Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

ТАФАККУР ЁҒДУСИ

(Зулфия Қуролбой қизига очиқ хат)

 

         Зулфияхон, очиғи, Сизни мен шахсан танимайман. Бироқ ижодингизни, хусусан, матбуотда эълон этилган ҳикояларингизни кузатиб, ўқиб бораман. Ҳаётнинг, айниқса, қишлоқ турмушининг қоқ ўзидан, гирдобидан олинган, чуқур ички бир дард, миллат ғами билан йўғрилган ҳар бир чиқишингиз мени ҳар гал ҳаяжонга солади. Саида опадан кейин асарларида нафис ўзбекона нафосат ва айни пайтда мардона бир шижоат, адолат туйғуси уфуриб турган истеъдодли бир адибанинг кўз олдимизда шаклланиб келаётганлиги миллий насримиз учун қувончли ҳодиса деб биламан.

          «Ёшлик»да чиққан «Тафаккур» номли ҳикоянгиз мени Сизга мактуб йўллашга ундади. Бошқа ҳамкасбларимда  қандай, билмайман, шахсан ўзим ўртача ёки бўш асарни ўқиганимда ҳар доим «танқидчи» ҳолига тушаман, асарларнинг кам-кўстлари, ожиз жиҳатларини, сунъий-ясамалигини баралла кўриб, йўл-йўлакай таҳлил этиб бораман. Ҳақиқий санъат намуналарига дуч келганимда эса мунаққидлик ҳунаримни бутунлай унутиб муайян муддат ўша асар ичида яшайман, асар персонажлари менинг учун тирик одамларга айланади, воқеалар «иштирокчиси» сифатида персонажлар билан мулоқотга киришаман, уларнинг ташвишу қувончлари, оҳу зорлари, ўй-мушоҳадаларига шерик тутинаман. Кейинги йилларда миллий адабиётимизда пайдо бўлган икки асар мутолааси чоғи айни шундай ҳолатга тушдим.  Олдинроқ бир суҳбатда У.Ҳамдамнинг «Мувозанат» романи мутолааси мени не кўйларга солгани хусусида сўзлаган эдим. Мана энди Сизнинг «Тафаккур»ингиз билан танишиш чоғи кўнглимда кечган армону аламлар, ўй-мушоҳадалар ҳақида гапирсам дейман.

         Асарингизда ҳикоя қилинган бир ноёб истеъдод соҳиби – шахмат шайдосининг мусибатларга, ўкинч, армонларга тўла машаққатли умр йўли, фожеий қисмати, аминманки, мен каби ҳар бир миллат фарзандини ларзага солади, маҳзун, аламли ўйларга толдиради. Ҳикоя айни мамлакатимиз ҳаётида қувончли тарихий воқеа содир бўлган, беназир ёш шахмат устаси Рустам Қосимжонов жаҳон чемпионлигини қўлга киритган кезларда дунё юзини кўрди. Бунда қандайдир рамзий маъно бордек. Биламизки, Рустамжон бундай юксак мартабага осонликча эришгани йўқ. Оқ сут бериб, вояга етказган волидаи муҳтарамасидан тортиб мамлакат Президентига қадар қанчадан-қанча хайрихоҳ одамларнинг эътибори, ҳиммати, ардоғи, қолаверса, ўзидаги қатъият, шижоат туфайли Аллоҳ берган ноёб истеъдод ўз куч-қудрати, саховатини намоён этди. Минг афсус, ҳаётда акс ҳоллар ҳам бўлиб туради. Ноёб истеъдодга нисбатан лоқайдлик, эътиборсизлик, бугина эмас, сўқирлик, жаҳолат, шафқатсизлик ўша истеъдод эгасининг ўн гулидан бири очилмай туриб, хазон этади, уни топтаб ташлайди. Айниқса, турмуш чигалликлари, тирикчилик ташвишлари гирдобига тушиб қолган хонадону ҳудудларда бу ҳол юз бериб туриши табиий ҳол.

         Зулфияхон, Сиз ҳикояда миллатнинг, аниқроғи, миллат одамларининг ана шу фожиаси ҳақида куйиб-ёниб ёзасиз! Биламизки, ўтган асрнинг 60–70-йилларида насрда «шафқатсиз реализм»  деган оқим пайдо бўлган, ҳақгўй, жасур адиблар ўз асарларида ҳаёт машаққатларини, хусусан, қишлоқ кишиларининг аянчли турмушини бутун мураккаблиги, зиддиятлари билан шафқатсизларча ҳалол, ҳаққоний акс эттиришга журъат этган эдилар. Шу руҳдаги асарлар туфайли сўз санъати, сўз усталарининг эл-юрт олдидаги обрў-эътибори, ижтимоий мавқеи бениҳоя юксакликка кўтарилган эди. Табиийки, бу тур асарлар юқори доираларга асло маъқул тушмагани, улар теварагида бетиним фитна, фисқу фасодлар уюштирилганига ўзимиз гувоҳмиз. Кимдир топиб айтган: ҳақ гапга, адолатли танқидга тоқат қилолмайдиган жамиятнинг келажаги йўқ. Тарих буни тўла тасдиқлади. Мангуликка дахлдор мустақил мамлакатимизда ҳақ сўзнинг қадри баланд, ҳақиқатни айтиш, ёзиш имкони кенг. Бундан илҳомланган навқирон адабий авлод «шафқатсиз реализм» анъаналарини янги шароитда ўзгача тарзда давом эттираётирлар. Бу йўлда, айниқса, Шоим Бўтаев самарали изланишлар олиб боряпти. Сизнинг ҳикояларингиз, хусусан, «Тафаккур»ни мен айни шу йўналишга мансуб, деб биламан.

         Ҳикоя воқеаларини, бош қаҳрамон саргузаштларини Сиз анча олисдан – тарихимизнинг кечаги «қора кунлари»дан бошлайсиз. Мустабид тузум аграр сиёсати туфайли топтаб ташланган, тоғлар орасидаги бир вақтлар шарқираб оққан булоқларнинг кўзи аллақачон бекилиб, биёбонга айланган дўппидек хароба қишлоқнинг бири-биридан аянчли манзаралари ифодаси орқали ўқувчини маҳзун бир муҳит қаърига бошлайсиз. Хўжалик раиси Эшбоевнинг фаровон ва шу хўжаликнинг фақиру ҳақир фуқароси – оддий тегирмончи Довулбойнинг ғарибгина хонадони. Мана шу икки хонадон ва улар орасидаги сокин, аммо моҳиятан зиддиятларга тўла муносабатлар ифодаси жараёнида даврнинг, давр одамлари қисматининг ниҳоятда жиддий, ўткир фожиалари намоён бўла боради. Эшбоев сиртдан халқпарвар, фақиру ҳақирларга мурувватли, меҳрибон раҳбар; фаровон ҳаёт ҳақидаги ваъдалари, ширин сўзлари билан одамларни ўзига мафтун эта олади, ҳатто Довулбойнинг янгиликка ҳаваси, қизиқиши катта бўлган боласи Тангриберди раисникида телевизор кўриб катта бўлган, «Шахмат деган балони телевизорда кўриб» девонага айланган. Бироқ моҳиятан у ўзгача одам: ўз манфаати, роҳат-фароғатидан бошқасини билмайди. Элга берган ваъдалари оғзида қолиб кетади, йиллар ўтса ҳам қишлоқда фаровонликдан дарак йўқ, қишлоқ аҳли ичи қурбақа тўла зах қудуқ сувини ичишга мажбур. Пихини ёрган бу раҳбар ходим одамларни муҳтожликда, қарамликда ушлаб туриш сиёсатига амал қилади. Агар одамларга эрк берилса, турмуш фаровонлаша борса, уларни бошқариш қийин бўлиб қолишини яхши билади. Тоталитар режимга хос бу мудҳиш сиёсат асарда  қаламга олинган мўъжазгина жамоа хўжалиги, кичик бир мустабид раҳбар ва унинг итоаткор қули муносабатлари, бундай «ҳукмдорлик» ва «қуллик»нинг фожеий оқибатлари орқали ўқувчини ларзага соладиган бир тарзда ифода этилган. Сизнинг энг жиддий бадиий кашфиётингиз ана шунда деб биламан.

         Довулбой унчалик анойи кимса эмас, у раиснинг ҳақиқий башарасини, мунофиқлигини озми-кўпми билади, гоҳо унинг кирдикорларини юзига солгиси келади. Бироқ бундай «жасорат»нинг нима билан якунланишини, қариган чоғида ягона тирикчилик манбаи – ота-боболаридан қолган тегирмондан ажралиб қолишини яхши билади; раис субутсизлик қилиб, шаънини топтаган кезларда ҳам орани бузмаслик учун ялтоқланиб, унинг шаънига «не тўлка мен, бутун халқ сиздан рози» дея мадҳиялар ёғдиради. Қарамлик, муҳтожлик бу кимсани фақат маънавий тубанлик эмас, балки мудҳиш жиноятлар сари етаклайди.

         Қарангки, қарқуноқдан булбул чиққандай, мана шундай кимса хонадонида ғаройиб ўғлон туғилади. Тангриберди ўз номи билан Аллоҳ берган ноёб истеъдод эгаси – шахмат фидойиси. Бутун фикр-хаёли шахмат билан банд. Илк ўйинлари билан мухлисларини ҳайратда қолдиради, бирин-кетин аввал қишлоқ, сўнгра туман, вилоят миқёсларидаги ўйинларда  ғолиб чиқади. Номи эл оғзига тушади. Қария отанинг фикри ёди эса тегирмонни қўлдан чиқармаслик, уни Тангрибердига топшириш. Тангирберди эса отани ҳарчанд ҳурмат қилмасин, ўз аҳдида қатъий. Икки хил майл, манфаатлар кураши, отанинг қаршиликлари, ўғлонга – унинг эзгу туйғулари, орзу-майлларига нисбатан шафқатсиз тазйиқу таъқиблари, ваҳшиёна ҳамлалари – бири-биридан мудҳиш лавҳаларни ўқир эканмиз, ғалати зиддиятли ҳолатга тушамиз. Айниқса, ўғлоннинг ўйинларда олган нишону гувоҳномаларини, ўзи учун муқаддас шахмат тахтасини ота томонидан оловда ёндирилиши лавҳасини ўқиган китобхон алам-ўкинчдан лол бўлиб қолади. Отанинг бу  хил шафқатсизликларини асло кечириш мумкин бўлмаса-да, бироқ уни қисман тушунгандай бўламиз. У ҳаётда кўп муҳтожлик, йўқчилик, очлик кунларини кўрган, ҳатто очликдан тош чайнаган онлари бўлган. Муҳтожлик балосидан бениҳоя  қўрқади. Ўғлининг келажагини ўйлаб нон бермайдиган бекорчи эрмак – шахмат тахтасидан камтарона реал даромад ўчоғи – тегирмонга қайтишни афзал кўради. Бу хил ҳаракат ортида эса, юқорида эслатилгандек, одамларни қарамликка, фақат «қорин ғами»га маҳкум этган қудратли куч турибди. Онгли китобхоннинг фикр-хаёли – ғазаби ўжар, тошбағир, бешафқат қарияга эмас, охир-оқибат ана шу «мудҳиш қудрат – куч»га йўналтирилади.

         Ота олишувда қисман ғолиб чиқди, ўғлон армияда орттирган устози, севгилисидан юз ўгириб, қишлоқда қолишга, ота-она раъйига кўра суймаган қишлоқ қизига уйланишга мажбур бўлди, не-не орзу-умидлари топталди. Буюк дейишга лойиқ навқирон йигитнинг ана шу драматик дақиқалардаги тиғиз руҳий ҳолатлари ифодаланган лавҳаларни ўқиш қийин, ниҳоятда қийин! Ўша дақиқаларда дод дегингиз келади. Бу лавҳалар чинакам санъат намунаси. Шуниси муҳимки, ана шундай ўта аламли, мушкул дамларда бирор ўринда бўлсин, ўғлон отасига қўл кўтармайди, қўшиқда айтилганидек, ўғлон ўз ҳаддидан нари ўтмайди. Ана шундай ўринларда унинг инсонлик мартабаси кўз олдимизда осмон қадар кўтарилади! Бунинг учун, Зулфияхон, қаламингизга тасанно!

         Ота зуғумлари ҳар қанча оғир, бешафқат  бўлмасин, ўғлон бари бир улардан омон чиқади, эҳтимол, у ўз аҳдида собит туриб, эзгу орзу-умидларига эришиши мумкин эди. Бироқ унинг қаршисида бундан-да оғирроқ, даҳшатлироқ куч кўндаланг бўлади. Раис ҳузурида – хўжалик идорасида ишлаб унинг жиноий хатти-ҳаракатларидан яхши хабардор бўлган ўғлон гўллик қилиб унинг сирини фош этмоқчи бўлади. Шундан кейин Раис унга қарши пинҳона жангга киришади. Югурдак жаллодларини ишга солиб, ваҳшийларча калтаклаб, уни ўнгланмайдиган фалаж, майиб-мажруҳ ҳолга солади, ақл-ҳушидан айиради. Тангрибердининг майиб-мажруҳ ҳолати ифодаси асносида Сиз яна бир қатор бадиий ихтиролар кашф қиласиз. Ўжар, шафқатсиз ота, муштипар она энди ўғлон бошида парвона. Ўғлон нимани истаса, ота-она муҳайё қилишга тайёр. Ҳатто ота ўз раъйига қарши бориб шахмат тахтасини ясаб, унинг каровоти ёнига келтириб қўяди. Бироқ ўғлон энди у шахмат тахтасига қиё боқмайди. Буни кўрган қария кўзларида, унинг  ўзи сезмаган ҳолда, беихтиёр ёш қалқийди. Шундан кейин қария ўзига келолмайди. Мана шу ҳолатнинг ўзи бутун бир асарга арзийди. Қария кўзида беихтиёр қалқиган ёшда ана шу сўнгги унинг бутун армонлари, афсус-надоматлари шундоққина намоён бўлган!

         Охирида, ҳатто Раис ҳам ўғлонга нисбатан саховат кўрсатади: хўжалик ҳисобидан пенсия тайинлайди, битта аравача инъом этади, яхшилаб даволатишни ўз бўйнига олади. Ўзи майиб-мажруҳга айлантирган одамга бу қадар илтифот, саховат кўрсатиш! Бунақа мунофиқлик, гуноҳи азимни Аллоҳ кечирармикин... Бу телба дунёнинг ғалати ўйинини қарангки, Раиснинг ногирон кимсага бу хил муруввати эл оғзига тушади,  телевизорларда намойиш этилади, ана шундай мунофиқона ҳиммат туфайли у катта лавозимга кўтарилиб кетади...

         Хаста ўғлон доғида ота ҳам, муштипар она ҳам оламдан ўтди. Ўғлоннинг турмуш ўртоғи бошқа эр қилиб кетади. Ота, она ўлими тасвири алам-ўкинчларга тўла. Ўзидан кейин ногирон ўғлон не кўйларга тушишини ўйлаб узоқ жон талашган она кўзи очиқ ҳолда фоний дунёни тарк этади. Бақрайиб қолган кўзларини қишлоқ мулласи дуо ўқиб ҳам ёполмайди. Бу лавҳани осойишта ўқиш мумкин эмас.

         Бу  қадар оғир кўргиликлар, жудоликлар, ғам-ғуссага тўла лавҳалар охири нима билан тугар экан, дея юрак ҳовучлаб турасиз. Кутилмаганда асар охирида ўқувчининг хуфтон бўлиб кетган кўнглини ёритувчи ғаройиб бир ёғду пайдо бўлади. Йигитнинг аёвсиз жангдан кейин ҳувиллаб қолган қўрғонни эслатадиган шуурида, нақ мурданинг ўзи бўлиб қолган вужудида бирдан жонланиш рўй беради. Ёнгинасида ётган ўзига қуйиб қўйгандай ўхшаш ўғлига боқиб, уни қўлига олгиси, бағрига босиб, эркалатгиси келади. Сўнг нигоҳлари беихтиёр шахмат тахтасига қадалади. Қарашларида фавқулодда бир зийраклик ва теран маъно акс этади. Шахмат тахтасига кутилмаган жўшқинлик билан шоша-пиша оқ ва қора доналарни теради, кўзлари тафаккур нурлари билан ёлқинланади; телевизорда намойиш этилаётган шахмат чемпиони билан шахмат чемпионлигига даъвогар ўртасидаги кескин жанг пайтида жаҳон чемпионининг хато юриш қилганини пайқаб бир қалқиб тушади, ҳаяжондан пичирлаб, унга энг мақбул йўлни маслаҳат беради...

         Қойил, қизим! Донишманд бир адиб ҳикоя учун мақбул хотима топишнинг ўзи улкан кашфиёт деб тўғри айтган. Ҳикоядаги хотимада бир вақтлар шўро адабиёти учун урф бўлган сунъий «оптимизм»дан асар ҳам йўқ. У табиий, ҳаётий. Улуғ истеъдод эгаларини жисман топташ, мавҳ этиш мумкин, бироқ уларнинг руҳини,  тафаккур ёғдусини сўндириш асло мумкин эмас! Шахсан мен ҳаётда бу  хил ҳайратомуз ҳолатларга бир неча бор дуч келганман. «Тафаккур» ана шу улуғ илоҳий ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди.

         Сизни, Зулфияхон, ана шундай жиддий муваффақият билан чин дилдан қутлайман.

 

 

 

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz