Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

ЎТИЛГАН ЙЎЛНИНГ БАЪЗИ САБОҚЛАРИ

(Эссе)

          

Янги ўзбек адабиётининг тонгидаёқ «адабиёт надир», «театр надир» деган саволлар қаторида «танқид надир» деган масала ҳам кўндаланг қўйилган, унга жавоб қидириш бошланган эди. Мана, салкам бир асрдирки, бу кўҳна савол теварагида баҳслар давом этади. Менингча, бу хусусидаги асосий гапни илк бор Маҳмудхўжа Беҳбудий мухтасар тарзда айтиб эди: «Танқид сараламоқдир». Адабий жараён бамисоли тошқин пайтидаги шиддатли сой оқими. Унда ҳамма нарса айқаш-уйқаш ҳолда кечади. Чин мунаққид бамисоли моҳир ғаввос каби бу оқим – жараён ичида сузиб яхши-ёмон, истеъдодли-истеъдодсиз, керакли-кераксиз нарсаларни бир-биридан ажратиб беради, яъни саралайди. Бундай масъулиятли вазифани кўнгилдагидек адо этиш учун мунаққиддан туғма истеъдод, нафосат туйғуси, адабий билим, дид-фаросатдан ташқари ўзи танлаган йўлда қатъият, шижоат, фидойилик ҳам талаб этилади. Тарих ниҳоятда шафқатсиз. Даврлар синовидан ўтиш эса осон эмас. Адабиётшунос Ю. Андреев ХХ аср рус адабиёти тарихини синчиклаб ўрганиб, 80 йил давомида эълон этилган асарлардан атиги 2 фоизигина тарихда қолганини, дарсликлардан жой олган, ҳозир ҳам ўқиладиганлари эса ундан ҳам кам эканини аниқлаган. Кимнинг, қайси асарнинг тарихда қолиш-қолмаслиги масаласида ҳатто даҳолар ҳам адашиши мумкин. Бу ёлғиз Яратгангагина аён. Шундай экан, мунаққиднинг вазифаси ўта масъулиятли.

         Жаҳон адабиёти, танқидчилиги тарихида бўлгани каби бизда ҳам бошда мунаққидлик вазифасини янги адабиётнинг асосчилари – А. Қодирий, Чўлпон, Фитрат, кейинроқ Ойбек адо этдилар. Бироқ улар янги замон адабий ҳаракати учун бу кифоя қилмаслигини, махсус профессионал танқид ҳам зарурлигини яхши билар эдилар, уларнинг малакали мунаққидлар тарбиясига нақадар катта эътибор берганликлари тарихдан маълум. Бунинг учун Қодирийнинг Сотти Ҳусайнга, Чўлпоннинг Вадуд Маҳмудга бўлган умиди, эътиборини эслаш кифоя.

         Минг афсус, шўро адабий сиёсати, мамлакатда авж олдирилган синфий-мафкуравий курашлар жазаваси туфайли бу умидлар тўла рўёбга чиқмай қолиб кетди. 20-йиллари энг истеъдодли мунаққид сифатида тан олинган Вадуд Маҳмуд сиёсий жазаваларга дош беролмай танқид майдонини эрта тарк этди, кўп ўтмай ҳибсга олинди. Бошда чин нафосат кашшофи сифатида танила бошлаган Абдураҳмон Саъдий, Қодирий катта умид боғлаган Сотти Ҳусайнлар вульгар социологизм йўлига тушиб олдилар. Отажон Ҳошим эса соф марксист адабиётшунос сифатида майдонга чиқди. «Абдулла Қаҳҳор ҳикояларида психологик тасвир» деб аталган ноёб танқидий асар муаллифи Аблураҳмон Алимуҳамедов «буржуа эстетизми»да кескин айблангач, танқид соҳасини тарк этиб тинчроқ соҳа – хорижий адабиёт ихтисослигини танлади. Ҳ. Ёқубов, И. Султондек катта билим, зўр истеъдод эгалари фаолиятида марксча-ленинча таълимот ақидалари бир умр эркин фикр йўлида кишан бўлиб келди. И. Султон ўз истеъдодини адабий танқиддан кўра драматургияга йўналтирди. Шу тариқа ХХ асрнинг биринчи ярмида жаҳон янги танқидчилиги намояндалари билан бир қаторда тура оладиган, танқидчиликни қисмат деб биладиган, адабий жараён ичида яшаб унга муайян таъсир кўрсатишга қобил чин истеъдод соҳиби – тўлақонли мунаққидлар етишиб чиқмади.

         Сталин вафотидан сўнг мамлакатда юз берган «эрувгарчилик» шароитида, 50-йиллар ўрталарида миллий танқидчилигимиз осмонида икки юлдуз бирданига ярқ этиб порлади. Улардан бирининг исми шарифи Матёқуб Қўшжонов, иккинчисиники эса Озод Шарафиддинов. Гарчи Матёқуб ака Озод акадан ўн ёш катта бўлса-да, улар тенгдошдай кўринар, ўзларини тенгдошдай кўрар, бир-бирларига сенсираб мурожаат этишарди. Иккаласи ҳам Москва таълимини олиб қайтган, иккиси ҳам ХIХ аср рус танқидчилари – Белинский, Добролюбов анъаналари руҳида тарбия топган, ниҳоятда билимдон ноёб истеъдод соҳиблари эдилар. Матёқуб ака Белинский ижоди бўйича тадқиқот олиб боришга жазм этган олим, Озод ака эса Белинский, Добролюбовлар таржимони сифатида танилган эди. Тақдир тақозосини қарангки, ҳар икки аллома ҳам Миллий университетда деярли баробар фаолият бошладилар. Иккиси ҳам Абдулла Қаҳҳор мактаби одами эдилар.

         Ўзбекистон қаҳрамони шоир Эркин Воҳидов ўша кезлардаги адабий муҳит манзарасини шундай таърифлайди:

         «Олтмишинчи йилларда умумшўро адабиётида бўлгани каби ўзбек адабиётида ҳам икки хил дунёқараш ўртасида кураш авжига чиқди. Янги тўлқин анъанавий қолипларни бузиб-ёриб, баҳорги сойлар каби қирғоққа сиғмай тошиб кела бошлади. Лекин бошқа фикрдаги, аслиятга содиқ, анъаналарни қадрлайдиган, ҳаётни тартиб-интизомсиз тасаввур қилмайдиган кишилар учун ушбу тўлқин номақбул, хатарли бўлиб кўриниши табиий эди... Ёзувчилар уюшмаси раиси Комил Яшин атрофида уюшган, адабиётнинг расмий ҳайъати ҳисобланган қудратли гуруҳ билан Абдулла Қаҳор шогирдлари аталган янада қудратлироқ бир саф ўртасидаги ички кураш зоҳирдаги осойишталик, дўстона муносабатларга қарамай ашаддий тус олган эди» (Лазиз Қаюмов. Хотиралар. Т.,  Ғ.Ғулом номидаги нашриёт, 2005, 7-бет).

         Абдулла Қаҳҳор одамлари – шогирдлари сафида О. Ёқубов, П. Қодиров, Ў. Умарбеков, У. Назаров, Ш. Холмирзаев, Ў. Ҳошимов каби носирлар, А. Мухтор, Шуҳрат, Э. Воҳидов, А. Ориповдек оташнафас шоирлар қаторида О. Шарафиддинов билан М. Қўшжонов бошлиқ мунаққидлар ҳам бор эди. Мен Қаҳҳор хонадонидаги, адибнинг шаҳардаги уйи ва Дўрмондаги боғ ҳовлисида бўлиб ўтган кўплаб адабий гурунгларда иштирок этиш бахтига муяссар бўлганман. Бу даврадаги суҳбатлар шахсан мен учун университет адабиёт таълимидан юксакроқ бўлган десам, ишонаверинг.

         Давра гурунгларида асосан ҳаёт ва адабиёт устида гап борар,  муаллифи ким бўлишидан қатъи назар янги чиққан асарлар хусусида фақат ҳақиқат айтиларди. Расмий давраларда ижобий баҳоланган, мукофоту совринлар билан тақдирланган кўп сохта асарларнинг авра-астари очиб ташланарди. Бугина эмас, матбуотда, университет аудиториясида «реакцион», «антисовет» сифатида қораланиб турган ғарб ва рус файласуфлари, руҳшунослари, санъаткор, адиблари асарлари устида ҳам илиқ гаплар, ўзгача қарашлар билдириларди. Шопенгауэр, Нитше, Фрейд, Кафка номларини илк бор шу давраларда эшитганман. Суҳбатлар ўз-ўзидан ҳаёт муаммолари, сиёсатга бориб тақалар, «социализмнинг Шарқдаги машъали» деб ном олган республикамиздаги реал аҳвол, юритилаётган мунофиқона сиёсат, меҳнаткаш халқнинг, хусусан, қишлоқ аҳлининг ночор турмуши, аёлларнинг, мактаб болалаларининг қулларча меҳанати ҳақида мардона гаплар айтиларди... 1977 йили Москвадаги Олий Адабиёт курсида собиқ Иттифоқ ёш танқидчиларининг бир ойлик семинарида қатнашиб эдим. Таниқли рус адиблари Ф. Абрамов, А. Астафьев, Е. Евтушенко, В. Распутинларнинг мардона чиқишларини тинглаб беихтиёр Қаҳҳор хонадонидаги гурунгларни эслардим. Ўн йил бурунги ўша гурунглар руҳи парвози бу ердаги гап-сўзлардан асло қолишмас эди. Мен ўшандай гурунглар шоҳиди бўлганим учун ўзимча фахрланардим. Бу анъана Қаҳҳор вафотидан кейин ҳам давом этди. Мана, салкам қирқ йилдирки, ҳар йили адиб туғилган кун – 17 сентябрда унинг хонадонида тўпланамиз, бу хонадонда бўлиб ўтган машҳур гурунгларни қўмсаймиз, улуғ адибни, Кибриё опани эслаймиз, устоз ўгитларини, мардона сўзларини ёдга оламиз, Қаҳҳор шахсиятининг кейинги ярим асрлик миллий адабиётимиз, умуман адабий-танқидий тафаккур ривожига беқиёс таъсири устида ўй сурамиз. Озод ака билан Матёқуб ака то умрининг охирига қадар шундай давраларнинг тўрида ўтирар, даврани бошқариб борардилар.

         Қаҳҳор хонадони давраларида, жумладан, адабий танқид ҳақида ҳам биз ҳеч қаерда ўқимаган, эшитмаган гаплар бўларди. Шулардан айримлари эсимда қолган: «Танқидчи ижодкор билан китобхон орасида Қоработир эмас, дўст – тилмоч бўлиши керак»; «Танқидчи – бамисоли меҳрибон доя каби янги туғилган яхши асарни йўргаклаб олиши лозим...»; «Белинский, Добролюбовлар билан Пушкин, Лермонтовлар муносабатини эсланг – улар бир-бирларига дўст, меҳрибон бўлганлар, бир мақсад йўлида кураш олиб борганлар. Бир-бирларини нақадар яхши тушунганлар. Бир тилда сўзлашганлар. Бизда эса бунинг бутунлай тескариси. Ёзувчи «А» деса, танқидчи «Б» дейди. Истеъдодли асарни қўлда гулдаста тутиб қутлаш ўрнига найза кўтариб қарши олади. Дилидаги гапни айтиш ўрнига, юқоридагиларнинг қош-қовоғига қараб гапиради. Улар назарида асар ёзган ёзувчи - қора курсида ўтирган жиноятчи, ўзларини эса ҳукуматнинг ҳимоячиси – посбони деб билади».

         Дарҳақиқат, ўтган асрнинг 20-йиллари ўрталаридан тортиб то 60-йилларга қадар биздаги танқидчилик манзараси айни адиб айтганидай бўлган. Ўша кезлари Чўлпон билан Ойбекнинг кўнгил лирикаси, «Ўткан кунлар», «Абулфайзхон», «Ҳинд ихтилочилари», «Сароб», «Навоий», «Қўшчинор», «Тобутдан товуш» сингари эътиборга сазовор барча асарлар ва уларнинг муаллифлари бошига не-не савдолар тушганлигини яхши биламиз. Бу офат 70-80-йилларда ҳам турли кўринишларда давом этди... Шахсий ғараз, бахиллик, жаҳолат ва демагогия самараси бўлмиш ур-йиқитчилик авж олган кезлар миллий танқидчилигимиз тарихидаги, Қодирий таъбири билан айтганда, «энг кирлик, қора кунлар» бўлиб қолди.

         Дарвоқе, Қаҳҳор давраларида танқидчининг масъулияти, талабчанлиги, адабиётдаги халтурага, бўш, ёлғон ва сохта асарларга қарши муросасиз бўлиши зарурлиги доимо таъкидланар, адибнинг ўзи бу жиҳатдан ҳам сафдош ва шогирдларига ўрнак кўрсатарди. «Танқидчиликдаги офаринбозлик» иборасининг ижодкори ҳам, бу иллатга биринчи бўлиб ўт очган ҳам унинг ўзи эди. Олтмишинчи йиллари танқидчиликда жавлон урган, яхши-ёмон асарларнинг фарқига бормай, уларнинг барчасига бирдек офарин айтишни касб қилиб олган бир мунаққид ҳақида сўз очиб: «Бу одам нушқурд чиқармайди, ям-яшил беда билан сассиқ алафнинг фарқига бормай баробарига тушираверади» деган эди. Ўзига энг яқин адиб ва мунаққидлар асарларидаги камчилик ва нуқсонларни ҳам ўзига дангал айтар, айни пайтда ўз асарлари хусусида оқилона билдирилган эътирозларни эътибор билан тингларди. Устоз кўпинча катта илмий мақолада ифодалаш мумкин бўлган ўткир масалаларни биргина жумла – истеҳзо орқали айтиб юборар, адабиётдаги нохуш ҳодисаларга ниҳоятда теран, одилона баҳо берарди. Бир гал Дўрмондаги боғда гурунглашиб ўтирганимизда, ўзини Абдулла акага яқин олиб юрадиган ҳозиржавоб журналист қаламкаш келиб қолди. Ўша куни  газетада унинг чўчқачиликни ривожлантириш тўғрисидаги қарорга жавобан ёзилган ҳикояси чиққан эди. Салом-аликдан сўнг Абдулла ака бирдан «Ҳикоянгизни ўқидик, антиқа нарса – Чўчқа образини адабиётга олиб кирибсиз» дедилар. Шунда бояги журналист ёзувчининг ранги ўчиб кетди. Ҳаммамиз ерга қараб қолдик. Шу биргина истеҳзонинг ўзи ҳам ёзувчи, ҳам танқидчи учун жиддий сабоқ эди. Бунақа воқеалар кўп бўлган.

         Қаҳҳор хонадонидаги бу хил гурунглар руҳи биринчи галда Матёқуб Қўшжонов ва Озод акалар орқали Миллий университет аудиторияларига ҳам бамисоли нур тезлигида кириб келар, ўз навбатида ёш мунаққидлар, мен ва менинг сафдошларим  -Норбой, Абдуғафур, ўша кезларда талаба бўлса-да яқин суҳбатдош ва маслакдошим Иброҳимжонларнинг шуурида чуқур из қолдириб, бизларнинг маслак ва эътиқодимизга айланиб борарди. Мен ҳам талабалар олдидаги маърузаларимда, Ёзувчилар уюшмасидаги муҳокама-мунозараларда, матбуотдаги чиқишларимда баҳоли қудрат Қаҳҳор одами каби сўзлашга, ёзишга интилардим. Қаҳҳорга бўлган эҳтиром сабаб номзодлик ишим замонавий ҳикоячилик масалаларига бағишланган эди. Ҳикоячиликка оид туркум мақолаларим эл оғзига тушди, ҳатто «Шарқ юлдузи»да чиққан «Даҳшат» ҳикояси таҳлилига бағишланган мақола хусусида Абдулла Қаҳҳордек талабчан мураббий илиқ гап айтди. Бу ҳол мени ниҳоятда руҳлантириб юборди, шундан кейин бутунаси адабиёт, танқид оламига шўнғиб кетдим. Бу орада мени Ёзувчилар уюшмасига қабул қилишди, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимовлар сафида 1966 йил баҳорида Москвада ўтган ўзбек ёш ёзувчилари семинарига юборишди. Москвадан янада дадилроқ бўлиб қайтдим. Қаҳҳор давраларидан бошланган, адабиёт, адабий тафаккур ривожи йўлида ғов бўлиб турган ақидапарастликка қарши қалбда жўш урган исён менга тинчлик бермасди. Устоз Озод ака изидан бориб эҳтиросга берилиб қалтис масалаларда «қуюшқон»дан чиқиб кетганим учун гоҳо танбеҳлар эшитар эдим.

         Шу орда файласуф бир мунаққиднинг ақидапарастлик руҳидаги чиқишлари хусусида сўз очиб шундай деган эдим: «Унинг қаршисида ҳар гапнинг бирида материя бирламчи, онг иккиламчи деб турмасанг балога қоласан». Оқибат мен айтгандан ҳам баттар бўлди. Бу кимса менга қарши бир қулоч мақола ёзиб «Ўзбек тили ва адабиёти» журналида эълон этди, мени материалзим ва марксизмни ҳақорат қилишда айблади, номимни жаҳон фалсафаси тарихидаги «энг илғор таълимот»нинг ашаддий душманлари – идеалистлар қаторига тиркаб қўйди. Бугина эмас, бунақа сиёсий саводсиз одам университетда дарс бериши, ёзувчилар сафида туриши мумкин эмаслиги хусусида юқори идораларга хатлар йўллади... Нима қиларимни билмай гангиб юрган кезларим, Кибриё опа хонадонимизга телефон қилиб қолдилар: «Абдулла акангиз йўқлаяптилар, бир келиб кетар экансиз» дедилар. Бордим. Абдулла аканинг столи устида ўша машъум мақола чиққан журнал турарди. Гап нимада эканлигини англадим. Устоз менинг атрофимдаги ғалвалардан хабар топиб, бу хусусда Ёзувчилар уюшмаси раҳбари, Марказий Қўмита ходимлари билан суҳбатлашибди. «Хатар ўтди, хотиржам бўл. Кўриб турибман, ўзингни анча олдириб қўйибсан. Биргина муштга шунчаликми, - дедилар кулиб ва қўли билан бошига ишора қилиб сўзида давом этдилар, - бу бошга бунақа муштлардан сон-мингтаси тушган, ўлиб қолганим йўқ, мана, тирик юрибман. Навоий айтмоқчи, эмас осон бу майдон ичра турмоқ... Адабиёт иши чидаганга чиқарган!» Сўнг журналдаги мақолага шаъма қилиб дедилар: «Қип-қизил демагогиянинг ўзгинаси. Демагог билан шаллақи, безори орасидаги масофа бир одим. Бунақа кимсалар билан олишиб барака топмайсан. Яхшиси, улардан узоқроқ юр».

         Шу-шу иккинчи бор унинг номини тилга олмайдиган бўлдим.

         Орадан кўп ўтмай устоз Матёқуб аканинг маслаҳатига кўра Абдулла Қаҳҳор туғилган куннинг 60 йиллигига атаб у ҳақда китоб тайёрлайдиган бўлдик. Мен китобнинг «Ҳикоянавис санъати» қисмини ёздим. Қўлёзма тайёрланиб нашриётга топширилди. Негадир нашр иши юришмай қолди. Шу орада китоб қўлёзмасига ёзилган муаллифи сир тутилган ички тақризни қўлимга тутқизишди. Унда қўлёзманинг камина қаламига мансуб қисми кескин танқид қилинган, Қаҳҳор ҳикояларининг ғоявий-сиёсий жиҳатлари етарли очиб берилмаган, муаллиф А. Алимуҳамедов изидан бориб адиб ҳикояларини «буржуа эстетизми» руҳида текширган, дея айблар қўйилган, уни шу ҳолда чоп этиш мумкин эмас дея ҳукм чиқарилган эди. Илк китобим қўлёзмаси ҳақидаги бу хил кескин ҳукм мени довдиратиб қўйди. Шунда Матёқуб ака жонимга ора кириб: «Бу сиёсий сафсатабозликдан бошқа нарса эмас, Сиз хотиржам бўлинг, ўзим гаплашаман, китоб, албатта чиқади» дедилар. Домла айтганидай бўлди, китоб ўзгаришсиз чиқди, афсус, адиб вафотидан кейин чиқди...

         Бошимдаги ғалва шу билан аригандай бўлди. Бироқ менга нисбатан ишончсизлик шарпаси теварак-атрофимда узоқ йиллар кезиб юрди. Орадан ўн беш йилча муддат ўтиб, 1981 йили туғилган кунимнинг 50 йиллиги муносабати билан мени мукофотга тавсия этишди. Бу иш негадир тўхтаб қолди.  Кейинчалик эшитишимча, Озод ака илтимосига кўра Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Сарвар Азимов Марказий Қўмита масъул ходими билан шу хусусда гаплашади, ходим бир вақтлар менинг сиёсий хатога йўл қўйганлигимни писанда қилади; «Кимлар хато қилмаган, Умарали адабиётимиз учун кўп савоб ишлар қиляпти, йўл қўйган хатосини аллақачон ювиб юборган, бу йигит ҳар жиҳатдан мукофотга лойиқ» деб туриб олади... Шу тариқа бир оз кечикиб бўлса-да менга Фан арбоби унвони берилди. Мукофот хабарини эшитган Саид Аҳмад ака хонадонимизга телефон қилиб: «Унвон билан эмас, тавқи лаънатдан қутилганинг билан қутлайман» деди. Бу қутлов чоғи қувончдан кўзимга ёш келган эди.

         «Сут билан кирган жон билан чиқади» деган гап бор. Гарчи Абдулла Қаҳҳорнинг мутаассиб демагог кимсалардан узоқроқ юр, деган маслаҳатлари доимо қулоғимда бўлса-да, яхши асар ва унинг муаллифи ҳақида айтилган қўпол гапларни сираям ҳазм қилолмайман, бундай пайтда жим туролмайман Мендан ёши улуғроқ бир ҳамкасбнинг А. Ориповнинг «Аёл» шеъри, Ш. Холмирзаевнинг «Сўнгги бекат» романи бўйича вульгар социологизм руҳидаги чиқишларига қарши айтилган мулоҳазаларим жиддий мунозараларга сабаб бўлди. Шуниси қувончлики, 80-йилларга келиб вазият ўзгара бошлаган, демагогиянинг шашти бир оз пасайган эди. М. Қўшжонов, О. Шарафиддинов, И. Ҳаққулов каби етук мунаққидлар матбуот саҳифаларида мени ошкора ҳимоя қилиб чиқдилар. Жумладан, О. Шарафиддинов «Адабий танқид замон хизматида» сарлавҳали мақоласида айрим мунаққидлар асарга аввалдан тайёрлаб қўйилган қолиплардан келиб чиқиб, схемаларга таяниб ёндашиш билан баробар ёзувчи олдига бир томонлама талаблар ҳам қўяётганлигини танқид қилади, бунга О. Тоғаев мақолаларини мисол қилиб келтиради. Мунаққиднинг Ш. Холмирзаев ҳақидаги мақоласида «Сўнгги бекат» романидаги Ўктам ва Насиба образлари бир томонлама талқин қилинганлиги ва бу образлар моҳиятига сингдирилган ижтимоий-бадиий мазмун очиб берилмаганлигини айтади. «Шунингдек, - деб ёзади у, - О. Тоғаев «Гулистон» журналининг 1983 йил 8-сонида эълон қилинган мақоласида бева хотин эрга тегмай, тоқ ўтса, фарзанд кўрмайди, бинобарин у ижтимоий бурчини бажара олмайди деган ғалати мантиққа асосланиб, Абдулла Ориповнинг «Аёл» шеъридан ғоявий «хато» топишга уринади. Бундай уриниш нақадар самарасиз ва ғайриилмий эканини Умарали Норматов «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида босилган «Тушуниш, ҳис қилиш санъати» мақоласида ишонарли далиллар билан кўрсатиб берди» (О. Шарафиддинов. Ҳақиқатга садоқат. Т., 1989, 129-бет).

         Орадан кўп ўтмай яна бир асар П. Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романи теварагида фитна юз берди. Маълумки, бу асар 1972 йили ёзиб тугатилган, Ёзувчилар уюшмасида муҳокама қилиниб ижобий баҳоланган, нашрга тавсия этилган эди. Бироқ, ғаламисларнинг кўзга кўринмас фитналари туфайли асар олти йил босилмай ётди. Ниҳоят, олижаноб одамларнинг аралашуви туфайли роман «Шарқ юлдузи»нинг 1978 йил 4-7-сонларида эълон этилди. Ўша кезлари журнал 167 минг нусхада чоп этиларди, журналнинг роман чоп этилган нусхалари қўлма-қўл бўлиб ўқилди. Менинг хомчўт ҳисобларимга кўра журнал орқали «Юлдузли тунлар»ни салкам бир миллион ўқувчи мутолаа қилган. Асар тез орада рус ва бошқа тилларга таржима этилди, танқидчиликда ижобий баҳо олди, роман Республика давлат мукофоти билан тақдирланди. Мустабид тузум тутуруқсиз адабий сиёсатини қарангки, орадан салгина фурсат ўтиб, аввал республика Ёзувчилар уюшмаси съезди минбарида, сўнг Ўзкомпартия пленумида, матбуотдаги чиқишларда роман муаллифига катта ғоявий-сиёсий айблар қўйилди; «романда тарихга, тарихий шахсларга синфий ёндашиш, синфийлик тушунчаси йўқ», «Бобур образи идеаллаштирилган» деган алмисоқдан қолган гаплар айтилди.

         Шу орада Ёзувчилар уюшмасида Пленум якунларига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Мен унда сўзга чиқиб Партия пленумида «Юлдузли тунлар»га берилган баҳога қўшилмаслигимни айтдим. Ҳамкасбларимиздан бири сўз олиб мени сиёсий калтабинликда айблади. Мен нима қиларимни билмай қолдим. Залда ўтирганлар, айниқса, мажлис ҳайъати ҳайрон... Муҳокама охирида Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Ўлмас Умарбеков ғоят усталик билан мени ҳам, мажлис ҳайъатини ҳам мушкул вазиятдан қутқариб қолди. «Асар ҳақида хилма-хил фикрлар бўлиши мумкин, - дея сўз бошлади у. – Пленумда докладчи «Юлдузли тунлар» ҳақида ўз мулоҳазаларини айтган эди. Бу ердаги муҳокамада танқидчи Умарали ҳам ўз фикрини айтди. Бундай фикр алмашувлар яна давом этавериши мумкин. Ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини келажак кўрсатади».

         Кўплар шунда Ўлмаснинг моҳир ташкилотчи, уста дипломат эканига тан берган эдилар. Худо кўрсатмасин, Уюшма раҳбари бояги нотиқнинг ёнини олиб мени Компартия пленуми қарорига қарши чиқишда айблаганида борми, бошимга не кунлар тушиши аён эди...

         Танқид баҳс билан тирик, мен ҳам ҳақиқат баҳсларда аён бўлади деган қарашга қўшиламан. Холислик, юксак билимдонлик, маданият билан айтилган эътирозларни ҳамиша мамнуният билан қабул қилганман. Биргина мисол. Бир асар ҳақида икки хил фикр рубрикаси остида берилган «Ёзнинг ёлғиз ёдгори» қиссаси хусусидаги танқидий мулҳазаларимга ёш иқтидорли мунаққид Илҳом Ҳасан «Икки қисса – бир ҳисса» сарлавҳали мақоласида теран таҳлиллар орқали одоб билан жиддий эътирозлар билдирган. Бунинг учун мақола муаллифини чин дилдан қутлаганман.

         Миллий танқидчилигимизнинг М. Қўшжонов, О. Шарафиддиновлар етакчилик қилган ХХ асрнинг иккинчи ярми, айниқса, мустақилликгача бўлган даври тараққиёти мураккаб, зиддиятли шароитда, шўро адабий сиёсати, мустабид мафкура таъсири, тазйиқи остида кечганлигини унутмайлик. Қаҳҳор мактабидан чиққан бу икки аллома ҳар қанча билимдон, жасур ва ноёб истеъдод соҳиби бўлмасинлар, барибир улар фаолиятида давр зуғуми асоратлари ўз муҳрини – изини қолдирган. Буни уларнинг ўзлари ҳам яхши билган. Биз, шогирдлар, «Озод ака танқидчиликда мактаб яратган устоз» деганимизда, у киши бунга жиддий эътироз билдириб: «Мамлакатда ягона мафкура, адабиётда эса ягона метод ҳукмрон бўлган шароитда адабий-илмий мактаб яратиш устида гап ҳам бўлиши мумкин эмас» дердилар. Бироқ ўшандай шароитда адабий жараёнда ҳақиқат, адолат учун курашган истеъдод соҳибларини, истеъдод билан битилган чин санъат асарларини ҳимоя қилиш, юзага чиқариш, адабиётда халтурага, ўртамиёначиликка қарши муросасиз кураш йўлини тутишнинг ўзи ҳазилакам жасорат эмас эди. Шундай йўлнинг ўзи мактаб дейишга арзийди. Устозлар вафотидан кейингина улар мактаби хусусида бемалол сўз айтишга журъат этаётирмиз ва тўғри иш қилаётирмиз деб ўйлайман.

         Ғ. Ғулом билан Ойбек туғилган куннинг 100 йиллигини нишонлаш чоғида адабиёт илми ўзининг балоғат, юксак бир маданият босқичига кўтарилганлигини намоён этди. Ҳар икки аллома ҳам шўро даври адиблари экани, улар бисоти давр асоратларидан холи эмаслигини асло унутмаган ҳолда, асосий эътибор уларнинг ўшандай шароитда юксак санъат намуналари яратишга эришганликларига қаратилди. Шўро даври танқидчилигига баҳо бераётганда ҳам айни шу йўл устивор бўлиб бораётганлиги кишини мамнун қилади. Чунончи, Б. Раҳмоновнинг «Ўзбек адабий танқидчилиги» китобида М. Қўшжонов, О. Шарафиддиновдан тортиб Н. Худойбергановгача бўлган мунаққидлар фаолиятини ёритишда айнан шу йўлдан борилган. Жумладан, китоб муаллифи шахсан менинг фаолиятимдаги «қалтис» бир масала хусусида шундай ёзади: «Ҳозирда баъзилар У. Норматовни «социалистик реализм ҳақида энг кўп ёзган» дея маломат қилмоқчи бўлишади. Дарҳақиқат, олим 70-80-йилларда социалистик реализм масалаларига бағишлаб «Социалистик реализм ва  реалистик ижод типи» (1972), «Социалистик реализм йўлидан» (1973), «Социалистик реализм ва ҳозирги адабий жараён» (1975), «Ҳаракатдаги реализм» (1983), «Методимизнинг ҳаётийлиги» (1986), «Методимизнинг моҳияти хусусида» (1989) сингари қатор мақолалар ёзди. Бироқ бир нарсани эътироф этиш керак: У. Норматов ҳеч вақт методни догматик тушунган эмас, аксинча, ҳамиша социалистик реализмни «очиқ система» деб билганлар қаторида бўлган, унинг рамкаларини кенгайтиришга интилган. Айтмоқчимизки, У. Норматов талқинидаги социалистик реализм билан 30-, 40-, 50-йиллар тушунчасидаги қотиб қолган қолипни бир хил тушуниш хатодир» (Б. Раҳмонов. Ўзбек адабий танқидчилиги. Т., «Янги аср авлоди», 2004, 214-бет) .

         Кўриниб турибдики, китоб муаллифи «қалтис» масалада мухолифларим тилимни қисиб қўядиган ҳамлалардан мени етарли ҳимоя қилган. Муаллиф айтган гапларга шу хусусда адабий жамоатчиликка маълум ва маълум бўлмаган яна баъзи маълумотларни илова қилиб ўтсам дейман.

         Танқидчилик фаолиятимнинг дастлабки йилларида қўлимга француз тилидан русчага таржима қилинган Р. Гародининг «Ҳудудсиз реализм» («Реализм без берегов») деган китоби тушиб қолди. Китоб эгасининг айтишича, у махсус мутахассислар учун чоп этилган экан, уни ҳеч кимга кўрсатмаслигимни, эртагаёқ қайтариб беришимни тайинлади. Китобни кечаси билан ухламай ўқиб чиқдим, у менинг ижодий методлар, жумладан, реализм, соцреализм ҳақидаги тасаввурларимни бутунлай ўзгартириб юборди; реализм, соцреализмнинг қатъий қоидалари, чегаралари хусусида биздаги бор гаплар – барчаси шартли ва омонат эканига илк бор имон келтирдим. Орадан кўп ўтмай марказий матбуотда мутаассиб шўро адабиётшуносларининг Гароди қарашларини кесин танқид остига олувчи мақолалари пайдо бўла бошлади. Социалистик реализм ҳақидаги мавжуд расмий қараш назарий жиҳатдан ҳам, амалий жиҳатдан ҳам адабий тараққиётга тўсиқ бўлиб қолаётгани, бу ҳол тоқат қилиш мумкин бўлмаган ҳолга бориб етганлигини хушёр ижодий зиёлилар англаб улгурган эдилар.

         Биринчидан, ХХ асрда яратилган кўплаб етук асарлар соцреализм назарияси қолипига тушмагани учун совет адабиёти тарихидан четда қолди, бинобарин, «шўро адабиёти – ғоят бой адабиёт» деган даъвонинг миси чиқди. Иккинчидан, Сталин вафотидан кейинги нисбий эркинлик шароитида мавжуд қолипларга асло сиғмайдиган янги типдаги ижодкорлар шаклланди, новаторона беназир асарлар пайдо бўла бошлади. Мавжуд назария эса уларни одилона баҳолашга монелик қиларди. Ана шундай бир вазиятда адабиёт илмида ҳам нажот йўлларини қидирувчилар майдонга чиқди. Излаган имкон топади деганларидек, болгар адабиётшуноси Д. Марков, рус олими Б. Сучковлар саъйи ҳаракатлари туфайли социалистик реализмни «очиқ система» деб атовчи янги бир илмий концепция пайдо бўлди ва бу қараш теварагида қизғин баҳс-мунозарлар қўзғалди. Ёш мунаққид сифатида бу баҳс мени ниҳоятда қизиқтирарди. Бу назария ўша кезлари бизлар, бинобарин, ўзбек адабий танқидчилиги учун ҳам бирдан-бир имконият ва нажот йўли эди. «Очиқ система» концепциясига кўра, бу ижодий методнинг бағри ҳаётдаги ҳар қандай янгиликларга, жамики илғор ҳодисаларга кенг очиқ, у инсоният даҳоси яратган барча маданий бойликлар, энг қадимий миф, афсона ва ривоятлардан тортиб танқидий реализмга қадар ҳамма илғор адабий оқимларнинг яхши тажрибаларини, шунингдек ҳозирги замон жаҳон прогрессив адабиёти ва санъатининг ютуқларини дадил ижодий ўзлаштириш асосида ривожланади... Унинг бағри ижодий изланишлар, мазмун ва хилма-хил шакллар учун ниҳоятда кенг, ҳаттоки у биз учун ёт бўлган адабий мактаб ва йўналишларнинг бадиий тажрибасидан, адабий приём ва воситаларидан ҳам ўз мақсадлари йўлида фойдалана олади... Очиқ ситема концепциясининг яна бир афзаллиги шундаки, у миллий адабиёт тарихини ҳаққоний баҳолаш, янги адабиёт йўлидаги хилма-хил изланишлар манзарасини кенгроқ тасаввур этишга, ҳар хил сабабларга кўра, социалистик реализм доирасидан четга суриб қўйилган асарлар моҳиятини чуқурроқ англашга ёрдам беради. Энг муҳими, очиқ система концепцияси соф назарий муаммо эмас, у амалиётга яқинлиги билан ажралиб туради, хусусан, адабиёт  ва санъатнинг ҳозирги босқичдаги тараққиёти тенденцияларини тўғри белгилаш, илмий баҳолаш учун назарий дастуриламал бўла олади (Қаранг: Қалб инқилоби. Т., 1986, 5-7-бетлар).

         Ҳар ҳолда мен «очиқ система» концепциясини шундай тушунганман; 70-йиллар бошларидан то 90-йиллар охирига қадар ёзган социалистик реализм тўғрисидаги туркум мақолаларимда айни шу қарашни ўтказишга ҳаракат қилганман. Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби қатағон қурбонлари ижодий меросини халққа қайтаришда айни шу «очиқ система» концепцияси ҳам қўл келган. Ижодий методга оид баҳсларда Қодирий дунёқарашидаги оқсоқликлар рўкач қилиниб, адиб синфий курашни тушуниш ва ифода этиш масаласида ҳатто Муқимийлар даражасига ҳам кўтарила олмаган, бинобарин, у шўро адабиёти учун бутунлай бегона деган иддаолар илгари сурилган бир шароитда «очиқ система» Қодирийни «оқлаш» - соцреализм даргоҳига олиб кириш имконини берган. Докторлик диссертациямда Чўлпоннинг «Шўролар ҳукумати ва саное нафиса» сарлавҳали мақоласи таҳлилига бағишланган кичик бир фасл бор эди. Мақоладаги Чўлпоннинг сўз санъатини синфий тушунишга оид қарашларига, бир қатор инқилобий руҳдаги асарларига таяниб, адибни соцреализм томон тортишга уриниб эдим. Фасл охирида ҳатто «Шўролар ҳукумати ва саное нафиса» мақоласини ўзбек адабиётида социалистик реализмнинг манифести деган хулоса чиқарилган эди. Айрим устозларнинг қатъий эътирози туфайли бу фасл диссертациядан олиб ташланди. «Паранжи сирлари», «Абулфайзхон», «Сароб» каби асарларнинг янгича талқинида ҳам «очиқ система» концепцияси мен учун қўл келганлигини эътироф этишга бурчлиман.

         Ўша йиллари  П. Пикассо, С. Дали, Г. Маркес сингари жаҳон адабиёти ва санъатининг улкан намояндалари ҳам «очиқ система» ижодкорлари деб атала бошланди. Е. Евтушенко, А. Вознесенский каби жасур шоирлар шеърияти, Ч. Айтматовнинг жаҳонни лол қолдирган роман ва қиссалари теварагида қанчалар кескин тортишувлар бўлмасин, охир-оқибат «очиқ система» концепцияси туфайли улар «ўзимизники» бўлиб қолди. Ҳатто, Ч. Айтматов аслида социалистик реализм андозаларини парчалаб ташлаган «Асрга татигулик кун» романига ёзган сўзбошисида «очиқ система» имкониятидан келиб чиқиб асар социалистик реализмга дахлдорлигни айтиб ўтган, шу тариқа бу шоҳ  асарни бўлғуси ҳамлалардан ҳимоя қилмоқчи бўлган эди.

         Азизлар, тарихий ҳақиқатни унутмайлик. Ўтган асрнинг 50-йиллари ўрталаридан бошланган миллий адабиётимиздаги уйғониш, янгича тўлқин қанчалар кескин курашлар ичида кечганлигини бу жараённинг ичида бўлганлар, бошидан кечирганлар яхши билади. «Синчалак», «Ўтмишдан эртаклар», «Тобутдан товуш», Э. Воҳидов, А. Орипов, Р. Парфи лирикаси, кейинроқ «Юлдузли тунлар», «Авлодлар довони» романлари, Ш. Раҳмон, Х. Даврон шеърияти, Мурод Муҳаммад Дўст, Олим Отахон, Х. Султон, Э. Аъзам насри, айрим асарлари қанчалар қийинчиликлар билан ўзига йўл топганлигига бизлар гувоҳмиз. Ҳамкасбларимиз эътироф этиш, этмасликларидан қатъи назар миллий адабиётимиздаги ижобий ўзгаришларни, янгича тамойилларни ҳимоя қилишда «очиқ система» концепцияси ўша йиллари назарий дастуриламал бўлиб хизмат қилган. Шахсан ўзим 20 йил давомида ёзган «очиқ система»га оид мақолаларимни қайта кўздан кечириб, кўнглим бир нарсадан таскин топгандай бўлди: аксар ҳолларда миллий адабиётимиздаги ижобий ҳодисалар, чинакам санъат намуналари ҳимоя қилинган экан, бир-икки ҳолатни мустасно этганда «социалистик реализм» шартларини рўкач қилиб, чин санъат намуналарини бадном этиш, топташ ҳоллари деярли йўқ! Ўша мураккаб замонларда бу борада йўлдан оздирмагани учун Яратганга шукроналар айтаман.

         Беайб парвардигор деганларидай, мазкур мақолаларда замона зайли туфайли замонбоп мулоҳазалар ҳам бидирилган, фикрлар далили учун расмий ҳужжатлардан иқтибослар келтирилган, яъни сопини ўзидан чиқарилган. Биламан, мақолалардаги «очиқ система» йўлида бу қадар куюнчаклик билан айтилган гаплар бугунги китобхонга бир оз ғалати, эриш туюлиши, улар бунинг нимаси жасорат дея ҳайрон бўлиши турган гап. Бироқ ўша кезлари бу ғоя ҳаётга осонликча кириб келгани йўқ. Менинг бу хилдаги чиқишларим ҳамкасбларимнинг жиддий эътирозига учраган эди. Масалан, проф. Н. Шукуров «социалистик реализмнинг очиқ система эканлигини айтишнинг ўзи етарли эмас», деб даъво қилади ва бу методнинг ўз принципларига (яъни партиявийлик, синфийлик) эга эканлиги ҳамиша адабиётшуносларнинг диққат марказида туриши лозимлигини қатъий тарзда уқтиради. Проф. Б. Имомов назарида соцреализмнинг ғоявий-бадиий имкониятлари, ундаги ранг-баранглик тўғрисидаги кузатиш, хулосалар чексиз-чегарасиз бағрикенглик, бинобарин, соцреализм илдизига болта уриш бўлиб туюлади... Бу борадаги эътирозлар адабий баҳс-мунозаралар доирасидан чиқиб унга сиёсий тус берилди. Ижодий уюшмаларнинг қўшма пленумида бир устоз нотиқ «айрим адабиётшунослар «очиқ система» ниқоби остида соцреализмнинг қалби ва жони саналмиш коммунистик партиявийлик принципини амалда инкор этишмоқда» дея, аюҳаннос солди. Сўнг республикадаги бош газетанинг  редакцион мақоласида «баъзи адабиётшуносларнинг соцреализм талқини бобидаги сиёсий хатолари» алоҳида таъкидлаб ўтилди. Қизиқ, «очиқ система» масаласида урилган «Қалб инқилоби» китоби 1989 йили Давлат мукофоти билан тақдирланди.

         1986 йил ёзида Иттифоқ ёзувчиларининг VIII охирги съезди бўлди. Республикадан сайланган съезд делегатлари қаторида мен ҳам бор эдим. Ўн кун давом этган, асосий мажлислари Кремл саройида ўтган, ялпи йиғилишларида политбюро аъзолари қатнашган бу съезддан олган таассуротларим шу бўлдики, аввало, Иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси ич-ичидан дарз кетган, у чуқур ички таназзулга учраган, унинг келажагига умид йўқ. Қолаверса, эндиликда шўро адабий сиёсати бадиий жараённи бошқаришга қодир эмас, аслида тайинли сиёсатнинг ўзи йўқ. Бироқ бошқарув ҳокимияти отдан тушса ҳам эгардан тушгани йўқ. Зўрма-зўраки бир тарзда жиловни қўлда тутишга тиришарди. Съезднинг секция мажлисларидан кўп нарса кутган эдик, мен танқид секцияси мажлисига маъруза тайёрлаб борган эдим, Ўзбекистондан фақат Л. Қаюмовга сўз берилди, холос. Расмий ахборотлардан нари ўтилмади, адабий танқид, адабиётшуносликнинг бирорта жиддий масаласи кўтарилмади...

         Съезд кунларида «Новый мир»да Ч. Айтматовнинг «Қиёмат» («Плаха») романи чиқа бошлаган эди. Делегатларнинг қўлида «Новўй мир», нотиқларнинг расмий гаплари қулоқларга кирмас, кўпларнинг фикри-хаёли «Қиёмат»да эди. Съезд кунларининг энг катта гапи, жиддий воқеаси шу роман бўлди. Бу роман биз куйиб-пишиб ҳимоя қилган «очиқ система» қолипига ҳам сиғмас эди. Асар марказида эзгулик тимсоли – жафокаш руҳоний йигит қисмати турарди. Ҳали роман журналда охиригача чиқмай туриб уни матбуотда дўппослаш, муаллифни «Оллоҳга ғамза қилиш»да айблаш бошланди, унинг журналдаги нашрини тўхтатиб қўйишга уринишлар бўлди. Қизиқ, орадан кўп ўтмай романни зўр бериб ҳимоя қилишга тушдилар... Шунда мен назария билан реал адабий жараён орасида катта бир жарлик борлигини, мен куйиб-ёниб неча йиллар ҳимоя қилган «очиқ система» концепцияси ҳам соцреализмни оқлаш учун қодир эмаслигни англаб ета бошладим. Шундан кейин ёзилган «Методимизнинг моҳияти хусусида» сарлавҳали мақолада аввалги ишларим танқидий сарҳисоб этилиб, социалистик реализм хусусида бизда мавжуд қарашлар кескин танқид остига олинди. Бу методни «юксак ва олий босқич», «юқори босқич», «ҳозирги жаҳон тарихий-адабий процессидаги энг прогрессив ва истиқболи порлоқ ижодий метод», «жаҳон адабиётининг бугунги бош йўли» деб кўкларга кўтариш, айниқса, соцреализмни бошқа методларга қарама-қарши қўйиш, соцреализмнинг туғилишини реализм ва танқидий реализм методининг «ўз тарихий вазифаларини адо этиб бўлиши билан боғлаш ҳақиқатга хилоф» эканлиги айтилди. Айни пайтда жаҳон адабиётидаги бошқа ижодий оқимларга мансуб Ф. Кафка, А. Камю, Т. Манн, С. Цвейг, У. Фолкнер, Э. Хемингуэй, Я. Камол, А. Несин, Кобо Абэ, Г. Маркес каби буюк сўз усталарининг улкан кашфиётларини камситишга асло ҳаққимиз йўқ деб ёзганман («Шарқ юлдузи», 1989, 5-сон, 184-бет). «Ҳақиқат тақозоси» сарлавҳали охирги мақоламда соцреализмга мансуб этилган қатор сохта асарлар кескин танқид этилгани ҳолда, соцреализмдан четда турган «Ўткан кунлар», «Сароб» каби романлар қатъий туриб ҳимоя қилинган.

         Ниҳоят, 80-йиллар охирига келиб шунга амин бўлдимки, коммунистик режим мавжуд экан, коммунистик партиявийлик принципи «очиқ система»нинг  ҳам негизи бўлиб қолаверар экан, унинг «бағри кенглиги» ҳақидаги даъволар омонат, эндиликда ундан нажот қидириш беҳуда; «очиқ система» орқали замонавий адабий жараённи англаш, баҳолаш мумкин эмас. Шу тариқа у ҳақда ёзишни тўхтатдим. Оллоҳ шоҳид, азизлар, ўша кезлар ўттиз йилча сафида бўлганим компартия аъзолигидан чиқишга аҳд қилдим. Аҳдимни устоз Озод акага айтганимда: «Мен ҳам аллақачон шундай қарорга келганман. Лекин бу масалада шошилмайлик. Кўриб турибсиз, компартиянинг тагига аллақачон сув кетган. Бироқ у ҳозир жазавада. Агар шу кезларда партия сафидан чиқсангиз кафедра мудирлигидан, домлаликдан маҳрум бўласиз, матбуотдан четлашасиз, сабр қилсангиз, ҳаммаси жойига тушиб кетади» дедилар. Орадан кўп ўтмай айни устоз айтгандай бўлди.

         Адабиётимизда мустабид тузумнинг танқидий таҳлили тобора кескинлашиб борди, хусусан, Саид Аҳмаднинг «Жимжитлик», Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор», Ўткир Ҳошимовнинг «Тушда кечган умрлар», Омон Мухторнинг «Минг бир қиёфа», Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» романларида, Хуршид Дўстмуҳаммад, Назар Эшонқул қисса ва ҳикояларида, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Шавкат Раҳмон шеъриятида бу тамойил олий нуқтага кўтарилди. Мен улар ҳақида биринчилардан бўлиб сўз айтишга интилганман. ХХ асрнинг энг муҳим ҳодисаси – миллий истиқлол, унинг маънавий-маданий ҳаётимиздаги самараси саналмиш истиқлол адабиётининг, тубдан ўзгараётган, янгиланаётган адабий-бадиий, бинобарин, танқидий тафаккурнинг шаклланиш жараёни шоҳиди, иштирокчиси бўлганим билан фахрланаман.

         Кези келганда, созреализм билан боғлиқ яна бир муаммо хусусида ўз фикримни айтиб ўтсам. Соцреализм негизи саналмиш адабиётга синфий-патиявий ёндашиш яроқсиз усул экани, бу нарса айниқса шўро даврида кўплаб фожеий оқибатларга олиб келганини яхши биламиз. Бироқ жаҳон адабиёти тарихидан шу нарса аёнки, сўз санъати дунёсида оддий заҳматкаш, жафокаш меҳнат аҳлига мойил, улар манфаатини ҳимоя қиладиган, орзу-интилишларини акс эттирадиган ижодкорлар, асарлар ҳам бор, бўлиши табиий. ХIХ аср охири ХХ аср бошларида Овропада, жумладан, Россияда пролетар адабиёти деб аталган оқим шу тариқа пайдо бўлган, жумладан, М. Горькийнинг «Душманлар» драмаси, «Она» романи бунинг далили бўла олади. Бизда ҳам шунга яқин айрим асарлар яратилган. Октябрь тўнтаришидан кейин адабиётда хилма-хил оқимлар қатори инқилобий адабиёт ҳам бошда тенг ҳуқуқли бир тамойил сифатида ҳаракат қилган. Афсус, 20-йиллар иккинчи ярмига ўтиб пролетар адабиёти гегемонлик мавқеини эгаллаб, бошқа оқимларни суриб чиқара бошлади, 30-йилларга ўтиб у соцреализм адабиёти номи остида давлат мақоми тусини олди, Ёзувчилар уставига барча қалам аҳли амал қилиши лозим бўлган соцреализм қоидалари таърифи киритилди, шу тариқа расман сўз санъати ҳукмрон мафкуранинг қуролига айлантирилди. Шундан сўнг адабиёт, санъат оламида қиёмат қўпди. Соцреализм қолипига тушмайдиган адиблар, асарларни қатағон қилиш бошланди... ХХ аср жаҳон адабиёти ривожи манзарасини, тараққий этган носоциалистик мамлакатлардаги аҳволни кўз олдингизга келтиринг. Уларда хилма-хил оқимлар қатори соцреализм деб аталувчи тамойилга мансуб асарлар озми-кўпми мавжуд. Бироқ ҳеч қаерда уларга алоҳида устиворлик ҳуқуқи берилган эмас, бу метод туфайли адабий жараён жабр кўрган, бирорта ижодкорнинг бурни қонаган эмас. Жаҳон адабиёти ва санъатида ҳатто бугунги кунда ҳам оз бўлса-да шу йўналишга мансуб асарлар яратиляпти. Япон киночилари маҳсули бўлган «Ошин» фильми бунинг ёрқин мисоли бўла олади.

         Тан олиш керак, шўро даврида бизда ҳам айни шу йўналишда «Бой ила хизматчи», «Қутлуғ қон», «Синчалак», «Турксиб йўлларида», «Яловбардорликка» каби етук драма, роман, қисса ва шеърий асарлар майдонга келган. Энг катта фожиа шундаки, тоталитар режимнинг тоталитар адабий сиёсати туфайли ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетди. Демак, айб адабий оқим – методда эмас, муайян методни давлат мақомига айлантирган, шу тариқа уни бадном этган адабий сиёсатда!

         Мустақиллик йиллари озод мамлакат фуқаролари, айниқса, ижодкор зиёлилар эришган энг улуғ неъмат шуки, фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги Конституциямизда қонун йўли билан кафолатланди, унда ижтимоий ҳаёт «мафкуралар ва фикрлар хилма-хиллиги асосида ривожланади», «ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас», деб ёзиб қўйилган. Бинобарин, адабиёт ва санъатда хилма-хил оқимлар учун қонуний шароит яратилди. Мана шу имконият самараси ўлароқ, кейинги йилларда бизда модерн адабиёт деб аталган ҳодиса қад ростлади, насрда ҳам, назмда ҳам унинг истеъдодли намояндалари етишиб чиқди. Бу ноанъанавий, нореалистик тамойилга мансуб кўплаб ҳикоя, қисса, достон, романлар пайдо бўлди. Улар теварагида қизғин баҳслар кетяпти. Ёшим бир жойга бориб қолганига қарамай, бу баҳсларга гоҳо аралашишга мажбур бўлаётирман. Гап шундаки, бир қатор ҳамкасбларимиз Овропада пайдо бўлган модерн ҳодисаси бизга, бизнинг менталитетимизга мутлақо ёт, дея унга кескин қарши чиқаётирлар, модерн йўлда ижод этаётган адиблар, уларни ҳимоя қилаётган мунаққидлар шаънига қўпол, ҳақоратомуз таъна-дашномлар ёғдираётирлар. Фанда аллақачон модернизм жаҳон замонавий адабиёти ва санъатининг етакчи услуби деб тан олинган, бу услуб кириб бормаган мамлакат деярли қолмаган, қолаверса, юртимизда ҳозир бутун жамиятни модернизациялаштириш жараёни кетаётган, бу жараён миллий адабиётимизда аллақачон анъана тусини олиб улгурган бир шароитда шу хил давъолар айтилаётгани кишида таажжуб уйғотади. Албатта, ҳар қандай янги адабий ҳодиса силиққина юзага келмайди. Биздаги модерн ҳодисаси ривожи ҳам кўп зиддиятлар, қийинчиликлар ичида кечяпти, унинг ютуқлари билан баробар ожиз жиҳатлари ҳам бисёр. Ожиз жиҳатларинигина рўкач қилиб ютуқларидан мутлақо кўз юмиш, профессионал таҳлил ўрнига декларатив тарзда модерн адабиёт устидан айбловчи ҳукм-хулосалар чиқариш, уни олабўжига айлантириш илмий одобдан эмас. Дунёнинг ишлари қизиқ: икки адабиётшунос ҳамкасбимиз «Ўзбек тили ва адабиёти» журналининг 2005 йил 3-сонида босилган суҳбатида модерн шеъриятни ёппасига қоралаб, жумладан, «Ўзбек модерн шеърияти» тўпламида «бирорта ҳам бадиий жиҳатдан юксак асар йўқ» деб туришганида, айни ўша кезлари «Жаҳон адабиёти»нинг 6-сонида америкалик ёш адабиётшунос, таржимон Рейчл Харэл айни ўша тўпламга кирган шеърлардан инглиз тилига ўзи қилган таржималари тажрибаси хусусида ўзбек тилида гўзал бир мақола эълон этиб, тўпламдаги шеърларга юксак баҳо берди ва янги шеъриятга назокат ва билимдонлик билан ёндашиш намунасини кўрсатди. Бу ҳол шуни яна бир карра исбот этаётирки, бугунги кунда янги бадиий жараёнларни эскича қарашлар орқали англаш, эскирган мезонлар билан баҳолаш асло мумкин эмас. Сўз санъати – ўз номи билан санъат, нафосат олами! Нафосат олами эса дағалликни, қўполликни кўтармайди. Шоир айтмоқчи, ҳозир замоннинг, чархнинг авзои ўзгача, эндиликда       дўқ-пўписалар, дағдағалар билан илмий-ижодий изланишларнинг йўлини тўсиб бўлмайди. Аввало, ижодкорларнинг ўзлари - Назар Эшонқулнинг «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»даги, Баҳром Рўзимуҳаммаднинг «Моҳият»даги чиқишларида бунақа қўпол ҳамлаларга теран мушоҳада, далил ва таҳлиллар орқали одоб доирасида муносиб жавоблар берилди.  Адабий танқид ҳам бу масалада четда туролмайди. Бинобарин, адабиётдаги янгилик, Қаҳҳор айтганидай, янги туғилган чақалоқдек ҳамиша ҳимояга, меҳрибон дояга муҳтож!

         Камина шу кунгача босиб ўтган йўлнинг энг асосий сабоғи – шу!

 

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz