Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

БАДИИЙ СЎЗ ҚУДРАТИ*

(Ёзувчи Ўткир Ҳошимов билан суҳбат)

 

ТАНҚИДЧИ. Адабиёт тарихида шундай ижодкорлар борки, вақт ўтган сари улар яратган асарларнинг қадр-қиммати тобора ошиб бораверади. Улуғ адиб Абдулла Қодирий ана шундай ижодкорлардан. Ёзувчининг илк романи “Ўткан кунлар” китоб ҳолида босилиб чиққанига мана етмиш йил бўляпти, аммо бу асарга қизиқиш асло сусайгани йўқ.

Адабиёт тарихида қизиқ парадоксларга дуч келамиз. Шундай китоблар бўлади, улар ўз вақтида катта шуҳрат қозонади, атрофида шов-шувлар кўтарилади, бироқ кўп вақт ўтмай, эсдан чиқиб кетади. Яна шундай китоблар бўладики, ўз вақтида тан олинмайди, лекин вақт ўтиши билан, барибир, улар ҳақиқий баҳосини олади.

ЁЗУВЧИ. Адабиёт тарихида бошқачароқ парадокслар ҳам бор. Шундай асарлар учрайдики, китобхон уларни қабул қилмайди, қилолмайди. Муаллиф «ношукур» ўқувчидан ранжиб, мени келажак авлод тушунади, деб умид қилиб юради-юради, аммо келажак авлод ҳам тан олмайди. Бунинг сабаби аён: аслида ўша асарнинг ўзи бўш, ғоявий-бадиий жиҳатдан ожиз бўлади.

ТАНҚИДЧИ. Абдулла Қодирийнинг бахти шундаки, унинг асарлари, хусусан, «Ўткан кунлар» яратилган пайтида ҳам, бугунги кунда ҳам бирдек машҳур, қадрли.

ЁЗУВЧИ. «Ўткан кунлар» чин маънода буюк роман бўлди. Бир қаламкаш ижодкор сифатида шунга аминманки, оддий китобхон ақалли тўртта шеърини ёд олиб юрмаган шоир шоир эмас. Оддий китобхон роман ёки қиссасини ўқиб, ақалли тўрттагина қаҳрамоннинг қисматини бошқа бировга ҳаяжонланиб айтиб юрса, шу қаҳрамонлар билан ўзини дўст тутса, ўша ёзувчи – ёзувчи. Ҳолбуки, йигирманчи, ўттизинчи йилларда ўз ўғлига Отабек, қизига Кумуш исмини қўйган одамлар кўп бўлган. Бунақа ота-оналар ҳозир ҳам тез-тез учраб туради. Ёзувчи учун бундан катта бахт йўқ.

ТАНҚИДЧИ. «Ўткан кунлар»нинг ўз вақтида эл орасидаги довруғи ҳақида кўп эшитганмиз, ўқиганмиз. Асарнинг пайдо бўлиши китобхонлар учун катта байрамга айланган. Қадимда бизда ғазалхонлик, достонхонлик кенг расм бўлган, романхонлик анъанаси эса «Ўткан кунлар»дан бошланган. Бу романни ўқиш, тинглаш билан кифояланмай, уни ўзи учун бошдан-оёқ кўчириб олувчилар, ёд олиб, давраларда айтиб юрувчилар бўлган. «Гулистон» журналида «Ўткан кунлар»ни ёд айтиб юрувчи тожикистонлик бир кекса китобхон ҳақида бир мақола босилди. Ғазални, достонни ёд олиш, ёддан айтиш мумкин, бутун бошли романни ёд олиб, узоқ йиллар хотирада сақлаб айтиб юриш сийрак учрайдиган ҳодиса. Оддий китобхон бутун бошли романни ёд олган экан, демак бундай асар унинг учун ниҳоятда азиз, муқаддас, қалбига яқин бўлиши керак.

Бир воқеа сира эсимдан чиқмайди. Шоир Миртемир оғир дардга чалиниб касалхонада ётганида, танқидчи Озод Шарафиддинов билан кўргани бордик. Миртемир домла бир оз ўзига келган, бироқ шифокорлар ҳали туришга рухсат бермаган эканлар. Биз хонага кирганимизда домланинг қўлларида «Ўткан кунлар» романи, ётган жойларида мутолаа билан машғул эканлар. Домла роман орасига хатчўп қўйиб, биз билан саломлашдилар ва китобга ишора қилиб: «Мўъжиза, нақд мўъжизанинг ўзи!» дедилар ва: «Бу галги мутолаа, балким юзинчисидир...», дея жилмайиб илова қилдилар. Маълум бўлдики, Миртемир домла касалхонада бир оз ўзига келиб биринчи сўрагани «Ўткан кунлар» романи бўлибди. Улкан шоирнинг оғир хасталик чоғида хаёлини, дилини ўзига мафтун этган, этолган, юзинчи бор ўқишга ярайдиган китоб ҳақиқатан ҳам, унинг ўз сўзи билан айтганда, мўъжиза!

ЁЗУВЧИ. «Гулистон»да босилган ўша мақолани мен ҳам ўқиганман. Яна битта мисол қўшишим мумкин. Ҳузуримга бир йигит келди. Спортчи, аниқроғи, каратэчи экан. «Ўткан кунлар» дан бутун-бутун саҳифаларни ёдаки айтиб берди... Ҳолбуки, бу йигит нари борса ўттиз ёшларда эди. Бундан чиқди, «Ўткан кунлар» эллик йил илгари одамларни қанчалар ҳаяжонга солган бўлса, ҳозир ҳам деярли шунчалик тўлқинлантирар экан-да!

Тўғри, ўтмишда бошқа халқлар қатори бизнинг халқимизда ҳам савод масаласи чатоқ бўлган. Лекин бу – халқ ўртасида адабиётга қизиқиш йўқ эди, деган фикрни асло англатмайди. Акс ҳолда, ҳазрат Навоийнинг буюк ижоди  яратилмас, бизгача етиб келмас эди.

Бундан бир неча йил илгари марказий матбуотда москвалик кекса педагогнинг «Оилавий қироатхонлик» («Семейные чтения») деган мақоласи эълон қилинди. Мақола муаллифи бир нарсани ҳаяжонланиб ёзади. Бнр вақтлар оилавий китобхонлик бўларди, оиланинг каттаю кичик аъзолари жам бўлиб, бир китобни ўқир, ўша китоб қаҳрамонлари билан биргалашиб қувонишар, изтироб чекишар, бу эса оила аъзоларини бир-бирига руҳан яқинлаштирар эди, дейди. Тўғри гап, ҳали ҳамма ёппасига саводхон бўлмаган пайтда бизда «Ўткан кунлар» оила аъзолари ўртасида, чойхоналарда, гап-гаштакларда завқ билан ўқилган, иштиёқ билан тингланган. Бир уй одам гоҳ кулиб, гоҳ йиғлаган... Одамлар буни азбаройи бекорчиликдан қилишган эмас...

Эсимда бор: урушдан кейинги йиллар эди. Тўрт-беш яшар боланинг хотираси нимага қодир бўлса, мен ҳам ўша қадар хотирлайман. Дадам тоғам билан суҳбатлашиб ўтириб, Жулқунбой деган «зўр ёзувчи», “Ўтган кунлар”, Отабек, Кумуш ҳақида гаплашиб қолишар, аммо, чамамда, ўша китобнинг ўзи уйда йўқ эди... Узун қиш кечалари катта акам еттинчи чироқни сандал устига қўйиб, «Кунтуғмиш», «Гўрўғли» сингари китобларни ўқир, катта-кичик ҳаммамиз жам бўлиб тинглар эдик... «Ўткан кунлар» ни мактабни битирган йилим ўқидим. Ўқидиму, ғалати, сирли бир оламга кириб қолгандек бўлдим. Тўғри, у пайтларда Евгений Бертельснинг «Дунёда бешта, яъни француз, рус, инглиз, немис ва ҳинд романчилиги мактаблари бор эди, энди олтинчисини, яъни ўзбек романчилиги мактабини Абдулла Қодирий яратиб берди», деган гапидан ҳам, Мухтор Авезов Қодирий романлари гўё текис саҳрода тўсатдан Помир  тоғлари вужудга келгандай пайдо бўлди, деганини ҳам, машҳур туркман адиби Хидир Деряев Қодирийни ўзининг буюк устози санаганини, ниҳоят, Ойбек домла Қодирий ҳақида йирик китоб ёзганини билмас эдим. Орадан кўп йиллар ўтиб, бир нарсани англадим. Ўқувчини асар қаҳрамони билан шунчалик ошно қиладиган китоб ёзиш қийин экан, жуда қийин экан. Кейинроқ яна бир ҳақиқатни англаб етдим: чинакам улуғ ёзувчи шундай мактаб яратар эканки, унинг мактабида тенгқурлари ҳам, келажак авлод қаламкашлари ҳам беихтиёр таълим олар экан. Ойбек, Ғафур Ғулом, Мирзакалон Исмоилий, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов, Мирмуҳсин, Пиримқул Қодиров, Ўктам Усмонов, Худойберди Тўхтабоев, Неъмат Аминов, Хайриддин Султоновлар ижодида Қодирий таъсири у ёки бу тарзда сезилади. Асар тилида, услубида, характерлар яратишда, роман жанри ёки сатира сирларини эгаллашда... Мен тилга олган номлардан ҳам кўриниб турибди: ҳозирнинг ўзигача тўртта авлод Қодирийдан ижодий баҳраманд бўлибди.

ТАНҚИДЧИ. Қодирий мактабида тенгқурлари ҳам таълим олган дедингиз. Буни тасдиқлайдиган биргина факт келтираман. Садриддин Айний «Дохунда» романидаги бир ўринда Қодирийдан таъсирланганини ошкора эътироф этган.

ЁЗУВЧИ. Яқинда «Ўткан кунлар»ни қайтадан синчиклаб ўқидим. Китобнинг сўнгги саҳифаларига келганда кўзимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Шундай «жиддий адасини»нинг нимага» йиғлаётганини тушунмай ҳайрон бўлиб турган ўғил-қизим олдида ўзимни ҳеч тўхтата олмай йиғлардим. Бу фақат асар қаҳрамонлари тақдирига ачиниб йиғлаш эмас эди...

ТАНҚИДЧИ. Кўпинча адабиёт, санъат ривожидаги новаторона кашфиётлар кенг ўқувчилар оммаси томонидан бир оз қийинчилик билан қабул қилинади. Ўзбек адабиёти учун принципиал янгилик – том маънодаги биринчи реалистик роман – «Ўткан кунлар» кўпчиликка ниҳоятда маъқул тушган, кенг китобхонлар оммаси қалбига осон йўл топган, улар қалбининг тўридан жой олган экан, бунинг муайян сирлари, сабаблари бўлса керак.

ЁЗУВЧИ. Сиз айтаётган ҳолат «кўпинча» бўлмайди, «баъзан» бўлади. Чунки новаторона кашфиётларнинг ўзи кўп бўлмайди. Шунда китобхон баъзан асарни яхши тушунмаслиги мумкин. Кўпинча эса бошқа нарса рўй беради: «қаламкаш мен новаторлик қиламан деб, халқ руҳидан, умуман, ҳаётдан узоқ нарсаларни ёзади, натижада ўз авлоди ҳам, келажак авлод ҳам ўша асарни тушунмайди, тўғрироғи, тушунишни истамайди ҳам. Қодирий домланинг сиз айтган новаторона асари халқ ўртасида шунчалик шуҳрат қозонишининг унчалик фавқулодда сири йўқ. Рост, ўша олис йигирманчи йилларда халқ Тоҳир ва Зуҳро, Юсуф ва Зулайҳо сингари афсонавий қаҳрамонларга кўниккан эди. «Ўткан кунлар» нинг қаҳрамонлари афсонавий шахслар змас эди. Шундай экан, нима учун оддий китобхонлар уларни дарров жон-дил билан қабул қиладилар? Чамамда, бунинг иккита асосий сабаби бор. Биринчидан, романда халқ руҳи жуда ҳаётий, жуда чуқур акс этган. Иккинчидан, китобхонлар «Ўткан кунлар»да худди ўзларига ўхшаган реал, тирик одамларни кўришди. Улар шундай асарга, ҳаётий қаҳрамонларга ниҳоятда муштоқ эдилар.

Бир қатор ҳурматли олимларимиз Қодирийнинг бадиий маҳорати ҳақида яхши ишлар қилишган. Бироқ, бу борада ҳали очилмай ётган қўриқлар ҳам беҳисоб. Айтайлик, бадиийликнинг муҳим омилларидан бири – асарда одамлар олами, халқ руҳини тасвирлаш, кашф этиш. «Ўткан кунлар» бу жиҳатдан бебаҳо бир хазина.

Аввало, бадиий асарда халқ руҳи деганда нимани тушунамиз? Ўзим гувоҳ бўлган иккита мисолни айтай.  Бундан анча йиллар илгари экранларда «Анна Каренина» фильми намойиш қилинди. Собиқ синфдошим, фабрикада ишлайдиган дўстим билан кинога тушдик. Кинодан чиққандан кейин дўстимнинг таассуротини сўрадим. «Фильм яхши-ю, лекин Каренина дегани ёмон хотин экан», деди дўстим. Мен унга ёзувчининг мақсадини, асар ғоясини тушунтирдим. Охири қўлига романнинг ўзини бердим. Ўн беш кундан кейин дўстим китобни олиб келди. «Ажойиб китоб экан, Аннани энди тушунгандай бўлдим», деди у... Орадан бир йилча ўтгач, Қора денгиз бўйига дам олишга борганимизда ленинградлик бир студент қиз билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдим. У республикамизга, ўзбеклар ҳаётига, адабиётимизга ниҳоятда қизиқар, лекин ўзбек адабиётидан ҳеч нарса ўқимаган экан. Мен унга биринчи галдаЎтган кунларни тавсия этдим. Ҳайриятки, санаторий кутубхонасида романнинг русча таржимаси бор экан, олиб ўқий бошлади. Уч кундан кейин олдимга келди, роман ҳақида ҳаяжонланиб гапирди. Айни пайтда бир масалада ўз таажжубини ҳам билдирди: «Ажойиб асар экан, фақат бир нарсага ҳайрон қолдим. Нима, Кумуш жинними? Эри бошқасига уйланса, йиллаб ташлаб қўйса-ю, Кумуш унинг йўлига кўз тикиб ўтирса?»

Айтинг-чи, нима бу? Ким айбдор? Ёзувчими, китобхонми? Йўқ! Ҳеч ким айбдор эмас. Толстой ҳам, Қодирий ҳам, дўстим ёки студент қиз ҳам... Бутун гап инсон психологиясининг кўп йиллар мобайиида шаклланган кўникмаларида, қолаверса, асарнинг ҳаётийлигида. Агар ҳамма адиблар бир қолипда асар ёзаверса, ижоднинг ўзи аллақачон барҳам топар эди. Чинакам миллий ёзувчининг маҳорати, бадиий тасвир қудрати ҳам шундаки, у инсон психологиясини, халқ руҳини ниҳоятда аниқ тасвирлайди. Аслида бадиий ижод мана шу ранг-баранглиги билан умуминсонийликка хизмат қилади.

ТАНҚИДЧИ. Адабиётнинг бош вазифаси, Л. Толстой айтгандек, одамларни, бинобарин, халқларни бир-бирига яқинлаштириш. Одамларни, халқларни бир-бирига яқинлаштириш эса уларнинг бир-бирларини яқиндан билиши, яхши тушуниши орқали амалга ошади. Адабиёт ҳар бир халқнинг ўзига хос ҳаёт тарзини, миллий руҳиятини ифодалаш, кашф этиш орқали ҳам халқларни бир-бирига яқинлаштиради. Мен аминманки, сизнинг ишчи дўстингиз рус адабиётини, ленинградлик студент қиз эса ўзбек адабиётини, унинг энг яхши, баркамол асарларини кўпроқ ўқисалар, ҳар иккаласидаги бояги ажабланиш тобора барҳам топиб, асарларда акс этган халқ руҳиятини англайдиган, миллий характерлар хатти-ҳаракати, кайфиятини тушунадиган, қадрлайдиган бўла борадилар.

Ўзимдан бир мисол келтирай. Дастлаб Габриэль Гарсиа Маркеснинг «Танҳоликда юз йил» романини ўқиганимда ундаги кўп лавҳалар, одамлар орасидаги интим муносабатлар ифодаси мени таажжубга солган эди; романда сиз билан биз асло ҳазм қилолмайдиган, биз учун ниҳоятда ғайри табиий бўлиб туюлган ҳолат, ғаройиб одатлар оддий, табиий ҳодисадек тасвир этилади. Кейинчалик бу улуғ реалист ёзувчининг бошқа асарлари билан танишгандан кейин амин бўлдимки, Маркес Колумбия халқи ҳаётининг ҳаққоний манзарасини, халқнинг ҳаёт тарзини, миллий одат, таомилларини фавқулодда бир маҳорат билан акс эттириб берган экан. Дастлаб ғаройиб туюлган ҳодисалар эндиликда мен учун ҳам табиий кўринадиган бўлиб қолди.

ЁЗУВЧИ. Келинг, «Ўткан кунлар»даги халқ руҳиятига оид мисолларга мурожаат қилайлик. Қодирийнинг бу борадаги маҳорати асар бошидаёқ кўринади. Отабек Марғилонга илк бор сафар қилганида, шаҳардаги баъзи одамлар у қўнган ҳужрага меҳмон бўлиб келишади. Хизматкор Ҳасанали чой келтиргани турганида меҳмонлардан бири бу чол кимлигини сўрайди. Адиб бу манзарани шундай тасвирлайди:

 «Отабек Раҳматнинг саволига жавоб бермай, эшикка қаради. Ҳасаналини ҳужрадан узоқлатиб, сўнгра жавоб берди:

Қулимиз».

Хўш, нега у Ҳасаналини «узоқлатиб», сўнгра жавоб беради? Бу масалага оддий қарасак, Ҳасанали Отабекка маънавий отадек гап. Аслида ҳам шундай, шунинг учун йигит унинг ҳурматини жойига қўяди, деймиз. Аммо гап фақат шундами? Йўқ, яна бир гап бор. Муҳими шундаки, Отабекда андиша бор. Мабодо Ҳасанали маънавий ота даражасида бўлмаса ҳам, Отабек, барибир, шундай қилар эди.

Яна бир лавҳа. Мирзакарим қутидор Отабекни меҳмонга чақиради. Шу хабарни у оила аъзоларига мана бундай етказади:

- «Мен сизга айтиб қўяй, Кумуш, — деди турар экан, қутидор Офтоб ойимга, – бу кунга бир меҳмон  айтган эдим».

Бу суҳбат устида Кумуш ҳам бор. Қолаверса, Қутидор Отабекни аввал  ҳам  кўрган, «киройи  куёвинг шундоқ бўлса», деган хаёлга ҳам борган эди. Энди, тасаввур қилингки, асар худди шу ҳолда бошқа тилга ағдарилди. Китобхоннинг хаёлига дарров бир фикр келади. Қутидор Отабекни қизига мақтаяпти. Негаки, «Кумуш» деб мурожаат қиляпти. Аслида шунақами? Йўқ! Биринчидан, Қутидор бадавлат одам. Қизига келаётган совчиларнинг саноғи йўқ. Қолаверса, у тақводор киши. Ҳеч қачон ўз қизи олдида бегона йигитни гапириб ўтирмайди...  Гап  шундаки, у Кумушга эмас, хотинига – Офтоб ойимга мурожаат қиляпти. Халқимизда ҳалиям  бир удум бор. Эр хотинини, хотин эса эрини бош боласининг исмини айтиб чақиради, мурожаат қилади, тасаввур қилинг, бу фикрни китобни бошқа тилда ўқийдиган китобхонга изоҳлаш учун озмунча шарҳ керак бўладими?

Яна бир мисол. Отабек Марғилонга келиши билан қайнанаси Офтоб ойим «товоқни хурмага, хурмани товоққа уриштириб», шоша-пиша қатиқ олиб чиқади. Ёки қипчоқлар қирғинини ўз кўзи билан кўриб келган Отабек Юсуфбек ҳожига қаттиқ гаплар айтади. Отаси, гарчи айбдор бўлмаса ҳам, бу гапларни изтироб аралаш жим эшитади. Аммо зум ўтмай, гап мавзуи Отабекнинг Марғилондаги «қотиллиги»га етганида Юсуфбек ҳожи «шарқ оталиги вазиятини олади». Гарчанд нариги масалада отаси қанчалик айбсиз бўлса, бу масалада Отабек ҳам шунчалик бегуноҳ бўлишига қарамай, у отанинг бетига сапчимайди. Бор гапни, юрак дардини одоб билан тушунтиради.

Ниҳоят, тағин бир лавҳа: Кумуш илк бор қайнатаси билан юз кўришди. Қодирий ёзади: “Кумуш уялиб зўрғагина салом берди ва Юсуфбек ҳожининг яқинига келиб бўйин эгди. Ҳожи қўли билан Кумушнинг елкасига қоқиб суйди ва Кумушнинг манглайига тегизиб олган ўз қўлини ўпди...”

Мана, сизга аниқ тасвир, халқ руҳи, удуми! Ҳиндлар бир-бирини кўрганида кафтини жуфтлаб таъзим қилади, баъзи араблар бир-бирига бурнини тегизиб омонлашади, французлар аёл кишининг қўлидан ўпиб саломлашади, ўзбек эркаги эса фарзанди қатори аёлни оталарча эркалаганида, унинг манглайини силайди-да, ўз қўлини ўпади...

ТАНҚИДЧИ. Одамни титратиб юборадиган яна бир ёрқин миллий ҳолат: Кумуш заҳарланиб, ўлим тўшагида ётибди. Қайнатаси Юсуфбек ҳожи Кумушнинг бошига келиб ўтиради. Келиннинг кўзи юмуқ, сочлари юзи устида паришон. Ҳожи келинининг сочларини тузатиб, манглайига қўлини босади, «Ойим... Ойим!» дея мурожаат этади. Бунақа ҳолатда ёши улуғ эркак кишининг, қайнатанинг келини ёнига келиб паришон сочларини тузатиши, манглайига қўлини қўйиб ҳол-аҳвол сўраши табиий бир ҳол. Шунга қарамай, Кумуш кўзини очиб, бесаранжом унга назар ташлайди ва таниб... қўзғалмоқчи бўлади. Қарангки, келин қайнатасини таниб, бу ёши улуғ эркак киши олдида афтодаҳол ётганидан ҳижолат чекиб, ўша ночор ҳолда ҳам одоб юзасидан қўзғалмоқчи, ўрнидан турмоқчи бўлади.

ЁЗУВЧИ. Умуман Қодирий ижодида, «Ўткан кунлар»да ҳам, «Меҳробдан чаён»да ҳам, «Обид кетмон»да, ҳикояларида ҳам бундай манзаралар тўлиб ётибди. Бу хусусда кўп гаплар айтиш мумкин. Менга қолса, Қодирийнинг «зўрлиги» бунақа лавҳаларни ишлатишнинг ўзида эмас. Рус адабиётшунослигида «самоцель» деган жуда ўринли ибора бор. Ҳанузгача унинг аниқ ўзбекча таржимаси йўқ. Эҳтимол, бу «ўзининг билимдонлигини кўрсатиб қўйиш» деган маънони берар. Муҳими шундаки, Қодирий бу лавҳаларни ўзини кўрсатиб қўйиш учун ишлатган дейиш бориб турган гумроҳлик бўларди. Гап шундаки, буларнинг ҳаммаси асарнинг ўзи билан бирга қўшилиб туғилган. Аслида истеъдод деганининг энг ёрқин қирраларидан бири мана шу табиийлик бўлади!

ТАНҚИДЧИ. «Ўткан кунлар»ни элга манзур этган омиллар кўп, шулардан бири, Сиз айтгандай, романда халқнинг кайфияти, руҳияти, таомиллари ёрқин ифода этилганлигидадир. Халқ руҳияти, таомиллари ифодасига оид яхши мисоллар келтирдингиз. Аммо халқ руҳияти фақат шу хилдаги таомиллар ифодасидангина иборат эмас. Романдаги бир ҳолат ниҳоятда қадрли. Асарга, муаллифнинг ўзи эътироф этганидек, «тарихимизнинг энг кир, қора кунлари» мавзу қилиб олинган; дарҳақиқат, романда «энг кир, қора кунлар» саналмиш кейинги «хон замонлари»нинг ярамасликлари, даҳшатлари, кескин зиддиятлари шафқатсиз бир реалистик куч билан очиб ташланган. Шу билан баробар ёзувчи халқ тарихига, унинг кечаги кунига, бой анъаналарига,  яхши удумларига улуғ бир ҳурмат, эҳтиром билан қарайди, халққа, унинг шаънига малол келадиган гап қилмайди, ўша «энг кир, қора кунлар»да ҳам халқ орасида зулматни ёритувчи нурлар, зулмат билан олишадиган, халқ истиқболини ўйлайдиган кучлар бўлганлигини асло эсдан чиқармайди; ёзувчи ўша чиркин муносабатлар чириб битган, таназзулга юз тутган, бундан эл-юрт мислсиз жафо чекаётган,  қолоқ одатлар  одамлар  турмушига оғу солаётган, улар бахтини завол этаётган бир замонда ҳам кишилар чин одамийликни сақлаб қолганликларини, одамдек  яшашга интилганликларини санъаткорона кўрсатади; гарчи муваққат, ўткинчи бўлса-да, одамларнинг бахтли дамларини, ҳаётнинг сурурли дақиқаларини – дала сайри, меҳмон кутиш, ширин суҳбатлар, зиёфатлар гаштини, совчилик удуми, қиз узатиш, никоҳ тўйи базми, висол лаззати онларини бутун завқ-шавқи билан китобхонга етказади. Яхши одамлар қалбидаги заковат ва саховат, улар орасидаги меҳр-эҳтиром, бир-бирига мурувват, самимият, севги-садоқат, фидойилик туйғуларини топиб тасвирлайди; Юсуфбек ҳожи, Отабек, Қутидор, Ўзбек ойим, Офтоб ойим, Кумуш, уста Олим – буларнинг ҳар бири китобхон дилини ўзига ром этади. Ана шундай одамлар билан танишганингизда, беихтиёр, ўзингизни шундай кишилар авлодидан эканлигингиз билан фахрланасиз. Бундай одамларни бошқа халқларга ҳам кўз-кўз қилгингиз келади.

ЁЗУВЧИ: Оддий бир ҳақиқат бор. Инсоният пайдо бўлган ўша кўҳна замонлардан бери яхши одамлар ёмонлардан кўра ҳамиша кўпроқ бўлган. Акс ҳолда тараққиётнинг ўзи бўлмас эди. Яхшилар эзгу удумларни, покиза ниятларни авлоддан-авлодга мерос қилиб қолдирганлар. Қўлларидан келганча шу покиза маънавий бисотни кўпайтиришга ҳаракат қилганлар. Ҳа, муаллифнинг ўзи таъкидланганидек, «Ўткан кунлар» тарихимизнинг энг «қора кунлари»ни акс эттиради. Адиб инсон ҳаётини бўғувчи, жамият тараққиётига кишан бўлувчи муҳитнн бутун зулмати билан тасвирлайди. Аммо, давр ёмон дегани – одамзот ёмон, дегани эмас. Ёзувчи мана шу ҳақиқатни асло унутмайди. Хонликлар замонининг мудҳиш манзараларини ўқиб, юрагингиз сиқилиб кетганидан табиатнинг гўзал лавҳалари, одамлар ўртасидаги самимий дўстлик, ҳар қандай синовга бардош бера оладиган қудратли инсоний муҳаббат, садоқат тасвирини кўриб, дилингиз ёришади. Қизлар мажлисини эсланг: «гуллар, лолалар, тўтилар, қумрилар мажлиси!» Отабекнинг Мингўрикка чиққанида кўрган баҳор манзараси-чи?

ТАНҚИДЧИ. Шуниси характерлики, ҳаётдаги нурли, завқли ҳодисалар ифодасида ўтмишни идеаллаштириш, безаб кўрсатиҳдан асар ҳам йўқ!

ЁЗУВЧИ. Адибнинг чинакам бадиий маҳорати шундаки, у энг гўзал, сурурли манзараларни тасвирлаганда ҳам асарнинг бош концепциясидан асло чекинмайди. Китобхоннинг хаёлида аллақандай хавотирга ўхшаган ҳис доим сақланиб тураверади. Баъзан эса энг гўзал манзара энг оғир ҳолатни очиш учун хизмат қилади. Ёдингиздами, Отабек Зайнабга унаштирилгандан кейин Марғилонга кетаётганида кўклам тасвири берилади...

ТАНҚИДЧИ. Умуман, «Ўткан кунлар» да манзара тасвири кам, борлари аниқ, тиниқ, ҳаммаси муайян мақсадга хизмат қилади...

ЁЗУВЧИ. Бояги ҳолатда ёзувчи кузнинг дилгир манзарасини чизса ҳам бўлар эди. Бундай қилиш муаллиф ихтиёрида. Аммо Қодирий кўклам тасвирини чизар экан, бошқа, катта мақсадни кўзлайди. Табиат яшнаган, қушлар ошён қуриш ташвишида. Бу Отабеқнинг ҳолатига тамоман зид. Ҳатто қушлар ҳам уй қуряпти. Ота-она орзуси эса унинг ширин ошёнини бузяпти. Ўқувчи буни ҳис қилади-ю, ўша табиат манзараси хаёлига умрбод муҳрланиб қолади.

Удумлар масаласига келсак, аксарият асарларда бу борада бир қолип бор. Ўтмишда аёллар забун бўлган, эркаклар аблаҳ, зўравон бўлган. Тўғри, ўтмишда забун аёллар ҳам, аблаҳ, зўравон эрлар ҳам етарли эди. Ҳомид, Азизбек, Содиқ, Мутал, Қўрбоши, Мусулмонқул каби разилларнинг бутун чиркин оламини Қодирий ўхшатиб, баъзан ошкора ғазаб билан тасвирлайди. Бироқ  аёлларга муносабат бобида Отабек, Қутидор, Юсуфбек ҳожи, уста Олим сингари эрлар ҳам йўқ эмасди. Отабекдан совчи келганида, Қутидор энг аввал хотини билан кенгашади. «Энди қандай кенгаш берасан, хотин?» дейди. Ёки Юсуфбек ҳожи билан Ўзбек ойимнинг муносабатларини олайлик. Ҳожи Ўзбек ойимнинг измидан чиқмайди. Кўп китобларда домлалар эчки соқол, саводсиз, очкўз қилиб тасвирланади. Отабекни Кумушга никоҳлаган домла эса «оқ соқолли, кўркам сиймо ва оғир табиатли...» Бу ишни адиб азбаройи ўша домлани «яхши кўриб кетганидан» қилган эмас. Гап шундаки, бу тасвир Отабекнинг ўша пайтдаги ҳолатига жуда мос. Мантиқан чуқур асосланган.

ТАНҚИДЧИ. Шу тариқа «Ўткан кунлар» романи аввало асосий ғоявий йўналиши, ижтимоий мазмуни, яъни халқнинг тинкасини қуритган, тарихий тараққиётга ғов бўлган чиркин муносабатлар, қолоқ одатлар фожиасини очиб берганлиги билан, айни пайтда халқ ҳаётининг нурли томонларини, халқ дилига яқин кишилар образини зўр эҳтиром билан кўрсатгани, шу йўл билан халқ руҳияти, кайфиятига. яқин бўлгани учун ўқувчилар орасида  катта довруғ, обрў-эътибор қозонди. Бугина эмас, асар ўзининг бадиияти билан ҳам халқ руҳига ниҳоятда яқин эди. «Ўткан кунлар»да халқнинг узоқ йиллик ҳам оғзаки, ҳам ёзма бадиий, маънавий анъаналари, ҳаттоки архитектура, мусиқа соҳасидаги бадиий тафаккури ўзига хос тарзда реалистик шаклда мужассамлашган.

Ёзувчи Темур Пўлатов «Тошга битилган достон» мақоласида адабиётимиздаги илк реалистик, йирик асарларнинг туғилишида, уларнинг поэтикасидаги қадимий архитектура ёдгорликлари ансамбли тажрибаларининг маълум ва сезиларли таъсири, роли борлиги ҳақида қизиқ фикрларни ўртага ташлаган эди. Дарҳақиқат, «Ўткан кунлар» поэтикасида ўша улуғвор архитектура ансамблларини ёдга туширувчи нималардир бор... Қолаверса, мен «Ўткан кунлар» ни мутолаа қилаётганимда негадир хаёлан шашмақом куйларини тинглаётгандай бўламан: гоҳ якка созда, гоҳ созлар ансамблида, гоҳ хонандалар билан созандалар жўрлигида... Роман бош қаҳрамони ҳаётининг энг кескин драматик дақиқаларидан бирида шашмақомнинг ниҳоятда мунгли, драматик куйи – «Наво» садосини тинглаймиз. Бу – мақом куйининг сўз санъатидаги биринчи реалистик ифодаси, талқини! Бу тасодифий бир ҳол эмас. Романда «Наво» куйи билан баробар кўп ўринда халқ қўшиқлари, лапарлари ҳам қаламга олинади.Ҳа, асарда ёзувчи романга бу хил қўшиқлар оҳанги – руҳини ҳам сингдирган. Яхлит олганда, асардаги тасвир оҳанги мунгли, дардли бўлса-да, воқеалар, ҳодисалар қамрови, оқимига кўра сержило – полифоник.

ЁЗУВЧИ. Аввало, ҳар бир чинакам бадиий асарнинг ўз ички мусиқаси бўлади. Бу куй ҳали адиб ёзув столи олдига ўтирмасданоқ бошланади. Илҳом деймизми, пафос деймизми, хуллас, шу куй бўлмаса, асар чинакам бадиийликдан маҳрум бўлади. «Ўткан кунлар» да ҳам биринчи саҳифаларданоқ қулоғингиз остида майин, хазин бир куй жаранглаб кетади. Адиб сизни шу мусиқа билан аллалаб, китоб ичига олиб кириб кетганини ўзингиз сезмай қоласиз. Асарнинг ички оҳанги ҳақида ҳали яна тўхталармиз. Ҳозир Сиз айтган халқ куйи, қўшиқларининг романда қўлланиши ҳақида...

Ҳа, асарда лапарлар, қўшиқлар кўп. Бироқ Қодирий буларни ҳам азбаройи халқ оғзаки ижодидан яхши хабардорлигини кўрсатиш учун ишлатган эмас. Ҳар бир куй, лапар, қўшиқ қаҳрамон руҳиятини очишга, керак бўлса, асар драматизмини кучайтиришга хизмат қилади. «Қизлар мажлиси»даги қўшиқ Кумушнинг ҳолатини, ички дардини очиш учун энг чиройли восита. Ахир, у ҳозирги замон қизи эмаски, бу тўйнинг менга кераги йўқ, ўз севганим бор, деса! Баъзан адиб ишлатган бир сатр кўшиқ бутун бошли достоннинг кучини беради... Кулманг, муболаға қилаётганим йўқ. Яна ўша боя тилга олинган манзарани эслайлик: Отабек Зайнабга унаштирилган, Кумушнинг олдига кетяпти. Баҳор, гуллар очилган. Олисда қўш ҳайдаётган йигитнинг қўшиғи эшитилади: «Икки ёрни ажратувчи бу фалакнинг гардиши!..» Агар бу сўзларни Отабекнинг ўзи айтганида шунчаки сентиментал, чучмал эшитилиши мумкин эди. Йўқ, уни бутунлай бошқа одам айтяпти. Атайлаб эмас, шунчаки... Бироқ «шунчаки» ашула фавқулодда катта маъно касб этади. «Наво» куйи ҳақида гапирдингиз. Шу бобда китобхонни титратиб юборадиган битта жумла бор. Маст Отабек хонандага буюради: «Билсангиз, ҳайдалиш куйини чалингиз, ажралиш куйини чалингиз!...» Мана шу жумланинг ўзида жуда аламли, оғир, изтиробга тўла ҳақиқий эркак йиғиси бор.

Яна асар мусиқасига қайтсак... Тўғри айтдингиз: асарда ранг-баранг оҳанглар бор. Аммо уларнинг ҳеч бири алоҳида ажралиб қолмайди. Аксинча, бир-бирини тўлдиради, ягона оҳангдорликни ташкил этади. Ҳаётнинг ўзи шу: инсон боласига йиғлаш учун алоҳида, кулиш учун алоҳида кўз ато қилинган эмас. Қувонч ёши ҳам, алам ёши ҳам битта кўздан чиқади. Қолаверса, шодлик билан изтироб кўпинча етаклашиб юради.

ТАНҚИДЧИ. Кинода ҳамиша ҳодисалар мусиқа садолари жўрлигида гавдаланади, кўпинча биз бу куйларни тинглаб турамизу, уларга зътибор бермаймиз. Аксинча, энг яхши бадиий асарда, гарчи мусиқа, куй мутлақо тилга олинмаса ҳам, ҳодисалар бағридаги аллақандай ички садони, оҳангни баралла эшитгандай бўламиз. «Ўткан кунлар»даги энг ҳаяжонли ҳодисаларнинг барчаси ўз оҳанги, садосига эга. Уларнинг барчаси жам бўлиб, романнинг етакчи пафосини китобхон қалбига етказишда муҳим роль ўйнайди.

ЁЗУВЧИ. Романда одамнинг дилини ҳар хил кўйга соладиган садолар кўп. Кумуш Отабекни никоҳ кечасида илк бор кўрганида: «Сиз ўшами?» деб энтикканида, эр-хотин узоқ жудолиқдан кейин дийдор кўришгач, Кумуш: «Сиз қочқоқсиз», деб Отабекни эркалаб, секингина юзига шапатилиб қўйганида, ўринга кирар экан, ёш боладек: «Бўлгани йўқ, бўлгани йўқ!», деб ўйинқароқлик қилганида жаранглаган садолар киши кўнглини яшнатиб юборади. Отабек билан Қутидор ўлим ёқасига борганида, Тошкент устида қонли булутлар тўпланганида бутунлай бошқача, мунгли, изтиробли, шиддатли куй эшитасиз. Отабек Кумушнинг узатилаётганини тасодифан эшитиб қолган оқшом «Хўжа Маъоз» мозорига бориб тунаган пайтдаги мусиқа-чи? Қабристон, чакалак, тутаб ётган тўнка олдида ўтирган, сочи ўсиб соқолига аралашиб кетган девона... Зим-зиё тун, пишқирган, қутурган, гулханни тўнка-пўнкаси билан улоқтирган, азамат чинорни қўпориб, ерни титратган ел, қарғалар, бойқушлар... Бунақа ёввойи, қудратли симфонияни китобхон қулоғи остида жаранглатиш қийин, жуда қийин... Уста Олимнинг ҳикояси... Сизни билмадиму, мен уни ўқиганимда нима учундир олис манзилга йўл олган карвоннинг маъюс қўнғироғини эшитгандек бўламан. Манзил нурли эмас, йўл олис, карвон толиққан, аммо барибир юриш керак. Қўнғироқ мунгли-мунгли жаранглайди.

ТАНҚИДЧИ. «Ўткан кунлар»да ўтмишдаги улуғ алломалар, сўз санъаткорлари номи ҳурмат билан тилга олинади, Юсуфбек ҳожининг «Бобурнома», Отабек билан Кумушнинг Фузулий ғазалларига меҳри алоҳида таъкидланади. Романда мумтоз адабиётимиз асарлари билан бевосита мувозийлар йўқ, аммо бу асар ўзининғ руҳи жиҳатидан мумтоз адабиётимиз дурдоналарига оҳангдош. Чунончи, ҳаёт шафқатсизликлари ифодасида «Бобурнома» лавҳаларини ёдга туширувчи, ошиқ қалби назокати, ҳижрон аламлари фарёди тасвирида Фузулий. ғазаллари нафасини эслатувчи ўринлар йўқ эмас. Умуман, «Ўтган кун»ларда қандайдир шоирона, поэтик руҳ мавжуд. Прозанинг шоири деган ибора бор. Бу сифат бизда, менингча, ҳаммадан кўпроқ Абдулла Қодирийга ярашади.

ЁЗУВЧИ. Шоир насрнависга ўхшаса қанақа бўлишини билмайман-у, аммо насрнависда шоирона руҳ бўлиши жуда яхши фазилат. Жаҳон адабиётидан бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин: Тургенев, Тагор, Мопассан, Лондон,                                                                      , Айтматов... Ҳатто Лев Толстой асарларида ҳам шундай ўринлар борки, адиб қаҳрамон ҳолатини куй қилиб чертиб юборади... Қодирий прозанинг шоири эди. Лекин ҳамон прозада поэзия аломатлари бўлишини нотўғри талқин қилувчилар бор. Гўё поэтик руҳ прозадаги реализмни сусайтирадигандек. Аслида, ҳаммаси маҳоратга боғлиқ. Қодирийда шу маҳорат бор эди. Адабиётимизда «Ўткан кунлар» дан кейин ҳам яратилган кўплаб ажойиб реалистик асарларда шунақа руҳ борлиги кишини қувонтиради... Қодирий насридаги мумтоз шеърият билан боғланадиган жиҳатларга келсак, буни махсус текшириш, ўрганиш керак.

ТАНҚИДЧИ. «Ўткан кунлар» романида, шунингдек, Абдулла Қодирийнинг бошқа асарларида миллий маданият, адабиёт тажрибаларига бориб туташадиган робиталар кўп. Айни пайтда бу улкан санъаткор ижодида қардош   халқлар, жаҳон илғор адабиёти дурдоналари билан муштарак жиҳатлар ҳам мўл. Адибнинг ўзи араб фузалоси Жўржи Зайдонни устоз деб атайди, роман ёзишга ҳаваслантирганлигини эслатади; адабиётшунос Сотти Ҳусайн, Собир Мирвалиевларнинг ишларида Зайдон асарларининг Қодирийга таъсири ҳақида хилма-хил фикрлар илгари сурилган. Немис адабиётшуноси Ниото Тун Абдулла Қодирий билан В. Скотт тарихий романларини қиёслаб, улар орасидаги муайян яқинликларни аниқлаган; шу билан баробар «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романларида А. Пушкин, И. Тургенев, Л. Толстой, А. Чехов асарларидаги айрим персонаж, манзара ёки тасвир усулларини ёдга туширадиган ўринлар борлиги, ёзувчи сатираси, хусусан, «Калвак махзумнинг хотира дафтаридан» ҳажвияси услуби, ифода тарзи жиҳатидан Сервентеснинг «Дон Кихот», Я. Гашекнинг «Шоввоз солдат Швейкнинг кечмишлари» асарларига яқин туриш хусусида мулоҳазалар ўртага ташланган. Бундай қиёсларни яна давом эттиравериш мумкин. Масалан, «Обид кетмон»даги Хатиб домла билан Мулла Мухсинларнинг  пичинг-кинояларга тўла қиёсий характеристикаси Н. Гоголнинг машҳур қиссасидаги Иван Иванович билан Иван Никифорович образлари талқинидаги усулни эслатади...

Бу ерда эсга олинган ёзувчилар, асарлар билан Абдулла Қодирий ижодидаги муштаракликни илмий жиҳатдан чуқур, атрофлича ўрганиш навбатдаги вазифа; бироқ шу хил фактлар мавжудлигининг ўзиёқ муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳол шундан далолат берадики, Абдулла Қодирий асарлари, хусусан, «Ўткан кунлар» , «Меҳробдан чаён» романлари соф миллий анъаналар заминидагина эмас, қардош халқлар, жаҳон илғор адабиёти билан алоқада – жонли мулоқотда, улар тажрибаларини ижодий ўзлаштириш асосида майдонга келган. Жаҳон реалистик адабиёти тажрибаларидан бехабар ҳолда бундай етук реалистик романнинг пайдо бўлиши асло мумкин эмас эди.

ЁЗУВЧИ. Шубҳасиз. Мен ҳам Қодирий асарларида жаҳоннинг кўп улуғ реалистлари ижоди билан муайян муштаракликлар борлигини сезиб тураман. Эҳтимол, бу гап кўпчиликка эриш туюлар: Отабек нима учундир менга Андрей Болконскийни эслатади. Йўқ, ғоявий юкдорлиги, бадиий концепцияси билан эмас. Одам сифатидаги баъзи қирралари биланми, ақл-заковати, муҳаббатга муносабати биланми... Билмадим, бу менинг шахсий фикрим.

ТАНҚИДЧИ. «Ўткан кунлар»дек романнинг майдонга келишида яна бошқа омиллар ҳам муҳим роль ўйнаган. Романга қўл урган пайтда бу улкан истеъдод эгаси каттагина адабий, бой ҳаётий тажрибага эга эди. Қолаверса, у шахсий мутолаа, эскича таълим орқали миллий маданият, адабиёт бойликларини пухта ўзлаштириб олган, ёшлигидаёқ рус-тузем мактабида, кейинроқ Москвадаги Адабиёт институтида ўқиб, рус адабиёти, бинобарин, жаҳон илғор адабиёти билан яқиндан танишган эди.

Баъзан «Ўткан кунлар»нинг пайдо бўлиши фавқулодда бир ҳодиса сифатида кўрсатилади. Аслида бу роман тасодифан туғилиб қолган эмас, унинг муаллифи ҳар жиҳатдан шундай асар яратишга тайёр эди – ҳам ҳаётий, ҳам адабий тажриба, ҳам адабий билим, ҳам мафкура-дунёқараш, ҳам маънавий жиҳатдан... Буларнинг устига қулай ижтимоий-тарихий шароит – инқилобдан кейинги уйғониш, кўтарилиш – хуллас, ноёб истеъдоднинг рўёбга чиқиши, мислсиз асарнинг дунёга келиши учун ҳамма нарса муҳайё эди, шулардан бирортаси ҳам бўлмаганида, «Ўткан кунлар»дек романнинг яратилиши мушкул эди. Демак, буюк асарнинг майдонга келиши кўпдан-кўп омилларга боғлиқ экан.

ЁЗУВЧИ. Сиз санаган омилларнинг барчаси ҳам муҳим, аммо шахсан мен «Ўткан кунлар»дек романга қўл уришда муаллифнинг маънавий тайёргарлиги ниҳоятда муҳим роль ўйнаганлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу романга тайёргарлик пайтида, уни ёзиш вақтида адиб бутун вужуди билан шу романда акс этган ҳаёт ичида яшагани, нафас олганлигини сезиб тураман... Албатта, бировга нур бериш учун аввало ўша нур ўзингда бўлиши керак. Бадиий асар эса, аввало, адиб маънавиятининг, қалбининг маҳсули. Бу гап янгилик ҳам эмас. Ўша пайтларда, яъни адабиётимизда тузук-қуруқ реалистик прозанинг ўзи йўқ бир замонда «Ўткан кунлар» дек мукаммал асарнинг пайдо бўлиши чиндан ҳам фавқулодда ҳодиса эди. Аммо, бу асарни Қодирий ёзганлиги тасодифий ҳол эмас. Негаки, Қодирий, Сиз айтгандай, ҳар жиҳатдан шундай романни ёзишга тайёр эди, жумладан, унда пухта билим, малака етарли эди. Шарқ ва Ғарб, жаҳон адабиётидан хабардор эди. Хўш, қисқа бир муддат ичида одам дарров шунча илмга эга бўла қоптими, деган савол туғилади. Бу энди скептикларнинг майда гапидан бошқа нарса эмас. Бадиий ижодда истеъдод деган тушунча бор. Истеъдод эса ҳар қадамда учрайвермайди. Бошқалар ўн йил ҳижжалаган нарсани истеъдодли одам бир йилда бемалол ўрганиши мумкин. Негаки, у моҳиятни тезроқ англайди. Такрор айтаманки, «Ўткан кунлар»нинг ўша пайтда бирданига яратилиши тасодифий туюлиши мумкин, лекин уни Қодирий яратгани тасодифий эмас. Чунки Қодирийнинг ўзи фавқулодда истеъдодли адиб эди. Ҳамма гап шунда.

ТАНҚИДЧИ. «Ўткан кунлар»ни роман жанрининг етук намунаси дедик. Қодирийнинг романнавис сифатидаги маҳорати масаласига келадиган бўлсак, аввало асардаги романга хос тафаккур санъати устида тўхталмоқ лозим. Мен аминманки, романга хос тафаккурни таъминлайдиган омиллар асарда ҳаётнинг романбоп нуқтаси – воқеа-ҳодисаси, жиддий, улкан драма ва баркамол, чуқур ҳис этилган янгича нуқтаи назарга эга бўлган қаҳрамоннинг мавжудлигидир. «Ўткан кунлар» да шуларнинг ҳаммаси бор.

Абдулла Қодирийнинг романнавис сифатидаги маҳорати аввало шундаки, у асари учун мозийдан мавзу танлар экан, тарихнинг романбоп нуқтасини тополган: боя айтилганидек, ўтган асрнинг ўрталари, чиркин муносабатлар чок-чокидан сўкилиб кетган, мустабид ҳукмдорлар мамлакатни бошқаришга, идора этишга яроқсиз бўлиб қолган, қолоқ одатлар одамлар турмушига оғу солаётган, бинобарин, ижтимоий, маънавий-ахлоқий зиддиятлар энг олий нуқтага кўтарилган бир давр; бундай ҳол узоқ давом этиши мумкин эмас, юрт қандайдир улкан ўзгаришлар олдида, бу ўзгаришлар ҳали юз бермаган бўлса-да, унинг нафаси уфуриб турибди... Ҳаётда чок-чокидан сўкилиб кетаётган чиркин муносабатларга, қолоқ одатларга қарши турувчи, юрт истиқболи ҳақида бош қотирувчи, янгиликка ташна илғор кучлар ҳам бор, аммо эндигина шаклланаётган бу кучлар ҳали ожиз, бунинг устига уларнинг хатти-ҳаракатлари зиддиятли. Ана шундай тарихий шароит, вазият романга асос қилиб олинган.

ЁЗУВЧИ. Адибнинг маҳоратини  қарангки,  роман учун танланган  вазиятнинг ўзида асар  концепцияси мужассам.  Персонажлар, тақдири,  конфликт,  сюжет, композиция – ҳаммаси  бир  йўла  туғилгандек.  Асарнинг бошиданоқ гоҳ «шахсий», гоҳ «ижтимоий» боблар кўринади. Бироқ, бу асарни бўлак-бўлакка ажратадиган мутахассислар роса тер тўкиб изласа топадиган гап. Аввал Отабек ошиқ бўлиб қолади, кейин отасидан Тошкент воқеалари ҳақида хат олади. Аввал Кумушга уйланади, кейин қамоққа тушади. Аввал бир қамоқдан қутулади, кейин Тошкентда исён кўтарилади. Аввал Мусулмонқулнинг қонли чангалидан қутулади, кейин ўша замоннинг бошқа бир ижтимоий зулм чангалига – чиркин удумлар исканжасига тушади. Буларнинг ҳаммаси ниҳоятда табиий равишда рўй беради. Агар хон замонасининг зулматида яйраб юрадиган Ҳомидлар бўлмаса, Отабек ноҳақ чақувга учрамасди. Агар Юсуфбек ҳожи Азиз баччанинг мулозими бўлмаса,  Отабек сиёсий душман саналмасди. Агар Юсуфбек ҳожи халқни Азизга қарши қўзғотмаса  (бу ишни у азбаройи ўғлининг жонини сақлаб қолиш учун эмас, ҳақ йўлида, адолат йўлида қилади), Отабек Мусулмонқул қўлида сўйилар эди. Агар эркин севги йўлига ғов бўладиган чиркин удумлар бўлмаса, Кумуш охир-оқибат   жувонмарг бўлмасди. Мана шу «агар-агарлар» романда шунчалик чамбарчас боғланиб кетганки, асар воқеалари ўша фожиага тўла манфур замон устидан   чиқарилган ҳукмнома бўлиб жаранглайди. Натижада Отабек ҳам ўз даврининг қурбонига айланган фожеий қисмат бўлиб китобхон хотирасида умрбод сақланиб қолади.

ТАНҚИДЧИ. Роман кўптармоқли. Унда бир неча инсоний тақдирлар, сюжет тармоқлари мавжуд. Аммо барчаси романдаги бош ғоявий муаммо – ижтимоий муносабатларнинг нобоплиги, инқирози, қолоқ одатларнинг келтирган жабри масаласи билан боғланади. Ҳозир яратилаётган айрим романларимиз шу жиҳатдан оқсайди...

ЁЗУВЧИ. Айрим асарларимиз шу жиҳатдан оқсайди, деган гапингизда жон бор. Ҳар қандай бадиий асарнинг бош тасвир объекти – инсон, унинғ мураккаб олами. Баъзан биз замонамизда юз бераётган ҳодисалар ҳақида ёзамизу, мана шу ҳодисалар инсон тақдирида нима ўзгаришлар қилаётганини, одамларимиз қисматидаги катта зиддиятлар, курашларни ишонарли, етарли тасвирлаб бера олмаймиз. Баъзан эса бунинг тескарисини кўрамиз. Инсоннинг шахсий ҳаёти тасвири катта ижтимоий ҳаётдан ажраб қолади.

ТАНҚИДЧИ.  «Ўткан кунлар» ўзбек адабиётида алоҳида шахслар тақдирини бевосита ёки билвосита юрт тақдири билан, оддий одамларнинг шахсий ҳаёти, ишқий саргузаштларини, шахсий-оилавий драмаларини юртдаги муҳим тарихий жараёнлар, давр драмаси билан узвий алоқадор ҳолда ифода этиш бобидаги дастлабки тажрибалардан эди. Асарни ўқиганда унда ифода этилган давр нафасини, тарихнинг романга хос кенг қамровли манзарасини, ҳаракатини, драмасини кўриш, аср туғёнини баралла ҳис этиш мумкин.

Асардаги ишқий-оилавий саргузаштлар ҳар қанча ҳаяжонли бўлмасин, агар улар муайян тарихий-ижтимоий ҳодисалар, давр драмаси билан боғлиқ ҳолда берилмаганида, роман бу қадар муҳим аҳамият, таъсирчанлик касб этмаган бўлар эди. Романда ишқий-оилавий можаролар маънавий-ахлоқий муаммолар билан боғлиқ ҳолда берилади. Лекин шу маънавий-ахлоқий муаммолар ҳам даврнинг ижтимоий зиддиятларига бориб туташмаганида ёки уларнинг ижтимоий моҳият, драмаси очиб берилмаганида, роман бу қадар реалистик қудратга эга бўлолмас эди. Зотан, ижтимоий таҳлил реалистик асарнинг қони ва жонини ташкил этади.

ЁЗУВЧИ. Ижтимоий таҳлил, менингча, ҳаётни, шахс ва жамият муносабатларини, даврни, тарихни чуқур бадиий идрок этиш оқибатида юзага чиқади. Бадиий идрок этиш эса, энг аввало ҳаёт ҳодисалари ичида ёнмоқ. Чингиз Айтматов сўзлари билан айтганда, изтиробга, ларзага тушмоқ демакдир. Ёзувчи фақат ўзигина ларзага тушиб қолмай, тарихни ҳам ларзага, изтиробга солмоғи лозим. Қодирий ҳаётни, даврни чуқур идрок этиш орқали тарихни ларзага, туғёнга сололган, ўтган аср туғёнини, фарёдини янги давр китобхонига етказолган. «Ўткан кунлар»нинг бош пафоси, ижтимоий-бадиий қиммати ҳаммадан бурун шунда деб биламан.

ТАНҚИДЧИ. Боя биз «Ўткан кунлар»да халқ руҳияти, миллий туйғулар, одат-таомиллар тасвири, бу борада ёзувчи нигоҳининг ўткирлиги, мислсиз маҳорати ҳақида гаплашдик. Ёзувчи реализмининг кучи, фазилати фақат шундангина иборат эмас. Улуғ адиб реализмининг қудрати яна шундаки, у халқ турмушининг бетакрор жамолини катта билимдонлик, нозик дид билан гавдалантириш баробарида  халк ҳаётининг маънавий-ижтимоий жиҳатларини чуқур таҳлил этиб беради, муайян тарихий ҳодисалар, миллий феълу атворлар, уларнинг тақдири орқали чиркин бир жамиятнинг, унда амал қиладиган қолоқ одатларнинг ғайриинсоний моҳиятини очади, ижтимоий адолат, инсон эрки, бахти, камолоти сингари умуминсоний ғояларни илгари суради; оддий, камсуқум, ҳалол, жабрдийда одамларга нисбатан шафқат-мурувватга чорлайди.

Ёзувчи бадиияти, санъатининг яна бир жиҳатига эътиборни тортмоқчиман. «Ўткан кунлар» да барча ҳодисалар ҳаракатда берилади, бу ҳаракатлар эса диалектик тарзда, ички зиддиятлари билан содир бўлади; табиийки, ҳаракатлар жараёни қаҳрамонлар орқали амалга оширилади. Роман сюжети узлуксиз давом этадиган ички зиддиятларга тўла ҳаракатлар занжиридан ташкил топган. Ҳаракатлар занжиридаги ҳалқалар ҳар хил воқеалар гоҳ оромбахш-қувончли, гоҳ тиғиз-ташвишли, гоҳ тантанавор-сурурли, гоҳ алам-изтиробли. Улар бир-бири билан тўхтовсиз алмашиниб туради. Шуниси характерлики, бахтли, оромбахш, қувончли дақиқалар ниҳоятда қисқа, ўткинчи, шу билан баробар улар пинҳона зиддиятларга тўла, уларда яқин орада юз бериши мумкин бўлган кўнгилсизликларнинг шарпаси сезилиб туради. Отабек билан Кумуш кечмишини эсланг. Тасодифан дуч келган йигитга қизнинг кўнгли тушиб қолган. У пинҳона ишқ ўтида маст. Шу орада у куёвга узатилади, пинҳона ишқ ўтида ёнган қизга тўй тантаналари, қувончлари татимайди; ниҳоят, куёв қиз пинҳона кўнгил қўйган йигит бўлиб чиқади, энди у кутилмаган бахт, висол лаззатидан маст... Лекин бу висол лаззати узоққа бормайди, чақув-иғво туфайли Отабек, унга қўшилиб қайнота Қутидор ҳибсга олинади, йигит ва қайнота тақдири қил устида турганда яқин одамлар мадади билан улар ҳибсдан озод этиладилар; яна висол, бахтли дақиқа, бироқ орадан кўп ўтмай тағин кўнгилсизлик; Ҳомид каби кимсалар ҳасади, қутқуси, юртдаги тартибсизликлар туфайли қаҳрамон бошига кетма-кет оғир савдолар тушади; ниҳоят, Ҳомид орадан кўтарилади, Кумушлар ханадонидаги англашилмовчиликлар барҳам топади, юртда нисбий осойишталик рўй беради, бошда Кумушнинг Тошкентга кетишига асло рўйхуш бермаган ота-она энди Кумушни олиб, Отабеклар хонадонига борадилар, яна висол, бахтли дақиқалар, аммо шу дақиқаларнинг ўзида муросага келтириш мумкин бўлмаган зиддиятлар, кундошлик можароси, келгусида содир бўладиган катта фожиаларнинг аниқ шарпаси...

ЁЗУВЧИ. Ҳодисалар ҳаракатининг ички драматизми, тадрижий, узлуксиз ривожи ҳақида  гапиряпсиз. Мени воқеалар ривожидаги мантиқий изчиллик, ёзувчининг далиллаш санъати лол қолдиради. Бир қарашда «Ўткан кунлар»даги ҳар бир боб алоҳида асарга ўхшайди. Илмий тилда айтганда, ҳар бир бобнинг ўз тугуни, фабуласи, конфликти, апогейга чиққан нуқтаси, ечими бор. Бироқ, уларнинг ҳаммаси бир-бири билан шу қадар чирмашиб кетганки, ҳеч қайсисини ўрнидан силжитиб бўлмайди.  Керак ўринда адиб бир хонадан иккинчисига ўтадиган «туйнуклар» қолдириб кетади. Бу нарса асар бошидаёқ кўзга ташланади.Отабек илк бор Ҳомид билан кўришганида, Кумуш ҳақида гап кетади. Ҳомид типирчилаб қолади. Қутидор Отабекни чақирганида, Ҳомид ҳам ўғринча боради. Уни Тўйбека тасодифан кўриб қолади. Бу ёқда Отабек оҳ чекиб ётади, у ёқда Кумуш «иситмалаб», «алланучук сўзларни айтиб» чиқади. Шу ўринда мен китобхон сифатида кўп ўйлатадиган бир деталь ҳақида гапиргим келади. Қутидорнинг ҳовлисидан ариқ ўтади.  Кумуш ҳаётининг бурилиш нуқталарида ариқ бўйига бир неча бор боради. Аввалига Кумуш Отабекни шу ариқ бўйида илк бор кўргани учунгина адиб бу детални қайта-қайта ишлатган деб ўйлаган эдим. Тўғри, бош муддао шу. Аммо, бу деталь яна бошқа мақсадни ҳам ташишини кейин тушундим. Гап шундаки, ўша замонда аёл кишини ташқи олам билан боғлайдиган (лоақал  орзуларини боғлайдиган)   нарса ариқ экан. Шу боисдан ҳам қадимий қўшиқларда ариқ детали кўп ишлатиларкан. Шундай қилиб, романдаги кейинги воқеалар ўз-ўзидан бири иккинчисини мантиқан давом эттиради.

ТАНҚИДЧИ. Романдаги тасодифлар ҳақида нима дейсиз?

ЁЗУВЧИ. Синчиклаб кузатган кишига романда тасодифлар кўпайиб кетганга ўхшайди. Отабек тасодифий чақув туфайли қамалади. Кумуш   тасодифан қайнотасининг хатини топиб оладию, Ўтаббой қушбегига етказади-да, отаси билан эрини қутқариб қолади. Отабек иккинчи бор ўлим ёқасида турганида Тошкентдан келган хат билан яна қутулиб қолади. Отабек қайнотасиникидан ҳайдалганида тасодифан уста Олимникига бориб қолади. Уста Олим эса Содиққа қўшни. Қумуш иккинчи бор узатилаётганида куёвни ўлдириб кетишади, Отабек бу ишнинг, умуман ўз кулфатларининг сабабчиси  Ҳомид эканини   тасодифан билади... Битта асарга шунча тасодиф кўплик қилмайдими? Йўқ, кўплик  қилмайди! Негаки Қодирий бу ҳодисаларнинг ҳаммасини чинакам реалист ёзувчи сифатида мантиқ билан оқлайди. Аввало, Отабекнинг қамалиши тасодифий эмас. Кумушга кўз тиккан Ҳомид, калласи ёрилиб кетгудек ўйлай-ўйлай, охири Отабекнинг Марғилонга келишини Тошкент воқеаси билан боғлайди. Қўрбошига ўхшаш порахўрлар бор экан,  Отабекни қаматиш унинг учун ҳеч гап эмас. Кумуш хатни топиб олиши ҳам тасодиф эмас. Ўлим олдида турган кишисининг ҳар бир буюми одам учун азиз бўлади. У эрининг кийимларини кўздан кечирган бўлиши ҳеч гапмас. Айнан шу хат уни қутқариб қолишининг сабаби шундаки, жарчи жар солиб, икки гуноҳкорнинг айби нимадалигини айтган, буни Кумуш эшитган. Отабекнинг иккинчи бор қамалиши яна ғаламисликдан бўлади. Иккинчи бор қутулиб қолиши-чи? Буниси Азизбекнинг очкўзлиги, золимлиги, Юсуфбек ҳожининг халқпарварлиги билан боғлиқ.

Хатни айнан Ҳасанали элтиб бергани эса мутлақо ҳаётий деталь. Отабекнинг уста Олимникига бориб қолишига ажабланмаса ҳам бўлади. Бу аҳволда у дунёнинг нариги чеккасига бориб қолса ҳам ажабланмас эдик. Ниҳоят, Содиқнинг чувринди ҳовлиси айнан шу чекка маҳаллада бўлиши ҳам ажабланарли ҳол эмас. Уста Олимнинг Ҳомидни ёмон кўриши учун сабаб бор. Биласиз, Комилбекнинг қотили Ҳомид деганида уста ҳеч ажабланмайди. Бу гапнинг Отабек олдида айтилиши эса ўқувчини ҳайрон қолдиради дейишга асос йўқ. Негаки, Отабек устанинг қадрдони, бинобарин, унинг яширадиган сири йўқ:. Отабек Ҳомиднинг режаларини ҳам осонгина билиб олмайди. Жаннат пучуқ ҳовлидан хабар олгани чиққанида Отабек замбил тагига бекинишини эсланг... Энг охиргиси. Умрида бировнинг юзига тик қараб қаттиқ гапирмаган Отабек одам ўлдиради. Тағин бир эмас, учта каллакесарни! Хўш, буниси қай даражада исботланган? Чинакам реалистик тасвир билан жой-жойига қўйиб исботланган! Отабек умрида илк бор одам боласини пичоқлаб, ўзини йўқотар ҳолатга келганида тешилган девор ортидан жонидан суйган кишисининг нафасини эшитади. Ниҳоятда аниқ руҳий ҳолат! Бунақа пайтда ўз номуси учун, борингки, адолат учун жонини беришга қасд қилган одам ҳеч нимадан тап тортмайди.

Асарда фақат чинакам реалист санъаткоргина уддалай олиши мумкин бўлган ғалати ҳолатлар кўп. Юсуфбек ҳожи хотинининг Отабекни Тошкентда уйлантиришини маъқулламайди, аммо унинг раъйига қарши ҳам боролмайди. Кумушни доим «анди» деб ҳақоратлаб юрадиган, «ҳинди домла»нинг «сеҳри»дан нажот тополмай қийналган Ўзбек ойим марғилонлик келинини илк бор кўрганида қувонганидан йиғлаб юборади. Негаки, ўз хатосини дафъатан англай бошлайди. Икки марта ўлим олдида турганида ҳам рақибларининг юзига тик қараган, Мусулмонқулдек қонхўрдан қўрқмаган Отабек икки хотинли бўлиб қолганидан сўнг, айниқса, Кумушбиби Тошкентга келгандан кейин Зайнабга бир хил, Кумушга бир хил гапиришга мажбур бўлади. Негаки, икки бор ўлим олдида турганида ҳам ўзини ҳақли деб биларди. Бу ўринда эса у ўзиниям айбли санайди. Ниҳоят, Ўзбек ойимдай шаддод хотин Кумушнинг ўлимидан кейин Отабек бутунлай Марғилонга кетиб қолганида лом-мим деёлмайди... Реалистик асарда ёзувчининг дадиллаш санъати деб шуни айтадилар!

ТАНҚИДЧИ. Тасодифлар орасидаги мантиқий, ҳаётий, зарурий алоқадорликни топа олиш, буларга китобхонни ишонтира билиш чиндан ҳам санъат. Фақат реалист санъаткоргина бунинг уддасидан чиқа олиши мумкин. Қаҳрамонларнинг энг қалтис дақиқалардаги ҳолати, руҳияти, хатти-ҳаракати ифодаси-чи? Буларни топиб тасвирлаш ҳам катта санъат! Қодирий энг тиғиз, драматик дақиқаларни ҳам, қаҳрамоннинг ниҳоятда қувончли онларини ҳам ўқувчи қалбини титроққа соладиган қилиб беради, уларни «энг нозик» дақиқалардан, Одил Ёқубов «Абдулла Қодирийни ўқиганда» мақоласида айтганидай, «эсон-омон ўтказиб» ола билади. Отабек билан Кумушнинг илк учрашув дақиқалари ёки узоқ ҳижрондан сўнг Тошкентдаги висол онлари, Кумушнинг Ўзбек ойим, Ҳожи ва Зайнаблар билан дийдорлашув лаҳзалари ифодаси – булар реалистик тасвирнинг ажойиб эҳсони.

ЁЗУВЧИ. Дарҳақиқат, «Ўткан кунлар»да бунақа ҳолатлар кўп. Эсланг-а, Отабек Марғилонга борганидан кейин ўзининг Зайнабга унаштирилганини қай юз билан айтишни билмай, охири, умуман Тошкентга қайтиб бормасликка аҳд қилади. Шунда Қутидор қудасидан хат олади, сирдан хабардор бўлади. Отабек айтолмаган бу сирни Кумушга ота-онаси айтишади. Кумуш изтироб ичида ўтирган Отабекнинг олдига чиқади. Ораларида шундай гап бўлади: « – Мен рози, мен кўндим! – деди дафъатан Кумуш; бу сўзни нимадандир қўрққандек шошиб айтди». Ҳамма гап унинг бу сўзни «нимадандир қўрққандек шошиб» айтганида! Бу ҳолатда таҳлика ҳам, норозилик ҳам, алам ҳам, умид ҳам, хуллас, жуда кўп туйғулар мужассам. Агар Кумуш минғиллаб, йиғлаб-сиқтаса, пичинг қилса, у Кумуш эмас, бошқа аёл бўлиб қоларди. Лўлавозлик қилса, қаттол Хушрўйга ўхшаб қоларди. У эса Кумуш! Шу вазиятда фақат Кумушгина шунақа дейишига, деганда ҳам айнан шунақа дейишига шубҳа қилмайсиз. Умуман, романда бунақа нозик тасвирлар кўп. Кумушнинг кўзи ёриганида Отабек Зайнаб билан тунайди, туш кўради. Отабекнинг туши кейинги фожиаларнинг ишорасидек. Майли, бунақа ҳолатни топиш унчалик мушкул эмас. Аммо унинг уйғониши лавҳасида ёзувчи битта жумла ишлатади: «Чўчиб уйғонди... Ёнида Кумуш... Зайнаб йўқ эди...» Бу нима дегани? Отабек-ку Зайнаб билан тунаган эди. Нимага адиб Кумушнинг номини айтяпти? Нимага Отабек аввало Кумушни излайди? Жуда аниқ, ҳатто тушунтириш мушкул бўлган даражада аниқ руҳий ҳолат! Яна бир жойи. Кумуш заҳар ичган. «Ҳасанали табибга югурди, Отабек қайтиб уйга кирди. Чақалоқни Зайнаб кўтарган, Кумуш ҳамон қусмоқда...» Нега қилар ишни қилиб бўлган Зайнаб чақалоқни кўтариб туради? Мана шу жумланинг тагида ҳам изоҳлаш мушкул бўлган гаплар бор. Ўлаётган Кумуш эрининг Зайнабга «талоқсан», деб ҳайқирганини эшитганида сўнгги бор кўзи ярқ этиб очилиб кетади... Атоқли адибимиз Одил Ёқубов ёзганидек, бундай нозик лаҳзалар ёзувчи учун «қил кўприкдан ўтиб олиш»дек мушкул иш. Бунақа мушкул, нозик вазифани адо этиш фақат улкан санъаткор ёзувчиларгагина насиб этади.

ТАНҚИДЧИ. Энди романдаги тасвирнинг, ифода воситаларининг хилма-хиллиги масаласига ўтайлик. Абдулла Қодирийнинг бу борадаги тажрибаси ҳам ўз даврига нисбатан жуда катта жасорат, олға ташланган дадил қадам эди. Етук бир реалистик асарнинг ўзида биз ҳам романтик бўёқлар билан жилоланган лавҳаларга, ҳам эртаклардагидек сирли, кутилмаган фавқулодда вазиятларга, ҳам турмушмаиший ҳаёт икир-чикирлари тасвирига, ҳам чуқур ижтимоий-психологик: таҳлилга (буниси етакчи), ҳам детектив-саргузашт ифода усулига дуч келамиз. Асарнинг услубий оҳанги, тасвир мутаносиблиги, аввал айтилгаиидек, сержило-полифоник: гоҳ майин лирик, гоҳ шиддаткор драматик, гоҳ ҳазил-мутойиба, киноя-кесатиқлар билан йўғрилган комик тасвир садолари бир-бири билан алмашиниб туради; ёзувчи ҳодисаларни гоҳ ўз тилидан, гоҳ персонажлар нуқтаи назаридан ҳикоя қилади, мактуб усулидан кенг фойдаланади; реалистик принципларга изчил риоя қилган ҳолда она тилимизнинг жонли сўзлашув бойликларига дадил мурожаат этади, айни пайтда асарда қадимий ёзма адабиёт, хусусан, эски наср тили ифода тарзига хос унсурлар ҳам оз эмас. Қаранг, бир асарнинг ўзида нақадар хилма-хил усул, услуб, ифода воситаларининг уйғунлиги, ҳозирги ибора билан айтганда синтези! Шаклдаги синтез аслида бизда «Ўткан кунлар»дан бошланган. «Ўткан кунлар»даёқ реализмнинг бағри хилма-хил услуб, ифода воситаларига кенг очиқ эканлиги тасдиқ этилган.

Шуниси муҳимки, бунчалар хилма-хил услуб, усул, воситаларни бағрига жо этган асар поэтик жиҳатдан яхлит, бир бутун. Кейинги пайтларда бир асарда хилма-хил услуб, усул, ифода воситаларидан фойдаланиш бобида бир оз нўноқлик юз бераётир, бу ҳол кўпинча асарнинг поэтик яхлитлигига монелик қилаётир, буни эса ҳар хил йўллар, масалан, «мозаика» деган ниқоб билан оқлашга уринишлар бўлаётир. «Ўткан кунлар»да хилма-хил шакллардан, воситалардан фойдаланиш бор, аммо унда «мозаика»нинг ҳеч қанақа асорати йўқ...

ЁЗУВЧИ. Ёдингизда бўлса, бир суҳбатда синтезлашув жараёни бугунги адабиётда катта янгилик эмаслигини айтган эдик. Бунга Қодирий ижоди ҳам мисол бўла олади. Ёзувчининг ҳамма асарларида, жумладан, «Ўткан кунлар»да ҳам юқорида айтганимиз – реализмнинг изчил тасвири ҳам, лирик ҳолатлар ҳам, халқ оғзаки ижодидан унумли, ўринли фойдаланиш ҳам, детектив тасвир ҳам, хат, туш кўриш приёми ҳам, натурализмга яқин турадиган тасвир ҳам, юмор ҳам – барчаси бор. Бироқ бу ҳол асарнинг поэтик яхлитлигини бузмайди.

ТАНҚИДЧИ. «Ўткан кунлар» услуб жиҳатдан изчил реалистик оқимга мансуб. Унда асосан ҳодисалар, характерлар холис тарзда ифода этилади. Ёзувчи санъатини қарангки, асарда ўша етакчи услубий-ҳиссий оҳанг сақланган ҳолда айрим ўринларда ҳодисаларга фаол аралашиш, қаҳрамонларга нисбатан муаллиф муносабатини ошкора ифода этиш, публицистик баҳо ва хитоблар ҳам учрайди. Бу ҳол, айниқса, юртдаги ижтимоий вазиятга баҳо беришда, ижтимоий жиҳатдан зарарли тарихий шахслар, масалан, Мусулмонқул, Худоёр, Азизбекларга, маънавий-ахлоқий жиҳатдан тубан кимсалар, чунончи, Ҳомид ва Содиққа муносабатда яққол кўринади.

ЁЗУВЧИ. Тўғри айтасиз, Қодирий «Ўткан кунлар» да асосан изчил холис услуб йўлидан боради. Аммо, айрим ўринларда ҳодиса ва қаҳрамонларга нисбатан ўз муносабатини яшириб ҳам ўтирмайди. Баъзан бу йўл ўзини унча оқламайди. Айрим персонажлар тасвирида муаллиф «бир махлуқ эди» деб қўя қолади. Эҳтимол бу – реалистик проза учун номақбул йўлдир. Лекин кўп жойларда муаллиф муносабати асар воқеаси ривожини, бадиийлигини сусайтирмайди, аксинча, кучайтиради. Содиқларнинг яшаш тарзи тасвирланган саҳнани эсланг. Исқирт ҳовли, ойлаб сув кўрмаган иркит идишлар... Ҳаётда бирор нурли мақсади бўлмаган одамнинг уйи шунақа бўлади-да! Ёзувчининг бу манзарага салбий муносабати шундоққина сезилиб турибди... Кумушнинг азасига етиб келган ота-она ҳолатини чизишга келганда адиб хитоб қилади: «Бечора она, бечора ота!..» Реалистик асардаги публицистик талқин ҳақида гап кетса, айрим ўртоқлар бунга тиш-тирноғи билан қарши турдилар. Аслида бу ҳам тўғри. Баъзи асарларда қаҳрамонни оқлаш, олқишлаш ёки сўкиб кетиш, эзмаланиш, юракдан эмас, томоқдан чиққан хитоблар публицистика деб берилаверади. Қодирийнинг хитоби эса, айтайлик, Офтоб ойимнинг соч юлиб йиғлаши, Қутидорнинг талмовсираб қолганини кўрсатувчи бутун-бутун саҳифалардан кўра кучлироқ таъсир қилади китобхонга. Мен оддий ўқувчи сифатида ҳам, оддий қаламкаш сифатида ҳам бунақа “публицистика”ни ҳамиша қўллаб-қувватлайман.

ТАНҚИДЧИ. Сиз қувватлайдиган таъсирчан публицистик тасвир учун романдан яна бир мисол. «Наво куйи» бобида бўзахона, у ердаги Отабекнинг ҳолати тасвиридан олдин ёзувчи шундай публицистик чекиниш қилади: «Халқимизнинг таъбирича, бу замонлар «мусулмонобод» бўлса-да, бироқ бу тантанали таъбирни бузиб қўядиган ишлар ҳам йўқ эмас эди. Хон мусулмон, бек мусулмон, халқ мусулмон, бунинг устига юриш-туриш ҳам мусулмонча эди. Ўғрилик қилгани учун қўл кесилар ва ё дорга осиларди. Зони билан зониялар ҳам пештоқдан ташланадилар, ичкилик учун қирқ дарра уриладир. Раис афанди мулозимларига дарра кўтартириб, номозсизларни текширар, фарзи айнни билмаганларни урдирар эди. Иш шунчалик нозик бўла туриб ҳам ўғрилар ўз тирикчиликлари орқасидан қолмайдилар. Эш ака билан Тош аканинг уйлари орқасидан тешилиб, моллари ўғирлана берадир, пештоқдан қопга бўғилиб ташланмоқ учун фоҳишалар ҳам етишиб турадирлар. Бутун умрида пешонаси сажда кўрмаганлар ҳам кўп, аммо фарзи айннинг бош томонидан тўрт-беш жумлани ҳар ким қийналмасдан сайрай олар эди. Кўп кишиларнинг уйларида мусаллас билан бўзалар хумлаб қайнаб ётса, иккинчи томонда, расмий суратда ичкилик сотиш билан тирикчилик қилувчилар ҳам йўқ, эмас эдилар».

Киноя-кесатиқлар билан ёниб айтилган бу гаплар китобхонни давр зиддиятлари ичига тағин ҳам чуқурроқ олиб киради. Бугина эмас, айни пайтда бу ердаги маълумотлар Отабекнинг ўша кезлардаги хатти-ҳаракатини далиллаш учун ҳам хизмат этади.

Романда ҳар гал қаҳрамонларнинг ижтимоий қиёфаси, ғоявий-сиёсий маслаги устида гап кетганда ёзувчи изчил, аниқ-равшан позицияда туради, халқ, юрт манфаатидан келиб чиқиб, уларни баҳолайди. Мусулмонқул, Худоёр, Азизбеклар эл-юрт кушандаси бўлганликлари учун ёзувчи уларга  нисбатан чексиз нафратини яшира олмайди. Айни пайтда эл-юрт манфаати, осойишталиги йўлига жонини тиккан кишиларга, хусусан, Юсуфбек ҳожига нисбатан муаллифнинг меҳр-эҳтироми ҳамиша сезилиб туради. Аммо бошқа кўпчилик ижобий қаҳрамонларга ёзувчи меҳрининг изҳори ўзгачароқ – бу ерда бўёқлар сержило, ранг-баранг... Ёзувчининг бу борадаги маҳорати Отабек, Кумуш, айниқса, Ўзбек ойим, Офтоб ойим, Зайнаб образлари тасвирида ниҳоятда ёрқин кўринади; етук реализмга хос хусусиятлар – характерларга хилма-хил томондан ёндашиш, уларда ҳам кучли – мусбат, ҳам ожиз – манфий томонларни назардан соқит қилмаган ҳолда, бутун мураккаблиги, барча қирралари билан ифодалаш, характерлардаги манфий жиҳатлар, ожизликларнинг ҳаётий илдизини очиш, далиллаш санъати шу образлар тасвирида янги куч билан намоён бўлган.

ЁЗУВЧИ. Адабиётимизда қордек оппоқ ижобий ва кўмирдек қора салбий образлар яратиш тамойили эскирганига анча бўлган. Жонли инсон қиёфасини яратишнинг илдизлари олисга бориб тақалади. Бу борада  ҳам Қодирийнинг ўзига хос катта улуши бор. Ҳали айтганимиздек, бошига қилич келганида ҳам рост сўзлайдиган Отабек икки хотин олдида азбаройи муроса учун иккиюзламачилик қилишга ўрганади. Кумушдек оқила жувон кундошини кўргандан кейин учирма гаплар айтиб, эрининг дилини вайрон қилади. Ҳожидек оқил одам кўра-била туриб ўғлини ўтга ташлайди: ярим довдир хотинининг сўзига кириб, Отабекни бахтсиз қилади, адолат учун кураша-кураша, охири узлатга чекинади. Қутидордек эсли одам ўз қизининг қурбон бўлишига бир қадар сабабчи бўлади –  қизи Кумушни кундош ҳузурига бошлаб келади... Зайнабни олайлик. Уни ҳарчанд айбламайлик, барибир унга ачинамиз. Ахир у ҳам одам! «Жонсиз ҳайкал»ни қучоқлаб йиғлаганида унга раҳмингиз келмайдими?! Аёл кишининг рашки ёмон. Рашкидан қасди ёмон! Зайнабнинг асосий мақсади Кумушни ўлдириш эмас, Отабекка эга бўлиш (опаси қаттоллик қилмаганида у бу ишни асло қилолмасди). Муаллиф Зайнаб фожиасини янада чуқурлаштириш учун асар охирида битта лавҳа қўшади. Отабек Кумуш қабри қошида тунаган кечаси мажнуна Зайнаб келади. Отабек уни ҳайдайди:

“ – Кет мундан!»

- Мен Кумуш! – деди яна Зайнаб, аммо кетмай иложи қолмади. Зероки, дунёдаги энг яқин кишиси унга «кет!» амрини берган эди.

Шу ҳолатнинг ўзида қанча-қанча маъно бор! Ниҳоят, Отабекнинг ўзи ҳам чиркин замоннинг қурбони бўлади. (Ёзувчининг мақсади уни курашчи қилиб тасвирлаш эмас эди.) Шунинг учун ҳам биз асардаги янги одамларнинг ҳаммасини севиб қоламиз. Негаки улар, муайян камчиликлари бўлишига қарамай, тирик инсонлардир. Биз оқил-вазмин Отабекни, гўзал, дилбар Кумушни, ўлган хотинига содиқ қолган меҳнаткаш уста Олимни, юмшоққина Мирзакарим Қутидор билан андишали Офтоб ойимни, эл ғамини еб адо бўлаёзган Юсуфбек ҳожи билан чала-думбул Ўзбек ойимни чин юракдан яхши кўриб қоламиз. Буларни қанчалик яхши кўриб ачинсак, Зайнабга ўхшаганларга шунчалик раҳмимиз келиб, ижирғанамиз. Қизиқ, Отабекда ҳам худди шунақа ҳолат: Кумушни севади, Зайнабга раҳми келади. Ажиб мантиқни қаранг: муҳаббат билан шафқат деган сўз ёнма-ён туради. Шафқат билан нафрат деган тушунча бир-бирига тамоман тескари. Аммо мазкур учликда ғалати ҳол – Отабекнинг Зайнабга шафқати қанчалик кучли бўлмасин, доим нафрат билан ёнма-ён туради... Биз ҳам асар қаҳрамонларига бирда шафқат қиламиз, бирда (салбий персонажларга) нафрат билан қараймиз, бирда чин дилдан севамиз. Хуллас, лоқайд бўлмаймиз, ҳеч бирига, ҳеч қайсисига! Аслида, ҳақиқий асар китобхонда худди шундай таассурот уйғотади.

ТАНҚИДЧИ. Асардаги чинакам реалистик манзаралар, уларнинг чуқур маънодорлиги, таъсирчанлиги, улардаги бўёқларнинг ранг-баранглиги масаласига қайтайлик. Ёзувчи алоҳида қаҳрамонларнинг руҳий ҳолатини ёки икки партнёр-персонаж орасидаги мулоқотларни, уларнинг ўша дамлардаги руҳий оламини, қалбларидаги жараёнларни гўё моҳир рассом сингари суратга солиб кўрсатади; шу билан баробар бир неча кишилар иштирок этадиган оммавий саҳналарни, бир оннинг ўзида бир неча одамларнинг хилма-хил ҳолат, руҳиятини кишини лол қолдирадиган даражада аниқ, жонли гавдалантиради. Зиё шоҳичининг уйидаги суҳбат, ўртадаги мажлис-зиёфат, тўй маросими, хусусан, қудаларни кутиб олиш манзараси – булар реалистик тасвирнинг мўъжизакор туҳфаси!

ЁЗУВЧИ. Суҳбатимизнинг бошида Абдулла Қодирийнинг меъморлик, мусиқа санъати тажрибаларидан баҳраманд бўлгани ҳақида гап борган эди. Қодирий кино санъатидан ҳам яхши хабардор бўлган. Унинг «Равот қашқирлари» фильми ҳақидаги мақоласи шундан далолат беради. Айни пайтда у рассомлик санъати сирларини ҳам пухта билган.  Хайриддин Султоновнинг «Раъно гулининг суви» ҳужжатли ҳикояси билан танишганда, муҳими, ёзувчи романлари, ҳажвияларини ўқиганда бунга тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин.

ТАНҚИДЧИ. Ёзувчи тасвирлаган манзаралар фақат жонли, ҳаётий, пластиклиги билангина эмас, чуқур маънодорлиги билан ҳам диққатни тортади. Бир қарашда у қадар аҳамиятсиздек туюлган лавҳалар, персонажлар ҳам асарда чуқур маъно ташийди. «Тошкент қамалда» бобидаги «даҳшатлар тепаси» лавҳасини эсланг. Баъзи бировларга уч-тўрт юз кесилган инсон бошидан кўтарилган тепа, ундаги бошлар қиёфаси ифодаси натуралистик тасвир бўлиб туюлиши мумкин. Лекин жиддий эътибор берсангиз, унда нақадар катта шафқатсиз ҳақиқат борлигини, бу даҳшатли лавҳа ўзаро урушлар, беҳуда қон тўкишлар устидан чиқарилган ўткир бир айбнома эканлигини англаб етасиз, қолаверса, қаттиқ ларза ичида қоласиз. Бамисоли В. Верешчагиннинг уруш даҳшатларини акс эттирувчи мудҳиш  полотноларини томоша қилгандаги ҳолатга тушасиз.

ЁЗУВЧИ. В. Верешчагиннинг асарларига мен бир хилда – нуқул эҳтиром билан қарамайман. Хусусан, бу улкан мусаввирнинг Ўрта Осиё тарихига оид айрим асарларида қора бўёқ кучайиб кетгандек туюлади. Бу менинг шахсий фикрим. Қодирийда эса ҳатто ўша қора манзаралар орасида ҳам табиий нур сезилиб туради. Бир қарашда аҳамиятсиздек туюлган лавҳалар, персонажларга жиддий маъно юклаш маҳоратига оид мисолларни яна келтириш мумкин. Марғилондан қудалар келганида Ҳожининг уйига йиғилган одамлар орасида жаллод ҳам бўлади. Ўқиб ҳайрон қолдим. Ҳожидек одам жаллодни нимага уйига чақирсин? Гарчанд у (Пирназар жаллод) бу ҳунарни ташлаб юборган бўлса ҳам, шу ерга келиши мантиққа хилофдек кўринади. Бироқ, кейин тушундимки, муаллифнинг бундан мақсади бор экан. Отаси сўз ўйини қилиб, Отабекнинг ҳам жаллодлик қилганини айтмоқчи экан... Ёки тағин бир манзара. Романда Қовоқ девона нима қилиб юрибди? Одамлар унинг устидан кулишию, девонанинг бурнини оқизиб йиғлашини тасвирлаб ўтириш шартмиди? Бир қарашда шундай кўринади. Лекин Қовоқ девона романда биз ўйлагандан кўра анча катта маъно ташийди. Шундоқ қилиб, Отабек Зайнабга уйланди. Энг нўноқ ёзувчи Тошкентдаги тўйни ҳам бутун тафсилоти билан ёзар эди. Ахир, Тошкентдаги тўй Марғилондагидан фарқ қилади. Қолаверса, шу кунлардаги Отабекнинг ҳолати китобхонга қизиқ туюлиши мумкин. Ўртачароқ адиб бўлса, бошқача йўл тутар эди. Асарни «Жодугар ҳинди» бобидан давом эттираверарди. Бироқ Қодирий Қовоқ девонани асарга олиб киради. Нимага? Биринчидан, «Қора тегин» Отабекнинг уйланганини билиб олди. Лекин девона образи асарга фақат шунинг учун киритилган эмас, ҳамма гап шундаки, Отабекнинг иккинчи уйланишидаги бутун қувонч – бир девонанинг битта белбоққа эга бўлишию, бир тоғора ош еб, маза қилишидан нари ўтмади. Бор гап шу! Аслида бу тўйнинг ўзи Отабек учун девоналикдек гап эди. Мана, ёзувчи нима демоқчи!

ТАНҚИДЧИ. Мен университет аудиторияларидаги лекцияларимда «Ўткан кунлар»ни ва Қодирийнинг бошқа асарларини бир вақтлар бўлган асоссиз танқидлардан ҳимоя қилиб гапирганимда,  баъзан талабалар «Ўткан кунлар»да, умуман Қодирий реализмида камчиликлар, ожиз томонлар ҳам борми, деб сўрашади. «Ўткан кунлар»ни етук, баркамол роман дедик. Лекин шундай асар ҳам кам-кўстлардан холи эмас, албатта.

ЁЗУВЧИ. Албатта, Қодирий асарларида «Обид кетмон»да ҳам, «Меҳробдаи чаён»да ҳам, ҳатто адибнинг бош асари бўлмиш «Ўткан кунлар» да ҳам мутахассис сифатида эмас, оддий китобхон сифатида синчиклаб қаралса, айрим камчиликлар топилиши мумкин. (Беайбпарвардигор дейдилар, қолаверса, катта ишлар мутлақо камчиликсиз бўлмайди.) Шахсан менга Кумушдек оқила аёлнинг Отабек номидан ёзилган сохта хатларнинг биронтасидан эрининг дастхатини изламаслиги, пайқамаслиги ғалати кўринади. Тўғри, эри бировга уйланганини билиб, минг хил хаёлга бориб ўтирган хотин учун бунақа зарба оғир бўлади. Бироқ, Қутидордек тадбирли одам ҳам бу туҳматларга чиппа-чин ишонади... Эҳтимол, бу Қодирийнинг ўзи айтган «Чор дарвеш» туридаги достонларни ўқиб ўрганган китобхонлар учун асло   сезилмас... Тағин  билмадим.

Балки, бу худди ўша романтик адабиёт таъсиридир... Қолаверса, романда айрим мантиқан чуқур асосланмаган ўринлар ҳам бор. Асар бошида Отабек Ҳасаналининг тақдирини, ўтмишини эслайди. Бу нарса муаллиф тилидан баён қилинса ҳам, Отабек руҳияти орқали берилади: «Ҳасанали ўттиз ёшлик вақтида сотиб олинган бир чўрига уйлантирилган бўлса ҳам, аммо ўғил, қизлари бўлмаган, бўлсалар ҳам ёшликда ўлиб кетганлар...». Аввало, реалистик прозада бунақа дейилмайди. Боласи бўлиб, кейин ўлганми ёки бутунлай фарзанд кўрмаганми? Қолаверса, Отабек Ҳасаналини маънавий ота деб билади. Демак, бу нозик масалани у аниқ билиши керак. Салбий қаҳрамонлар портретида бир хиллик учрайди. Аксарияти пучуқ, тасқара. Жаннат образида бир деталь жуда ҳаётий. У икки гапнинг бирида «қиҳ» деб туради. Баъзи ўринларда адибнинг шоирона туйғулари меъёридан ошиб кетади. Қутидорникидан қудачиликнинг хушхабарини олиб келган Ҳасанали ухлаб ётган Отабек ҳақида ўй суради: «Қайғурма, бегим, Ҳасанали отанг бу тўғрида ҳам сени ёдидан чиқармади... Бу кеча сенинг қайғули кечаларингнинг энг кейингиси ва ойдинли ҳам шеъриятли тунларингнинг арафасидир, бегим!» Эҳтимол, шу қадар катта, муҳим ишни умрида биринчи марта қилган қул Ҳасанали ўша кеча қаттиқ ҳаяжонлангандир. (Аслида ҳам шундай!) Лекин саводсиз бир чол «шеъриятли тунлар» дермикин? Бу муаллифнинг гапи эмасмикин?

Умарали ака, инсоф билан айтганда, мен ҳеч қачон, ҳеч кимнинг асаридан камчилик излаб ўқиган эмасман. Тўғриси, бу менинг вазифамга кирмайди ҳам. Ҳозир, мана буюк адиб (мен бу сўзни айтишдан истиҳола қилмайман) Қодирий домланинг асарларидаги айрим камчиликлар ҳақида сўз борар экан, бир нарсани ўйлаб қолдим. Аввало, «Ўткан кунлар» ёзилганига етмиш йил бўлди. Ўшанда бизда чинакам реалистик прозанинг ўзи йўқ эди. Қолаверса, Абдулла Қодирий бу романини ёзганида ўттиз ёшга ҳам чиқмаган эди. Бугун ўттиз ёшимизда нимани қойил қиляпмиз? Тўртта ҳикояни эплаб ёзсак, ўзимизни «классик» санагимиз келади. Йўқ, мен, ҳозирги ёзувчиларни айбламоқчи эмасман. Демоқчиманки, биз Қодирий ижодига етмиш йил беридан туриб, аввало, ўзимизнинг етмиш йиллик реалистик прозамиз тажрибаларига таяниб, қолаверса, жаҳон адабиётидан ижодий фойдаланишимиз имконияти ўша даврга нисбатан етмиш марта кўпроқ бўлган даврда туриб гапираяпмиз. Ундан ҳам муҳими, «Ўткан кунлар» мана етмиш йилдирки, ҳамон севиб ўқиляпти. Шунинг ўзи катта гап эмасми! Бургут боласини ўзидан баландроқ  учмагунча  қўймай  чўқилар экан.

Қодирий домла ўзбек реалистик прозасининг классиги, у ўз мактабини яратди. Фақат бизнинг ўзбек адабиёти эмас, умуман ўша давр кўпмиллатли шўро адабиётида катта из қолдирди. Биламиз, улкан адиб Авезов Қодирийни устоз санайди, улкан адиб Айтматов эса Авезовни ўз устози деб билади. Модомики биз бир-биримизни устоз деб биларканмиз, мана шу устозлар сафида Абдулла Қодирий ҳам борлигидан чин дилдан фахрланамиз. Агар биз ўзбек прозаси «Ўткан кунлар» савиясида тўхтаб қолди, десак хато қиламиз. Негаки, етмиш йил мобайнида кўп яхши асарлар яратилди. Қодирий домла агар ҳаёт бўлганида бугун адибларимиз эришаётган ютуқлардан қувонар, камчиликларидан ранжир эди. Негаки, катта истеъдоднинг қалби ҳам катта бўлади. Мен оддий бир қаламкаш сифатида Абдулла Қодирийдек катта истеъдод эгасининг руҳига ҳамиша таъзим қиламан!

ТАНҚИДЧИ. Абдулла Қодирий ижоди, аниқроғи, «Ўткан кунлар» романи, романдаги ёзувчининг реалистик маҳорати, санъати, адиб реализмининг қудрати хусусидаги баҳс-мулоҳазаларимиздан келиб чиқадиган бугунги кун адабиёти, хусусан, ёш қаламкашлар учун энг асосий хулоса, сабоқлар нималардан иборат деб биласиз?

ЁЗУВЧИ. Ҳар қандай улкан санъаткор, табиийки, бошқа қаламкашларни ҳам ёзишга илҳомлантиради, таъсир кўрсатади. Бироқ, зийрак қаламкаш улкан адибдан фақат ёзишнигина эмас, қандай ёзмасликни ҳам ўрганади. Йўқ, Қодирий қандай ёзмаслик «намунасини» кўрсатган эмас. Гап бошқа ёқда. Ҳақиқий қудратли адиб асарини ўқиганингизда кўпинча ўзингизнинг машқларингиз майда, бачкана кўриниб кетади. Бошқа кўп классиклар қатори Қодирий домлани ўқиганимда менда ҳам, шундай кайфият пайдо бўлади. Бугунги ёш қаламкашларнинг Қодирийга муносабати, ундан таълим олиша масаласига келсак, ҳар ким ўз хулосасини ўзи чиқаргани маъқул.

 

1984 йил

 

 

 


 

* Суҳбатга “Ўткан кунлар” романининг 1974 йилги йилги нашри асос қилиб олинган, айрим ўринларда 1926 йилги нашрига мурожаат этилди.

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz