Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

“ШОИР СЎЗИ ҚУШ КАБИ ЭРКИН...”

 (“Гуллаётган юрак “ муаллифига очиқ хат)

 

         Иним Турсун Али!

         “Гуллаётган юрак” тўпламини бу йилги қиш фаслининг илк кунларида ўқидим. Қиш кўплаб ҳамкасбларим қатори мен учун ҳам, аввало, мутолаалар айёми, ўзга фасллардаги боғ сайри, тоғ сайри ўрнига улардан-да тотлироқ китоблар уммони сайри... Бу мароқли айёмнинг айни “Гуллаётган юрак”дан бошланганлиги кўнгилга айрича шавқ бахш этди ва мутолаа чоғи дилда кечган айрим ўй-мушоҳадаларимни изҳор этиш учун қўлимга қалам олишга ундади. Аввалги икки китобингиз – “Сокин ҳайқириқ” ва “Ой япроғи” каби буниси ҳам дидли, чин нафосат шайдолари қалбидан ўрин олажагига аминман.

         Мажмуа мутолааси чоғи туғилган  илк таассурот шуки, Сиз бу китобда ҳам шеърият хусусидаги ўз қараш, ақидаларингизга содиқ қолгансиз: мавжуд адабий қонун-қоидаларга бўйсунолмаслигингизни дангал айтгансиз. Сиз учун шеърий ижод бобида “Темир йўлда юргандай юрмоқ йўқ”. Бундай “шаккоклик” учун Сизда етарли асослар бор. Зотан, туйғуларни тулпор каби жиловлаб бўладими? Сизнингча, эҳтиросни кўл сингари тиниқлаш, сўзларни маҳбус каби қамоққа солмоқ чин ижодкор учун номатлуб юмуш...

 

Ахир,

шоир сўзи қуш каби эркин,

бемалол парвоз этмасми юракдан юракка.

Шеърият...

Эркин яралмоғинг,

эркин яшамоғинг шарт

сен менинг қонли юрагимда...

 

Аслида, бу гапларда ҳеч қанақа шаккоклик йўқ. Миллий шеъриятимиз пири ҳазрат Навоийнинг “Ани назм этки тарҳинг тоза бўлғай. Улусқа, майли, беандоза бўлғай. Йўқ эрса назм қилғонни халойиқ Мукаррар айламак сендин не лойиқ” деган доно ўгитига садоқатнинг бир кўриниши, исботи, холос. Фикрлашда ҳам, уни ифодалаш йўлларида ҳам  “тарҳнинг тоза”лиги, “беандоза”лиги ижодий эркинликнинг шартидир. Зотан, чин эркинлик бўлмаган жойда чин ижоднинг ўзи йўқ.

Албатта, эркинлик бирдан-бир мақсад эмас. Эркинлик бу – қалбдаги асов шеърий туйғу, бебош поэтик фикрларнинг табиий, таъсирчан, энг муҳими, бетакрор ифодалаш демакдир. Аслида, чинакам ижод намунаси дейишга лойиқ шеърий асарда бебош туйғу, асов фикр ўзининг шакл-шамойили билан бирга туғилади. Ижодда фақат қалбингиз буюрганини, етилган шакл-шамойилларни қоғозга тушириш йўлидан бораётганингиз мени қувонтиради. Мен Сизнинг бошқача фикрлаш, ёзишингизни асло тасаввур этолмайман. Қува анорзорларида туғилиб вояга етган, Тошкентдай шаҳри азимда таълим олиб, Дўрмон ҳавосини симириб, оби раҳматини татиб, аҳли фузало, ижодкорлар даврасида яшаб, ишлаб қалам тебратиб келаётган, Шарқу Ғарб адабий тафаккури жараёнларидан яхши хабардор етук зиёли даражасига кўтарилиш баробарида, ўша асли қувалик боғбон, деҳқон боласига хос содда – самимийлик, очиқроқ айтганда, бир оз дўлворлигини сақлаб қолган Сиз, азиз укамизнинг, ёзганлари қуйиб қўйгандек ўзингизга ўхшайди.

Дарҳақиқат, “Гуллаётган юрак”даги битикларда, бир қарашда, деҳқонча-боғбонча содда самимийлик, иккинчи томондан, ўша содда самимий сатрлар замирида замонавий Ғарбу Шарқ шеърий тафаккури, тагдор, рамзий жило-оҳанглари баралла барқ уриб туради. Бу хил фазилатлар танқидчиликда эътироф этилаётир, жумладан, Ҳамидулла Болтабоев “Гуллаётган юрак”ка ёзган сўнгсўзида ҳам буни таъкидлаб ўтган.

Энди, асосий гапга – мени Сизга мактуб йўллашга ундаган бош омил устида сўзлашга ўтсам, дейман. “Гуллаётган юрак”даги, айниқса, икки шеър -“Сўз денгизи” билан “Рассом устахонаси”, мана, бир неча кундирки менга тинчлик бермай келади.

“Сўз денгизи” – тўпламдаги бағишлов шеърлардан бири. Янги миллий назмимизда ижодкорларга бағишланган сон-саноқсиз шеърлар бор. Тўғридан-тўғри таърифу тавсифлар, хотирот, қасида, мадҳия, марсия, ўкинч-армон, шу билан баробар фахр-ифтихор туйғулари билан йўғрилган нодир бағишловлар талайгина. Айни пайтда, бутунлай кутилмаган йўллардан бориб, чунончи, она табиатнинг беназир манзаралари фонида, рангин рамзлар воситасида ижодкор сиймосини, қисматини кўз олдимизда гавдалантирган, балки, даҳосини тараннум этган шеърлар ҳам бор. Рауф Парфининг Ойбек хотирасига бағишланган шеъри шулар сирасидан. Бу беназир мўъжаз шеърий обида сатрларида Ойбек номи учрамайди, улкан аллома шаънига ҳамду санолар айтилмайди, адиб ҳаётига оид хотиралар ҳам учрамайди. Ойбек ижодий бисотига хос нафис ташбеҳлар, тоғлар аро бир ойдин булоқ, атрофида шивирлаб турган ўтлоқ, сувда мангуликдек сузаётган ой, булоқда шаън ва собит чирой; бирдан босиб келган қуюн тўзони, ниҳоят, тўзон маҳв этолмаган – фалакларда сузиб юрган ой тимсоли орқали абадиятга дахлдор улуғ сиймо, у қолдирган бебаҳо ўлмас мерос хусусида кўнгилларга нафис эзгу туйғулар улашади.

Турсун Али, Сизнинг замондош-сафдошингиз Шукур Холмирза ҳақидаги “Сўз денгизи”нгиз беихтиёр Рауфнинг ўша машҳур Ойбек хотирасига бағишловини эслатади.

Бироқ ижодкор сиймоси ва қисматини табиат қўйнида рамзлар воситасида  ифодалашда Рауфдаги фараҳбахш романтик руҳдан фарқли ўлароқ Сиздаги манзара бошда ўта ҳаётий, соф реалистик: вақт, макон-манзил аниқ; шеър қаҳрамони кўриниши, кийиниши, айрим хатти-ҳаракатлари, қилиқ-одатлари айни ҳаётдагидек. Шеър шундай бошланади:

 

Қиш.

Дўрмон.

Туманзор қўйнида кезаман.

О, қаршимда,

Шукур Холмирзанинг дала ҳовлиси,

гўёки,

поёнсиз денгизда юзаётган қайиққа ўхшар.

Толғин эшкак эшаётир Шукур Холмирза.

Чекаётган сигарети

ёнади юрак каби.

Бошида чайласи – шляпа, мисоли наср тожи.

 

Дўрмон, қиш фасли, туман тушган кун, қаршидаги Шукур Холмирза дала ҳовлиси. Ҳар доимгидек, қаҳрамонимиз оғзида сигарета, бошида қишин-ёзин тушмайдиган шляпа... Асар фақат шу хил ҳаётий детал, лавҳалардан иборат бўлганида эди, у оддий мақола, шунчаки хотирадан нарига ўтолмасди. “Қиш”, “Дўрмон”, “Шукур Холмирзанинг дала ҳовлиси” ҳақидаги маълумот билан баробар “Туманзор қўйнида кезаман” деган сатр келади. Айни шу сатрдан, назаримда, шеър бошланади. Одатда, “туман қўйнида” дейиларди.  Сиз “туманзор қўйнида” дебсиз. “Олмазор”, “ўрикзор”, “гулзор” деймиз. “Туманзор” деб аташ ҳам мумкин экан. Бу хил атама шеърга, қолаверса, лирик қаҳрамон кайфиятига ўзгача руҳ бахш этади. Ҳар куни кўриб юрган қаршидаги таниш дала ҳовли лирик қаҳармонингиз учун сирли-сеҳрли масканга айланади, унга кўзи тушганида “О” деб юборади. У энди оддий ҳовли эмас, “гўёки поёнсиз денгизда юзаётган қайиққа” ўхшайди. Сатрдаги “юзаётган” сўзини адабий қилиб “сузаётган” деб беришингиз мумкин эди. Аммо айни ўша тарзда фарғонача-қувача талаффузда келтириш ўринли-табиий чиққан. Айни шундай талаффуз Сизга ярашади. Шукур Холмирза толғин эшкак эшаётган чоғи чекаётган сигаретанинг юрак каби ёниши, бошдан тушмайдиган шляпанинг ёзувчи қурган чайлага, сўнг бамисоли наср тожига менгзалиши шеърхонни асардаги асл мақсад сари етаклайди.

Шеърнинг кейинги бандида дала ҳовли, поёнсиз денгизда ҳорғин эшкак эшаётган адиб ҳақидаги аввалги сатрлар қисман ўзгаришлар билан нақоратдек такрорланади, бу ҳол шеърнинг асосий пафосини яна бир поғона оширади. Сўнг бояги “поёнсиз денгиз” наздингизда поёнсиз “сўз денгизи”га айланади, аниқлик, оддийликдан бошланган сокин поэтик лавҳалар рамзлар билан жилоланган жўшқин романтик манзараларга ўрин бўшатиб беради: туйғулар туғёни мавж уради: сўз тўлқинларининг камалакдек рангин ёллари оловдай ёнади, шуъласи қаҳрамонимиз қўлларин, юзларин, вужудин ёритади, сўз тўлқинлари паризод янглиғ уни эркалайди. Оташин шеърий нутқ бундан-да юксакроқ пардага кўтарилиб “У қоядек тик юзадир ўзи бунёд этган Сўз денгизида” дея мана бундай якуний хулосага келасиз:

 

Саросар туманлар оғушида кезаман.

Тоғдек кўринади,

Шукур Холмирзанинг яратган қасри.

Ўтган адибнинг зийрак кўзлари,

Абадият қаъридан жаранглар сўзлари –

Орзудаги ҳикоялари улкан лашкари.

 

Пировардида, бағишлов шеър худди залварли мумтоз қўшиқ сингари, бояги нақорат сатрлари орқали секингина интиҳосига етади.

Шеърнинг авж пардадан тушиб, бу хилда сокин тугаши ҳам аслида нозик бир санъат.

Бадиий асар учун танланган эпиграф – бош сўзда гап кўп. “Рассом устахонаси” шеърига машҳур америка шоири Уолт Уитменнинг “Қандай ранглар бу, қандай оҳанглар!” сатри бош сўз тарзида ўринли келтирилган. Укажон, шеърда жонли манзара чизиш, манзарадаги сассиз шивирлар, гулдуросларни, ранглар исини нозик уқиш, ўқувчига уқтириш бобида яхшигина тажрибангиз бор. “Рассом устахонаси”да бу тажриба Сизга қўл келган. “Хонада қалашган суврат – тасвирлар, гўё неларнидир бетин шивирлар. О, қандай ранглар бу, қандай оҳанглар...” Мана энди ана шу сувратлардаги ранглар тилга киради, оҳанглар садо беради. Уларнинг бирида “юз-кўзига қора чапланган қуёш”, бошқасида “кўксига доғ тушган ой, ишвакор юлдузлар”, яна бирида “маммалари очиқ – ғира яланғоч аёл”, бошқа бирида “жулдурвоқи кийинган бола”, кейинги сувратлардаги манзаралар янада аянчли, кескин-драматик: “девдай одам пойида эзғиланган лола”,  “тилин ямлар қонсираган шер”; деворда оддий най эмас, “синган най осиғлиқ”...

Булар шунчаки оддий манзаралар эмас, балки асримизнинг глобал таҳликали зиддиятлари, умумбашарий муаммоларига ишорадир. Кимга қандай, билмадим, шахсан менга улар она табиатга, жондорларга зуғум, ҳаёсизлик, тинкани қуритадиган қашшоқлик, зўравонлик, санъатнинг инқирози сингари илғор жаҳон аҳлини ўйга толдираётган таҳликали ҳодисаларга дахлдор бўлиб туюлади. Айниқса, охирги икки манзара – кўкка талпинаётган “ярадор қуш” ва “кўзига мунг тўлган тиланчи”нинг тиз чўкканча оломонга боқиб туриши лирик қаҳрамон дилини ёндиради. Булар шунчаки оддий лавҳалар эмас, янги асрда бутун башариятни ҳаяжонга солаётган, ўйга толдираётган глобал муаммоларга – инсон шаънини, она табиатни, нафосатни топташ, шафқатсизлик, ҳаёсизлик, қашшоқлик балоларига рамзий ишоралардир. Шоир энди тоқат қилолмай “О, қандай ранглар бу, қандай оҳанглар” дея ҳайқиради.

Лирик қаҳрамоннинг ўша топдаги ҳолати, кайфияти, ранглар, оҳанглар оғушида туғилган ўй-мушоҳадалари ниҳоятда табиий-ҳаётий:

 

Бунда дарё каби шарқирайди ҳаёт.

Энди,

қаён қочиб кетолгайман мен

кўзим диёрига чўккан ранглардан?

 

Шеърни шу тарзда тугатиб қўя қолиш ҳам мумкин эди. Лекин бундай хотима Сизни қаноатлантирмайди. “Ногаҳон қизғандим кўзим дунёдан...” деган биргина сатрни илова қиласиз ва унга кўп нуқта қўясиз.

Шу сатр кескин драматик кайфиятлар оғушида қолган дилларга қисман таскин беради. Ахир одам боласи умри нуқул драмалар, мусибатлар оғушида кечмайди-ку! Асл санъат сеҳри, шукуҳи шунда эмасми?!

Турсун Али укагинам! Сизни шу икки сирли-шукуҳли шеърларингиз билан чин дилдан қутлайман.

 

 

2009 йил 9 декабрь.

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz