Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

ЯРИМ АСР ПОРЛАГАН МАЁҚ

(ЭССЕ)

        

Мен устоз Озод акани ўлмайдиган одам деб билардим. Бу табаррук зот вужудидаги мислсиз ирода, бардош, шижоат ҳали бери ўлимни яқинига йўлатмаса керак деб юрардим. 2005 йил 4 октябрида – муборак рамазони шарифнинг илк тонгида устознинг вафоти хабарини эшитганимда, сўнг Қибрайдаги хонадонида худди тирикдек ётган майити ёнида тиз чўкиб ўтирганимда, не ҳолга тушганимни ифодалашга тилим ожиз. Начора, туғилиш бор экан, ўлим ҳақ. Ҳаётимдаги энг мушкул дам ўша куни устоз тобути бошида туриб Одил Ёқубов, Абдулла Орипов, Хайриддин Султоновлар қатори видо сўзини айтиш бўлди. Ўша дамларда кўнглимдан кечганларни қоғозга туширгудек бўлсам, бутун бошли китобга айланарди.

Озода аканинг ярим асрлик фаолиятининг асосий қисми Ўзбекистон Миллий университетида ўтди. Мен у кишининг биринчи шогирди эдим. Ярим аср у билан бирга ишлаш, ҳамкору ҳамнафас бўлиш мен учун Аллоҳнинг беназир инояти деб биламан. Мислсиз истеъдод соҳиби, шахси бутун бу улуғ сиймонинг ижодий жасорати туфайли миллий университет мамлакатимизда жамоатчилик тан олган адабий-танқидий марказлардан бирига айланди. Устоз бу масканда ўзига хос мактаб яратди.

О.Шарафиддинов миллий адабиётимиз ривожида Сталин вафотидан кейин 50-йиллар ўрталаридан бошланган янги бир тўлқиннинг танқидчиликдаги даракчиси сифатида майдонга чиқди. «Лирика ҳақида мулоҳазалар», «Замон, қалб, поэзия», «Ниҳоллар» сингари мақолалари билан адабий-танқидий тафаккур равнақида бурилиш ясади, расмий доираларга хизмат қилувчи ўта мафкуравийлашган «шеърият»га қарши илк бора мардона туриб жанг очди. Шеъриятда шоир кўнгил розларини, қувончу ташвишларини, дарди дунёсини ифода этувчи чинакам инсоний тамойилларни ҳимоя қилиб чиқди, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари ёрқин истеъдодларни илк қадамларидаёқ ҳимоя қилиб уларнинг ижодий тақдирига кучли таъсир кўрсатди. Бугина эмас, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия, Миртемир, М. Шайхзода, Шуҳрат, Асқад Мухтор, О. Ёқубов, П. Қодиров сингари етакчи адиблар билан ҳамкору ҳамнафас, маслакдош сифатида жўшқин адабий жараён ичида ёниб яшади, бетиним ижод этди. Шу пайтга қадар бизда ижод аҳли билан мунаққиднинг бу тарздаги ҳайратомуз ва ибратомуз ҳамкорлиги бўлган эмас.

Дадил айтиш мумкинки, биринчи галда Озод аканинг саъй- ҳаракати туфайли миллий танқидчилигимиз замонавий жаҳон танқидчилиги тафаккури даражасига кўтарилди. Ярим аср давомида бу улуғ зот танқидчилигимизнинг карвонбошиси-лидери бўлиб келди. Бунақаси жаҳон танқидчилиги тарихида сийрак учрайдиган ҳол.

Аёнки, ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб танқидчи ва адабиётшунос мутахассислар тайёрлашнинг муайян системаси шаклланди, филология бўйича фан номзоди, доктори илмий даражасини олиш ҳаракати оммавий тус олди, бу соҳа тирикчилик, касб-ҳунар, лавозим, мартабаларни эгаллаш воситасига айланди. Номзодлик, докторлик диссертацияларининг низомлари яратилган, ҳозир у адабиётшуносликнинг муайян жанри тусини олган, унинг қатъий талаблари бор, ҳатто диссертация таркиби, нечта боб ва фасллардан иборат бўлиши зарурлиги қатъий белгилаб қўйилган. Ҳар йили бизда адабиётшунослик бўйича 30-40 атрофида фан номзоди, доктори тайёрланади. Бироқ масаланинг «лекин»и бор. Хўш, шулардан нечтасини «мунаққид» - чин истеъдод эгаси деб аташ мумкин? Бунга дадил жавоб беришга тил ожиз. Гарчи Озод ака ҳам фан номзодлиги диссертациясини ёқлаган, ўзи 26 та фан номзоди тайёрлаган бўлса-да, бу ҳаракатни унча хушламас, диссертация масаласига қандайдир киноя-истеҳзо билан қарарди. Ўз номзодлик диссертациясидан кўнгли тўлмаган, докторлик диссертацияси устида ишлашни эса хаёлига ҳам келтирмаган. Гап шундаки, устоз табиатан диссертация қолипига тушмайдиган, стереотипларни  тан олмайдиган шахс эди. У танқидчиликни санъат деб биларди, худди Нитше фалсафани поэзия, достон даражасига кўтаргани каби, Озод ака ҳам танқидчиликни чинакам ижод – санъат асари, шеърият даражасига олиб чиқди. Агар хоҳиш-истак, майл бўлса, муайян тайёргарлиги бор ҳар бир одам бемалол номзодлик, докторлик диссертациясини «ясайвериши» мумкин; аммо «Чўлпонни англаш», «Нутқ ёҳуд адиб ҳаётининг юлдузли онлари»дек ноёб асарларни фақат Озод акадек ноёб истеъдод соҳибигина яратиши, бунёд этиши мумкин.

Шуни унутмаслик керакки, мунаққид ижодий фаолиятининг ўттиз беш йили шўро истибдоди даврида кечди. Мустабид тузум адабий сиёсати, яккаҳоким мафкура, соцреализм ақидалари босими, табиийки, унинг ижодий тақдирида муайян даражада ўз асоратларини қолдирди. Бироқ унинг бу йиллардаги жўшқин фаолияти замон таъқибу тазйиқлари остида ақидапарастликка қарши курашлар, адабиёт оламидаги чин истеъдодлар, асл асарлар ҳимояси йўлида ҳақиқат, адолат учун муросасиз мардона жанглар ичида ўтди. Унинг минбарлардаги, матбуотдаги деярли ҳар бир жиддий чиқиши кескин қаршиликларга учради, унинг номи ҳар доим қора рўйхатларда юрди. Бу хусусда аввало устознинг ўзи «кўб» ва «хўб» ёзган. Бунинг учун унинг «Эътиқодимни нега ўзгартирдим?», «Чўлпонни англаш» рисолаларини эслаш кифоя. Бу борада шахсан ўзим гувоҳ бўлган баъзи воқеаларни эслатиб ўтсам дейман.

Ўтган асрнинг 60-йилларига келиб Миллий университетда Ғулом Каримов бошчилик қилган, Озод ака ишлайдиган  Ўзбек адабиёти кафедрсининг мавқеи ғоят баланд, ХIХ аср иккинчи ярми ўзбек адабиёти ҳамда замонавий адабий жараён тадқиқи бўйича мўътабар илмий марказ саналарди. Шу орада кафедрани иккига ажратиш масаласи кўтарилди. Адабиёт тарихи бўйича мудир тайин, аммо ажралиб чиқажак замонавий адабиёт кафедрасини ким бошқаради, деган муаммо юқори доирадагиларни ўйлантириб қўйди ва бу масала узоқ йиллар пайсалга солиниб келинди. Ниҳоят, Ғ. Каримовнинг қатъий туриб олиши туфайли 1974 йил баҳорида матбуотда янги кафедра мудирлигига конкурс эълон этилди. Конкурс натижаларига бағишланган илк мажлисда маълум бўлдики, мудирлик лавозими учун Турсун Собиров, Салоҳиддин Мамажоновлардан ариза тушибди. Бироқ университет домлаларидан бирортаси ҳам ҳужжат топширмагани мажлис аҳлини ўйлантириб қўйди. Ғ. Каримовнинг маслаҳатига кўра Хатиба Ҳакимова ва камина ариза топширишимиз лозим эди. Ғоят андишали аёл Хатибахон Озод акадай буюк олим турганида бу лавозимга даъво қилишни ўзига эп кўрмаган ва устоз таклифини қатъиян рад этган. Менинг вазиятим ҳам аён, ахир устоз турганида мен қандай қилиб бу ўринга даъвогарлик қиламан?.. Мажлисда бу гаплар дангалига ўртага ташланди. Қизиқ, ўша куннинг ўзида Т. Собиров билан С. Мамажоновлар аризаларини қайтариб олдилар.

Эртаси куни Ғ. Каримов мени ўз ҳузурларига чорладилар; асл ниятга ўтиб, мудирликка ариза топширасиз, шунга келишдик, дедилар. Кўнгилдаги андишаларимни айтганимда: «Аслида, бу жой Озодники, - дея сўзларини давом эттирдилар. – Мен қўлимдан келган ҳамма ишни қилдим, лекин гапимни ўтказолмадим, юқоридагилар «Бу лавозимни Озодга бериб бўлмайди» деб туриб олишди. Агар пайсалга солсангиз, бу ўринга бошқа ёт бир одам келади-ю, Озодга ҳам, Сизга ҳам ёмон бўлиши мумкин. Бир йил ўтар, икки йил ўтар, фурсат келар, ана ўшанда мудирликни икки қўллаб асл эгасига топширарсиз. Озоднинг фикри  ҳам шу!»

Ноилож рози бўлдим, орадан шунча йиллар ўтиб кетди, аммо домла ваъда қилган фурсатдан дарак бўлмади. Шундай бўлса-да, кўнгил бир жиҳатдан таскин топади: 26 йил Ҳозирги ўзбек адабиёти  кафедрасига мудирлик қилган бўлсам, асосий вазифам устозни бало-қазолардан асраш, кўнгилдаги улуғ орзу-ниятларини имкон қадар рўёбга чиқаришда унга таянч ва суянч бўлишдан иборат эди.

Шу йиллар давомида кафедра ҳаёти, илм-фанга оид барча жиддий муаммолар устоз билан бамаслаҳат ҳал этиларди. Яширмайман, айрим масалаларда баҳслашиб ҳам қолардик. Истиқлол руҳи билан йўғрилган мактаб адабий дастури, олий ўқув юртлари учун ХХ аср ўзбек адабиёти дастури ва дарслиги унинг иштирокида – ҳаммуаллифлигида яратилди. Ажиб ибтидо ва интиҳо: сафарда бўлганликлари туфайли муаллифга катта шуҳрат келтирган «Замон - қалб - поэзия» китоби корректурасини ўқиб нашриётга тақдим этишни ишониб менга топширган эдилар. Орадан қирқ йил ўтиб ўзи «Замон - қалб - поэзия»дан кейинги энг яхши китобим деб санаган «Ижодни англаш бахти»га масъул муҳаррир бўлиш, сўзбоши ёзиш шарафи менга насиб этди. Қизиқ, каминага тақдим этилган бу китобдаги дастхатда устоз мени негадир «дўстим» деб атаган ва «Менга садоқатингиз туфайли доим қаноатланиб юраман» деб ёзган.

Дориламон кунлар келгач, истиқлол туфайли устоз елкасига офтоб тушган кезлари у кафедра мудирлигидан ҳам муҳимроқ лавозимларда, чунончи, аввал «Хазина» нашриётида бош муҳаррир, сўнг энг нуфузли янги нашрлардан «Тафаккур» журналининг бош муҳаррири ўринбосари, ниҳоят, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири вазифаларида хизмат қилди. Лекин у Миллий университет, факультет, ўзбек адабиёти кафедраси билан алоқасини узмади, умрининг охирига қадар ўзини шу даргоҳнинг одами, фарзанди санаб бу ердаги барча муҳим тадбирларда фаол иштирок этди. Магистрантлар, Олий Адабиёт курси тингловчилари билан мунтазам суҳбатлар ўтказиб турди, одатдагидек турли анжуманларда теран профессионал, жўшқин, мардона ҳақ сўзлари билан тингловчилар, хусусан, ёшлар кўнглига олов ёқиб келди.

Беихтиёр 60-80-йиллар кўз олдимдан ўтади: ўша кезлари барча олий ўқув даргоҳларида бўлгани каби университетда ҳам «сиёсий ҳушёрлик» олий даражада эди. Озод аканинг қолипларга сиғмайдиган гаплари ҳамиша сиёсий «ҳушёр» соқчиларнинг эътирозларига учрарди. Факультетда Ғулом Шарипов деган ортодоксал коммунист ишларди. Тилшунос доцент сифатида аудиторияда студентларга тил илмидан деярли ҳеч нарса бермас, асосий ҳунари тил ва адабиёт соҳасидаги «сиёсий хатолар»ни аниқлаш, бу ҳақда тегишли даргоҳларга «гап етказиш»дан иборат эди. Биров унинг мушугини пишт деёлмасди. Ҳатто А. Ғуломовдек буюк олим унинг қаршисида қўл қовуштириб турарди. Бу кимсанинг Озод акани кўрарга кўзи йўқ эди. Адабиёт дунёсида нимаики «чатоқлик» содир бўлса, Озод акани унинг бош айбдори деб биларди. Ёзувчилар уюшмасида, турли адабий анжуманларда Озод ака шаънига танқидий гаплар айтилганида, устоз олқишлаб мақола ёзган «Тобутдан товуш» кесин танқид остига олинганида,  у муҳаррирлик қилган «Тирик сатрлар», «Ёшлар билан суҳбат» китоблари қатағонга учраганида, Эркин Воҳидовнинг «Фузулий ҳайкали қошида», «Ўзбегим», Абдулла Ориповнинг «Биринчи муҳаббатим», «Аёл» шеърларига маломат тошлари отилганида – бу каби нохуш воқеаларни университетда биринчилардан бўлиб зўр қувонч билан қарши олган, факультет жамоаси, талабалар орасида уларни кенг тарғиб ва ташвиқ этган ҳам  ўша зот эди. Ҳатто у университет партия мажлиси минбарида туриб, у «Эркин  Воҳидов билан Абдулла Ориповларнинг ижодда хато йўлдан кетишларига Озод Шарафиддинов айбдор» дейиш даражасига борди. Шунда нотаниш бир талаба  минбарга отилиб чиқиб: «Озод Обидович Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар қатори халқимизнинг фахри, ифтихори, виждони, бу табаррук зотни ҳақорат қилинишига тоқат қилолмаймиз» деганида улкан зал гулдурос қарсаклардан ларзага келгани, ўша кезларда қалбларда жўш урган қувонч нашидасини ҳамон унутолмайман.

Устознинг университет даври фаолияти устивор йўналишларидан бири Чўлпон муаммоси бўлган. Чўлпон расман оқлангач, Озод ака Ёзувчилар уюшмасида тузилган Чўлпон ижодини ўрганувчи комиссияга аъзо қилиб киритилган эди. Ғаламисларнинг пинҳона қаршилиги туфайли комиссия ишламади. Сўнг Озод ака якка ўзи мустақил равишда бу борада изчил фаолият кўрсатди, Чўлпон асарларини йиғди, у ҳақидаги мақолаларни тўплади, адиб замондошлари хотираларини ёздириб гоҳо эса ўзи ёзиб ола бошлади. Университет аудиторияларида тап тортмай Чўлпондан сўз очар, шеърларидан намуналар ўқирди. Ғанимларнинг фитналарига, юқори доираларнинг таъқибига қарамай бу ишни изчил давом эттираверди. Ёдимда, бир гал иккимизни парткомга чақириб, шу хусусда гап очишганда, устоз шоирнинг соф лирикаси намуналаридан «Гўзал»ни, шўролар сиёсатига мослаб ёзилган айрим шеърларини ўқиб: «Буларнинг нимаси зарарли?» деган саволни қўйди. Шунда партком котиби ҳеч нарса дея олмади, ҳар ҳолда бу масалада эҳтиёт бўлиш керак деган мужмал гапдан нари ўтолмади... Бу ҳол бир эмас бир неча бор такрорланди. Ҳар гал Чўлпон хусусида дағдаға билан бошланган можаро Озод аканинг асосли далил-исботлари туфайли мужмал бир тарзда муроса билан якунланарди. Энг охирги дағдаға ва кулгили ҳодиса 1985 йилнинг декабрида юз берди. Кафедра мажлисига йиғилган эдик. Факультет декани ҳузуримизга кириб Озод ака иккимиз тезликда парткомга чиқишимиз зарурлигини айтди. Маълум бўлдики, гап кафедра аъзоси Н. Худойбергановнинг «Вопросў литературў» журналининг 1985 йил 12-сонида  босилган танқидчиликдаги маҳаллийчилик хусусидаги мақоласи устида экан. Мақолада, жумладан, Чўлпон ижодий мероси ҳамон эътибордан четда қолаётгани, асарлари қайта босилмаётгани айтилган эди. Марказқўмдан университет парткомига қўнғироқ қилишиб, тезликда бу мақолани муҳокама  қилиш, унинг муаллифига партиявий чора кўриш вазифаси топширилади. Озод ака котибга ётиғи билан мақола моҳиятини тушунтирди, Норбой партия аъзоси эмаслигини эслатди; бунинг устига мақола Москванинг нуфузли нашрида босилгани, ундаги гаплар ҳозир жиддий шов-шувларга асос бўлолмаслиги, агар шундай қилинса, унверситет шаънига доғ тушиши мумкинлигини айтди. Котиб иккиланиб қолди. Марказқўм билан телефон орқали боғланиб, бўлган гапларни юқорига етказди. Марказқўм ходимлари ўз сўзларида туриб олдилар, мақолани эътиборсиз қодириб бўлмаслигини, албатта муҳокама қилиниб «миллатчи шоир»ни оқламоқчи бўлган муаллифга кескин чора кўриш ва бу ҳақда марказқўмга ёзма ахборот бериш топширилди. Менинг шахсий архивимда марказқўм учун икки ой давомида 1986 йил 12 март санаси билан тайёрланган айни шу хусусдаги батафсил тушунтириш хати сақланади. Гарчи Озод ака кўп масалаларда Норбой билан чиқишолмаса-да, унинг Чўлпон хусусидаги позициясини қатъий туриб ҳимоя қилди. Озод ака маслаҳати билан Норбой иккимиз тайёрлаган, устоз таҳрир қилиб берган бу тушунтириш хати бутун бошли бир тадқиқот эди. Унда Чўлпонни ётиғи билан – аниқ далил-исботлар, рад этиш мумкин бўлмаган илмий асослар орқали дадил ҳимоя қилинганини эслаб бугун ҳайрон қоламан... Шундан кейин марказқўмдагилар бизни бошқа безовта қилмади. Замон шитоб билан ўзгариб борарди. 1987 йил 7 февралда Марказқўм котиби Раъно Абдуллаева ҳузурида таниқли адабиётшунос ва тарихчи олимлар, ёзувчи, шоирлар иштирокида ўтган кенгашда университетдан Озод ака билан мен ҳам таклиф этилган эдик. Унда, жумладан, Чўлпон меросини ўрганиш, чоп этиш масаласи кўтарилди, бу хусусда қизғин мунозарлар бўлди, одатдагидек Ю. Султонов, Ҳ. Абдусаматов, К. Яшинлар Чўлпон асарларини нашр этилишига қарши чиқдилар, Э. Каримов билан О. Шарафидинов қатъий туриб Чўлпонни халққа қайтариш пайти келганлигини айтдилар. Баҳс-мунозара авжига чиққан дақиқаларда собиқ Марказқўм идеология бўйича котиби Ҳабиб Турсунов сўз олди. Нотиқ Раъно Абдуллаевага мурожаат этиб: «Бир вақтлар мана шу хонада кўп нохуш воқеалар бўлган, қанчадан-қанча бегуноҳ ижодкорлар устидан ҳукм ўқилган. Яшин ака, яшириб нима қиламиз, Сизу биз Қодирий, Чўлпонларнинг мухлиси эдик, Чўлпон шеърларини ёд билардик... Шунга қарамай, замон сиёсати йўлини тутганмиз, шунга мажбур бўлганмиз. Ўша йилларни ўйласам, юрагим тош қотади, кечалари ухлолмай тўлғаниб чиқаман» дея кўзига ёш олди. Нотиқ гап орасида Чўлпоннинг кўп машҳур сатрларини ёддан айтди. Қизиқ, боя Чўлпон хусусида кескин танқидий гаплар айтган Яшин домла нотиққа қўшилиб у тилга олган сатрларнинг давомини ёддан айтарди...

Бу ҳол анжуманга ажиб руҳ бахш этди. Мажлисда ҳеч қанақа қарор қабул қилинмади, аммо ғишт қолипдан кўчганлиги – Чўлпон муаммоси руҳан ўз-ўзидан ҳал этилгани аён эди. Орадан роппа-роса бир йил ўтиб, «Шарқ юлдузи»нинг 1988 йил 2-3-сонларида «Кеча ва кундуз» романи Озод аканинг каттагина сўзбошиси билан эълон этилди. Устоз ташаббуси ва таҳрири остида 1991 йили «Яна олдим созимни» тўплами чоп этилди, кўп ўтмай Чўлпоннинг уч жилдлик «Асарлар»и нашрга тайёрланди, Чўлпон адабий-танқидий мақолалари ҳамда буюк шоир замондошлари хотираларидан иборат «Адабиёт надир» китоби чиқди. Миллий университет ҳузурида Қодирий ва Чўлпон ижодини тадқиқ этувчи илмий марказ ташкил этилди; филология фанида биринчи бўлиб Чўлпон шеърияти, адабий-танқидий қарашлари ҳақида номзодлик диссертациялари тайёрланди, истеъдодли ёш адабиётшунос Д. Қуронов истиқлолнинг дастлабки ойларида «Кеча ва кундуз» романи бўйича номзодлик диссертациясини, 1997 йили эса Чўлпон насри поэтикасига доир докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Ёш олимнинг устоз ва камина тарҳири остида «Шарқ» нашриётида чоп этилган «Чўлпон насри поэтикаси» китоби чўлпоншуносликнинг муҳим ютуғи сифатида эътироф этилди.

Қаердадир ўқиб эдим: буюк зотлар зиммадаги тарихий миссиясини адо этмагунча бу фоний дунёдан кетмайдилар. Тарихда бунга мисоллар кўп. Улуғ сиймо Озод аканинг тақдири ҳам буни тўла тасдиқлайди. Энг қийин дақиқаларда ҳам ҳаётбахш умид туйғуси устоз кўнглини тарк этмади. Қандайдир сирли-сеҳрли илоҳий куч кўнглига ҳамиша далда бериб турарди. Устоз Чўлпонни юзага чиқариш учун роппа-роса ўттиз йил бетиним курашди. Шу туфайли унинг табаррук бошига не-не савдолар тушмади, дейсиз. Озод аканинг умр йўлдоши Шарофат опа бу хил охири кўринмайдиган можаролардан тўйиб кетиб, бир гал: «Ўша Чўлпонни тинч қўйинг энди, ахир биз ҳам одамларга ўхшаб яшайлик» деганини эшитганман. Бироқ келин ойи Озод акани бу йўлдан асло қайтариш мумкин эмаслигини яхши биларди. Аслида, дунёда уни аҳдидан қайтарадиган кучнинг ўзи йўқ эди.

Мен кўп кузатганман: устоз гарчи ҳаётда диний-исломий шартларга унчалик риоя этмаса-да, руҳан Аллоҳнинг ҳақлигига, қудратига ишонарди. Қаранг, 1958 йилдан бошланган саъй-ҳаракат, эзгу орзу-ният, яратгандан илтижолари ўттиз йил ўтиб 1988 йилдан рўёбга чиқа бошлади, 1994 йили чоп этилган миллий танқидчилигимизнинг ноёб намунаси «Чўлпонни англаш» рисоласида улуғ шоирни рўёбга чиқариш йўлидаги жонбозликлари, кўнгил розларини, дарду дунёсини тўкиб солишга эришди. Чўлпоннинг ашаддий рақибларидан бири бир гал катта кетиб: «Озод акангизга айтинг – овора бўлмасин. Мен тирик эканман, совет ҳокимияти бор экан, Чўлпон ҳеч қачон юзага чиқмайди!» деб эди. Аллоҳ кароматини қарангки, совет ҳокимияти ҳали қуламай туриб, ўша арбоб тириклигида Чўлпон юзага чиқа бошлади. Бу ҳол бандаи ожиз учун абадий сабоқ бўлиб қолажак.

Фақат Чўлпон масаласида эмас, юқорида эслатилганидек, замонавий адабий жараён бобидаги курашларда, баҳсу мунозараларда охир-оқибат устоз ҳақ бўлиб чиқди, буни ҳам Аллоҳнинг бу кишига нисбатан саҳовати, савоб ишлари учун ажри-мукофоти деб биламан.

Озод ака миллат ўғлонлари орасида энг кўп китоб  йиққан, ўқиган зиёлилардан. Жаҳон адабиёти, фалсафаси, санъати соҳасидаги билмдонларнинг энг билимдони эди. Мамлакатимизда «Иностранная литература» типидаги она тилимизда журнал бўлишини орзу қиларди. 1997 йили шу орзуси ушалди, «Жаҳон адабиёти» журнали ташкил топди, омадни қарангки, бу янги журналга у муҳаррир этиб тайинланди.

Аллоҳ бандасини унга ҳам бахт-омад бериб, ҳам дард бериб, бошига ғам-андуҳ солиб синайди, дейишади. Қарангки, зўр иштиёқ билан тайёрланган «Жаҳон адабиёти»нинг илк сони чиққан куни у касалхонада оғир жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди, бир оёғидан жудо бўлди.  Орадан бир мунча вақт ўтиб иккинчи ва учинчи жарроҳлик операциялари, дард устига чипқон деганларидек, қизилўнгач ва кўз хасталиклари келиб қўшилди. Томоғидан сув ҳам ўтмайдиган пайтлар бўларди, матнларни махсус лупа орқали ўқирди. Домла тўққиз йил давомида бу хил хасталиклар билан мардона олишди, кўп вақтлари касалхонада ўтди. Ақл бовар қилмайдиган ҳолат: шу ҳолда фикрлашдан, ижоддан бир дақиқа тўхтамади, хатто уйқусида, тушида ҳам ишлади, аввало, журнал фаолиятини маҳорат билан бошқарди, унинг муҳаррирлигида «Жаҳон адабиёти»нинг роппа-роса 100 та сони тайёрланди; бир етук таржимон умр бўйи адо этиши мумкин бўлган ишни – юздан ортиқ роман, қисса, ҳикоя, адабий-танқидий мақолалар, эссе, очеркларни таржима қилиб эълон этди. Боз устига асосий ҳунари – танқидчилик фаолияти барқ уриб ривож топди. Устоз одатдагидек соф профессионал соҳаси доирасида чекланиб қолмай, қайноқ ҳаёт жараёни ичида жўшиб, миллат дардига дармон, миллат фидойилари билан ҳамкору ҳамдам бўлиб яшади. Унинг матбуот саҳифаларидаги, радио ва телевидениедаги ҳар бир чиқиши, мардона сўзи эл оғзига тушди, одамларни тўлқинлантирди. Энг муҳими, бу йиллари яратган асарлари жамланиб «Ижодни англаш бахти» ва «Довондаги ўйлар» номи остида китоб ҳолида нашр этилди. Бу икки китобга жо бўлган адабий-танқидий мақолалар, эсселарни илк китоби «Замон - қалб - поэзия» билан солиштириб кўринг – йигитликдаги ҳарорат, жўшқинлик, фикр теранлиги кексаликда ҳам заррача сусайгани йўқ.

Озод аканинг кўп умри қафасдек тор «дом»ларида ўтди. Оғир хасталикка чалинган кезлари бахт-омади кулиб умр бўйи орзу қилган нияти ушалди, Қибрай туманидаги Геофизиклар маҳалласидаги кенг ва кўркам боғ ҳовлига кўчиб ўтди. Етти йил давомида бу маскан бамисоли Л. Толстойнинг Ясная полянадаги мулки сингари ижодий зиёлиларнинг саждагоҳига айланди. Мамлакатимизнинг турли бурчакларидан, чет эл элчихоналаридан келиб турадиган муҳмонларнинг, вақтли матбуот, радио ва телевидение мухбирларининг кети узилмасди. Бу хонадонга ташриф буюрган, Озод ака суҳбатини олганларнинг ҳар бири бир дунё таассурот билан кетарди.

Шуниси ҳам борки, устоз ўз навбатида «ўзбекчилик» деб аталган меҳр-оқибатни жойига қўяр, ижод ва илм аҳли, дўсту биродарларнинг тўю маракаларида ҳамиша ҳозиру нозир эди. Тошкент бу ёқда қолиб оғир хаста бўлишига қарамай Чимкент, Самарқанд ва Фарғона водийсига дўстлар кўнгли деб сафарларга чиқарди.

Озод аканинг шу хил инсоний фазилатлари, табиийки, аввало ижодий шижоати туфайли танқидчилигимизнинг нуфузи, обрў-эътибори бениҳоя кўтарилди, мунаққид номи Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари сўз усталари қаторида эҳтиром билан тилга олинадиган бўлди; танқидчилар орасида биринчи бўлиб «Буюк хизматлари учун» ордени ва Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланди.

Ниҳоят, устоз Аллоҳнинг раҳмати ёғиладиган рамазони шарифнинг биринчи тонгида осонгина омонатини топширди. Ғ. Ғулом, Ойбек сингари машҳур сиймолар вафот этганида, сафарда эдим. Ижод одамининг бу қадар катта дафн маросимини кўрган эмасман. Ўша куни Геофизиклар маҳалласига одам сиғмай кетди, жанозага келганлар сафи Қибрайдан то Фаробий кўчасидаги қабристонгача чўзилди. Жанозани Муфти ҳазратларининг ўзлари ўқиди. Озод ака устози Абдулла Қаҳҳорнинг шундоққина рўпарасида абадий маскан топди.

Устоз маслакдошларидан бири шоир Асқад Мухторнинг мана бу сатрларини  ниҳоятда хуш кўрар, руҳан ўзининг ҳаётдаги шиори санарди:

 

Мен дунёга келиб дунё орттирдим

Ҳаммасини ташлаб кетарман.

Қалбни эса

                  сўнгги ҳужайрасигача

Ловуллатиб ёндириб кетарман.

 

         У аҳдида қатъий турди, сўнгги нафасигача ижоддан, ҳақ сўзни айтишдан тўхтамади, қалбининг сўнгги ҳужайрасига қадар ловуллатиб ёндириб миллат, адабиёт равнақи йўлида фидо этди.

         Биз каби шогирдларга таскин берадиган жиҳати шундаки, устоз қалби ёлқини – ярим аср порлаган маёқ зиёси ундан баҳраманд бўлганлар кўнглида ҳеч қачон сўнмагай.

 

 

 

 

 

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
virtual="/.narodsys/metrika_counter.html" virtual="/.narodsys/direct.html"
Используются технологии uCoz