна бир муҳим ҳолатга эътиборни тортмоқчиман. Жаҳон адабиёти тарихидан маълумки, миллий адабиётлар тарихининг туб бурилиш паллаларида янгича адабий йўналишларнинг ижодий дастури – бадиий-эстетик принципларини, аввало, ўша йўналишга мансуб ижодкорларнинг ўзлари ишлаб чиққанлар. Бизда ҳам худди шундай бўлди. Янги шеъриятимизнинг асосчиси Чўлпон анъанавий шеъриятимиз дарғаларига чуқур эҳтиромини сақлаган ҳолда “Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийларни ўқиймен: бир хил, бир хил, бир хил!.. Кўнгил бошқа нарса – янгилик қидирадир” деб ёзган бўлса, янги давр адабиёти, Оврўпа адабиёти гази билан ўлчаганда ҳам тўлақонли асар яратган Абдулла Қодирий илк миллий романининг илк жумласини “Модомики биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар бир йўсинда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашамиз” сўзлари билан бошлайди. Устоз Озод Шарафиддинов ва камина масъул муҳаррирлигида 1994 йили тўплаб нашр этилган “Адабиёт надир?” китобидаги Чўлпоннинг адабий-танқидий мақолалари, тақризларини кўздан кечиринг. Шунингдек, Абдулла Қодирий қаламига мансуб айни шундай мақолалар жам бўлган китобларни эсга олиб кўринг. Уларда янги адабий ҳодисалар моҳияти нақадар теран ҳис ва идрок этилган, астойдил қўллаб-қувватланган. “Тонг сирлари” тўпламига Жулқунбой имзоси билан 1925 йил 6 сентябрда ёзилган мухтасаргина сўзбоши Мустақиллик йилларига қадар миллий шеъриятимизда янги давр очган Чўлпон ҳақидаги энг одил, энг теран баҳодир. Афсус-надоматлар билан айтиш мумкинки, янги адабиёт билан бирга шакллана бошлаган адабий танқид айрим ҳолларни истисно этганда, янги адабий ҳодисаларни одилона, профессонал баҳолай олмади, бугина эмас, улар шўро адабий сиёсати босими остида сўз санъатида пайдо бўлган янги ҳодисаларни найза кўтариб қарши олди; шу тариқа чин адабиёт билан адабий танқид орасида темир девор қад ростлади. Бу девор фақат ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб Абдулла Қаҳҳор мактабида тобланган икки забардаст мунаққид Озод Шарафиддинов ва Матёқуб Қўшжоновлар илмий-ижодий шижоати туфайли орадан олиб ташланди... Бу икки устознинг миллий маданиятимиз, адабиётимиз, танқидчилигимиз олдидаги буюк хизматини, аввало, шунда деб биламан. Ижодни, ижодкорни англаш, ижодкор қалбига йўл топа билиш, шу тариқа бадиий жараёнга таъсир кўрсатиш мунаққидларнинг, қолаверса, танқидчиликнинг бахти, омади; чин ижодни, ижодкорни англай билмаслик эса мунаққиднинг бахтсизлиги, миллий адабиётнинг заволи эканлигини бир асрлик тарихий тажрибамиз тўла-тўкис исбот этиб турибди. Миллий танқидчилигимиз яловбардори Озод аканинг сўнгги китоби “Ижодни англаш бахти” деб аталишида теран маъно – бир асрлик тарихий тажрибанинг ибратли сабоғи бор.

         Шу ўринда ғаройиб бир парадоксни эслатиб ўтсам дейман. О.Шарафиддинов, М.Қўшжонов ва уларнинг танқидчиликдаги издош-маслакдошлари танқидий реализм, соцреализм ва бошқа номлар билан аталишидан қатъий назар, миллий адабиётимизда реализм анъана тусини олган давр мунаққидлари эдилар. Уларнинг адабий-танқидий принциплари асос-эътибори билан реализм эстетикаси ўзанида шаклланган, реализм йўналишига мансуб жорий миллий адабий жараённи, шунингдек, муайян сабабларга кўра ўз даврида танқидчиликда одилона баҳосини ололмаган 20-50-йиллар адабиётини, хусусан, Чўлпон, Қодирий ижодий мероси қадрини тиклаш ва баҳолашда улуғ ишларни адо этдилар. Истиқлол арафаси ва истиқлол йилларига келиб бадиий тафаккур ва ижодда “модерн” номи билан юритилган туб янгиланиш пайдо бўлди; бу жараённи англаш, идрок этишда ўз даврида ҳар қанча прогрессив – илғор қараш бўлишига қарамай, мавжуд адабий мезонлар билан янги жараёнлар моҳиятини англаш, очиш мумкин эмаслиги аён бўлиб қолди. Етакчи мунаққидларнинг аксарияти, О.Шарафиддинов, М. Қўшжонов, шулар қатори биз каби шогирдлар ҳам, гарчи янги тамойилларга хайрихоҳ муносабатда бўлсак-да, уларни англашда хийла қийналдик, янги ҳодиса поэтикасини ҳис этиш, илмий кашф этиш бобида ожизлигимиз панд берди. Буни тенгдошлари орасида биринчилардан бўлиб тан олган зот Озод Шарафиддиновнинг ўзлари бўлдилар. “Модернизм – жўн ҳодиса... эмас” сарлавҳали суҳбатида у киши шундай дейдилар: “Шахсан мен ўзим шу пайтга қадар адабиётдаги модернизмга ўзимнинг муносабатимни аниқ белгилаб олган эмасман. Баъзи бир модернистик асарларни, айниқса, юморга йўғрилган асарларни (Станислав Лем, Рей Бредбери) завқ билан енгил ўқийман. Фолкнер, Жойс, Пруст каби адибларнинг асарларини эса ўқишда қийналаман. Ҳатто баъзан уларнинг асарларини  ярмидан  ташлаб  қўйган  ҳолларим ҳам  бўлган.  Лекин  шунга қарамай, мен бу ёки бу каби бошқа ёзувчиларни ҳечам қораламайман. Эҳтимол, гап ёзувчида эмас, балки менинг дидимда, савиямдадир. Ҳар ҳолда фақат менга ёққани ёки ёқмаганига қараб бирор асарни рад этиш ёки улуғлаш мумкин эмас... Модернизм муносабати билан қилган гурунгларимиздан фақат битта хулоса чиқаргим келади – яшасин эркинлик, йўқолсин қолиплар!”

         Нақадар самимий, мардона эътироф. Қани энди ўзини мунаққид, назариячи олим деб юрган кимсаларда ҳам шунақа адолат, шижоат туйғуси бўлса! Устоз гарчи “шу пайтга қадар адабиётдаги модернизмга ўзимнинг муносабатимни аниқ белгилаб олган эмасман” деган бўлса-да, бош муҳаррир сифатида “Жаҳон адабиёти”да ўзбек ўқувчиларини “ХХ асрнинг етакчи услуби” – модернизмга оид фалсафа, руҳшунослик, санъатшунослик, адабиётшунослик асарлари, жаҳон модерн адабиётининг сара намуналари билан таништиришда мислсиз савоб ишларни амалга оширди, ҳамкасбларининг бу мавзуга оид мақола, суҳбатларини мунтазам бериб борди. Танқидчилигимизда ҳам модерн асарларни ҳис этиш, англашга рағбат ортиб бормоқда. Бу жиҳатдан Қ. Йўлдошевнинг “Ёниқ сўз”, У. Ҳамдамнинг “Янгиланиш эҳтиёжи” китобларидаги қатор мақола, суҳбатларни эслатиш мумкин. Лекин, бари бир, бу борада ҳам улоқ ҳамон ижодкорлар қўлида. Назар Эшонқул, Хуршид Дўстмуҳаммад, Баҳром Рўзимуҳаммад каби модерн йўналишга мансуб носир, шоирларимизнинг адабий-танқидий мақола, суҳбатлари тўпланиб китоб ҳолига келтирилса, чиройли бир ўқув қўлланмасига, бугунги ўзбек модерн адабиёти энциклопедиясига айланиши тайин. Бир-икки мисол келтирай: ҳеч қайси мунаққид Фахриёр лирикаси поэтикаси моҳиятини ҳозиргача Назар Эшонқулнинг “Тасаввурга дош берсанг бўлди” сарлавҳали сўзбошиси ёки Назар Эшонқул насри ички нафосатини Фахриёрнинг “Муаззам қўшиқ” мақоласидаги каби нозик ва теран кашф этиб бера олгани йўқ! Танқидчилигимиз ҳис этиш, англаш бобида айни шу йўналишдаги асарлар муаллифлари даражасига кўтарила олсагина, зиммасидаги вазифаларини чинакамига адо этиш шарафига муяссар бўла оладилар.

         Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ. Умарали ака! Адабий жараён ва ундаги ҳар бир асар биз ҳозиргача ўзлаштириб олган назарий қоидалар қай даражада акс этганига қараб эмас, Аллоҳ ато қилган ўз умрича яшайди. Ҳар бир асарга ёндашганда уни ижодкор истеъдоди табиатидан келиб чиқиб ўрганиш, асар бетакрорлигини ўша адибга Аллоҳ берган буюк неъмат – истеъдод ҳосиласи деб қараш керакка ўхшайди. Қолаверса, бундай ўлмас асарларнинг умрзоқлиги китобхонларимизнинг дид-фаросатларига ҳам боғлиқ. Сиз тилга олган мақолалар ҳам муаллифнинг бетакрор фитрати ва унинг асардаги аксини имкон қадар тушунишга ҳаракат қилиб ёзилган ёзувлар. Қолаверса, истеъдод табиатини олимларга қараганда ижодкор аҳли яхшироқ танийди, айниқса, уларнинг ижодий манераси ўзаро яқин бўлса. Шунинг учун ҳам бу мақолаларни адабиётшунослик мажмуа (афсуски, бизда бундай мажмуалар яратиш ҳали йўлга қўйилмади)ларига киритиш, уларни ёш ижодкорлар  мутолааси лозимлигини филологларга қайта ва қайта уқтиришимиз керак. Фахриёрнинг шоирлиги, модерн услубдаги ёки анъанавий фольклорча шеърларининг ўзи алоҳида адабий ҳодиса. Бироқ шоирнинг интеллектуал дунёсининг нақадар бой эканлиги фақат Сиз тилга олган мақоладагина эмас, балки Тимоти Ж. Уинтернинг “ХХI асрда ислом” китобининг инглизчадан таржимаси орқали ўзбек тасаввурини қанчалар бойитганини тан олмаслик мумкин эмас. ХХ аср сўнггига келиб постмодерн дунёнинг қиблани таниши урчиб бораётган имонсизлик қаршисидаги илмий-маънавий дастакдир. Эътиқодсизлик фожиасини кўрсатган юзлаб асарлар бор, шу жумладан, “Сароб” ҳам. Бироқ имонсизликнинг қаёққа олиб боришини, унинг эртаси абсурд эканини илмий публицистик йўсинда англата олган шу биргина китоб таржимаси учун ҳам биз Фахриёрдан миннатдор бўлишимиз керак. Назар Эшонқулнинг қиссаларидаги интеллектуал руҳ ўзини миллат фарзанди (майли ҳозирча фидойиси деб айтмайлик) деб билган ҳар бир зиёлига кўчиши, унинг қалбида аксланиши  керак.

         Умарали НОРМАТОВ. Ниҳоят, суҳбатимиз энг мураккаб, масъулиятли ва чигал масала – постмодернизм жумбоғига келиб тақалаётир. Постмодернизм башарият тараққиётидаги учинчи тўлқин – информатика ва глобаллашув босқичининг маҳсули, у фақат адабиёт, санъатгина эмас, фан ҳодисаси сифатида майдонга чиқди, бугина эмас, сизу биз яшаётган ҳозирги давр постмодерн дунё деб аталадиган бўлди. Постмодерн дунёнинг муҳим белгилари сифатида маънавият оламида кечаётган жараёнлар – ҳар қандай кўринишдаги модерн – янгиликларга сиғинишдан тийилиш, юксак ва оммавий маданиятни бир-бирига яқинлаштириш, фан билан дин ва санъатни муросага келтириш каби ҳолатлар тилга олинаётир; фан оламида методологик асос сифатида диалектика ўрнига синергетик тафаккур усули олдинга ўтди, эволюцион синергетик парадигма, жумладан, бадиий ижодиёт фанининг методологик асосига айланди. Реализм билан модернизм орасида муросасиз баҳс, яъни “реалликда маъно бор” деган реализм ақидаси билан “реалликда маъно йўқ” деган модернистик қарашларни муросага келтириш мақсадида бу ҳаёт-мамот масаласи ўзгача тарзда қўйилмоқда – инкор ёки тасдиқ этиш йўлидан бирини танлаш ўрнига, бу хил кескин саволларга аниқ жавобни очиқ қолдириб – бу борада ўзгача йўлни, яъни масала моҳиятини, реалликнинг сир-синоатини тафтиш этиш, диққат-эътиборни ҳодиса қаърига йўналтириш таклиф этилмоқда. Айни шу жиҳат постмодернизмнинг энг асосий хусусияти деб қаралмоқда. Моҳиятни очиш сари интилишда, хусусан, фан ва санъатда моддиюнча реалистик, диний-илоҳий ва мифологик тафаккур бирдек аҳамиятга эга эканлигига урғу берилмоқда.

         Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ. Соцреализм “ҳаётни ўз шаклида кўрсатишдан” “борлиқни ўз моҳиятида кўрсатиш”га ўтиши муносабати билан унинг имкониятлари кенгайгани, очиқ система сифатида қабул қилингани ўз даврида Сиз ёзган китобларда ўринли қайд этилган эди. Илмий адабиётларда “постмодернизм” тушунчаси “постструктурализм”га синоним тарзида қўлланилмоқда (Ильин И. П. Постструктурализм. Деконструктивизм. Постмодернизм. М.: Интрада, 1996). Ҳар икки ҳолатда ҳам бу назарий тамойиллар энг янги адабий ақидалар сифатида талқин қилинаётгани билан ҳали адабий-эстетик нуқтаи назардан янги “назарий парадигмалар” яратмади, деган қарашда маълум маънода жон борга ўхшайди. Албатта, илк модернизм давридан сўнгги модернистларнинг қарашлари тубдан фарқ қилади. Лекин жадид эстетикаси назарий жиҳатдан бадиий адабиётнинг санъат сифатидаги моҳиятини англатишга қанчалар аҳамият берган бўлмасин, амалда уларнинг эстетик принциплари “юрт оёғидаги кишанга бориб тақалади”, яъни ижтимоий ҳаёт талаблари назарий қоидалардан устунроқ тургани учун бутун ижодларини мана шу сиртмоққа қарши қаратган. Шунинг учун ҳам Чўлпоннинг бадиий эстетик туйғу ташувчи энг гўзал шеърларида ҳам, “кўланка”, “кишан” қайғуси унинг елкасидан босиб турган. Фитрат домла ҳам шеърий шаклларга сиғмаган тўфонли ўйларини санъат, адабиёт дарди деб эмас, “юрт қайғуси” ниятида битган. Демак, назарий тамойиллар ҳаёт ҳақиқатига дуч келганда бир оз ўзгариши, ўзининг эстетик моҳиятидан ижтимоийликка қараб бурилиши мумкин эканини жадид адабиёти тажрибаси англатиб турибди. Шундан кейин шўро истибдоди даврида адабиёт тўла-тўкис ижтимоийлашув жараёнини бошдан кечирди. Бора-бора бу ҳолат адабиётнинг қонуний “хусусияти”га айланиб қолдики, энди мустақиллик даврида ҳам мана шу каби назарий тушовлардан озод бўлолганимиз йўқ - Сиз тилга олган “Ўтмишдан эртаклар”даги қулфланмаган ҳужрада “қамалиб ўтирган” Бабар сингари. Биз кўп ўринда бадиий адабиётнинг жамият олдидаги вазифасини публицистик функцияда деб биламиз, яъни у янги фикр айтиши, жамият иллатларини фош қилиши, халқни тараққиётга бошлаши керак. Мана шу улуғвор вазифани маълум маънода кунига юзлаб номда нашр этилаётган газета ва журналларга юкласак-да, бадиий адабиётни “фикр айтиш воситаси” деб қарашдан муддаони соф бадиият талабларига кўчирадиган бўлсак, бизнинг жуда кўп асарларимиз паришон ҳолда қолади. Ҳатто ХХ аср миллий адабиётимизнинг “олтин фонди”дан ўрин олган асарлар ҳам. Постмодернизмнинг назарий тамойилларини тадқиқ этиш миллий адабиётшунослигимизда, Сиз тўғри қайд этганингиздагидек, ҳали изланиш йўлига ҳам киргани йўқ.

         Умарали НОРМАТОВ. Гарчи бу борада адабиётшунослик оқсаётган бўлса-да, миллий адабий жараён жим тургани йўқ. Шуниси муҳимки, постмодернизмнинг бу хил тамойиллари фақат Ғарб, тараққий этган мамлакатларгагина хос бўлмай, ҳозирги глобаллашув жараёнида узоқ йиллар “темир тўсиқлар” билан ихота қилинган собиқ шўро тузуми ҳудудидаги халқлар адабиётида ҳам ўзига хос кўринишда намоён бўлган. “Ҳозирги рус адабиёти” китоби, шунингдек, рус постмодернизмига бағишланган кўплаб тадқиқотларда бу жараён кенг ва ишонарли тарзда очиб берилган. 70-80-йиллар ўзбек адабиёти манзарасига синчиклаб назар ташланса, чунончи, “Руҳлар исёни”, “Жаннатга йўл”, “Ҳаққуш қичқириғи” каби асарлар, сон-саноқсиз ҳикоя ва қиссалар бу борада жиддий мушоҳада юритиш, тадқиқотлар олиб бориш учун етарли асос беради.

         “Учинчи тўлқин” ёки “постмодерн” босқичига келиб анъанавий реализм ҳам жиддий янгиланиш жараёнини бошидан кечираётир. Биз юқорида тилга олган, бошқа яна кўплаб тадқиқотларда “постреализм”, “модернизациялашган реализм”, “янгиланган реализм” истилоҳлари кенг қўлланилмоқда. Ҳаттоки қатор тадқиқотларда “Соцреализмнинг янгиланиши” ҳодисаси хусусида қизиқарли мулоҳазалар ўртага ташланаётир. Чунончи, “Ҳозирги рус адабиёти” муаллифлари С. Давлатов, В. Катаев, Ч.Айтматов каби улкан адиблар ижодий тафаккури тадрижи мисолида, хусусан, “Бинафша”, “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат” каби машҳур асарлар мисолида бу масалани теран таҳлил этиб берганлар.

          О. Ёқубов, Асқад Мухтор каби жаҳондаги янги адабий жараёнлардан бахобар адибларимиз қатори 70-80- йилларда миллий насримиз майдонига дадил кириб келган Тоғай Мурод, Х. Султонов, М. Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам каби адиблар ижодий тадрижида ҳам шунга яқин ҳодисаларни кузатиш мумкин. Биргина Одил Ёқубовнинг янги “Осий банда”си ёки Тоғай Муроднинг оддий меҳнат аҳли вакиллари бисотидаги юксак маънавий қадриятлар тараннумидан бошланган тамойилининг “Отамдан қолган далалар” ва “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романлари томон тадрижи миллий адабиётимиз, хусусан, насримиздаги ноёб ҳодисадир. Анъанавий реализмдан постмодернизм томон бу хил зафарли юриш ҳақида ўйлашнинг ўзи мароқли!

         Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ. Кузатиш мароқли туюлган анъанавий реализмдан постмодерн сари қадам ташланиши, менимча, бизнинг муаллифларимизнинг “зафарли юриши” эмас, балки жаҳон, ҳеч бўлмаса, шарқ адабиётларида кузатилаётган ҳодисаларнинг айримлари билан бизнинг адибларимизнинг ҳамқадамлигида деб тушуниш мумкин. Бизга Ғарб муатбуоти (жумладан, рус оммавий ахборот воситалари ҳам) орқали сингдирилишича, “ўз ички қобиғлари ичида” сиқилиб қолган Эрон адабиётидаги янгиланишларни кузатайлик. Эронлиларда ўз адабиёти даражасида туриб, назарий тадқиқотлар яратишдан кўра хорижда, айниқса, Ғарбда яратилган адабиёт назарияларини таржима қилиш тенденцияси кучлироқ кўринади. Инглиз олимлари Ричард Ҳардланднинг “Адабий-назарий фикр тарихи: Афлотундан Боротгача”, Чарлз Брислернинг “Адабий танқид адабиёт назарияси аспектида”, Жонатан Куллернинг “Адабиёт назарияси”, Роман Селден ва Петер Уиддоусон  таҳрири остида чиққан “Ҳозирги адабий жараён назарияси”; немис олимлари Йоҳаннес Бертензнинг “Адабиёт назарияси”,  Ҳанс Бертинснинг “Ҳозирги адабиёт назарияси” каби асарлари 2006-07- йилларда таржима этилди. Номланишининг ўзигагина эътибор қаратганда ҳам буларнинг ҳеч бири қатъий қонунлаштирилган адабиёт назариялари эмас, балки бадиият қонуниятларини замонавий адабиёт билан боғлаш йўлидаги тадқиқотлар сифатида таассурот беради. Албатта, бу мисоллардан янги назарий тадқиқотлар яратишни қўйиб, таржимага ўтайлик, демоқчи эмасман. Бироқ адабиёт назариялари яратилиши даврида жонли адабий жараён тамойилларидан келиб чиқиб иш юритиш назарий тафаккур тадрижи учун ҳам, миллий адабиёт муваффақияти учун ҳам фойдалироқ эканини таъкидламоқчиман холос. Менимча, бизнинг адабий-назарий йўсиндаги ишларимиз ана шу жиҳатдан оқсайди. 

         Умарали НОРМАТОВ. Адабий-бадиий жараёнда жиддий янгиланиш, туб ўзгаришлар кетаётган, янгиланиш анъана тусини олаётган, хилма-хил, кутилмаган тамойилларнинг намоён бўлиши, ўзаро таъсири, бир-бирини бойитиши учун имкон яратилган ҳозирги постмодерн шароитида адабий ҳодисаларга хилма-хил илмий мактаб таҳлил методлари орқали ёндашиш эҳтиёжи ортиб бориши табиий. Адабиётшунос А. Раҳимов 1997 йили тузган “Адабиёт назарияси” дастурида ХIХ аср Оврўпа адабиётшунослигининг асосий методлари сифатида мифологик мактаб, қиёсий-тарихий, маданий-тарихий, биографик, психологик, филологик; ҳозирги адабиётшуносликнинг асосий методлари сифатида эса психоаналитик, интуитивизм, формализм, экзистенциализм, структурализм, марксистик методларни келтиради. Д.Қуроновнинг “Адабиётшуносликка кириш” дарслигида социологик, тарихий-маданий, қиёсий, биографик, ижодий-генетик, шунингдек, имманент таҳлил методлари сифатида структурал, стилистик ва семиотик методлар хусусида маълумот бериб ўтилади. Фанда бу ерда тилга олинмаган яна қанчадан-қанча методлар бор.

         Шўро даврида марксистик методдан бошқа барча мактаблар “буржуача-реакцион” ёрлиғи остида кескин қораланган. Айниқса, ўтган асрнинг 40-йиллари бизда бу борада рўй берган нохуш ҳодисаларни асло унутиш мумкин эмас. Бир-икки мисол. Психоаналитик метод асосида иш кўриш у ёқда турсин, А. Алимуҳамедовнинг Абдулла Қаҳҳор ҳикояларида психологизм, яъни руҳий тасвир маҳорати масалаларини текширишга қаратилган, бугунга қадар ҳам аҳамиятини йўқотмаган тадқиқоти буржуача эстет-космополитизм кўриниши деб баҳоланган; “Адабиётимизда эстет-космополитларни охиригача фош қилайлик”, “Адабиёт ва санъатда беватан космополитларни охиригача фош қилайлик” сарлавҳалари остида дағдағали мақолалар эълон этилган. 1947 йилда чоп этилган “Узбекский народный героический эпос” китоби муаллифлари В.М. Жирмунский билан Х.Т.Зарипов “Алпомиш” достонини “Одиссея” билан қиёсий таҳлил этишда Веселовскийнинг қиёсий-компративистик мактаби йўлидан борганликлари учун уларга “Веселовскийнинг совет адабиётшунослигига кириб олган вакиллари” деган ёрлиқ ёпиштирилади. “Шарқ юлдузи”да эълон этилган бир мақола муаллифи “А. Веселовский ўз асарларида адабиётни социал мундарижадан, адабиётшунослик фанини эса социал курашдан, жамиятдаги синфлар курашидан бутунлай ажратиб қўяди” деб даъво қилади ва шундан келиб чиқиб, бу мактаб каби “беватан космополитик таълимотлар” бугун бир халқнинг иккинчи бошқа халқлар устидан устунлигини даъво қилувчи ирқчи фашистларга, бутун дунё устидан ҳукмронликка интилаётган Америка империализмига ёрдам беради. Веселовскийнинг совет адабиётшунослигига кириб олган вакиллари ана шу империалистларга хизмат қиладилар” дея ҳукм чиқаради. (“Шарқ юлдузи”, 1949, 2-сон, 90-бет)

         Бу хилдаги дағдаға, сиёсий ҳукмномалар туфайли адабиёт фани бошига қандай қора кунлар тушганлигини яхши биламиз...

         Аллоҳга шукурки, бундай мудҳиш адабий сиёсат, уни яратган мустабид тузум билан бирга тарих қаърида қолиб кетди. Эндиликда барча чин илмий мактабларнинг эшиклари ланг очиқ.

Хўш, биз улардан қанчалик фойдаланаётирмиз. Устоз О.Шарафиддинов бизнинг адабий танқидчилигимизда, асосан, биргина социологик тадқиқот усули етакчи бўлиб келаётганидан афсусланиб, ҳамкасбларини мустақиллик шарофати билан адабиётшунослик ва танқидчиликда доимий изланишлар олиб бориш, адабиётнинг ички гўзаллиги ва бойликларини тўлароқ очиб беришга қаратилган янги имкониятлар топишга даъват этган эди. Тан олиш керак, бу борада айрим уринишлар бор. Бироқ адабиётшуносликда жиддий воқеа бўладиган изланишлар самарасига гувоҳ бўлганимиз йўқ. “Айрим уринишлар”га оид аниқ мисоллар келтирсам. Озод ака “Адабий танқид ва янги тафаккур” сарлавҳали суҳбатида А.Аъзамовнинг “Жаҳон адабиёти”да эълон этилган бир мақоласи хусусида тўхталиб: «Олим Абдуллажон Аъзамов... адабиётшунослик илмида биринчи бўлиб Алишер Навоий ғазалларини математик таҳлилга тортган. Маълумки, ҳали математиклар гўзаллик формулаларини ихтиро қилганларича йўқ. Ажаб эмаски, Аъзамовнинг бу мақоласи ана шу йўлдаги биринчи қадам бўлса. Ҳар ҳолда, мақолада бир қатор эътиборга лойиқ кузатишлар бор”, - дея олимнинг изланишларини қўллаб-қувватлаган эди (“Ижодни англаш бахти”, 231-бет). Аслида, А. Аъзамовнинг бу йўлдаги илмий изланишлари ҳам структурал методга мансуб.

Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ. Агар таянч нуқтасини топиб берилса, ер шарини тўнтариб беришни “ваъда қилган” Архимеднинг бир гапи бор: “Ҳар бир фан математикадан улги олгандагина ўз такомилига етишиши мумкин”. Бу гап қайси мақсадда айтилганидан қатъий назар, структурал метод ҳам маълум маънода математика, хусусан, кибернетика фанига таянгани рост. (Лотман Ю. Структура художественного текста. Л.: 1970). Проф. Абдулла Аъзам Сиз тилга олган мақолага қадар Алишер Навоийнинг насрий муножотини имкон қадар асар матнидан узмай талқин қилишга киришиб, “Муножотнома” битганини эслайман. Озод ака эслаган мақола ҳам адабиётшунос олим ўз объектига математик аниқлик билан ёндашиши, ўзининг ҳар қандай фалсафий тушунчаларини таҳлилга тортилган асарга тиқиштиравермай ундаги маънини борича талқин қилиши лозимлигини эслатади. Чўлпон домланинг “Ҳақ йўли бир ўтилгуси...” деган ҳикмати аён. Менинг назаримда, соцреализмдан постструктурализмга сакрашдан аввал структурал таҳлил деб аталган бекатга бир оз бўлсин-да қўниб, ундаги айрим жиҳатларни англашга уриниб кўрайлик. Чунки айни шу таҳлил усулигина бадиий матн ҳақида нисбатан максимал аниқлик билан хулоса қилишга йўл очади. Ижод жараёнини тушунтиришда борлиқ → ижодкор → матн → китобхон муносабатидан сўнгги икки жиҳатга кўпроқ аҳамият қаратади. Структурал таҳлил муаллифнинг шахси кимлиги, унинг амалию қайси асрда яшаганидан кўра бирламчи объект сифатида матнни танийди ва у ҳақда, асосан, бадиий матннинг ўзидангина келиб чиқиб таҳлил қилишга киришади.

Айни шу усулни суиистеъмол қилиб (аслида структурал метод моҳиятини юзаки, жўн тушуниш оқибатида) ўз тадқиқотини статистик маълумотлар ва математик формулалар ҳисобига семиртираётган тадқиқотчилар (айниқса, методика соҳасида) ҳам мавжудлигини унутиб бўлмайди...

         Умарали НОРМАТОВ. Ҳамидулла! Сиз бир неча йиллардан бери магистратура босқичида “Адабиётшунослик ва структурал методлар” фанидан маърузалар ўқийсиз. Сизда таълим олган шогирдлардан қай бири шу илмий мактаб йўлини танлади? Шу метод асосида бирор жиддий тадқиқот олиб бордими? Шахсан ўзингиз Абдулла Қаҳҳорнинг “Анор” ҳикоясини шу усул орқали чиройли таҳлил этиб намуна кўрсатдингиз... Шогирдлар бу борада нега устозга эргашмаётир?..

         Шахсан мени постструктурал методга хос бир тафаккур усули кўпдан бери қизиқтиради. Постструктурализм дарахстсимон тафаккур усулидан фарқли ўлароқ ризомасимон усулни тақдим этади. Биламизки, дарахтнинг ўз илдизи, танаси, ягона ўқ илдиз ва танадан тармоқ отган илдизчалари, шохлари, шохчалари ва япроқлари бўлади. Анъанавий тафаккур усули ўша тарзда намоён бўлади. Ризома эса шундай ўсимликки, унинг ягона ўқ томири ҳам, ўқ илдизи ҳам бўлмайди, ҳар томонга қараб ўтлаб кетаверади, ҳар бир тармоқ ўз ҳаракати жараёнида исталган жойда томир отиб, ўша ердан униси ҳам тармоқларга бўлиниб ҳаракат қилаверади.

         Постструктуралистлар дарахт билан ризомага бир-биридан кескин фарқ қилувчи икки тафаккур усули деб қарайдилар. Уларнинг қарашича, дарахт гўё фикрларни бир марказдан бошқарувчи ҳокимият тимсоли, унда илмий мактаблар айни дарахт кўринишида ташкилланган. Постструктурализмга кўра, марказ тушунчаси маъно жиҳатидан бир бутунлик, якдиллик, тоталлик сўзлари билан синоним. ХХ аср жамиятларида тоталитар ва авторитар тамойиллар олға бориш йўлида жиддий ғовга айланди. Ризома тимсолида ўзгача ҳолни кўрамиз. Ризома дарахтдан фарқли ўлароқ, парадигматик, замонавий воқелик ҳолатига мосроқ. У ўзигагина хос табиати туфайли тараққиёт йўлидаги ҳар қандай сиқувга оладиган, ортга қайтарадиган, ғов бўладиган барча чекловларни бартараф этиб олға боришга қодир. Замонавий фикрлаш бу – ризомасимон фикрлашдир, яъни нарса-ҳодисалар бағрида, ёнида, орасида туриб фикрлаш демакдир. Унинг йўлини тўсиб бўлмайди, қаршиликка учраса, бошқа томондан йўл топиб кетаверади. Ризомасимон фикрлаш инсоният тарихи, ижтимоий реаллик, билимлар, маданият – барчаси дискурсив характерга эга демакдир. У гоҳо тўхтайди, қайрилади, синади, узилади, аммо мутлақо кутилмаган, номувофиқ жойлардан бўй кўрсатиб илдиз отаверади - бир-бирига боғлиқ бўлмаган сон-саноқсиз чизиқлар бўйлаб ҳаракат қилади; у кўпмарказли ва плюралистик...

         Эътибор беринг-а, постмодернизм, постреализм, постструктурализм, синергетика, мана энди ризомасимон тафаккур усули – улар орасида теран бир алоқадорлик, мутаносиблик бор, қолаверса, буларнинг барчаси башарият цивилизацияси равнақидаги бир давр, янги босқич маҳсулидир. Шу нуқтаи назардан ҳозирги янгиланаётган кўп тармоқли адабий-ижодий жараёнга, бадиий ижод тарзига, янгича ижодий тафаккур маҳсулига ёндашилса, қизиқарли изланишлар қилиш, биз амал қилаётган таҳлил усулларининг нигоҳи етмаган ижодий жараённинг сирли қатламларига кириб бориш мумкин деб ўйлайман...

         Афсус, менинг ёшимда бу усул асосида иш кўриш қийин кечаётир. Қани энди ёшлар шу хил усулларга дадил қўл урсалар дейман.

Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ. 1997 йили “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” қабул қилиниб, олий таълим тизими икки босқичли тус олди. Шунга кўра магистратура таълимига бакалавриатни такрорламайдиган замонавий фанларни дастурлаш тавсияси берилди. Университет таълими магистратура босқичининг “Адабиётшунослик” мутахассислиги учун барча Олий таълим тизимида бирваракайига математика ёки алгоритмлар назарияси эмас, балки соҳага яқинроқ “Адабиётшунослик ва структурал методлар” фани ўтилишини таклиф қилдим. Шукрки, бу фикр инобатга олиниб, мана 7-8 йилдирки, бу фан ўқитилмоқда. Бундан кутилган мақсад бадиий таҳлил тажрибасида структурал поэтика деган ҳодиса (майли уни метод деб атамасак ҳам) бор экан, биз ҳам ҳеч бўлмаса, олий адабий таълимнинг юқори бочқичида шу йўсиннинг имкониятларини ўрганайлик, деган муддао эди. Бу тажриба қандай натижалар беради, буни олий ҳакам – вақт кўрсатади. Бироқ ушбу ўринда биз француз структуралистлари (Клод Леви-Стросс, Ролан Барт) каби структурализм мактаби деб ёки собиқ иттифоқда ном қозонган Юрий Лотман ибораси билан “структурал поэтика” деб эмас, ўзимизга яраша жўнроқ қилиб, қулоққа ғализ эшитилса ҳам “Адабиётшунослик ва структурал методлар” деб атадик ва адабиётшунослик тарихида академик мактаблар қаторида мана шундай таҳлил усули борлигини ва у “замонавий классицизм” лақабини олган соцреализмнинг беш устивор қонуниятларини бадиий асардан излаб топишдан кўра самаралироқ натижа бериши мумкинлигини тусмол қилдик. Ҳамон дунё ва рус (биз учун намуна мактаби бўлиб келган) адабиётшунослиги ХХ асрнинг 70-йилларида шундай таҳлил йўсинини устувор билиб, юзлаб бадиий асарлар шу метод туфайли нисбатан максимал аниқлик билан таҳлилга тортилаётган экан, бу жараён бизга ҳам бегона эмас, деган ўй билан иш кўрилди. Маълумки, айни замонда филологиянинг қўшқанотларидан бири тилшунослик илми “структурал лингвистика” босқичига қадам қўйган эди, линвистикадаги жорий тушунчалар (“поэтик лексика”, “фоника”, “поэтик синтаксис” каби) асосида филологиянинг иккинчи узви сифатида адабиётшуносликда ҳам иш кўриш тавсия этилаётган бир пайтда (Р. Якобсон тажрибаси) бунга қарши ўлароқ “структурал поэтика” вужудга келди. Бу борада унинг собиқ иттифоқ доирасидаги тарафдорларидан бири Ю. Лотман ёзади: “бадиий адабиётнинг лингвистик тадқиқоти (структур лингвистика методини қўлласа ҳам) моҳиятан антиструктурал характерга эга, чунки улар адабиётнинг алоҳида элементи ва аспектини унинг умумий функциясидан ажратиб, табиий тил феноменининг принципларига мослаб таҳлил қиладилар” (Структурал поэтика ва унинг Ю.М. Лотман меросидаги ўрни / Структура художественного текста. – М.: 1996). Бу метод асосчиларидан бири уни шундай шарҳлайди: “Шундай ёзувчилар, рассомлар, мусиқачилар бўладики,  уларнинг нигоҳида структура воситасидаги амалиёт (у ҳақдаги фикргина эмас) инсон фаолиятининг алоҳида тури бўлиб кўринади; таҳлилчи ва ижодкорларни бир умумий белги остида бирлаштираётган одам ўзи истифода қиладиган ғоялар тили билан эмас,  ўз тасаввурининг характери билан ёки, тўғрироғи, тасаввур қобилияти, бошқача сўз билан айтганда, структурани қайси усулда тафаккур ва қабул қилса, унга структурал фаолият номини бериш мумкин... Ҳар қандай структурал фаолиятнинг, рефлектив ёки поэтик бўлишидан қатъий назар, мақсади “объект”ни шундай қайта ярата олиши керакки, бундай қурилмада ушбу объектнинг функционал қоидалари акс этсин. Шундай қилиб, структура бу, моҳиятан, предметнинг аксланиши бўлиб, бундай аксланиш муайян мақсадга йўналтирилган бўлади, предмет моделида кўзга ташланмаган ҳеч нарса ёки, агар мумкин бўлса, моделлаштирилаётган предметнинг тасаввур қилинмаган ҳеч бир жабҳаси қолмаслиги керак. Структурал (фаолиятдаги) инсон борлиқни (бурунги ҳолатда) олади, уни тақсимлаб, сўнгра қисмларни қайта йиғади; биринчи қарашда бу жўн нарса (негадир структурал фаолият “сезимсиз, қизиқарсиз ва фойдасиз” ва ҳ.к.) бўлиб кўриниши мумкин. Бошқа нуқтаи назардан қараганда, бу жўнлик ҳал қилувчи моҳият касб этади ёки бу икки объект, структурал фаолиятнинг икки қутби ўртасида янги, бутунлай тасаввур қилинмаган бошқа бир нарса туғилади. Модел бу предеметга қўшилаётган интеллектдирки, бундай қўшимча унинг ўзи инсон, унинг тарихи, унинг вазияти, унинг эрки ва ҳатто табиат унинг ақли билан кечган қарама-қаршилик маъносида антропологик моҳиятга эгадир. Шундай қилиб, кўрамизки, нима учун структура ҳақида сўз юритганда фаолият сифатида гапириш мумкин: яратилиш (фитрат) ва акс эттирилиш (инъикос) бу ерда дунёнинг биринчи “изи”гина эмас, дунёнинг шундай ҳақиқий қурилмаси бўлиб қоладики, у бошланғич (ҳолат)га ўхшайди. Лекин ундан нусха олмайди, балки уни интеллигибел (ақлга мувофиқ) қилади” (Ролан Барт. Структурализм как деятельность / Избранные работы. Семиотика. Поэтика. - М.: 1989). Бундай узун кўчирмадан мурод, структурал таҳлил йўсини субъективизм ва шахсиятпарастликка бўйин эгиб қолаётган адабий танқидчилигимизни, “қутлуғ бўлсин янги китобингиз” қабилида ёзилаётган ўнлаб тақризларни бадиий асар матни ҳақида энг зарур, бадииятга дохил фикрларни айтишга қараб йўналтириши мумкин деган илинжим ҳам йўқ эмас.

         Замон ҳам, адабий жараён ҳам тезкор. Биз структурализмнинг моҳиятини англаб улгурмасимиздан постструктурализм деган тушунча модага айланди, бу қарашдагилар структурализм ўрнига янгича таҳлил методини (“пост” – “кейинги” сўзи моҳиятан янги қарашни ифода этмайди) шу каби “постструктурализм” ҳам структурализмни инкор этгани билан унинг ўрнига қўядиган таҳлил усули тавсия этгани йўқ. Айни структурал методни инкор қилган Анна Балакян “Структурализм ва адабиётшунослик” мақоласида уни алмаштирадиган бирор усул ёки методни тавсия этолмагани ўзбек китобхонларига ҳам маълум (“Филология масалалари”. - 2005. - 2 сон). Бу мураккаб илмий-ижодий жараённи дарахтга ёки ризомага менгзаб бўлмайди. Олмонлар, ҳар қандай ўхшатишда бир қусур бор деганларидек, ҳозирги адабиётшуносликда борлиқ ўз шаклида, қандай бўлса шундайлигича кўрсатадиган адабиёт (санъат) эмас, балки уни бутун мураккаблиги билан тасаввур қилишга ўргатадиган, глобал муаммоларни унинг кичик модели ҳисобланган бадиий асарда кўриб, уни тавсия этган муаллиф версиясини таҳлил қилиш усуллари мақсадга олинмоқда. Шундай экан, биз адабиётшунослар ҳам бу адабий ҳодисаларни жўнлаштирмай, аксинча, бор мураккаблигича ўрганишга жазм қилишлигимиз керак бўлади.

         Умарали НОРМАТОВ. Ҳамидулла, яхши биласиз, илмий ёки адабий тафаккурдаги янги ҳодисалар кўп ҳолларда ўзининг муносиб номини тополмайди, ҳар доим ҳам исми жисмига тўла мос келавермайди. Ҳатто “синергетика” деб аталган ҳодисани унинг ижодкорлари айни шу ном билан аталишини унча хуш кўрмаганлар. Аслида назариядаги кўп чалкашликлар ўринли-ўринсиз атамалар билан боғлиқ. А. Компаньон шу хусусдаги бир мақоласини “Назария демони” деб аташи тасодифий эмас (Комапаньон. Демон теории. Литература и здравый смысл. - М.: 2001). Шу маънода Сизнинг эътирозларингизда жон бор. “Дарахтсимон”, “ризомасимон” тафаккур атамалари ҳам бир қарашда ғалатироқ, жўнроқ туюлиши мумкин. Аммо синчиклаб қаралса, муайян қолип – қатъий канонга айланган анъанавий авторитар тафаккур билан эркин, асов ижодий тафаккур орасидаги фарқни, уларнинг асл моҳиятини англаш-англатишда бу образли тимсоллар ниҳоятда қўл келади. Эҳтимол, постструктурализмга хос ризомасимон тафаккур усулидан биз адабиётшунослар ўз фаолиятимизда уқув билан  фойдаланаётганимиз йўқдир. Аммо кейинги йилларда табиий фанлардаги буюк ихтиро – кашфиётлар айни шу тафаккур усули - ҳодисаларга кутилмаган томондан ноанъанавий тарзда ёндашиш орқали амалга оширилаётгани аллақачон эътироф этилган.

         Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ. Сиз айтаётган ҳодиса тафаккур усули сифатида мавжуд, яшашга ҳам ҳақли. Бироқ бадиий асарни таҳлил этиш тамойиллари хусусида фикр юритилаётганда ҳар қандай янгича тафаккур усули ҳам, боринг, у самародор ҳам бўлсин, бадиий таҳлил методи сифатида қабул қилиниши қийинлигини эслатмоқчиман холос…  

Умарали НОРМАТОВ. Адабиётшуносликдаги мактаблар масаласига қайтайлик. Шу пайтга қадар бизда адабий-илмий мактабларни кўпроқ адабий ҳодиса объектига қараб белгилаш русм бўлган: мумтоз адабиётимизнинг турли босқичлари, минтақалари, чунончи, Қўқон, Тошкент, Бухоро-Самарқанд, Хоразм адабий муҳити ва ҳ.к. Берироқ келадиган бўлсак, ўзбек маърифатчилик, миллий-уйғониш – жадидчилик, шўро даври, бугунги адабий жараён билан шуғулланувчи илмий жамоалар тарзида шаклланган. Булар ёнига сўнгги йилларда тасаввуф адабиёти тадқиқотчилари мактаби келиб қўшилди.

         Бу давр тақозоси эди, бу борада кўп хайрли ишлар қилинди, қилинаётир. Эндиликда объект эмас, объектга қандай методология, метод асосида ёндашиш масаласи кун тартибига чиқмоқда. Адабий ҳодисаларнинг чинакам бадиий-эстетик қимматини, миллат, балким жаҳон маънавий-маданий, адабий тараққиётидаги ўрнини аниқлаш бош мақсадга айланмоқда. Ўз-ўзидан равшанки, замоннинг ўзи кун тартибига қўяётган бундай масъулиятли вазифани замонавий илмий-адабий таҳлил усуллари орқалигина амалга ошириш мумкин. Шахсан ўзим янги ўзбек адабиёти тарихи, адабий жараён масалалари билан шуғулланиб келганим учун бу давр адабиётининг кўпдан-кўп ғаройиб жумбоқларини ҳозирга қадар устуворлик қилиб келаётган социологик ёки бошқа бир-икки метод орқали ечиш мумкин эмаслигига аминман. Тан олиш керак, социологик метод ҳам бутунлай эскиргани йўқ. Оқилона ва маҳорат билан ёндашилса, бу усулда ҳам кўп савоб ишларни амалга ошириш мумкинлигини устозлар тажрибаси тасдиқлаб турибди. Истак шуки, социологик мактаб ёнида бошқа методлар, айтайлик, структурал, постструктурал, стилистик, семиотик сингари илмий мактаблар ҳам шаклланса дейман. Менинг постсруктурал методдан умидим катта. Айниқса, ҳозирги постмодерн дунё адабий ҳодисаларини, постмодернизм, постреализм номлари билан аталаётган адабий тамойиллар моҳиятини англаш, очишда улар ниҳоятда қўл келиши мумкин. Чунончи, анъанавий реализм бағридаги туб янгиланишлар - ижтимоий таҳлил билан баробар экзистенционал ҳолатлар ифодасининг кенг ўрин олиши, бадиий тип эмас, индивидуал шахсларга эътиборнинг ортиши, моҳият қаърига кириб боришда ижтимоий, мифологик ва диний бадиий талқинларнинг бирдек мавқе тутиши, асар матнида хилма-хил ифода услубларининг ёндош ҳолда келиши, гоҳо бир-бирига зид тасвир тарзларининг ўзаро “муроса”га киришиши – ана шундай ғаройиб поэтик ҳодиса моҳиятини англашда постструктурал метод ниҳоятда қўл келиши мумкин. Масалан, Саид Аҳмаднинг кейинги йилларда яратган лагер ҳаёти мавзусидаги ҳикояларида аниқ ҳужжат – лагер ҳаётига оид автобиографик тарздаги хотиралари билан ижодий тасаввур маҳсули бўлмиш “соф тўқима” сюжет-интригаларнинг ажиб тарзда уйғунлашуви, “Осий банда” романида муаллиф Одил Ёқубовнинг шахсан ўзи гувоҳ бўлган кечмиш воқеалари, қатор тарихий шахслар билан боғлиқ реал ҳодисаларининг ўта муболағадор, фантастик гипербола тарзида берилиши; Хайриддин Султоновнинг “Бобурийнома” романида эса Бобур ва бобурийлар қисматини ёритишда ниҳоятда ранг-баранг талқин йўллари – ҳикоя, киноҳикоя, қисса, эссе, суҳбат, репортаж, автобиографик хотира, сафарнома, “Бобурнома” услубини ёдга туширувчи тасвир усули, муаллиф ҳикоя ва қиссалари орқали шаклланган янгича ифода тарзи, соф реалистик талқин билан баробар, тушуниш, тушунтириш мушкул бўлган, фақат “илми ғойиба” орқалигина изоҳланадиган ҳолатлар – бу каби ҳозирги адабий жараённинг янги ҳодисалари тубдан янгича ёндашувларни тақозо этмоқда.

Бугунги шеъриятда ҳам ҳали очилмаган қўриқлар беҳисоб. “Жаҳон адабиёти”нинг 2005 йил 6-сонида америкалик адабиётшунос Рэйчл Ҳарелнинг “Кўкламдан кўкламга” мақоласи эълон этилди. Унда Абдулла Ориповнинг “Баҳор кунларида”, Рауф Парфининг “Ёшлик - зангор фасл”, шунингдек, Фахриёр, Баҳром Рўзимуҳаммад, Гўзал Бегим каби модерн шоирларимиз шеърларининг инглиз тилига таржима қилиш асносида туғилган кузатиш, ўй-мушоҳадалар ёритилган. Йўл-йўлакай янги ўзбек миллий шеъриятидаги шу пайтга қадар бизнинг назардан четда қолган бир талай янги жиҳатларга эътибор жалб этилган. Мақола муаллифи буларни ҳисобга олмай туриб янги ўзбек шеърияти бисотини инглиз тилига кўчириш мумкин эмаслигини таъкидлаган. Маълум бўлишича, Рэйчл хизмат қиладиган Мичиган университетининг Славян тиллари ва адабиётлари кафедраси структурал ва постструктурал методлар асосида тадқиқот олиб борар экан. Тадқиқотчи-таржимон янги ўзбек шеърияти намуналарини таҳлил қилиш ва инглизчага ўгиришда айни шу методлар асосида иш кўрган, таржима назарияси ва амалиётига оид қатор янгича концепцияларни илгари сурган, айни пайтда янги шеъриятимизга хос қатор муҳим жиҳатларни кашф этишга муяссар бўлган. Аён бўляптики, структурал ва постструктурал метод фақат янги шеъриятимиз таҳлили ва талқинида эмас, балки уларни ўзга жаҳон тилларига таржима қилишда ҳам ҳам қўл келаркан.

Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ. Нафақат, рус ҳамкасбларимиз, балки мўлжални каттароқ олиб, жаҳонда яратилаётган адабий-назарий ишлардан имкон қадар тугалроқ хабардор бўлиш зарурмикан. Ҳолбуки, бугун ҳавас билан тилга олаётган адабиёт назариялари ва ҳозирги рус адабиётига тааллуқли асарлар, фақатгина ҳозирги рус адабий-назарий тамойилларига ва кўпроқ Ғарбдаги қарашларга асосланмоқда. Истаймизми, йўқми уларда европацентризм белгилари йўқ эмас. Биз эса шарқликлармиз, шарқ адабиёти учун ҳар доим очиқ реализмдан кўра шартлилик, абстракционизмдан кўра рамзийлик устивор белги ҳисобланган. Янгитдан вужудга келаётган назарий адабиётларда ҳар икки томон (аслида, дунё ягона, худди ҳар қандай бадиий асар бир бутунликда ўрганилгани каби) инобатга олинишини, бу тамойиллар “ХХ аср классиклари” асарларини ҳам, модерн усулда яратилаётган китобларни ҳам таҳлил этишда кўмак бўлишини орзу қиламан.

 Умарали Норматов: Жаҳон  адабиётшунослигида соф назарий масалаларни  эмас, жонли адабий жараён билан боғлиқ назарий муаммоларни ўрганиш устувор бўлиб бораётган экан, бизда айни шу жиҳатдан жиддий оқсоқлик сезилади. Минг йиллик мумтоз адабиётимиз тарихини қўйиб турайлик-да, сўнгги бир асрлик миллий адабиётимиз тарихига оид мавжуд энг кейинги ишларни эслайлик. Шахсан камина устоз О. Шарафиддинов билан ҳамкорликда тузган дастур асосида яратилган “ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи” дарслигида (1999) аср адабиётининг тараққиёт тенденциялари “Аср бошларидаги ўзбек адабиёти”, “20-йиллар”, “30-50-йиллар” ва “60-90-йиллар ўзбек адабиёти” босқичларига бўлиб обзор тариқасида ёритилган. Бор-йўғи 50 саҳифалик обзорда ҳар бир даврнинг энг муҳим тамойилларигина тилга олинган холос; муаллифлар бу “обзор”ни келгусида яратилажак бир асрлик миллий адабиётимиз фундаментал тарихининг шунчаки дебочаси  деб ҳисоблаган эдилар. Орадан ўн йил ўтди,  ҳануз “фундаментал тарих”дан дарак йўқ. Ўша ибтидоий тарздаги обзор салгина ўзгаришлар, бошқача номланишлар билан китоблардан китобларга кўчиб юрибди. Янги ўзбек адабиёти тараққиёти тарихининг назарий-методологик муаммолари ҳам ишлаб чиқилгани йўқ. Бу борада рус ҳамкасбларимиз муайян тажриба тўплади. ХХ аср рус адабиёти тарихига оид бир неча китоблар чоп этилди. Булар орасида ХХ аср иккинчи ярми рус адабиёти тарихи тадқиқига бағишланган Н.Л. Лейдерман ва М.Н. Липовецкийнинг икки томдан иборат салмоқдор “Современная русская литература” асари, айниқса, диққатга сазовор. Шу асар устида батафсилроқ тўхталиб ўтсам дейман. Қарийб бир ярим минг саҳифалик тадқиқотда ярим асрлик рус адабий жараёни кенг кўламда бутун қирралари билан қадам-бақадам текширилади. Энг муҳими, жонли адабий жараён  бугунги жаҳон адабий-эстетик назарий тафаккури даражасида туриб бутунлай янгича ёритилади. Тадқиқотда муайян босқичларга шунчаки обзор бериш, проза, поэзия, драматургия намуналарини санаш, мавжуд факт сифатида кўнгил учун “танқиддан тубан” асарларни тилга олиб ўтиш йўқ; адабий жараённинг етакчи тамойиллари, адабий оқимлар ва уларнинг ёрқин намояндалари ва намуналаригина таҳлил доирасига тортилган. Адабий жараён қонуниятлари эса етакчи адабий йўналишлар – традицион ва социалистик реализм, модернизм ва постмодернизм ривожи динамикасини кузатиш орқали очилган. Адабий йўналишлардаги ўзгаришларни тадқиқ этишда эса тарихий поэтика тажрибаларига таянилади. Соцреализм, модернизм, постмодернизм устида гап кетганда, биздагидек ғашлик, дағдаға билан сафсата сотиш йўқ. Соцреализм назарияси билан боғлиқ схоластик қарашларни, соцреализмни дастак қилиб олиб шўро ҳукумати ва компартия юргизган машъум адабий сиёсатни танқид қилиш билан баробар бу адабий оқимда юз берган муайян ўзгаришлар, соцреализмга мансуб истеъдодли адиблар ижодидаги ёрқин асарлар ҳам таҳлил этилади, “Соцреализм ниқоби остида” сарлавҳаси остида Л. Леоновнинг “Рус ўрмони”, “Соцреализмнинг инсоний қиёфага кириши” бобида эса М. Шолоховнинг “Инсон тақдири”, Твардовсий шеърияти юксак баҳоланади. Ф. Абрамов, П. Проскурин, А. Львов, С. Залигин, В. Дудинцев, Д. Гранин, А. Гельман, Б. Можаев, Ч. Айтматов сингари улкан адибларнинг ижодий тақдири мисолида соцреализмнинг “очиқ система” сифатида янада янгиланиши ҳодисаси очилади. “Модернистик традициянинг янги ҳаёти”, “Постмодернизм”, “Реалистик традициялар тақдири” “Постреализм”га бағишланган боблар ғоят катта эҳтиром, билимдонлик ва холислик билан ёзилган. Юқорида тилга олинган оқимлар қобиғига сиғмайдиган адабий ҳодисалар тадқиқига бағишланган “Соцреализм чегарасидан ташқарида”, “сокин лирика” ва “қишлоқ прозаси”га оид боблар, шунингдек, “Поэзия ва прозада гротеск”, “Интеллектуал тенденция” боблари ҳам қизиқиш билан ўқилади. Шу тариқа рус адабиётининг ярим асрлик жонли тарихи бутун бойлиги, жамики қирралари, салобати билан намоён бўлади. Мазкур китоб билан танишиш асносида беихтиёр ўзимиз бевосита шоҳид бўлган кейинги ярим асрлик адабиётимиз манзаралари кўз олдимиздан ўта бошлайди. Табиийки, бизда рус адабиётидаги жараёнлардан фарқли жиҳатлар кўп, айни пайтда, ўхшаш, муштарак ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Қани уларнинг чинакам илмий-назарий тадқиқи!? Бизни бир жиҳат ҳайратга солади. “Современная русская литература” муаллифларидан бири Россияда, иккинчиси эса Америкада яшаб ижод этадилар, олий ўқув юртларида айни шу фандан дарс берадилар. Улар ўз соҳалари – замонавий рус адабиётшунослиги бўйича етук мутахассис бўлиш баробарида, етук назариячидирлар, айни пайтда, янги замон фан фалсафаси, методологияси, фалсафа, санъат, санъатшунослик, руҳшуносликдаги энг янги қарашлардан, жумладан, постмодернизм,  постструктурализм, синергетика, ризомасимон тафаккур каби таълимотлардан чуқур хабардор ҳолда ҳозирги постмодерн дунёси уммонида бамисли моҳир ғоввос каби эркин ҳаракат қиладилар. Ишончимиз комилки, шулар даражасига кўтарила олмас эканмиз, замонавий миллий адабиётимизнинг чинакам янги илмий тарихини ярата олмаймиз. Афсуски, бизнинг аср адабиёти, унинг бугуни ҳақидаги баҳсларимиз ибтидоий тарздаги гап-сўзлар, маҳаллий маҳдудлик доирасидан нарига ўтмаётир.

         Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ: Худди шу каби “Ҳозирги ўзбек адабиёти” рукни билан агар янги дастур ва дарслик яратилса, табиийки, у “Мустақиллик даври ўзбек адабиёти” сарлавҳасига синоним тарзида келиши мумкин. Бироқ бизда гарчи расман мустақиллик 1991 йилда эълон этилган бўлса ҳам Истиқлол орзуси адабиётда анча вақт турғун бўлган мавзу ва муаммолардан эди. Шунинг учун ҳам 1991 йилгача кечган барча асарларни шўро адабиёти рўйхатига киритишдан ва улар соцреализм асосида яратилган деган ҳукм айтишдан аввал Истиқлол қайғуси аниқ акс этган асарларни, айниқса, 80-йилларнинг иккинчи ярмидан бошланган эркинлашув ва ҳар хиллашув жараёнини айни мана шу замонавий адабиёт контексида ўрганилиши мақсадга мувофиқ келади. Ана ўшанда Лейдерман ва Липовецкийнинг қўллармасидаги каби ҳар бир адабий ҳодисани ҳам ўзига муносиб атама билан номлаш ва ташқи ижтимоий омиллардан келиб чиқибгина эмас, балки бу даврда яратилган бадиий асарларнинг ички қонуниятларидан, яъни поэтика талабларидан келиб чиққан ҳолда таҳлилги киришуви мумкин бўлади. Ана ўшанда Истиқлол арафасида яратилган асарларга ҳам, бевосита мустақиллик даврининг маънавий неъмати сифатида юзага чиққан асарларга ҳам умумий бир талаб (андоза эмас) поэтик тафаккур ва адабий жараённинг янгиланишига туртки берадиган бадииятнинг ўлмас мезон ва меъёрлари билан иш кўришлик насиб қилиши мумкин.

         Умарали НОРМАТОВ: Кундай равшан: Чўлпон – Ойбек – Рауф Парфи ижоди орқали муайян тамойил тусини олган тўқсон йиллик миллий модерн шеъриятимиз мавжуд. Бугунги кунда бу анъанани янгича кўринишда давом эттираётган Абдували Қутбиддин, Фахриёр, Баҳром Рўзимуҳаммад каби ўнлаб забардаст модерн шоирларимиз бор. Уларнинг қатор шеърлари хорижий тилларга таржима этилиб жаҳон миқёсида эътироф этилмоқда. Омон Мухтор, Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул каби янги йўналишга мансуб адибларимизнинг роман, қисса, ҳикоялари аллақачон ўз ўқувчиларини топган. Шунга қарамай, “модернизм овропа ҳодисаси сифатида биз учун ёт” деган дағдағали дашномлар ҳамон давом этяпти. Бу ҳам етмагандай, шўро даврида шиорга айланган “соцреализм жаҳондаги ягона энг юксак метод” деган ақида бир оз таҳрир билан “реализм ижоднинг азалий ва абадий йўли”, бошқалари эса ижодкорни адаштиради деган иддаолар ўртага ташланмоқда, нореалистик тамойил-оқимлар шаънига маломатлар ёғдириш одат тусини олаётир. Жаҳон адабий тараққиёти тарихида янги давр очган Ж. Жойс шахсияти, унинг ХХ аср инглиз адабиётида энг яхши роман деб тан олинган “Улисс” романи хусусида адабий одоб доирасига сиғмайдиган бўхтондан иборат даъволарни андишасизларча ҳимоя қилувчилар топилди. Турк дунёси адабиётида биринчи бўлиб Нобель мукофотига сазовор бўлган Ўрхон Памукнинг реалистик асарлари хусусида илиқ гаплар айтилгани ҳолда модерн, постмодерн йўлда битилган жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима этилиб юксак баҳо олган романлари, хусусан, “Қора китоб” хусусида нохуш, нописанд мулоҳазалар ўртага ташланди. Ҳеч қандай далил-исботсиз кўча гапларига асосланиб, муаллифни кўчирмачиликда айблаш даражасига бориб етилди (“Жаҳон адабиёти”, 2007 йил, ноябр сони, 166-бет). Бу хил иддаоларни даъво қилаётганлар, наҳотки жаҳон адабиёти ва санъатида кечаётган жараёнлардан бехабар бўлсалар, тараққий этган мамлакатларни қўйиб туринг, шарқда модерн кириб бормаган бирор мамлакат адабиёти, санъати борми ҳозир?! “Модерн ҳодисаси бизга ёт” дегувчилар шундоққина ён қўшнимиз – тасвирий санъатдаги жараёнлардан хабардормиканлар? Бугунги Миллий тасвирий санъатимизнинг неча фоизи модерн йўналишда эканини чамалаб кўрганмиканлар? Боз устига, анъанавий реализм йўналишининг ўзида кўпдан бери модернизациялашув жараёни кетаётгани, бу ҳодиса фанда аллақачон эътироф этилганини билармиканлар?!.. Аминмизки, назариядаги, замонавий фалсафа, руҳшунослик, санъатшуносликдаги янгиликлардан хабардорлик ҳам ҳаминқадар... Шундай бўлгандан кейин хаёлга келгани айтилаверар, қоғозга туширилаверар экан-да.

Таскин берадиган жойи шундаки, ҳар ҳолда оз бўлса-да бу борада жаҳондаги жараёнлардан, янгиликлардан бохабар юксак маданиятли ижод ва илм-фан одамлари бор. Уларнинг сафи секинлик билан бўлса-да, кенгайиб боряпти. Миллий адабиётимизнинг янги ҳаққоний, холис, тўлақонли чин тарихини яратиш ана ўшалар зиммасида.

Рус ҳамкасбларимизнинг кейинги йилларда чоп этилган айрим асарлари муносабати билан юқорида айтилган ўй-мушоҳадалар, мулоҳазалар билан танишган дўстларимиздан бир истак шуки, бу гапларни асло ўзгалардан айнан андаза олишга чақириқ деб тушунмасинлар. Биз аллақачон ўзимизнинг, ҳамма соҳада бўлганидек, адабиёт ва адабиёт илмида ҳам ўз мустақил йўлимизни топиб олганмиз. Кўриб ўтганимиздек, рус ҳамкасбларимиз ҳам шўро давридаги қолиплардан дадил воз кечиб янгича замонавий йўллардан шахдам бормоқда. Бу борада улар билан бўйлашиш истаги бизни шундай йўл тутишга ундаётир. Президентимиз ташаббуси билан ҳозир бизда бутун мамлакатни, жамиятни модернизация қилиш жараёни кетаётган, бу борада ҳам жаҳон андозаларига мос келадиган даражага кўтарилиш вазифаси қўйилган экан, биз адабиётшунослар бу қутлуғ ҳаракатдан четда туролмаймиз.

 

 

2007 йил, ноябр

 

 

 

 

 

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz