Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

СЎЗГА, СЎЗ САНЪАТИГА ШАЙДОЛИК

 

Суҳбат

 

 

— Умарали ака, умрингизнинг катта қисмини адабиётга, уни ўрганиш ва ўргатиш ишига бахш этдингиз. Айтинг-чи, шу тинимсиз фаолиятдан нима топдингиз? Нималарни билдингиз-у, не муаммоларнинг охирига етолмай қийналдингиз?

—  Ёш ҳам етмишни қоралаб қолибди. Шундан эллик йили адабиёт, уни англаш, ўрганиш, ўргатиш йўлида ўтди. Аслида, адабиётга меҳр ундан олдинроқ бошланган. Эсимни танибманки, санъат, адабиёт мени ўзига ром этиб келган: Дадамни «Нормат қори» ёки «Қори ака» дейишарди. Қўқон мадрасаларида таълим олган, араб, форс тилларини пухта эгаллаган, Саъдий, Щофиз, Навоий, Фузулий, Бедил, Машраб асарларининг мухлиси эдилар. Қуръони Карим оятлари, пайғамбаримиз ҳадислари, Саъдий ҳикматлари, Бедил рубоийлари мағзини чақиб, соатлаб гапирардилар. Уйимиз токчаларида «Туркистон вилоятининг газети», «Турон», «Янги Фарғона» тахламлари 50-йилларга қадар ҳам сақланган. Турдиали бойнинг эркатой кенжаси, китоб жинниси Нормат қори Саъдийнинг «Гулистон»ига ўзи миниб Қўқонга қатнайдиган баҳоси йўқ қорабайирни алмаштириб юборгани ҳақида қариндошлар кулиб ҳикоя қилишар эди. Бир саҳифанинг ўзида ҳам форсча, ҳам туркий-ўзбекча матн жойлашган чарм муқовали бу нодир китоб таниш-билишлар орасида яқин-яқинларда ҳам қўлдан-қўлга ўтиб ўқиларди. Онам Сорабиби Яссавий, Сўфи Оллоёр, Фузулий китобларини шундай бир нурли ва ҳазин оҳангда ўқир эдиларки, уларни ички бир шавқ, кўнгилда ажиб бир мунг билан тинглардим. Аҳмад қозининг ўғли, 10-йилларда жадид усулидаги мактаб муаллими сифатида шуҳрат топган тоғам Мулла Маҳмуд (Фарғонанинг Рапқон қишлоғидаги тарих музейида бу одамнинг фотосурати бор) менга бир ҳафтанинг ичида араб ёзувини ўргатганлар. Тез орада уйимиздаги китобларни бемалол ўқийдиган бўлдим. Айниқса, Иброҳим Адҳам, Машраб қиссаларини берилиб мутолаа қила бошладим. Ўзим ҳам Машрабга тақлидан «Умар» тахаллуси билан ғазаллар битишга тушдим. Ўша ишқий ғазаллар битилган дафтарни гоҳо фарзандларим, набираларим қўлида кўриб қоламан. Улар ҳазил қилиб: «Ўзлари ҳам Машраб бўлган эканлар-ку», деб қўйишади.

Уруш ва урушдан кейинги оғир йиллар. Дарслик, китоб, дафтар-қалам етишмайди. Муаллимларимиз 45 минутлик дарсни билганларича гапириб ўтказишади... Кунларнинг бирида адабиёт муаллимимиз синфга янги китобча кўтариб кирдилар. Толстойнинг «Кавказ асири» ҳикоясини ўқий бошладилар. Щикояни тинглаб, лол бўлиб қолдим. Бу асар, мен шу пайтгача танишган, ўқиган китобларга мутлақо ўхшамас эди, у мени тамомила бошқа бир оламга олиб киргандай бўлди. Бир неча кун ўзимга келолмай юрдим, нуқул ҳикоя қаҳрамонлари Жилин, Костилин, Дина билан ўша тоғ овули одамлари орасида юргандай бўлдим... Мен бу ҳикояни ҳозирга қадар қўлга олишдан чўчийман, қайта ўқишга ботина олмайман, ўша болаликдаги — ҳикоя билан илк танишувдаги мислсиз таассурот бузилиб қолмаса деб қўрқаман. Кейинроқ, Миркарим Осимнинг «Ўтрор»и, Ойбекнинг «Қутлуғ қон»и, уруш йиллари ватан қаҳрамони Аҳмаджон Шукуров билан уйимизда меҳмон бўлган Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари, борингки, 40-йилларда ўзбекчада чиққан жамики бадиий асарлар билан танишдим. 1948 йили қишлоғимизга яқин қўшни Тожикистоннинг Конибодом шаҳридаги педбилим юртига илм истаб бордим. Бу билим юрти гарчи бошланғич мактаб муаллимлари тайёрлашга ихтисослашган бўлса ҳам, ўзига хос «адабиёт литсейи» эди. У ерда Тошкентда таълим олган забардаст филологлар дарс беришарди. Билим юртини тугатгач, Тошкент университетининг филология факултетида, сўнг аспирантурасида ўқидим. Орада икки йил мактабда ишладим. 1962 йилдан эса университетда адабиётдан муаллимлик, чорак асрдан бери кафедра мудирлиги... Ярим асрдан буён ўзим суйган шу адабиёт ичидаман, хизматидаман. Бу орада номзодлик, докторлик илмий даражаларини қозондим, доцентлик, профессорлик унвонлари берилди, Республика Давлат мукофоти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Халқ таълими аълочиси..

Майли, булар ўз йўлига. Энди сиз қўйган асосий саволга келсак: хўш, ярим асрлик филология соҳасидаги тинимсиз фаолиятдан мен нима топдим? Топганим шу бўлдики, сўз санъати инсоният яратган, аниқроғи Оллоҳ одамларга ҳадя этган ноёб неъмат, сирли олам эканига такрор-такрор иқрор бўлдим. Чинакам санъат асарини ўқиганимда, томоша қилганимда ҳайратдан ўзимда йўқ яйрайман. Кўнглимда шу соҳага майл-меҳр уйғотгани, ризқимни шу соҳада бергани учун Яратганга шукроналар айтаман. Инсон фаолиятидаги ҳеч қайси соҳа адабиётчалик  сир-синоатга бой эмас. Инсон ва унинг табиати, қалби, руҳияти ҳақидаги ҳақиқатни кашф этишда ҳеч бир соҳа адабиёт билан тенглаша олмайди, унинг ўрнини босолмайди.

Бир вақтлар — университетни тугатиб, аспирантурада таълим олган кезларим ўзимни гўё адабиёт илмини миридан-сиригача эгаллаган одам санардим. Жаҳон адабиёти, адабиёт илми қаърига кириб борган сарим, бу соҳада билганларимдан билмаганларим кўплигига, билганларим эса ўта юзаки, жўн нарсалар эканига иқрор бўла бошладим. Биздаги мавжуд адабиёт назариясига оид дарслик ёки илмий китоблардаги сўз санъатининг ўзига хосликлари, вазифалари, адабий тур, жанрлар таърифи, поэтикаси, умуман бадиий ижод табиати хусусидаги фикрларни эслаб кўринг: гарчи бу борада айрим фарқлар, баҳсли ўринлар бўлса-да, бадиий ижод олами гўё «икки карра икки — тўрт» деганларидай аниқ нарса сифатида талқин қилинади, шулар сўз санъати ҳақидаги узил-кесил ҳақиқат деб тақдим этилади. Синчиклаб разм солсангиз, буларнинг деярли барчаси ўта нисбий ва бирёқлама, юзаки эканига амин бўласиз. Инсон фаолиятига оид соҳалар ичида сўз санъатидек тутқич бермайдигани, қолипга, қоидага тушмайдигани топилмаса керак. Жаҳондаги ҳар бир улкан ижодкор, буюк асар ўзича бир дунё; янги асари билан ижодкор ҳар гал янгича йўл, усул, қоидалар кашф этади. Бунинг устига, ижодкор шахсиятидек сирли, ажабтовур хилқат бошқа соҳа кишиларида топилмайди. Оллоҳ инсон зотига хос жамики кучли ва заиф, зиддиятли, мўъжизакор сифатларни мужассам этиш учун ёзувчилик истеъдодини, шоиру ёзувчиларни яратган бўлса ажаб эмас. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Оллоҳ ўзининг мислсиз қудратини намоён этиш учун бу ёруғ оламни, коинот жавҳари саналмиш инсонни яратган. Қарангки, ёзувчи-санъаткор балки Оллоҳнинг шу яратувчилик сифатига тақлидан сўз орқали инсонни, тўғрироғи инсон тимсолини яратишга журъат этади.

Абдулла Қодирийдек биргина мислсиз истеъдод соҳиби яратган бадиий кашфиётларни эслайлик. Юсуфбек ҳожи, Ўзбек ойим, Отабек, Кумуш, Зайнаб, Анвар, Раъно, Солиҳ маҳдум сингари тирик жонларни — ўзбекнинг ранг-баранг табиатли фарзандлари сиймосини айни тирик одамлар каби гавдалантириш чиндан-да мўъжиза, ахир! Адабиёт илми бадиий истеъдод табиати, ижодкор шахси, ижод психологияси бобида ҳали дурустроқ иш қилгани йўқ. Инсоният ҳали улкан истеъдодлар хизматини муносиб қадрлаш даражасига кўтарилгани йўқ. Биз ҳали чинакам истеъдод соҳиблари билан бу соҳага даъвогар тамагир, ҳаваскор ҳунармандларнинг фарқига етолганимиз йўқ. Тақдир мени XX асрнинг бир қатор моҳир сўз усталари билан танишиш, мулоқотда бўлиш, ҳатто яқиндан дўст-улфат тутиниш бахтига муяссар этди...

—  Ўрни келиб қолди, ана шундай ижодкорлар тўррисида батафсилроқ гапирсангиз...

—     Мен ҳаётда дуч келган, яқиндан билган, ҳамсуҳбат бўлган адиблар ичида, шубҳасиз, энг ёрқин сиймо, беназир истеъдод соҳиби Абдулла Қаҳхордир. 1960 йилдан то 1968 йили Масковга даволаниш учун кетгунига қадар бу улуғ сиймо хонадонида, гоҳ шаҳар ҳовлисида, гоҳ Дўрмондаги боғида кўп бор суҳбатини олганман. Эл-юрт, миллат, миллий адабиёт манфаати, шаъни учун шу қадар ёниб яшаган бошқа бирор ижодкорни кўрган эмасман. Энг муҳими, у, Абдулла Қодирий ибораси билан айтганда, «шахси бутун» зот эди. Уйида тор давраларда ҳам, катта анжуман, минбарларда ҳам фақат дилидагини, ҳақ гапни айтар эди. XX аср иккинчи ярмида бизда ижодкорлар орасида Чўлпоннинг «Кишан кийма, бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғулғонсан!» деган даъватига тўла амал қилган ягона жасур сиймо Қаҳҳор бўлган десам, муболаға бўлмас. Буни тасдиқлайдиган ўнлаб, юзлаб мисоллар бор.

Тилларда достон бўлиб кетган икки воқеа: Абдулла Қодирий таваллудининг 70 йиллигига багишлаб ўтказилган анжуманда сўзлаган оташин нутқи ёки Милчаков деган кимса ҳақидаги ўта кескин, мардона гапи бутун мамлакатни ларзага солган эди. 50-йиллар шароитида рус кишиси, раҳбар ходим, ёзувчилар союзи партия ташкилот секретари Милчаковни «ўзбек халқининг жаллоди» деб аташга журъат этиш аждаҳо комига ўзини тутиб бериш билан баробар эди. Абдулла Қаҳҳор бунга журъат эта олди. Кейинги тадқиқотлардан маълум бўлдики, бу қабиҳ кимса 40-йиллар охири, 50-йиллар бошларида ўнлаб ҳалол истеъдод соҳибларининг қатағон этилишига бевосита алоқадор бўлган экан...

Бундай шижоат, журъат республикадаги маънавий, адабий ҳаётга қанчалар таъсир кўрсатгани, ўнлаб ижодий зиёлилар кўзини очгани, хусусан ёш истеъдодлар кўнглига ўт солгани, мустабид ҳукмдорларни эса ҳушёр торттиргани ҳеч кимга сир эмас. Қаҳҳор ўшандай шижоати, ҳақ сўзи билан виждонли, чин истеъдод соҳибларини худди оҳанрабодек ўзига тортарди.

Ўша кезлари «Қаҳҳорнинг одами» деган гап юрарди. Хўш, «Қаҳҳорнинг одами», яъни, Қаҳҳор даврасига дахлдорлар кимлар эди? 1967 йили Учқун Назаров Абдулла Қаҳҳор ҳақида ҳужжатли филм яратишга чоғланганида филмда суратга олиш учун адибнинг шахсан ўзи дилига яқин бир гуруҳ ёзувчи, шоир, адабиётшуносларни таклиф этди. Булар — О. Ёқубов, П. Қодиров, Э. Воҳидов, А. Орипов, Ў. Щошимов, Ш. Холмирзаев, Г. Нуруллаева, адабиётшунос-танқидчилардан М. Қўшжонов, О. Шарафиддинов... Айни шу «Қаҳҳор одамлари» XX аср иккинчи ярми ўзбек адабиёти ва танқидчилигининг қиёфасини белгилайдиган ижодкорлардир. Не бахтки, филмга таклиф қилинганлар орасида мен ҳам бор эдим! Щали адабиётда ёш бир тадқиқотчи бўлатуриб Қаҳҳордек аллома назарига тушганимни эсласам, ҳозир ҳам юрагим ҳаприқиб кетади.

Шўро тузуми инқирозидан сўнг кўплаб машҳур совет ёзувчилари қатори Абдулла Қаҳҳор ижоди ҳам элакдан ўтказилди: қатор асарлари теварагида қизғин баҳслар бўлди, улар шаънига баъзан асосли, кўпроқ асоссиз таъналар айтилди. Щар қанча жасур, ҳақиқатгўй бўлмасин, ўз даврининг фарзанди сифатида Қаҳҳор асарларида ҳам ҳукмрон мафкура асоратлари у ёки бу кўринишда из қолдирган. Бироқ адибнинг шундай ҳикоялари борки, асрнинг талай машҳур танқидчилари эътироф этганидай, улар замонавий жаҳон ҳикоячилигининг энг яхши намуналари билан бир қаторда туради. «Анор», «Бемор», «Ўғри», «Адабиёт муаллими», «Минг бир жон» каби ўнлаб ҳикоялари персонажлари, шунингдек, «Сароб»даги Мунисхон, Сорахон, «Синчалак»даги Қаландаров ва Саида, комедияларидаги талай комик характерлар, адибнинг ўз ибораси билан айтганда, бутун бошли «адабий аҳоли»ни ташкил этади. Уларга жон бағишлаш чинакам ижодий жасоратдир. Бунинг устига, XX аср ўзбек адабий тилининг шаклланишида, унинг дўстлари, ҳатто рақиблари томонидан бирдек «сўз устаси» деб тан олинган Қаҳҳорнинг ўрни, хизмати беқиёсдир. Давраларда оғзидан чиққан ҳар бир образли гапи, ҳазил-мутойибалари гўё ўзига хос ёмби эди. Афсуски, биз ўзбекларнинг бефарқлигимиз туфайли улар ёзиб қолдирилмаган. Кибриё опа хотираларида айримларигина келтирилади, холос.

Қаҳҳордан кейин мени ўзига ром этган, мен яқиндан мулоқотда бўлган адиблардан бири Саид Аҳмаддир. Бутун вужуди, тани-жони адабий истеъдод нури билан йўғрилган, фақат адабиёт, ижод учун яралган, руҳий оламида ҳам фожиий, ҳам халқона қувноқ ҳазил, кулгини мужассам этган, шахсий ҳаётидаги мислсиз фожиаларни, ёлғизлик изтиробларини ҳазил-кулги қудрати-ла енгиб ўтаётган бу аломат зот XX аср ўзбек адабиётида ноёб ҳодисадир. У асрлардан-асрларга ўтиб келаётган буюк Насриддин афандининг бизга замондош тирик тимсолидир. Яратган асарлари, қаҳрамонларидан кўра ҳам, унинг ўзи, шахсияти қизиқроқ ва жозибадорроқдир.

Эркин Воҳидов, Ўткир Щошимов, Худойберди Тўхтабоев билан узоқ йиллар дўст, улфат тутунганимдан фахрланаман. Уларнинг ижоди, асарлари ҳақида билганимча, қурбим етганича ёзганман. Неча йиллар яқиндан кузатишимга қарамай, бу ноёб истеъдод соҳиблари табиатида мен учун жумбоқлигича қолаётган жиҳатлар беҳисоб. Ўта андишали, одобли, мулоҳазакор, Шарқ маданиятини ўзида намоён этган аллома дейишга лойиқ Эркинжон истеъдод бобида, очиғи, тенгдошлари орасида ягона. Табиатидаги серандиша ва мулоҳазакорлик, фарғоналиклар қонидан ўтган тортинчоқлик айрим ҳолларда кўнглидаги туғёнларни юзага чиқаришга монелик қилаётгандай, ҳаётда, адабиётда истеъдодига муносиб ўрнини ололмаётгандай туюлади менга. У чиндан дилбар, улфати жонон шахс. Республикада унинг суҳбатини олишга зор одамлар бисёр. Унинг сўзларида қандайдир латофат борлигини кўп кузатганман. Биргина мисол. 1997 йилнинг ёз чилласида устоз Озод ака қаттиқ хасталаниб касалхонага тушди. Узоқ йиллик қанд касаллиги оқибати ўлароқ бир оёғида яра пайдо бўлиб, охири жарроҳлар тиззасини кесишга мажбур бўлишди. Озод акани жарроҳлик столидан палатага олишган куннинг эртаси тонгда Эркинжон билан устозни кўргани бордик. Озод ака каравотда афтодаҳол ётибди. Бизни кўриши билан кўзига ёш олди. Кўнглида умид учқунлари сўна бошлаган, аранг гапиради. Қарасак, секин-аста рози-ризолик тиланишга ўтяпти... Нима қилишни, нима дейишни билмай қолдик. Шунда бирдан Эркинжон ташаббусни қўлга олди. «Қайси оёқни кесишди?» деб сўради билса ҳам. Гап ҳазилга айланаётганини сезди шекилли, Озод ака оқ чойшабдан оёқларини пайпаслаб: «Чапи экан», деб жавоб қилди. Шунда Эркин: «Э, шунгаям кўзёшими, Озод ака, энди бундан бу ёғига «левий»га юриш бўлмас экан-да», дедию бирдан устознинг чеҳрасида табассум пайдо бўлди. Эркинжон, айни шахматдагидай, устама-уст йўл қила бошлади: «Журнал чиқибди-ку», деб Озод аканинг ёстиғи ёнида турган «Жаҳон адабиёти»га ишора қилди. «Дарвоқе», дея Озод ака ўзи муҳаррирлигида чиққан журналнинг илк сонини Эркинга узатди. Щаммамиз бу қутлуғ ҳодиса билан устозни табрикладик. Эркин журнални варақлаб, унда босилган ўзининг туркум шеърларидан бирини — қувноқ халқона кулги билан йўғрилган «Кексалик гашти»ни ўқий бошлади:

 

Билакдан куч кетган, кўздан эса нур,

Пашшамизни зўрға қўраётирмиз.                                          

Бир маҳал оҳ уриб қилардик ҳузур,

Энди волокордин ураётирмиз.                                          

Келар ичимиздан хўрсиниқ чуқур,

Асқартоғ эдик-ку, нураётирмиз.

Кўнамиз, не илож, шунга ҳам шукр,       

Щар қалай кўз тирик, кўраётирмиз,

Қарилик гаштини сураётирмиз.

 

Шу сатрларга келганда палатада кулги-қийқириқ авжига чиқди, ҳатто кулгимиз садоси йўлакдагиларга ҳам етди шекилли, навбатчи врач, хамширалар эшикни очиб, «ўта оғир касал» ётган палатадаги бу аҳвол-вазиятдан лол қолишди. Озод аканинг чеҳраси бутунлай очилиб кетди, бояги тушкунлик, ваҳм чекинди. Эртасигаёқ у оёққа тура бошлади. Мана, руҳшунос-шоир табиатига хос сеҳрнинг кучи, биргина кўриниши.

Ўткирнинг эътиборга сазовор деярли барча бадиий асарлари совет даврида яратилган. Аммо шуниси қизиқки, айрим публисистик чиқишларини мустасно этганда, у яратган ҳикоя, қисса, роман, драмаларда коммунистик ғоялар тарғиботи, ҳукмрон мафкура асоратлари, ўткинчи майллар таъсири деярли йўқ. Истиқлол даврига келиб қатор қаламкашлар ўз даврида катта довруғ қозонган асарларини қайта нашрга тайёрлаш асносида жиддий таҳрир киритишга мажбур бўлдилар. Ўткир эса бунақа «таҳрир»ларга эҳтиёж сезмади. Ўткир «қайта қуриш» жараёнида ҳам, истиқлол йилларида ҳам ўзлигига содиқ — ўша биз билган Ўткирлигича қолди. Ўткирнинг табиатида, руҳиятида уни ҳар қандай ташқи таъсирлардан ҳимоя этувчи, ҳар қандай вазиятда ҳақиқатга, виждонига содиқ қолишга ундовчи қандайдир бир куч бор.

Худойберди билан деярли тенгдошмиз. Бир ерликмиз. Етмиш ёшида ҳам болалик қилиқларини сақдаб қолган дўстимнинг ўзбек болалар адабиётида муносиб ўрни борлигидан қувонаман.

Гарчи шахсан яқин бўлмасам-да, яна бир улкан истеъдод соҳиби Рауф Парфи ижодини, шахсиятини кузатиб юраман. Рауф Парфи XX аср иккинчи ярми ўзбек шеъриятининг ёрқин юлдузларидан биридир. Унинг замонавий миллий шеърият равнақидаги ўрни, хизмати Эркин Воҳидов ёки Абдулла Ориповникидан кам эмас, балким янгича шеърий тафаккур жиҳатидан асримиз интиҳосидаги энг олий нуқтаси, десам ҳам бўлади. Шахсий ҳаётда омадсиз, ношуд-нотавон кўринган бу кичик, оппоқ сочли жуссада шу қадар юксак шеърий истеъдод, илоҳий куч-қудрат, акл-заковат, илҳом мужассамлиги кишини ҳайратлантиради, лол қолдиради.

Ниҳоят, сўз санъати, адабиёт илми дунёсида мен дуч келганим ва топганим ноёб хазина — улуғ инсон, буюк истеъдод соҳиби Озод Шарафиддиновдир. Щаётидаги, шахсиятидаги, фаолиятидаги жамики зиддиятли жиҳатларига қарамай, бу одам биздаги XX асрнинг буюк жозибадор ва жумбоқли сиймоларидандир. Унинг XX аср иккинчи ярми ўзбек адабиёти, адабиётшунослиги, маданияти, маънавиятидаги ўрни, хизматини муносиб қадрлайдиганлар қўп эканига аминман. Асримиз иккинчи ярми танқидчилигида бошқа бундай ёрқин, жасур, билимдон, маърифатли сиймо чиқмади. Мен ана шундай одамга биринчи шогирд бўлганим, салкам қирқ йил у билан бирга ишлаганимдан фахрланаман.

Дарвоқе, университетдаги адабий-илмий муҳит, Ғулом Каримов, Субутой Долимовдек алломалар билан бирга ишлаш, улфат тутуниш бахти... бу борадаги ёрқин хотираларни, насиб қилса, батафсил қоғозга тушириш ниятим бор.

Мана, менинг ҳаётда, адабиёт, адабиёт илми йўлида топганларим...

Бироқ... Топганларим мен учун қанчалар ардоқли бўлмасин, мен яшаган, ишлаган йиллари жаҳонда, жаҳон адабиётида, адабиёт илмида майдонга чиққан ёрқин сиймолар, содир бўлган буюк ўзгаришлар, кашфиётлар қаршисида анчайин камтарона ўрин тутишини ўйлаб бир оз ҳушёр тортиб қоламан. Ўзбек адабиёти, адабиёт фани шу йиллар давомида жаҳон адабиёти, тафаккури ривожига таъсир кўрсата оладиган асарлар бера олдими, деган савол мени доимо қийнайди. Бу савол қаршисида мен ўзимни жуда-жуда ожиз сезаман. «Биз зўр деган асарлар Тўйтепадай нарига ўтолмаяпти», дер эди Абдулла Қаҳҳор. Бу гап ҳамон ўз кучида қоляпти. Бир вақтлар асаринг, мақоланг рус тилида, Масковда чиқдими, бўлди, Иттифоқ миқёсига кўтарилдинг, деган қараш кенг ёйилган эди. Иттифоқ, бинобарин жаҳон миқёсига чйқиш, танилиш мақсадида ҳар хил йўллар билан ўртачароқ асарлар ҳам рус тилига таржима этилаверарди. Щатго бунинг энг осон йўли — тўғридан-тўғри рус тилида ёзиш одати пайдо бўлди. Кизиқ, ўша йиллари Саид Аҳмад, Ў. Щошимов, Э. Воҳидов, А. Орипов, Рауф Парфи, Тоғай Мурод, О. Шарафиддиновга кўра анчайин ўртамиёна, лекин эпчил, ҳунарманд қаламкашларнинг донғи Иттифоқ миқёсида машҳурроқ эди. Бу чаққон «ижодкор»лар катта совринларни олишга ҳам улгуришди. Хўш, бугун қани ўша Иттифоқ ё жаҳон миқёсига кўтарилган асарлар, совриндор «адиб»лар ўн йил ўтар-ўтмас барчаси унутилди-кетди...                                                                  

— Бу хусусдаги танқидий фикрларингиз нисбий ва мунозарали. Сиз айтган ҳолатлар билан баробар истеъдодли адибларимизнинг қатор етук асарлари рус тилига яхшигина таржима этилган, айни шу таржималар орқали улар жаҳон адабий жамоатчилиги эътиборини ўзига тортган эди. Масалан, «Синчалак», «Улуғбек хазинаси»...

— Мен бу ерда ўша кезлари кенг тарқалган бутун умидни таржимага қаратишдан иборат бирёқлама, нохуш кайфиятни назарда тутаётирман. Шунақа кайфият бугун ҳам бошқачароқ кўринишда давом этяпти. Бирор хорижий мамлакатда асари, мақоласи чиқса, дарҳол унинг муаллифини жаҳонга чиққан санайверамиз. Жаҳонга чиқишга интилиш яхши; бироқ бундай чиқиш буюк кашфиётлари, ихтиролари билан бўлса, яна ҳам яхши.

Биз жаҳонга не-не даҳоларни берган қадимий улуғ юрт фуқароларимиз. Сўз санъатида, адабиёт илмида бугун доҳиёна кашфиётларга эҳтиёж туғилмоқда. Эркин Воҳидов айтмоқчи:

 

Унинг сену мендек шоирлари кўп,

Буюк элга энди даҳолар керак.

 

Шундай дейман-у, инсон боласи фақат улуғ орзулар билангина яшай олмаслигига иқрор бўламан. Шунда файласуф шоир Асқад Мухторнинг мана бу сатрлари ёдга тушади:

 

Каттасини кут-у, кичигидан қолма,

Кичик мўъжизалар ҳар куни керак.

 

Мени қийнаган, мен охирига етолмаган муаммолар ана шулар.

—  Бугунги ўзбек адабиётшунослик илмининг савияси Сизни қониқтирадими? Щозир, айниқса, замонавий адабиёт атрофидаги аввалги баҳс-мунозараларнинг сўниб қолганини нима билан изоҳлайсиз?

—  Биласиз, кейинги йилларда мен кўпроқ 20-йиллар адабиёти масалалари билан шуғулланаётирман. Мени ҳаммадан ҳам янги ўзбек адабиётининг тезкор тусда шаклланиш жараёни, кўп асрлар давомида Шарқ, асосан араб, форс-тожик адабиёти анъаналари, Ислом фалсафаси доирасида ривожланган миллий адабиётимизнинг аср бошларида Оврўпа, замонавий жаҳон адабиёти тажрибаларига юз ўгириб, қисқа фурсат ичида «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён», «Абулфайзхон», «Паранжи сирлари», «Майсаранинг иши» сингари етук реалистик насрий ва драматик асарларнинг, янгича йўналишдаги Чўлпон лирикасининг пайдо бўлиш сабаблари, сирлари қизиқтиради. Жаҳондаги жуда кўп халқлар адабиётида ўшандай кескин бурилиш паллалари тадқиқ этилган илмий ишлар билан танишишга тўғри келди. Жумладан, асримизнинг улкан адабиётшуносларидан бири М. Бахтиннинг Франсуа Рабле ҳақидаги машҳур китобини қайта мутолаа қилдим.  Оврўпадаги уйғониш даврининг ёрқин сиймоси саналмиш Рабле ижодининг жаҳон адабиёти ва маданиятидаги ўрни нақадар теран таҳдил этилган бу китобда. Рабленинг энг катта хизмати неча минг йиллик халқ кулгиси, қизиқчилик маданиятига таяниб, унга муайян якун ясаб, кулги санъатини янги босқичга кўтаришдан иборат эканини очиб беради муаллиф. Китоб мутолааси жараёнида беихтиёр 20-йиллар ўзбек адабиётидаги жараёнлар ёдга тушади. Кўп асрлик миллий адабиётимиз ривожида туб бурилиш ясаган етук асарларнинг пайдо бўлишида бошқа кўп омиллар қатори айни Оврўпа уйғониш давридаги, жумладан, Рабле ижодидаги хусусиятларни эслатадиган ҳолатлар содир бўлганини пайқаш қийин эмас. Деярли бир пайтда яратилган «Майсаранинг иши» билан «Меҳробдан чаён», аниқроғи, романдаги «Хон кўнгил очмоқчи», «Қизиқчилар» бобларидаги халқона кулги асосига қурилган янгича реалистик ифода орқали ўзбек адабиётида жиддий бир бадиий кашфиёт, ихтиро содир бўлди.                                            

Буни эслатишдан мурод М. Бахтин ўз тадқиқотида фақат буюк адиб ижодини шунчаки ўрганиш, шарҳлаш билан чекланмаган, балки Рабле романлари таҳлили воситасида жаҳон адабиётига хос муҳим бир қонуниятни кашф этиб берганини таъкидламоқчиман. Ёки олимнинг Ф. Достоевский ҳақидаги китобида улуғ адиб романлари мисолида бадиий тафаккурнинг олий намунаси — полифоник тасвир моҳиятини очади. Бу илмий кашфиёт ҳам барча миллий адабиётлар тараққиёт даражасини белгиловчи муҳим омиллардан бири сифатида эътироф этилган.

Кўряпсизми, гарчи бадиий ижод қолипларни тан олмайдиган соҳа бўлса-да, барибир унда муштарак ички қонуниятлар ҳам мавжуд. Эртадир-кечдир ҳар бир миллий адабиёт тараққиётида ана шу муштарак қонуниятлар қандайдир кўринишда юзага чиқади. Шу хил қонуниятларни кашф этиш бахти, афсуски, ҳар кимга ҳам насиб этавермас экан...

Ана шундай буюк илмий кашфиётлар даражасида туриб қараладиган бўлса, бугунги ўзбек адабиётшунослигининг, умуман, XX аср адабиёт илмимизнинг савияси шахсан мени асло қаноатлантирмайди. Тўғри, бизда Рабле, Достоевскийлар йўқ, лекин Навоий, Бобурлар бор. Бахтинга ўхшаб Навоий, Бобур каби даҳолар ижодининг ҳали фанга маълум бўлмаган жиҳатларини кашф этиш яқин келажакнинг иши. Фитрат, Ойбек, Шайхзода тадқиқотларидан кейин анча йиллар давом этган депсинишдан сўнг истиқлол даврига келиб миллий адабиётшунослигимизда муайян ўзгариш, янгиланиш аломатлари кўзга ташланмоқда. И. Щаққулов, Н. Комиловларнинг ўзбек тасаввуф адабиёти, Б. Қосимов билан Н, Каримовларнинг аср боши адабий ҳаракатчилиги, Щ. Болтабоев билан И. Ғаниевнинг Фитрат, Д. Қуроновнинг Чўлпон насри поэтикаси тўғрисидаги тадқиқотлари адабиётшунослик илмимизда муҳим янгилик бўлди. Айниқса, Д. Қуроновнинг XX аср жаҳон адабиётшунослигида мавжуд структуравий таҳлил, замонавий герменевтика усулларини анъанавий ғоявий-ижтимоий таҳлил билан қўшиб олиб боришдан иборат ўзига хос йўли зукко мутахассислар орасида катта қизиқиш уйғотмокда. Ёш олимнинг Чўлпон насрий асарларига оид салмоқдор иши орқали ўзбек маҳоратшунослиги янги босқичга кўтарилганлиги эътироф этилмоқда. У. Щамдамовнинг 30-йиллар ўзбек адабиёти «соф лирика» муаммосига оид номзоддик иши ҳам таҳсинга сазовор. Ёш тадқиқотчи Ойбек лирикаси, «Наъматак» сингари ноёб рубобий тароналари мисолида тоталитар режим адабий сиёсати қутуриб турган, ҳаммаёқни сиёсий мафкуравий шеърлар босиб кетган бир шароитда ҳам сўз санъати ўзининг азалий анъаналарига, асл табиатига содиқ қолганини, давр шовқин-суронлари ва тазйиқларидан, сиёсатдан, мафкурадан холи «соф кўнгил» розларини ифодалашда давом этганини исботлайди. Шу тариқа XX аср адабий жараёнига хос ғаройиб бир тамойилни кашф этади... Афсуски, бу хил илмий кашфиётлар илмий иш шаклида нари борса йигирма-ўттиз чогли мутахассисларга таниш, холос. Қани энди улар китоб шаклида кенг илмий, адабий жамоатчиликка, филология факультети талабаларию аспирантлари ва адабиёт ўқитувчилари қўлига етиб борса! Бундай янгиликлардан бехабар жамоатчилик адабиёт илмида дурустроқ янгилик йўқ, деб юриши табиий.

Яна бир ёш, ғоят кўп ўқиган, XX аср жаҳон адабиёти, фалсафаси, эстетикаси, руҳшунослигидан чуқур хабардор филолог — Раҳимжон Раҳмат қақида икки оғиз сўз айтгим келади. Унинг Рауф Парфи шеърияти ҳақидаги «Жаннат соғинчи» мақоласи, Улуғбек Абдуваҳобовнинг «Ёлгизлик» тўпламига ёзган сўзбошиси янгича таҳлилнинг гўзал намуналаридир. Очиғи, мен ва менга тенгдош танқидчилар бадиий асарни, ёзувчи ижодини бу тарзда ҳис ва идрок этиш, тахлил қилишга қодир эмасмиз. Булар танқидчилигимизнинг эртасига катта умид уйғотади. Ниҳоят, бир оз ноқулай бўлса ҳам, айтай: Сизнинг Абдулла Қаҳҳор романлари ижодий тарихига бағишланган «Мен билан мунозара қилсангиз...» китобингиз ўқувчини баҳс-мунозараларга даъват этиши, мустабид тузум шароитида яшаб ижод этган улкан санъаткорнинг улкан фожиаси тўгрисидаги ёниқ, ўй-мушоқадалари, янги далиллар асосидаги теран таҳлиллари, энг мухими, санъаткорни тушунишга бўлган майли билан эътиборни тортади. Шунингдек, телевидениедаги чиқишларингиз, хусусан, «Щайрат» деб аталган муаллифлик кўрсатувингиз — телетанқиднинг бу янгича тури, айниқса, «Вабо», «Асрга татигулик кун», «Нellados», «Лолазор», «Отамдан қолган далалар», «Кўзгу олдидаги одам» каби асарларга бағишланган суҳбатларингиз бежиз оғизга тушмади. Бу кўрсатув-суҳбатлар муваффақияти чинакам санъат намуналари моҳиятини очиб бериш учун адабий билимлардан ташқари санъаткорона янгича йўллар, санъат асарини юракдан ҳис этиш ҳам зарурлигини яна бир карра тасдиқлайди.

Адабиётшунос танқидчилар орасида оғизда «марксча-ленинча методология»ни рад этиб, йўлигагина замон руҳига мослашиб, бошқачароқ оҳангда эски қўшиқларни хиргойи қилиб юрганлар кўп. Щозир барча соҳада бўлгани каби адабиётда, адабиёт илмида ҳам ҳамма айбни «қизил истибдод» зуғумига йўйиш удумга айланди. Боя мен тилга олган М. Бахтиннинг Рабле ҳақидаги асари 30-йилларда ёзилган, 1940 йили якунланган, орадан чорак аср ўтиб дунё юзини кўрган. Асарни варақласангиз, бирор ўринда партиявий ҳужжатларга, Ленин ё Сталин фикрларига таяниш йўқ. Уч-тўрт ўринда Марксдан иқтибослар олинган. Щатто улар ҳам ўз ўрнида. Асарнинг бирор жойида замона зуғуми таъсирини, асоратини сезмайсиз. Агар муаллиф ҳаёт бўлганида, орадан олтмиш йил ўтиб, бу китобни ўзи қайта нашрга тайёрласа, аминманки, деярли ўзгартиш киритмаган бўларди. Айни шундай ҳол унинг бошқа ишлари, Достоевский романларига доир китобига ҳам хос. Тўғри, бу забардаст олим саксон йиллик умри давомида таъқибларга учради, қатағон этилди, марказда эмас, чекка шаҳарларда яшашга, ишлашга мажбур қилинди. Бироқ у олимлик шаънига, ўз умрини фидо этган фанга асло гард юқтирмади. Бўлар экан-ку, ахир! Ноёб истеъдоддан ташқари ана шундай букилмас ирода, «шахсий бутунлик» бўлмас экан, фанда ҳеч қачон буюк кашфиётлар яратилмайди.

Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда адабий баҳслар бутунлай сўниб қолгани йўқ, замонавий адабиёт атрофида мунозаралар бўлиб турибди. Бироқ улар сиз кутгандай — кўнгилдагидай ва жўшқин эмас. Айрим ҳамкасбларимиз, бугунги адабиётда жиддий баҳслар олиб бориш учун асос бўладиган асарларнинг ўзи йўқ, дейишади. Бу фикрга унча қўшилиб бўлмайди. Ў. Щошимовнинг «Тушда кечган умрлар», Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» асарлари, Омон Мухторнинг туркум романлари, Ш. Холмирзаев билан Назар Эшонқул хикоялари, Зулфиянинг «Хотирам синиқлари» достони, Абдували Қутбиддин, Иқбол сингари забардаст кенжа авлод вакилларининг шеърияти — булар жиддий ва юксак савиядаги баҳс-мунозара учун озиқ бера олишига шубҳа йўқ. Эҳтимол, катта авлод танқидчиларининг бугунги кунда баҳсларга унчалик раъйи йўқлиги, ёш танқидчиларнинг эса баҳс олиб бориш бобида тажрибасизлиги ҳам бу масалада панд бераётгандир. Адабий баҳсларни уюштириш кўп жиҳатдан адабий журнал, газеталар таҳририяти ташаббусига боғлиқ. «Жаҳон адабиёти» журнали 1998 йил 1-сонида XX аср ўзбек адабиёти хусусида жўшқин ва фойдали давра суҳбати ўтказди. «Шарқ юлдузи», «Ёшлик», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» саҳифаларида бугунги ўзбек адабиёти бўйича ўшандай баҳсларни уюштириш мумкин-ку, ахир! Бу борада радио ва телевидениенинг ҳам имкониятлари катта. Шундай қилинганда ҳозирги адабиётимизда биров сезиб, биров сезмай қолаётган муҳим янгиликларга, кўпгина яхши асарларга жамоатчилик эътиборини тортиш имкони туғилармиди...

— Узоқ йиллар олий ўқув юртида ишлаб, бир неча авлоднинг дид-савиясини кузатиш имконига эга бўлдингиз. Бугунги талабанинг аҳволига нима дейсиз? Унинг билимга интилиши, ирода-хоҳиши, одоб ва ахлоқида қандай янгиликларни, ўзгачаликларни кўрасиз?

— Мураббийлик фаолиятим давомида асосан тўрт хил авлод билан ишлашимга тўғри келди: 50-йиллар охири, 60-йиллар талабалари жамиятдаги муайян жонланиш оқибати ўлароқ хийла фаол, жўшқин, баҳс-мунозараларга ўч эди. Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носирнинг ман этилган асарларини яширин ҳолда қўлма-қўл ўқишарди. 70-йиллар ва 80-йилларнинг бошларида давом этган жамиятдаги «барқарорлик», аслида турғунлик талабалар руҳиятига ҳам таъсир кўрсатди, талабалар орасида сусткашлик, бефарқлик майллари кучайди. Сўнг «қайта қуриш», «ошкоралик» мавсуми туфайли, бир томондан, талабаларда ўзига хос уйғониш бошланди, иккинчи томондан, уларда қандайдир жангарилик кайфияти юз берди, улар хийла шапшак, бетгачопар бўла бошладилар; ўқиш, илм олишдан кўра турли анжуманлардаги, телевидениедаги жангари нотиқларнинг даҳанаки жангларини томоша қилишга берилдилар. Орада илм олишга майл сусайди. Ниҳоят, 90-йиллар талабалари... Энди уларни бир хил мезон билан таърифлаш, баҳолаш қийин. Щозирги ҳаётнинг ўзи мураккаб, сержило экани каби, бугунги талаба ёшлар ҳам ниҳоятда хилма-хил. Улар орасида бозор иқтисодига ўтиш даври чигалликлари асносида мўлжални йўқотиб довдираб юрганлари, лоқайдлари, оддий тирикчилик ташвишида ёки чўнтакни қаппайтириш пайида ўзини қар хил юмушларга, бозорга, савдо-сотиққа урганлари, нафс йўлига кириб илмий ишлардан, ўз соҳасига оид дарс ва китоблардан юз ўгирганлари ҳам бор. Шунингдек, «ўзликка қайтиш» баҳонасида қолоқ таомилларга муккасидан кетган, бунинг акси ўлароқ, тараққий этган мамлакатлар оммавий маданиятига тақлидан мода ва магнитафон, видио жиннисига айланган талаба ёшлар ҳам беҳисоб.

Авваллари талабаларнинг «севимли адиблари», «севиб ўқийдиган асарлари» деярли бир хил эди: ҳамма Ч. Айтматов қиссалари, В. Шукшин ҳикоялари, Евг. Евтушенко ва А. Вознесенский шеърлари шайдоси эди. Талабалар ётоқхонасига кирсангиз, деярли ҳар бир хона деворида Э. Хемингуэй ёки С. Есенин суратини кўрар эдингиз. Ўзимизникилардан О. Ёқубов, П. Қодиров, Ў. Щошимов, Э. Воҳидов, А. Орипов китоблари қўлма-қўл ўқиларди. Э. Воҳидов, А. Орипов иштирокидаги мушоиралар пайти катта заллар, ҳатто стадионларга одам сиғмасди... Щозир бунақа таомил кескин ўзгарди. Ўнта талабадан «Дилингга яқин шоиринг ким?» «Ёқтирган асаринг қайси?» деб сўрасангиз, ўн хил жавоб оласиз.

Айни пайтда, бугунги ўқувчи-талабалар орасида шундай бир тоифаси борки, улар устида ҳис-ҳаяжонсиз сўзлаш махол. Истиқлол йилларида мен она тили ва адабиёт фани бўйича мактаб ўқувчилари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари олимпиадаларида ҳакамлар қайъати аъзоси, раиси сифатида бир неча бор иштирок этдим. Шунингдек, иқтидорли ёшларнинг чет элда таълим олишларини қўллаб-қувватловчи «Умид» жамғармасида 1997 йилги маънавият ва маърифат масалалари бўйича ўтказилган имтиҳонларда Неъмат Аминов билан бир гуруҳда қатнашдим. Олимпиада қатнашчиларининг, имтиҳон топширувчиларининг аксарияти иқтидорли ўсмирлар, ёшлар. Айниқса, хорижга бориб ўқиш ниятида юрганларнинг кўпчилити ўзлари танлаган соҳанинг пухта билимдонлари. Шуниси муҳимки, улар бир эмас, бир неча хорижий тилларни биладилар; Ватан тарихини, маданий, маънавий бойликларимизни чуқур ўзлаштирган; ҳозирги сиёсатдан, жаҳондаги жараёнлардан хабардор. Жаҳон миқёсида фикрлай оладилар; фанларнинг замонавий техник воситалари, компютер ва интернетдан бемалол фойдалана биладилар. Яна бир муҳим жиҳат — улар фанларни шунчаки билимини ошириш, ўзларини кўрсатиб қўйиш учунгина ўзлаштирмайдилар, уларда жаҳоннинг тараққий этган мамлакатлари илмий зиёлиларига хос амалиётчилик хусусиятлари устивор; олган билими ҳаётда қанчалик зарурийлигини, бирор наф келтиришини ҳам ҳисобга олиб иш кўрувчилардир, аниқроғи, улар бўлғуси амалиётчи зиёлилардир. Ниҳоят, энг муҳими, улар мустақил, шахс сифатида шаклланган, ўз фикрига, қатъий ҳаётий мавқеига эга, бутун вужуди билан истиқлол ғояларига содиқ, истиқлолнинг чин, фидойи фарзандларидир.

Булар ўз номи билан иқтидорли ёшлар. Бунақалар бир олий ўқув юртининг бир курс талабалари орасида бир-иккита топилса топилади ёки умуман топилмайди. Бугунги аксар талабаларнинг билим даражаси, билимга интилиши, хоҳиш-иродаси масаласи, афсус, кўнгилдагидек эмас. Талабалар сафига ёт ёшларнинг кўплаб кириб қолаётгани мени таажжубга солмоқда.

Маълумки, кейинги йилларда республика ўқув юртларига талабалар қабул қилиш марказлашган ҳолда тест синовлари асосида ўтказилаётир. Бу усулни кенг жамоатчилик хуш қабул қилди, бундай тадбир бу соҳада ижтимоий адолатни тиклашда, ҳар хил ҳаром йўллар, ошна-оғайнигарчиликларни бартараф этишда муҳим хизмат қилди. Мен чорак асрдан бери асосан профессор-ўқитувчилар турадиган маҳаллада яшайман. Бир вақтлар кириш имтиқони пайтлари бу маҳаллада туриш мушкул бўлиб қоларди. Имтиҳонга алоқангиз бўлса-бўлмаса, кечаю кундуз эшигингиз олдида «илтимосчи»лар саф тортиб туришарди. Бундан безор бўлган домлалар имтиҳон мавсумида имкон қадар уйидан, маҳалласидан бош олиб чиқиб кетишга ҳаракат қиларди... Шукрки, беш йилдан бери бундай ташвишлардан халос бўлдик, шахсан бизникига «илтимосчи» келганини билмайман. Гоҳо янгича имтиҳонларга ҳам қаллобликлар аралашаётгани ҳақида узун-қулоқ гаплар қулоққа чалинади. Бўлса бордир. Лекин аксар ҳолларда янгича имтиҳон тартиби ҳалол ўтаётганига аминман. Шунга қарамай, нега талабалар сафига тасодифий кимсалар кириб қолаётир? Бошқа ихтисосликларни билмайман-у, филология сохасида бу ташвишли ҳол йилдан-йилга кўпайиб боряпти. Мен ўттиз йилдан бери ТошДУ ўзбек филологияси факултети биринчи курсларида «Щозирги адабий жараён» фани бўйича машғулотлар олиб бораман. Ўқув йили бошидаёқ янги қабул қилинган талабаларнинг адабиётдан билим савиясини, шу соҳага тайёргарлигини, қанчалик мутаносиблигини текшириб кўришга ҳаракат қиламан. 1998 йили қабул қилинган филологлар билан суҳбатда шу нарса маълум бўлдики, қирқ чоғли талабадан «Шарқ юлдузи»ни тўрт, «Ёшлик»ни уч, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»ни олти нафари ўқиб тураркан; бирортаси ҳам «Жаҳон адабиёти» чиқаётганидан хабардор эмас. Булар-ку, майли, ўрта мактаб адабиёт дастурига киритилган энг машҳур асарлар «Улуғбек хазинаси» романини уч, «Кеча ва кундуз»ни беш, «Хамса» достонлари, «Бобурнома», «Асрга татигулик кун» асарларини бор-йўғи бир талаба ўқигани, «Қутлуғ қон» романи, «Абулфайзхон» фожиасини эса ҳеч ким ўқимагани маълум бўлди. «Хамса», «Бобурнома», «Асрга татигулик кун» билан таниш бир талаба эса олимпиада дипломи билан ўқишга кирган қиз эди. Бир-иккита талабани мустасно қилганда кейинги йилларда оғизга тушган асарларни, машҳур адибларни биладиганлари йўқ. Бундан ҳам ажабланарли жиҳати, бир гуруҳ ёшлар дастурга кирган асарлар у ёқда турсин, 11-синф дарслигидаги ўша асарлар таҳлилига бағишланган бобларни ҳам ўқишмаган. Хўш, улар қандай қилиб тест синовларидан «муваффақиятли» ўтган, юқори баллар тўплашга эришган? Суриштириш, кузатишлар шундан далолат бераётирки, абитуриентлар имтиҳонларга адабиёт дастури, дарсликлари, бевосита тавсия қилинган асарлар мутолааси асосида эмас, «Ахборотнома»даги тест саволлари бўйича репетиторлар ёрдамида тайёргарлик кўришган. Щатто айрим чаққон мутахассислар «Ахборотнома»даги саволларга махсус жавоблар кўрсаткичини тайёрлашибди. Тошкентдаги Отчопардан уларни фалон пулга сотиб олиш мумкин экан...

Адабиётдан тест саволлари бўйича ёшларни кириш имтиҳонларига тайёрлайдиган тажрибали педагог-репетиторлар билан олиб борилган суҳбатлардан яна шу нарса маълум бўлдики, абитуриентларнинг 8—10 фоизи тайёргарлик жараёнида тест саволлари моҳиятини тушунган ҳолда билимдонлик билан жавоб беришга қодирдилар. Қарийб 70—80 фоизи саволга бешта жавобдан бирини — тўғрисини ёд олиб олганлардир. Бинобарин, улар тўғри жавобни белгилай олади, бироқ нега шу жавоб тўғри, деган савол берилгудек бўлса, лом-мим деёлмайди. Шу тариқа онгли жавоб берувчилар, аросатдагилар билан баробар 70—80 фоизни ташкил этувчи «ёд олувчилар» ҳам тест имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, талабалар сафини тўлдирмоқдалар. Бунинг устига, янгича имтиҳон усули филолог-абитуриентнинг ҳиссий майлларини, сўз санъатига бўлган меҳрини, завқ-шавқини, ёзма ва оғзаки нутқ маданиятини, энг муҳими, ижодий фикрлаш иқтидорини аниқлаш имконини бермайди. Ахир, адабиётда бир саволга тўғри деб саналган жавобдан бошқачаси ҳам бўлиши мумкин-ку!

Мана энди шу йўл билан ўқишга кирган талабани филологга айлантириш, сўз санъатини севишга, бадиий асарни ўқишга ўргатишдан иборат нохуш машғулотлар бошланади. Мажбурлаш орқали баъзи нарсаларга эришасиз. Дарслар тугаб, бир илож қилиб «ўтди» баҳосини олгач, талабанинг бу борадаги фаолияти ҳам тўхтайди... Мени ана шу кўнгилсиз ҳол жуда-жуда қийнайди. Биласиз, «филология» қадим юнончада сўзга, бинобарин, сўз санъатига меҳр, шайдолик дегани. Сўзга, сўз санъатига кўнглида заррача меҳр бўлмаган, бадиий асар матни билан нотаниш ҳолда, боя айтилган йўллар билан филология факультетига кирган, олий ўқув юртида эса шоҳ асарларни муаллимнинг зўрлаши билан шунчаки баҳо олиш, имтиҳон синовлардан ўтиш учунгина ўқийдиган филолог талабадан кимлар, қанақа кадрлар чиқиши мумкин? Борингки, улар диплом олишга ҳам эришдилар, муаллим бўлиб мактабларда, коллеж ва литсейларда адабиётдан дарс ҳам бердилар. Кўнглида сўзга, сўз санъатига заррача меҳри йўқ бу қуруқ савлатлар ўқувчиларда қандай қилиб сўзга, сўз санъатига меҳр уйғотсин?! Тўғри, авваллари ҳам филология факультетларига тасодифий кимсалар кириб қолар эди. Янги тизимга ўтилгандан кейин ҳам бу нохуш ҳодиса давом этаётгани, йилдан-йилга кучайиб бораётгани бу хусусда жиддийроқ бош қотиришга ундайди. Агар бу нохуш ҳодисанинг олди олинмаса, жиддий ижтимоий иллатга айланиб кетиши турган гап. Демак, адабиёт бўйича имтиҳон усулларини такомиллаштириш лозим. Шундай қилиш керакки, мактаб дастуридаги билимларни мустақил тарзда пухта эгалламай, тавсия қилинган бадиий асарлар билан бевосита танишмай туриб, саволларга тўғри жавоб бериш имкони мутлақо бўлмасин.

—   Энди айни ўша филолог талабаларга дарс берадиган,  сўз санъати бўйича тадқиқотлар олиб борадиган, илмий-ижодий зиёлилар ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим... Устозимиз Озод Шарафиддинов 1998 йил ёзида республика телевидениесининг «Сурат ва сийрат» кўрсатувидаги суҳбатида ўқиган-билган кишилар билан ҳақиқий зиёли инсон орасидаги фарқ борасида куйиниб гапирди...

—  Кейинги ўн йиллик давомида барча зиёлилар, хусусан бевосита ижтимоий фанлар, жумладан, адабиёшунослик соҳасида иш олиб борадиган зиёлилар ҳаётида чуқур эврилишлар содир бўлди; узоқ йиллар марксча-ленинча методологияга асосланган мафкура ва фанлар тизими остин-устин бўлиб кетди, Тасаввур қилинг: кечагина марксча мафкурани ёшлар онгига сингдириш билан машғул бўлган, шу туфайли тирикчилик ўтказган олим бугун унинг тескарисини, яъни, бу мафкуранинг яроқсизлигини тушунтиришга тўғри келмоқда... Аслида, бу ҳол инсон зоти учун мислсиз фожиа! Қизиқ, кутилган катта фожиа юз бермади. Одам боласи ҳар нарсага кўникаверар экан. Аксар домлалар янги шароитга осон мослашиб олди, янгича қарашларни қабул қилиб уни тарғиб қилиш йўлига ўтди. Тарихда не-не буюк алломалар ҳам қарашини, эътиқодини ўзгартирган. Бироқ бу жараён жиддий маънавий-руҳий изланишлар, оғриқлар билан кечган. Лоақал Толстойни эслайлик. Бизда кейинги ўн йилликда ижодий-илмий зиёлилар орасида фақат биргина шахс — Озод Шарафиддинов эътиқодини қай тарзда ўзгартиргани, ҳақида рўй-рост ёзди.

Биласизми, «янгиланган» илмий зиёлилар қонида ўз ихтиёрларига бўйсунмайдиган эски қарашларнинг қандайдир унсурлари, асоратлари барибир бўлади, буни ҳар қадамда пайқаш мумкин. Бунинг устига, ҳар қанча замонавий бўлмасин, шўро замонидан ўтган, шўроларга хизмат қилган зиёлиларнинг «тили қисиқлик» жойи бор. Янги замоннинг қўшиғини айтаётганда кўнглининг бир чеккасида «яқин ўтмишда бу хусусда нималар деган эдинг?» деган саволи уни хижолатга солиб туради. Бу ҳол ҳали бирмунча фурсат давом этса керак.

Бир нарса аниқ аён бўлдики, шўро замонида минглаб, милёнлаб зиёлилар амал қилган коммунистик мафкура уларнинг чин шахсий эътиқодига айланмаган экан. Щукмрон мафкура ва қарашни ошкора қабул қилмаганларнинг тақдири не кечгани маълум. Демак, аксар зиёлилар яшаш, жон сақлаш учун ўзлари билиб-билмай мунофиқлик кўчасига кирганлар. Бу XX асрнинг энг катта фожиаси. Шукрки, инсон зотини, зиёлини «шахси бутун»ликдан маҳрум этадиган бу хилдаги балодан халос бўлдик. Энди у қолдирган мудҳиш асоратлардан ҳоли янги шахси бутун зиёлилар авлоди етишиб келаётгани буюк тарихий ҳодисадир.

Бозор иқтисодига ўтиш мураккабликлари ҳам ижодий зиёлиларни элакдан ўтказмоқда. Щозирги арзимас маошларга қаноат қилмаган айрим зиёлилар аллақачон бошқа соҳаларга ўтиб кетди. Илм-фанда, домлачиликда ҳақиқий фидойилар қолди. Адабиёт фанларини ўқитишни тубдан янгилаш айни ўша фидойилар зиммасига тушмоқда. Биласиз, адабиёт ўқитишни янгилаш мактабларда олдинроқ бошланди.

Мен биз филолог олимларнинг бугунги кунда яққол кўзга ташланаётган яна бир ожиз жиҳатимиз ҳақида гапирмай ўтолмайман. Бундан уч йилча муқаддам вазирликдан хорижий мамлакатлардаги донгдор олий ўқув юртларида ўзбек тили ва адабиётидан инглиз, олмон, франсуз тилларида маъруза ўқий оладиган профессорлар рўйхатини сўрашди. Ўшанда факультетда ишлайдиган ўндан ортиқ фан доктори-профессордан бирортаси қам бу рўйхатга ёзилишга журъат этолмади... 1998 йил сентябрида махсус комиссия таркибида қатнашиб Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институти фаолиятини ўрганиш-текшириш асносида менга шу нарса маълум бўлдики, институтда ишлайдиган йигирма беш нафар филолог фан докторидан бирортаси ҳам боя тилга олинган хорижий тилларда маъруза ўқий олмас эканлар. Щолбуки, бугунги фан докторлари бир вақтлар аспирантурада таълим олган, хорижий тиллар бўйича номзодлик имтиҳонлари топширган; имтиҳондан сўнг бу тилларга уларнинг иши тушмаган, шунга кўра тезда унутилган. Ўша давр тақозосига кўра рус тилини эгалласанг бўлди, бошқасига ҳожат йўқ эди. Бугун ана шу ожизлигимиз ўзимизга панд бермоқда. Аччиқ сабоқ шуки, эндиги ёш филолог тадқиқотчилар биз йўл қўйган бу хатони такрорламасинлар.

—  Умарали ака, дунёда камчиликсиз инсон бўлмайди. Шунинг баробарида ҳар бир одамда уни  ғурурлантириб-илҳомлантириб тургувчи яхши амалларнинг кучи яшайди. Сиз бугун  қай хатоларингиздан афсусланасиз ва қилган қайси ишларингиз кўнглингизни кўтаради?

—  Ўта шахсий, айни пайтда, мушкул савол бердингиз. Йўл қўйган хатоларим ўзимдан кўра Яратганга, яқинларим, дўстларим, ҳамкасабаларимга аён. Бир нарса кўнглимга таскин беради: мен бирор гуноҳ ишга онгли равишда қўл урган эмасман; оиламга, турмуш ўртогимга, фарзандларим, дўстларим, устозларимга энг кескин вазиятларда ҳам хиёнат қилмадим. Щамиша ҳаромдан ҳазар қилиб яшадим. Щеч кимга тамагирлик билан ялтоқилик қилмадим. Эҳтимол, бу нарса мен туғилиб ўсган оилавий  муҳит, тарбиянинг оқибатидир. Тўғри,  кафедра мудири сифатида иш юзасидан ҳамкасабаларимга айрим ҳолатларда қаттиққўллик қилгандирман, адабий бахс-мунозаралар чоғида, асарлар танқидида кимларнингдир кўнглига озор етказгандирман. Лекин мен ҳеч кимга дилимда кек сақламадим, ғанимлардан ўч олиш пайида бўлмадим. Бевосита илмий-танқидий фаолиятга келсак, бу борада афсус-надоматлар учун асослар етарли. Щозирга қадар йигирмага яқин китобларим, беш юз чоғли мақолаларим чиқибди. Ўзимча хомчўт қилиб чиқсам, уларнинг деярли тўртдан уч қисми бугун аҳамиятини йўқотибди. Бунинг боиси шундаки, ўша аҳамиятини  йўқотган  ишлар адабий жараёндаги  ўткинчи, танқиддан тубан  нарсалар хақидадир; арзимас масалалар хусусидаги баҳс мулоҳазалардир. Бугун уларнинг ҳеч кимга, ҳатто ўзимга ҳам кераги  йўқ.  Оллоҳ томонидан  бир бор берилган  умрни, ўзимга яраша  қобилият-иқтидорни ўткинчи,  арзимас  машғулотлар учун  беҳуда  исроф  қилганимга афсусланаман.   Мен  танлаган соҳа — танқидчилик ҳунари  адабиётдаги  яхши-ёмон  ҳамма асарларни  ўқиб боришни тақозо этади. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳақида ёзабериш шарт эмас эди-ку!

Биз тоталитар адабий сиёсат ҳукмрон бўлган даврда танқидчи-адабиётшунос сифатида шаклландик. Менинг ўттиз йиллик фаолиятим ўша даврда кечди. Бу сиёсатга холис хизмат қилганлардан бугун ҳеч нарса қолмади. Яхшиямки ўша сиёсат тазйиқига чап бериб, адабиётда баҳоли қудрат ижтимоий адолат учун кураш олиб борган софдил ижодкорлар, танқидчилар қуршовида, уларнинг таъсирида бўлдим. Нимаики хайрли ишлар қилган бўлсам, шу муҳит таъсири самарасидир. Озми-кўпми филология соҳасидаги кўрган-кечирганларимдан чиқадиган асосий хулоса, сабоқ шуки, танқидчи-адабиётшунос Оллоҳ берган иқтидор, сўз санъатига чексиз меҳр, шайдоликдан ташқари «шахси бутун» бўлиши шарт экан; даврнинг ўткинчи майлларига берилмай, ҳар хил тазйиқлар олдида бош эгмай, фақат чин адабиёт ҳақидаги чин ҳақиқатни кашф этиш, арзигулик гапларни айтиш пайида бўлиш даркор экан.

 

Раҳмон Қўчқор суҳбатлашди. 1998 йил октябри.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz