Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

 

ЯҚИН КЕЧМИШНИНГ ҲАЛОЛ ВА ТЕРАН БАДИИЙ ТАҲЛИЛИ

(Мурод Муҳаммад Дўст ижодига бир назар)

 

         Ўтган аср 70-йилларининг бошлари. Тошкентдаги Талабалар шаҳарчасининг шундоққина биқинида домлалар учун қурилган бинода оиламиз билан турамиз. Ўша кезлари хонадонимиз бамисоли университет аудиториясининг филиалига айланган эди. Турли муаммолар бўйича бизникига ташриф буюрадиган талабаларнинг кети узилмасди. Айниқса, ижодкор ёшлар билан хонадонимизда кечган мароқли гурунгларни бугун орзиқиб эслайман. Тоғай Муроддай ёрқин истеъдодни шундай гурунгларнинг бирида ўзим учун “кашф” этганман. Ўша кезлари яна бир ўзига хос истеъдод соҳиби Мурод Муҳаммад Дўст билан айни шу кулбамизда танишганман.

         Узун бўйли, озғин, ўйчан қоп-қора кўзлари чақнаб, юзида аллақандай киноя аралаш ним табассум уфуриб турган бу талаба йигитнинг гап-сўзлари ҳам чеҳрасига мос аллақандай ёқимли киноявий оҳанг билан йўғрилган эди. У филолог эмас, университетда фалсафа ихтисослиги бўйича таълим оларди. Дастлабки суҳбатдаёқ унинг билим, қизиқиш доирасининг кенглиги мени лол қолдирди. Ғарб фалсафаси, руҳшунослиги, тасвирий санъат, мусиқа, архитектура, адабиёт ва санъатдаги янги жараёнлар ҳақида рус тилида чиққан сон-саноқсиз китоблар, машҳур куйлар ёзилган грампластинкалар шайдоси экан бу йигит. Ётоқхонасига сиғдиролмаган китобу грампластинкаларини бизникида сақлайдиган бўлди. Ўз навбатида, мен ҳам улардан баҳраманд бўлиб турардим. Кўп ўтмай, бу йигит ижодий машқлар ҳам қилиб туришини сезиб қолдим. Илтимосимга кўра “Қайдасан, қувонч садоси” деб номланган каттагина ҳикоясини ўқишга берди. Ўқиб, қувониб кетдим. Аллақачон ҳаваскорлик босқичидан ўтган, тап-тайёр профессионал ёзувчининг асари! Орадан кўп ўтмай ҳикоя босилди. Ҳаттоки Ёзувчилар уюшмасида мазкур ҳикоя муҳокамасига бағишланган адабий анжуман ўтказилди. Одил Ёқубов, Озод Шарафиддиновдек таниқли ёзувчи, мунаққидлар у ҳақида илиқ гаплар айтди.

         Бу анжуман, менимча, ёш ёзувчи ижодий тақдирида чуқур из қолдирди, балки, бурилиш ясади. Донгдор композитор ҳаёти ва ижодини теран ўрганиб, билиб, ҳис этиб қалам тебратган ёш қаламкаш асарига тасаннолар айтиш билан баробар, жиддий бир эътироз, аниқроғи, истак ҳам билдирилди. Жумладан, устоз Озод ака “Ғарбнинг машҳур кишилари ҳақида ғарблик ижодкорлар қойилмақом қилиб ёзишган. Муроднинг ҳикояси ўша асарлар билан бўйлаша оладиган даражада. Бу – яхши. Энди укамиз ўз одамларимиз ҳақида ёзиб, уларни Ғарб, балки, жаҳонга танитиш йўлидан борса, яна ҳам савоброқ иш қилган бўларди...” деди. Бу фикрни бошқалар, жумладан, Одил Ёқубов ҳам қўллаб-қувватлади. Ёш ёзувчи анжуманда бу хусусда ҳеч нарса демади. Аммо шундан кейин у ижодда миллий заминга кескин юз ўгирди. Бирин-кетин “Дашту далаларда”, “Бир тойчоқнинг хуни” каби ҳикоялари, “Мустафо”, “Истеъфо”, “Галатепага қайтиш” сингари қиссалари эълон этилди. Бу асарларнинг қаҳрамонлари ўзи учун қадрдон маскан – киндик қони тўкилган юрт – Самарқанд вилоятига қарашли Жом қишлоғи одамлари. Бу юртни ёзувчи асарларида “Галатепа” деган чиройли адабий ном билан атайди. Бунинг боиси шуки, муаллиф туғилиб ўсган қишлоғи ҳақида ҳужжатли асар – очерклар туркуми ёзмоқчи эмас эди, балки ўша қадрдон масканда туриб таниш манзаралар, чеҳралар воситасида ўша кезлардаги миллат ҳаёти, ҳолати, руҳиятида кечаётган жараён – эврилишларни, шахсан ўзини қийнаётган ўй-кечинмаларни ифода этишга чоғланади ва бу эзгу ниятига эришади ҳам. Қисса ва ҳикоялар саҳифаларидан қад ростлаган Мустафо, Ғуччи чол, Болта қассоб, Ибодулло Махсум, Пиримқул Молия, Эломонов, Бинафшахон, Полвон, Хадича, Тошпўлат Ғайбаров, Раим оқсоқол каби персонажлар худди тирик одамлар каби “адабий аҳоли” сафидан ўрин олди. Муайян сабабларга кўра, адабиёт реал ҳаётдан узоқлашиб қолган, соцреализм талаблари асосида яратилган “совет кишиси” образлари ижобий қаҳрамон эталонига айлантирилган бир паллада бир қатор янги авлод ёзувчиларининг китобийликдан юз ўгириб, мавзу ва қаҳрамонлар танлашда реал ҳаётнинг ўзига қайтиши, бунда ҳаттоки ўзига таниш маскан қучоғига кириб бориши миллий адабиётимиз ривожида ўзига хос ҳодисага айланди. Мурод Муҳаммад Дўстдан олдинроқ ижод бўстонида кўринган Шукур Холмирзаев ўзи туғилиб ўсган Бойсун колоритини адабиётга олиб кирди, Муроджоннинг тенгдоши Тоғай Мурод қиссаларида қаламга олинган воқеа-ҳодисалар ёш ёзувчи она юрти Денов, аниқроғи, Хўжасоат қишлоғи ва унинг атрофида юз беради. Муроддан кейинроқ ижодини бошлаган бойсунлик Эркин Аъзам, паркентлик Хайриддин Султоновларнинг илк қадамларида ҳам айни шу ҳолни кузатиш мумкин.

         Тенгдоши Тоғай Муроднинг “Юлдузлар мангу ёнади, “Ойдинда юрган одамлар” қиссаларидаги каби Муроджоннинг қатор қисса ва ҳикоялари, чунончи, “Дашту далаларда” персонажлари адабиётимизда чиндан-да янгилик бўлди. Уларда сиз урфга айланган қаҳрамонларга хос “типик” хусусиятларни кўрмайсиз. Бир қарашда улар “ҳаёт оқимидан ортда қолган” оми, дағал, кўримсиз кимсалар. Бироқ тенгдошлари каби Муроджон ана шу оддий, жўн, балки, қўпол, дағалтабиат одамлар феъл-атвори, қалбидаги нурли жиҳатларни, юксак маънавий бисотни, ўтда куймайдиган, сувда чўкмайдиган оташин севги туйғуларини кўрсатишга, аниқроғи, тараннум этишга эришади. Ўша кезлари айни шундай ҳодиса бошқа қардош халқлар, жумладан, рус адабиётида ҳам содир бўлаётган эди, айниқса, рус адабиётидаги “қишлоқ прозаси” деб ном олган адабий ҳодиса, жумладан, В.Шукшин қаламига мансуб “чудик”лар – ғаройибтабиат одамлар образи туфайли “коммунистик ахлоқ кодекси” асосида ясалган “қаҳрамонлар”нинг “довруғи”га дарз кетди. Айни шундай миссияни бизда юқорида тилга олинган носирларимиз, жумладан, Мурод Муҳаммад Дўст адо этиш шарафига муяссар бўлди.

         Адабий жараён бир ерда депсиниб туролмайди, узлуксиз ҳаракатда, ўзгаришда. Айниқса, шиддат билан ўзгариб, янгиланиб бораётган жаҳон адабиёти билан ҳамқадам бўлолмаган адиб миллий адабиётда ҳам ўз ўрнини тополмайди. Буни теран англаган Муроджон адабий билим ва малакасини янада ошириш ниятида Москвадаги Адабиёт институтида таълим олди, бу ердаги адабий муҳит унинг ижодий кредосига талай “таҳрир”лар киритди. Шундан кейин яратган асарларида, айниқса, “Галатепага қайтиш” қиссаси ва “Лолазор” романида ёзувчининг ижодий тафаккур доираси янги кўлам касб этганлигининг шоҳиди бўлдик.

         Бу икки асарда ҳам муаллиф аввалги ҳикоя ва қиссаларидаги каби миллий заминда қатъий туради, аммо персонажлар доираси хийла кенгаяди, оддий, камсуқум қишлоқ одамлари билан баробар, қишлоқдан чиқиб, шаҳар кўрган, бинобарин, дунё таниган турфа кишилар – олим, раҳбар ходим, шоир-ёзувчи, спортчи, алпинист ва ҳоказолар орасидаги мулоқотлар, баҳсу мунозаралар, уларнинг дарду дунёси, кўнглидаги армону ўкинчлар билан танишамиз. Хилма-хил, турфа одамлар қисмати, табиати, руҳияти ифодаси бадиий талқинида энди биз миллий анъаналар билан баробар, жаҳон янги адабиёти тажрибалари, экзистенциализм, абсурд, онг оқими каби характерли адабий-бадиий тамойилларнинг кўринишлари гувоҳи бўламиз.

         “Лолазор”да кўлам янада кенгаяди. Макон Галатепа доирасидан чиқиб кенг миқёс касб этади. Масъул раҳбар ва унга яқин турган қаламкаш асарнинг етакчи қаҳрамонлари қилиб олинади. Бу икки қадрдон ошна ва улар қаторидаги ўнлаб персонажлар қисмати, табиати, руҳияти ифодаси орқали бутун бир жамият, тузумнинг инқирози бадиий таҳлил ва талқин этилади.

         “Лолазор” енгил ўқиладиган, осон уқиладиган асарлар хилидан эмас. Роман тафаккур тарзи, тил, ифода, услуб, усуллар жиҳатидан замонавий жаҳон адабиётидаги етакчи йўналишларга мансуб эканлигини, романдаги тасвирнинг полифоник сержило хусусиятини эслатиш билан баробар, унда тақлидчиликдан асар ҳам йўқлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Муаллиф Ғарб тажрибасини ўзбекона миллий руҳ, бетакрор ўзбекона оҳанг билан қойилмақом қилиб уйғунлаштира олган.

         Шуниси қизиқки, бир қарашда асар анчаин содда тилда ёзилгандек, характер ва ҳодисалар хийла одми – жўн бир йўсинда лоқайдроқ тарзда ифода этилаётгандай туюлади. Аммо мана шу жўнлик замирида ўта жиддийлик, гўллик қобиғида эса қувлик, теран маънодорлик бор; ҳушёр китобхон лоқайд бўлиб туюлган нигоҳ, ҳикоя тарзи замиридаги ёзувчининг позициясини, ҳодисаларга аниқ-равшан муносабати, баҳосини сезиб, ҳис этиб туради. Муаллиф қиссада Шарқ адабиётида кенг тарқалган “тажоҳилул- орифон” деб аталган билиб-билмасликка олиш, содда қувлик, донишмандлик усулини ижодий ривожлантириб, романнинг етакчи услуби даражасига кўтаради. Айни шу услуб, усул тақозо этадиган истеҳзо, киноя, кесатиқ, пичинг, нозик қочириқлар асарга халқчил миллий руҳ, ўзига хос жозиба бахш этади. Энг муҳими, бундай усул-услуб орқали ёзувчи романга асос қилиб олинган ҳаётий ҳодисалар, муаммолар, одамлар табиати, қисмати моҳиятини бетакрор тарзда чуқур, ҳаққоний очишга, уларни бутун мураккаблиги, зиддиятлари, мусбат ва манфий томонлари билан кўрсатишга эришади. Ёзувчи услубининг яна бир жиҳати шундаки, асар бошдан-оёқ баҳс-мунозара тарзида битилган. Ёзувчи гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона персонажлар билан баҳсга киришади; асардаги персонажлараро тортишувлар фақат улар орасидаги конфликт-зиддият ифодасигина бўлиб қолмай, уларни муаллифнинг ҳодисаларга хилма-хил томондан ёндашуви, баҳс-мунозаралари изҳори деб ҳам айтавериш мумкин.

         Роман марказида, юқорида айтиб ўтилганидек, икки қадрдон дўст – республиканинг масъул раҳбари Ошно, шу ошно паноҳида, мададида “донгдор” ёзувчи даражасига кўтарилган, аслида ўртамиёна қаламкаш Назар Яхшибоев тақдири ётади. Муаллиф замонавий романчиликда кенг қўлланаётган ретроспектив усулга таяниб, персонажлардан бири – ёзувчи Назар Яхшибоев умрининг сўнгги, касалхонада кечган бир неча кунларини гўё сарҳисоб палласи тарзида олиб, шу нуқтада туриб узоқ йиллик босиб ўтган ҳаёт йўлига назар ташлайди. Бу одам умр йўлида жуда кўп кишиларга дуч келган, улар билан ҳар хил муаммолар бўйича мулоқотда бўлган; аммо унинг тақдирида чуқур из қолдирган, бутун онгли ҳаётига эш бўлиб юрган зот бу – Ошно. Ёзувчи ҳаётидаги барча хуш ва нохуш ҳодисалар, зафарлар, йўқотишлар, хато ва адашишлар, кўргилик ва аччиқ сабоқлар – барчаси шу одам билан алоқадор. Роман муаллифи бу икки шахс умр йўлини, аввало, Назар Яхшибоев нигоҳи орқали ифода этади. Аммо муаллиф бу билан чекланмайди. Агар шу билан чекланганда, эҳтимол, ёзувчи бу икки мураккаб шахс, улар тақдирига алоқадор ҳодисалар ҳақидаги тўла ҳақиқатга эришолмаган бўларди. Буни сезган муаллиф романга яна бир муҳим фигурани олиб киради – асарда тақдир тақозоси туфайли бу одамга яқинлашиб, унинг таъсирига тушиб қолган, аслида зўр истеъдод эгаси, соҳибдил, ҳақиқатгўй адиб Саидқул Мардонов отлиқ шахс пайдо бўлади. Саидқул Назар Яхшибоев ҳақида қисса ёзмоқчи. У Яхшибоевнинг  ҳаёт йўли, дўсти Ошно ҳақидаги кўрган-билганларини сўзлайди, йўл-йўлакай ўз ҳаётини ҳам ҳикоя қилади... Шу тариқа асарда марказий фигуралар – Ошно ва Яхшибоевларга нисбатан бошқа бир нигоҳ – қараш, уларни янги томондан баҳолаш, очиш имконияти вужудга келади. Муаллиф воқеаларни гоҳ бемор – Яхшибоев, гоҳ қиссанавис – Мардонов нигоҳи орқали беради; ҳодисаларнинг шу тарзда икки хил табиатли, икки хил маслакли ёзувчи орқали ифода этилиши асарга ўзига хос баҳс, тасвирга эса полифоник хусусият, сержило маъно бахш этади. Роман етук реализмга хос хусусиятлари – муаллиф ҳодисаларни, одамлар тақдири, характерини, ҳаттоки яқин ўтмишда энг жиддий хатолар, жиноятлар қилиш даражасига бориб етган кимсаларни ҳам тарихий муҳит фарзанди, тирик инсон сифатида тушуниб, қалам тебратгани билан ғоят қимматлидир. Зотан, ҳақиқий реалист ёзувчининг вазифаси, А. Чехов айтганидек, гуноҳкор одамни нуқул айблаш, таъқиб қилиш эмас, аксинча, ҳаттоки гуноҳкор кимса ёнини олиб, у йўл қўйган хатолар, табиатидаги қусурлар, қабоҳатлар асоси, илдизи, сабабларини таҳлил  этиб бериш, инсон жумбоғини ечишга уринишдан иборатдир.

         “Лолазор” муаллифи яқин кечмишга катта масъулият билан ҳалол ёндашади, айни шу масалада конъюктура мақсадларини кўзлаб, ҳар мақомга йўрғалайверадиган, калтабин, мунофиқ кимсалар билан ошкора мунозаралар олиб боради. Узоқ йиллар Назар Яхшибоев билан мулоқотда бўлган, уни яқиндан билган, ундан гоҳ яхшиликлар кўрган, гоҳ ранжиган ҳақгўй адиб Саидқул Мардонов пировардида ўз виждонини сўроққа тутади:

         “АГАРДА ЯХШИБОЕВНИНГ ЎРНИДА МЕН ЎЗИМ БЎЛГАНИМДА-ЧИ?

         АГАРДА МЕН ЎЗИМ ОШНОГА ОШНО БЎЛГАНИМДА-ЧИ?   ЎШАНДА НЕ БЎЛАРДИ?

         Бу саволларга нима деб жавоб беришни билмайман. Ишонолмайман ўзимга. Шубҳам мўл менинг. Замонлар ўзгача эди. Қутқу деганлари ҳам ғоят улуғ эдики, Ошнога ошно бўлсам, олиймақом рағбатлар олсам, мен ўзимнинг ҳам Яхшибоевга айланишим муқаррар бўлиб туюлади.

         Ҳар хил ошнолару яхшибоевларга қарши ўз вақтида билак шимариб кескин курашганмиз, деб томоқ йиртаётган ва недир янги садақалардан умидвор бўлаётган тенгдошларимдан фарқли ўлароқ, мен ўзимнинг ўша кезларда ҳам, бугун ҳам жуда ожиз эканимни сезаман”.

         Бу ҳалол ва мард одамнинг, чин реалист адибнинг эътирофи! Романнинг “Охириги боб”ида кичик, аммо характерли бир лавҳа бор. Қиссанавис Саидқулнинг орадан йиллар ўтиб, бир вақтлар катта довруғ таратган, бугунги кунда эса сири фош бўлиб, қамоқда ётган донгдор раис Тўпори юртига йўли тушади, Тўпорининг тус жияни кабобпаз Неъматжонга дуч келади; жиян ҳеч тап тортмай Тўпори қисмати ҳақида қувонч билан гапиради, “Илоннинг боши янчилди, домлажон!” дея суюнчи олмоқчи бўлади. “Билмай юраверган эканмиз, қилган қилғилиғини мен айтмай, сиз эшитманг!..” деб дийдиёсини бошлайди. Саидқул лол бўлиб қолади, чунки илк бор бу ерга келганида Неъматжоннинг Тўпори тўғрисидаги гапи, талқини ўзгача эди: “икки гапнинг бирида зикр этардики, “каттамизнинг қамрови кенг, ғайрати улуғ, бу кишига битта колхоз торлик қилади, бу кишига бутун бир республикани ҳам ишониб топширса бўлади!..”

         Муаллиф ёзганидек, вақтида жўр бўлиб, кейин четга чиқиб туриш осон. Вақтида жўр бўлиб, вазият ўзгаргандан кейин бутунлай бошқа томонга ўтиб олиш эса ҳаммасидан ёмон. Ёзувчи ўзини, ўз бисотини тафтиш қилишга ўтади: “Тўпорининг ёнида бунақа неъматжонлар жуда кўп бўлган. Ундан ирганишга иргандим-у, лекин аслида ўзимнинг ҳам ундан беҳроқ эмаслигимни англадим. Тўпорини яратган ким ўзи?! Наҳотки неъматжонларнинг бу ишга қурби етса! Йўқ, Тўпорини биз сўзамоллар яратдик, Яхшибоев, мен... Бошқалар ҳам қараб тургани йўқ. Мақтадик, мақтайвердик, юксакларга опчиқиб, ўзимиз пастда қолиб, пировард унинг соясига сиғинадиган бўлдик...

         Ичимда аччиқ кулги уйғонди...”.

         Мана шу аччиқ кулги, истеҳзо, йўл қўйилган хатолар учун ҳам оммавий, ҳам шахсий жавобгарлик, уят, иқрорлик ҳисси – роман реализмининг туб негизини ташкил этади.

         “Лолазор” романи яна бир жиҳатдан характерли. 80-йилларда адабиётда “гап айтиш”, “проблема кўтариш”га мойиллик кучайиши муносабати билан қуруқ гапбозлик, проблемабозликдан иборат асарлар кўпайиб кетди. Адабий асар оддий публицистика, проблематик мақола ҳолига тушиб қолди. Адабиёт, биринчи навбатда, инсоншунослик, характершунослик эканини унутмаслик даркор. Ҳар қандай ўткинчи ижтимоий муаммо, катта гап – фалсафа асарда бевосита инсон характери, тақдири таҳлилидан табиий равишда келиб чиқмас экан, ҳаёт ҳақиқати бадиий ҳақиқатга айланмайди. Уни чинакам бадиий асар деб аташ маҳол. “Лолазор” муаллифи ҳаммадан бурун инсоншунос-характершунос тарзида иш кўради; ёзувчининг ўша пайтга қадар бу борада тўплаган ижодий тажрибалари, хусусан, “Галатепага қайтиш”, “Истеъфо” қиссаларида қўлга киритган ютуқлари романда қўл келган, янада сайқал топган; асарни ўқиётганда Ошнони ҳам, Назар Яхшибоевни ҳам, Саидқул Мардоновни ҳам, етакчи персонажлардан ташқари, ғаройиб табиатли Тўпори, терс, аммо мард, самимий йигит Абдужаббор, индамас, олижаноб аёл Олия, бадантарбиячи аёл Анбар, Симхо, Робия, Қурбоной, Шариф, Валломат, Александр Шойимардонович, Мойра, Муяссархон, яна ўнлаб персонажлар, асарда кенг ва оз ўрин олишига қарамай, тирик инсон сифатида бетакрор хусусиятлари билан шундоққина кўз олдимизда гавдаланади; улар шунчаки индивидуал образ – бетакрор характер бўлиш баробарида, концептуал хусусиятга эга, муайян ижтимоий ҳодиса моҳиятини очишга хизмат этадилар.

         Ёзувчининг энг катта хизмати – Яхшибоев ҳаёти маъноси, умр сабоқлари, яхшибоевчилик моҳиятини чуқур таҳлил этиб берганидадир. Дадил айтиш мумкинки, Яхшибоев асарда давр типи даражасига кўтарилган. Боя айтилганидек, бу одам – мураккаб шахс; қалби эзгу туйғулардан холи эмас, ёзувчи сифатида ўзининг нимага қодирлигини, ожиз томонларини ҳам билади, ўзгаларга, муҳтожларга мурувват, ҳиммат қўлини чўзишга ҳам тайёр, дўстларга содиқ, кўп ҳолларда ҳақиқатга тик қарайди, ҳақ гапни айтишга, ёзишга интилади... У Ватан учун жанг қилган, Ватан топшириқларини баҳоли қудрат бажо келтиришга уринган. Бу одам, эҳтимол, бошқа бир шароитда, фавқулодда “омад” кулиб боқмаганда, балки, қурби, иқтидори етганича меҳнат қилиб, ҳалол ижод этиб, шу камтарона меҳнати самараси билан ҳаётда ўзига яраша ўрин, чин обрў топган бўларди. Аммо вазият ўзгача бўлиб чиқди, тақдир уни бениҳоя  “сийлади”, иқтидори, меҳнатидан кўра юқори обрў-эътиборга, катта имкониятларга эришди. Унинг яқин дўсти Ошно юртнинг масъул раҳбари даражасига кўтарилгач, унинг соясида, мададида патриарх – “Ота ёзувчи”га айланади; бошда у қалб амрига бўйсуниб шаккоклик қилиб ҳам кўради, ҳақ гапни айтишга чоғланади, аммо бу иш Ошнога маъқул тушмайди, замона зайлига зид бўлиб чиқади, шаккокликнинг андак жабрини ҳам татийди. Сўнг у Ошно раъйига, замона зайлига қараб иш кўрадиган, катталар рухсатини олиб, ҳақиқатни айтадиган, ёзадиган бўлади. Бора-бора Ошно раъйига, замона зайлига қараб иш кўрган бу аллома ижодда, бинобарин, ҳаётда боши берк кўчага кира бошлайди. Бир вақтлар эзгу туйғулардан, олижаноб мақсадлардан, қалби саховатлардан холи бўлмаган Ошнонинг ўзи ҳам бора-бора нохуш бир оқимга тушиб олиб, шу оқим бошида туриб бутун бир халқ ҳаётини танг аҳволга солиб қўя бошлайди.

         Тўғри, Ошно бир ўзи юртни шу даражага олиб бориши мумкин эмас эди; у бутун мамлакатдаги вазият, ижтимоий-маънавий иқлим, марказдаги бош таянчи, илҳомчиси, йўлбошчиси Катта Пахтакор таъсири, рағбати остида шу ишларни қилади, авом, жумладан, яхшибоевлар эса унга бор ҳақиқатни айтишга журъат этолмайди, аксинча, ҳар боб билан ҳурматли арбобнинг ҳурматини жойига қўйиш пайида бўладилар. Ошно ўйлаган режалар бир рўё, унинг ташаббуси, мадади билан кўтарилган қаҳрамонлар сохта қоғоз гуллар, жиноятчилар бўлиб чиқади. У туғилган юртига бир ариқ сув чиқариб бермоқчи эди, шунча йиллар ўтиб, қишлоқ сувсиз қолди; бутун юртни лолазорга айлантирмоқчи эди, юрт эса харобазорга айланди...

         Назар Яхшибоев умри охирида шу фожиаларнинг ҳаммасини ўз кўзи билан кўриб, бу ишларда ўзининг ҳам ҳиссаси борлигини ҳис этиб эзилади, қоврилади. Худди Ошно каби ўзининг ҳам қисмати танг – умр йўлдоши худбин, беоқибат; фарзандлари бемеҳр, бемаслак; умрининг сўнгги дамларида ишониб юрак розини айтадиган, дардини тушунадиган одами йўқ, ёзган асарларида амал қилган эътиқоди самарасиз, асарлари тиригидаёқ умрини тугатган; энг даҳшатлиси, бир вақтлар “Юлдузни кўзлаган қиз” деб улуғлаган қаҳрамони Қурбоной унинг кўз олдида фожиали тарзда жон таслим этади, ўлими олдида ўзини бир вақтлар улуғлаб, хато йўлга бошлаган адибга надоматлар ёғдиради... Яхшибоевнинг касалхонадаги умрининг сўнгги дақиқаларида Қурбоной билан учрашуви лавҳаси асарнинг энг таъсирчан ўринларидан. Қурбоной фожиаси бу яхшибоевлар фаолиятининг аччиқ меваси, яхшибоевчиликнинг фожеий самарасидир.

         Яхшибоевдан ижодкор сифатида доғ қолди, айни пайтда ундан яхшигина бир боғ қолди. Умрининг сўнгги йилларида ўз фожиасини тушуниб, ўзи тушиб қолган йўлнинг охири вой эканини сезган бу одам туғилган юртига бориб ҳалол пуллари эвазига бир боғ яратди. Ҳамюртлари, фарзандлари унинг ижодий меросига эмас, ундан қолган боққа эҳтиром, эътибор кўрсатадилар... Бунда чуқур рамзий маъно бор. Бу боғ ҳеч қанақа ошоларнинг таъсирисиз, раъйисиз, ёрдамисиз, кўнгилдан чиқариб эл-юрт, келгуси авлод манфаатини ўйлаб қилинган беғараз меҳнат самараси. Фақат ҳалол меҳнат самарасигина эътиборга молик. Эҳтимол, бу одам ижодда ҳам шундай йўл тутганида, ошнолар раъйига қарамай, фақат қалб амри билан ижод этганда ўз иқтидори, ҳалол меҳнатига яраша адабиётда ҳам қадрини топган бўлармиди... Яхшибоев умр йўли таҳлилидан келиб чиқадиган энг муҳим сабоқ, маъно – шу.

         “Лолазор” кенг, чуқур таҳлилларга, теран ўй-мушоҳадаларга, хилма-хил баҳс-мунозараларга асос берадиган асар. Биз асосан биргина етакчи персонаж устида тўхталдик, бошқа кўплаб персонажлар, уларда илгари сурилган ғоявий-бадиий концепция хусусида бирма-бир, батафсил тўхталиш мумкин эди. Аммо шу бир етакчи персонаж тўғрисидаги мулоҳазаларнинг ўзиёқ романнинг ғоявий-бадиий даражаси, асарнинг ижтимоий-эстетик салмоғи, замонавий руҳи ҳақида муайян тасаввур беради, роман етук санъаткор ёзувчи қаламига мансуб эканини тасдиқлайди.

         “Лолазор” романи яна бир бор шундан далолат берадики, бадиий ижодда ҳақиқатни кашф этишнинг энг тўғри, синалган йўли ҳодисаларни, инсон ва унинг қалбини бутун мураккаблиги, зиддиятлари, мусбат ҳамда манфий томонлари билан ҳалол ва теран таҳлил этишдан иборатдир. Шундай иқтидорга – тафаккур йўсинига эга адиб ҳеч қачон замоннинг ўткинчи эпкинлари олдида тебранмайди, замонлар ўзгарганда ҳам авлодлар олдида юзи шувут бўлмайди.

         “Лолазор” китоб ҳолида чиққанидан кейин икки йил ўтиб романда акс этган бедаво дард – чуқур бўҳронлар гирдобида ич-ичидан нураб бораётган тузум ҳалокатга учради. Ниҳоят, халқнинг асрий орзуси ушалди, мамлакат ИСТИҚЛОЛГА эришди. Энди озодлик иштиёқида ёнган сафдошлари қатори Муроджон ҳам бадиий ижодни йиғиштирб қўйиб шу ушалган асрий орзу – истиқлол ҳимояси, равнақи йўлида амалий ишларга ўтди. Салкам йигирма йилдирки, у масъул лавозимларда сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда. Ўзининг 60 ёши арафасида “Тафаккур” журналидаги суҳбатида шу йиллар давомида бой ҳаётий тажриба тўплагани, ижод устида ўйлашдан ҳеч қачон тўхтамагани, яна ижодга қайтиш нияти борлиги, кўнглида янгидан-янги асарлар бўй кўрсатиб келаётгани хусусида гапирди. Суюкли адибимизнинг муборак ёши билан қутлаган ҳолда, бу эзгу ниятларнинг тезроқ рўёбга чиқишини тилаб қоламиз.

 

 

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz