Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

 

ҚЎШИҚ ҚАНОТИДАГИ ТУҒЁНЛАР

(Иқбол Мирзо шеъриятига бир назар)

 

        

Шеъриятнинг онаси қўшиқ бўлса ажаб эмас. Инсон зоти дил розини, қувончу армонини, дарди дунёсини илк бор айни қўшиқ шаклида изҳор этганига ишонгинг келади. Қўшиқ табаррук зот – онанинг дард чекиб туққан тўнғич фарзанди каби азиздир. Сўз санъати кўп асрлик тарихи давомида шеъриятнинг кўплаб янгидан-янги шакл-шамойилларини, жанрларини ихтиро этди. Шуниси аниқки, ҳамма даврларда, ҳар хил оқиму шеърий мактабларда қўшиқлар садоси сақланиб қолаверган. Ҳаттоки, замонавий модерн шеърият ҳам бу ноёб сарчашмадан баракали озиқ олмоқда. Мумтоз Шарқ шеърияти дарғалари: Ҳофиз, Лутфий, Навоий, Бобур, Фузулий бисотида  халқ қўшиқлари тароналарига ҳамоҳанг сатрлар сон-саноқсиз. Яссавий, Машраб, Ҳувайдо, Муқимийнинг қўшиқ оҳанги билан йўғрилган ҳикмат, ғазаллари эл орасида ниҳоятда машҳур... Берироқ келадиган бўлсак, бугунги миллий шеъриятимиз бўстонида халқона дилбар лирика бутун бир бошли чаманзорни ташкил этади. Яқиндагина орамиздан кетган шоир Муҳаммад Юсуф шу бўстон саҳнида бир гўзал гулзор яратишга улгурди. Ҳозир унинг йўлини дадил давом эттираётганлар сафида Маҳмуд Тоир, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзо сингари ўзига хос овоз соҳиблари бор.

         Иқбол Мирзо бошда тенгдошлари каби турли йўлларда машқ қилиб кўрди, шоир оғаларига эргашиб мажозий шеърлар ҳам битди. Ўзини баҳорий яшилликлардан баҳра олиб, яшил одамга айланаётган ҳис этиб, «ям-яшил» қўшиқлар айтишга чоғланди. Азиз шеърхон, ёш шоирнинг ўша кезлари битган «Тутлар» деган шеъри ёдингизда бўлса керак. Шеър мана бундай сатрлар билан бошланади:

 

Қатли омга маҳкум маҳбусдек тутлар:

Ҳар баҳор бошида ўйнар чопқилар,

Ҳар баҳор беомон чопилар,

Ғажийди қуртлар...

        

Тутнинг азобдан букчайиб ўсган тан-вужуди, жонга тегар даражадаги бу қадар увол, муте, ғариб ҳоли лирик қаҳрамонни аламли ўйларга толдиради. Шеър сўнгида шоир исёнкорона ҳайқиради:

 

 

Ёзиқлари надир?!

Сўрмаслар асти...

Менинг тушларимни ўрайди дудлар:

Тушларимга кирар

ҳар бир новдаси

Қиличга айланган дарғазаб тутлар...

        

Истиқлол арафасида битилиб, метафора асосига қурилган бу шеърнинг тагмаъносини – гап меҳнаткаш деҳқоннинг ўша кезлардаги аҳвол-руҳияти, аянчли қисмати устида кетаётганлигини бугун англаб етиш қийин эмас. Ёш шоирнинг бу хилдаги яратиқлари оғизга тушди, улар ҳақида илиқ гаплар айтилди, шоирга айни шу йўлдан изчил бориш бобида маслаҳатлар берилди. Бироқ чин истеъдод эгаси ўзгаларнинг маслаҳати, йўл-йўриқлари асосида иш тутмайди, тутолмайди. У фақат ва фақат қалб амригагина бўйсунади. Иқбол табиатан дилбар, руҳан эркин шахс, руҳиятида қандайдир шўхлик, эркалик, жунунлик, шиддат, ошкораликка мойиллик бор; кўнглида туғилган ўй-кечинмаларни ҳеч яширмай, пардаларга ўрамай дангал қоғозга туширгиси келади.

Унингча:

 

Танбеҳ билан, дарс билан,

Хоҳ қисти қафас билан

Қўлга ўргатолмайсан

Девона туйғуларни.

        

Шоир яна ҳам аниқроқ қилиб дейди:

 

Ўзича айлансин ер,

Дунёни тек қўйиб бер.

Атиргуллардан талаб

Қилмагин оғуларни.

...Жим суриб ўтсам дейман

Қадрдон қайғуларни.

 

         Шоир ижодда танлаган йўли, ўз эътиқод-ақидаси хусусида ҳам қўшиқ йўсинида ўзига хос тарзда сўзлайди:

 

Боларининг кўнглин кўринг – гул танлайди,

Кўкрагимда қизил гул бор – гулим бошқа.

Кўз ёши ҳам юзга тушса йўл танлайди,

Ҳамма бошқа йўлда, менинг йўлим бошқа.

 

Боларининг «гул танлаши», ҳар кимнинг «ўз гули» борлиги –булар аввалдан таниш, бироқ янгиланган ташбеҳлар; «кўз ёшининг юзга тушса йўл танлаши» эса шоирнинг бадиий ихтироси: бу сатр шеърнинг чиройини яна ҳам очиб юборади.

Абдулла Қаҳҳор айтмоқчи, ижодкор жанрни танламайди, балки жанрнинг ўзи ижодкорини топиб олади. Иқбол ижодий тақдирида ҳам айни шу ҳол юз берди, қадим қўшиқ олами Иқбол сиймосида яна бир ўз одамини топди. Аслида, илк изланишларида, ҳатто мажозий шеърларида ҳам қўшиқчиликка мойиллик аломатлари кўринган эди. Мана, ўн беш йилдирки, у қўшиқлар қанотида парвоз этиб келади. Янги бир шеърлар китобини «Қўшиқларим» деб аташи бежиз эмас. Муҳаббат эски нарса, лекин ҳар бир кўнгил уни янгилайди деганларидек, бу қадим поёнсиз бўстонда ўзлигини намоён этишга, ўз сўзини айтишга эришди, эришаётир. У она Ватан, тарих, кечмиш сабоқлари, киндик қони тўкилган юрт, болалик хотиралари, ишқ-муҳаббат, ҳижрон изтироби, висол сурури ҳақида куйлайдими, бу фоний дунёдан бевақт кетган отасига, шоир оғаларига атаб марсиялар битадими – фақат ўзи ҳис этган, қалбидан кечган ҳис-туйғуларини қўшиққа солади; кутилмаган, фақат Иқбол қаламигагина хос бетакрор ташбеҳлар ўз-ўзидан қуйилиб келади, халқ қўшиқларидан, қадим битиклардан ўтган мисралар ҳам худди шоирнинг ихтиросидек янграйди.

         Шоир «Ўзбек» деб аталган қўшиғида миллат тарихи, менталитетига оид қатор ташбеҳлар келтирар экан, шеърнинг бир бандида шуларни ёзади:

 

Дили қонга тўлиб, кўзлари – ёшга,

Алп Тегин бир ҳикмат чегирди тошга:

«Бизнинг қайғумиз йўқ боладан бошқа...»

Болангга боғлиқдир ўйларинг, ўзбек.

 

         Илк туркий давлат асосчиси Алп Тегин замонидан қолган миллат табиатига хос беназир маънавий қадрият – болажонлик, унинг тарихий илдизлари нақадар табиий, ёрқин  ва бетакрор тарзда намоён бўлган бу «шоҳ байт»ларга тенг мисраларда!

         Бир неча йиллар бурун 93 ёшда қазо қилган қариндошимиз азасида бир синглимизнинг мана бу йиғи қўшиғи сатрлари қулоғимга чалинган эди:

 

Менинг бобом қайга кетди, қайга кетди,

Капалакалар учмайдиган жойга кетди.

 

         Одатда, тўқсондан ошган одамнинг азасини «тўй» деб атайдилар. Шунга қарамай, ўша қиз-неваранинг суюкли бобоси ҳақидаги нолалари юрак-бағримни эзиб, кўзимга ёш келган эди. Орадан йиллар ўтиб Иқболнинг «Шавкат Раҳмон» марсиясида айни ўша мисраларни учратиб қолдим:

 

Учиб-қўниб, учиб-қўниб шом-саҳарлар

Нафис санъат саҳнасида пойга кетди.

Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,

Капалаклар учмайдиган жойга кетди.

 

         Суриштириб билдимки, капалаклар билан боғлиқ ташбеҳ йўқлов қўшиқларида қадимдан бор экан. Иқбол марсиясида эса бу таниш мисра ўзгача - улкан замондош шоирдан жудолик изтироблари кишини ларзага соладиган бир тарзда янграйди.

         Бир қарашда, Иқбол шеърлари шўх-шодон, ўйноқи мисралардангина яралгандай туюлади. Бироқ улар замирига разм солсангиз, ўша шўх-шодон, ўйноқи мисралар қанотида шоирнинг қалб туғёнлари, армон тўла аламли ўй-мушоҳадалари ёғилиб турганлигига амин бўласиз.

 

Ибодатинг, савобинг ҳам,

Зиёратинг, тавофинг ҳам.

Сен алдаган ўша қизнинг

Қарғишига арзирмиди?

 

         Бу аламли нолишларни тинглаган шеърхон қалби дардга тўлиб ўзини қўярга жой тополмай қолади.

         Шоирнинг мана бу самимий иқрорномаси замиридаги афсус-надомати, оҳу зорини тошу тарозу билан ўлчаб бўладими, ахир!

 

Чорак аср яшаб, юз марта севдим,

Оҳ, кимни севишни билмай ўтибман!

 

         Энди мана бу манзара-ҳолатга разм солинг:

 

Ахир тўсолмайсан кипригинг билан

Кўзларингга тўлган қайғу селини.

 

         Бунақа тиғиз руҳий драматик ҳолатни бу қадар синчковлик билан илғаш, теран ҳис этиш, муҳими, ихчам, ниҳоятда гўзал, кўримли тарзда ифода этиш учун ноёб шеърий истеъдод керак!

         Ниҳоят, яна бир мисол. Мана бу табиат манзарасидаги жонли ҳаракат, кескин ўзгариш, ҳаракат бағридан сизиб чиқаётган мунгли оҳангга қулоқ тутиб кўринг-а:

 

Уч кунда куз келди.

Дунё қариди.

...Булут келаётган томонга қараб

Дунё сузиб борар оҳиста, дунё...

 

         Куз қаърига ҳазин бир виқор билан кириб бораётган дунёнинг таҳликали важоҳатини баралла кўриб, ҳис этиб турасиз.

         Шоирнинг мунгли, ўйчан мисралари кетидан ўз-ўзидан оламнинг, ҳаётнинг нотўкислиги хусусида яссавиёна ҳикматлар туғилади:

 

Яқин ҳам келолмай, узоқ кетолмай,

Ернинг атрофида йўлдош овора.

Заминни бир текис чаман этолмай,

Миллиард йил нур сочиб қуёш овора.

 

         Эҳтимол, Иқбол бу тўртликда парвозни юқорироқ олиб, заминдан бир оз узоқлашиб кетгандир. Қуйидаги ҳикматда эса у она заминга қайтгандай бўлади:

 

Бир бошга бир ўлим деган ҳикмат бор,

Банда бўйинсунар қисмат хатига.

Ҳатто манов судхўр, шу хиёнаткор

Вафо қилди тангри омонатига.

 

         Мана буниси эса, чинакамига Иқболга хос шўх-шодон  халқ лапарларини эслатувчи, айни пайтда, ўта жиддий, кишига сабоқ бўлгулик ўгитлар:

 

Бизгача ҳам олов бўлган, муз бўлган,

Сизгача ҳам не-не оҳу кўз бўлган.

Ўзингизга бино қўйманг, гулжамол,

Ялмоғиз ҳам бир пайт сиздай қиз бўлган.

 

         Замона эврилишлари, айрим замондошлар қилғилиғи шоир дилини ўртайди:

 

Бир кимсани кўрдим, азиз ёронлар,

Фириб берса, чап беролмас шайтонлар,

Йиғмиш дунё, қурмиш турлик ошёнлар,

Гўё бу зот асло ўлмайдигандай.

 

         Нафс бандалари қилмишидан дили озор чеккан шоир қаламкаш дўстига ҳасратини тўкиб солади:

 

Оқимга терс сузган наҳанг оқиб кетди,

Оғаларим зару зўрга оғиб кетди,

Ултон хўрлаб, илигимни чақиб кетди,

Балчиқдаги балиқ - қадриммасми, Салим,

Сенинг дардинг менинг дардиммасми, Салим?

 

         Аламли ўйлар туфайли лирик қаҳрамон қалбида аламли саволлар қуйилиб келади:

 

Наҳот, яшаш учун туғилган бўлсанг,

Наҳот, кураш учун яралган бўлсанг,

Наҳот, сукут учун келгансан бунга,

Наҳот, ўлим учун яратилгансан?

 

         Аламли саволлар эса гоҳо уни зиддиятли хулосаларга ундайди:

 

Умр шамол каби учади.

Шамол каби рангсиз, мазасиз.

Умид борки, дейсан.

...Уёғи мавҳумот.

        

Бироқ шоир мавҳумот гирдобида қолиб кетмайди. Ўзининг умидбахш, ҳаётбахш ақидаларига содиқ қолиб, умидбахш, ҳаётбахш тароналар куйламакда давом этади.

 

Бордир сарой қурганлар,

Бордир даврон сурганлар.

Борми биздек бир тушни

Биргалашиб кўрганлар?

 

         «Бир тушни биргалашиб кўриш» фақат қалбида умид, севги, меҳр-муҳаббат ёлқини порлаб турган зотларгагина насиб этади. Шоир шеърларида севги, муҳаббат, меҳр ҳақида ҳикматлар қалашиб келади: «Муҳаббат, бу ўзингни севмоқ Ва ўзгага ҳавас, дегани»,  «Муҳаббат, бу – кета олмасдан Жон талашган нафас, дегани», «Муҳаббат, бу – куй тўла зиндон», «Муҳаббат, бу – титраган лаблар, Арз, дегани, араз, дегани», «Муҳаббат, бу - бахтнинг сурати». Ниҳоят, шоир асосий хулосасини айтади:

 

Дунёни қутқарар фақат бир туйғу –

Меҳрихон аялар,

Меҳринисолар...

 

         Меҳр-муҳаббат замирида эса, шоир эътиқодича, гўзаллик туйғуси ётади:

 

Асли, одамзоднинг фалсафаси бу –

Гўзал кўра билмоқ керак дунёни.

 

         «Қалби бутун одам» шеърида шундай сатрларни ўқиймиз:

 

Қалби бутун одам бир кун англар экан:

Фазо тўла оҳанг экан, ранглар экан.

Сабо ўпган атиргулнинг энтиккани –

Етти фалак айвонида янграр экан.

 

         Ўша нафосат, ҳаётбахш руҳ билан йўғрилган шеърда мана бундай надоматли сатрлар ҳам бор:

 

Ҳаммага ҳам насиб этмас ҳабиб тушмак,

Ҳатто ажал ҳам одамни танлар экан.

 

         Бу кўҳна дунёда «қалби бутун одам» билан ёнма-ён ана шу ноёб хислатдан бенасиб «синган одам»лар ҳам борлигидан шоир қалби ўртанади:

 

Синган одам, туйғулари тинган одам,

Синган одам, қисматига кўнган одам.

Синиқ кулиб, синиққина кўришади.

Кун кўради, яшамайди синган одам.

 

         Шоир бу хил одамнинг табиатига хос хусусиятларни таърифлашда давом этади: синган одам манфаатлари тор, оила, бола-чақа – ўғил-қиз, «қора қозон ёнидаги қоракўз»лардан нари ўтмайди. Энг аянчлиси, у «Кўрилмаган катта хавфни кўриб қолган, Қочиб бориб ўз ичига кириб қолган. Ўз жонининг мазасини билиб қолган...» У бировга ёмонлик ҳам қилмайди,  «сендан айб қидирмайди, Айбинг билса ҳам, бировга билдирмайди», «синганларни синдирмайди»; айни пайтда керак бўлганда, «елкангга қўл ташламайди», «Сенга жонин тўшамайди»; қисқаси, «Одам исин хушламайди». Шоир «Кўрдим синган шохни – оппоқ гули билан» мисрасида рамзий тарзда бу хил кимсанинг асл моҳиятини поэтик умумлаштиришга эришади.

         Бу шеърда шоир қўшиқнинг яна бир улкан имкониятини намойиш этади. Қарангки, қўшиқ сатрлари орқали ҳам эпик асарга хос муайян тоифа кимсаларнинг кўримли қиёфаси – портретини, жонли характерини яратиш мумкин экан. Бугина эмас, шеърда шоир ўзига хос лутф билан «Эгам гоҳо шундай ўйнар қули билан. Гоҳо урар бандасининг қўли билан...» дея бу хил аянчли кимсалар устидан умумбашарий хулосалар чиқаришга эришади.

 

* * *

 

Иқбол оз ва соз ёзади. У ўта тортинчоқ, камсуқум. Минбарларда кам кўринади. Мабодо, минбарга чиқиб шеър ўқиса, нутқ сўзласа, қотиради - қойил қилади. Зулфия опа бир учрашувда Иқболнинг матбуотда эълон этилган илк шеърлари устида гап очиб: «Бирам бокира, бирам шўх-шодон, айни чоғда нурга йўғрилган мунгли туйғулар» дедилар ва «Иқбол» бу йигитнинг исмими ёки тахллусими?» деб сўрадилар. Мен исми эканини айтганимда, «Тахаллуси исми билан туғилган экан, илк шеърлари ижоддаги иқболидан дарак бериб турибди. Айтинг, бошқа тахаллус қидириб юрмасин», дея маслаҳат бердилар. Бу гапларни мен Иқболга етказганимда, қувончдан кўзлари чақнаб кетди, устоз шоира тилакларини бажонидил қабул қилди, фақат «Иқбол» ёнига падари бузрукворининг «Мирзо» насабини қўшиб олди. Тошкентда ўтган «Туркистон халқлари мушоираси»да тўлиб-тошиб шеър ўқиганида, Чингиз Айтматов беҳад қувониб Иқбол Мирзо шеърларига юксак баҳо бергани ҳаммамизнинг ёдимизда. Ғафур Ғулом номидаги боғда улуғ шоир ҳайкали очлишига бағишланган маросимда Иқбол Мирзонинг қисқа, аммо дилрабо қўшиқдай янграган маънодор сўзлари кўплар қатори Президентимизни ҳам тўлқинлантирди. Ўшанда Ислом Каримов ёш шоирни оталарча бағрига босиб қутлаган эди...

         Ниҳоят, шоирнинг озу соз дилбар шеърияти муносиб тақдирланди – унга Ўзбекистон Халқ шоири унвони берилди. Умид қиламизки, бу юксак унвон шоирни янада юксакроқ ижодий парвозларга ундаяжак.

 

 

 

2005 йил

 

 

 

 

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz