Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

ҚАЛБДАГИ БЕНАЗИР ЗИЁ

  

         Талабчан устоз Абдулла Қаҳҳор бир анжуманда “Адабиёт дарёси қуриб-қақшаб ётгандан кўра, лойқа бўлса ҳам тўлиб оққани маъқул, бўтана сув ҳам, охир-оқибат, тинади-да, ахир”, деган эди.

Ҳозир бизда айни шундай жараён кетяпти: миллий адабиётимиз дарёси тўлиб-тошиб оқяпти, бу оқимда хас-хашаклар, кўпигу қуйқалар беҳисоб. Дидли китобхон ҳафсаласини пир қиладиган  хашаки “ижод намуналари” билан баробар, гавҳарга арзигулик бадиий топилмалар ҳам йўқ эмас. “Танқид бу – сараламоқдур” деган эди Беҳбудий. Бугунги адабий жараённи синчиклаб кузатиб, астойдил сараланса, адабиётимизнинг ҳозирги куни ва эртасига умид уйғотадиган ҳаётбахш тамойилларни ўзида мужассам этган ижод намуналари ҳам мавжуд эканига амин бўламиз.

Президентимиз Ислом Каримов “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” рисоласида ҳозирги кунда ижодкорлар олдида турган долзарб вазифалар устида тўхталиб, жумладан, шундай дейди:

         “Барчамизга аёнки, ХХI аср интеллектуал салоҳият, тафаккур ва маънавият асри сифатида инсоният олдида янги-янги уфқлар очиши билан бирга, биз илгари кўрмаган, дуч келмаган кескин муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда ёзувчининг башариятнинг эртанги кунини ўйлаб одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган ҳароратли сўзи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Яъни, ёзувчи «Эй, одамзод, кўзингни оч, сен нима учун яшаяпсан, инсон деган номга муносиб бўлиш учун нима қиляпсан?» деган саволларни китобхон олдида, жамият олдида қатъий қилиб қўя олсагина, ўйлайманки, ўзининг инсоний ва ижодий бурчини бажарган бўлади”.

“Бундай маънавий ҳуқуққа эга бўлиш учун, – дея сўзида давом этади Президентимиз, – ижодкорларимиз, аввало, катта билим ва ҳаётий тажрибага, кенг дунёқараш, юксак ижодий маҳоратга эга бўлиши, энг муҳими, бу ўта оғир, кучли иродани талаб этадиган жабҳада ҳақиқий фидойилик кўрсатиши лозимлигини яхши тушунамиз”.

Чоп этилган сон-саноқсиз асарлар орасида айнан шу “Эй, одамзод, кўзингни оч, сен нима учун яшаяпсан, инсон деган номга муносиб бўлиш учун нима қиляпсан?” деган саволларни қатъий қилиб қўядиган, уларга баҳоли қудрат жавоб излайдиган, одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этадиган ялт этиб кўзга ташланадиган, ўқувчини ларзага соладиган, ўй-мушоҳадаларга ундайдиган ҳикоя, қисса, романларга ҳам дуч келамиз. Узоққа бормайлик, асосан, ўтган 2009 йили дунё юзини кўрган Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Қичқириқ”, Эркин Аъзамнинг “Ступка”, Улуғбек Ҳамдамнинг “Тош”, “Яхши одамлар”, Зулфия Қуролбой қизининг “Ёзсиз йил” ҳикоялари, “Армон асираси”, олдинроқ чиққан “Машаққатлар гирдоби” романлари шу хил асарлар сирасидан.

Бу ҳикоя ва романларнинг барчаси бугунги кунимиз, ҳозирги глобаллашув даври, бозор иқтисодига ўтиш палласида одамлар қисмати ва руҳиятида кечаётган эврилишлар ҳақида баҳс этади. Муаллифлар айни шу эврилишлар чоғи чин инсоний қиёфасини – қалбдаги ноёб хазина – имон-эътиқод, меҳр-мурувват, муҳаббат туйғуларини сақлаб қололган асл инсонлар, айни пайтда, нафс балоси туфайли юз тубан кетган кимсалар, бундан ҳам ёмони, турмуш чигалликлари гирдобида нажот йўлини, ўзлигини тополмай, аросатда сарсари кезиб юрган ношуд-нотавонлар қисмати устида эҳтирос билан қалам тебратадилар. Миллий заминда қатъий турган ҳолда, шахс жумбоғига ҳозирги жаҳон адабий-фалсафий, руҳшунослик тафаккури даражасида туриб, кутилмаган томонлардан ёндашиш тамойиллари шаклланаётганлиги, энг муҳими, асл инсонлар қалбидаги меҳр-мурувват туйғусининг сеҳрли жозиба кучини бадиий кашф этиш йўлида ижодий-бадиий изланишлар олиб борилаётганлиги кишини қувонтиради. Зулфия қизимизнинг роман ва ҳикояларини шу жиҳатдан бир қур кўздан кечирайлик.

Кундай равшан: бир тизимдан иккинчи бир тизимга – бозор иқтисодиёти муносабатларига ўтиш осонликча кечаётгани йўқ. Кўз олдимизда қисқа фурсатда бизда ҳам тараққий этган мамлакатлардаги каби асл мулкдор, тадбиркор ва бизнесменлар тоифаси шаклланди, улар ўзлари учун ҳам, эл-юрт фаровонлиги учун ҳам кўп хайрли ишларни амалга оширяпти. Айни пайтда, узоқ йиллар моддий-маъанавий тизгинда, сиқувда кун кечириб келган оломон эндиликда эркинлик шароитида борига қаноат қилмайдиган, фаровон ҳаёт йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган бўлиб бораётир; нафс илинжида ўзини ҳар ёққа урадиганлар, ўз юртини қўйиб ўзга юртлардан жаннат қидирадиганлар кўпайди. Ўзга юртларда эса бу хил соддадил бандаи ожизларни тузоққа илинтириб, қулга айлантириб, улар кучидан, ҳалол меҳнатидан, ҳатто танидан катта даромад  топадиган устомон фирибгарлар пайдо бўлди. ХХI асрда “одам савдоси” деб аталган бу хил шармандали иллат қурбонлари  ҳақида гапириш, ёзиш осон эмас, бироқ индамай туриш ҳам инсофдан эмас. Чин ижодкор виждони бунга йўл қўймайди. “Машаққатлар гирдоби” романида айни шу гирдобга тушиб қолган юртдошларимизнинг одам ақли бовар қилмайдиган кўргиликлари, одам қиёфасини йўқотган махлуқларнинг мислсиз шафқатсизликлари ҳақида ҳикоя қилинади. Худди эртак саргузаштларини эслатадиган реал ҳаётий ҳодиса-воқеалар ўқувчини ларзага солади, чуқур аламли мушоҳадаларга толдиради. Асарнинг энг муҳим, бениҳоя ибратли, ёрқин жиҳати шундаки, ана шу гирдоб зулмати исканжасида ҳам ўзлигини, асл инсоний фазилатларини йўқотмаган, зулматни ёритишга, унинг темир қафасларини ёриб чиқишга, ёниб, тутқунлик азобларига кўниккан ғафлат бандаларини уйғотишга қодир асл инсонлар ҳам бор. Асардаги Гулруҳ ана шундай кучларнинг олдинги сафида турувчи ёрқин сиймо тарзида гавдаланади.

         Ёзувчи бу аёлни персонажлардан бирининг сўзлари билан “эзгулик ва ёруғлик фариштаси” деб атайди. Дарҳақиқат, бу фаришта аёл асарда пайдо бўлиши билан зулм ва зулмат масканида бамисоли зиё чақнайди, кетма-кет давом этган машаққатлар, зўравонликлар силсиласига дарз кетади, воқеалар ижобий ўзгаришлар томон юз ўгиради, қаҳрамоннинг ўз сўзлари билан айтганда, “ўз атрофида бутунлай бошқача атмосфера яратиш”га эришади; унинг янгидан-янги хислатлари намоён бўла боради. Бу ҳамшира аёлнинг нафақат нинаси, балки тили ҳам ўткир, санчган жойидан қон чиқармаса, қўймайди. Зулмат масканидаги шикоят қилиш ва овқатланишдан бошқасини билмайдиган йиғлоқи аёллар қаршисида у бутунлай бошқача, бетакрор гўзал, содда ва ёнига йўлаб бўлмайдиган даражада мағрур. Тутқунлар орасида ўзини руҳан тутқун ҳисобламайдиган, тушкунликка берилмайдиган биргина инсон шу Гулруҳнинг ўзи! Уни йўлдан оздирмоқчи бўлган, жамики эзгу мақсадларига қарши турган ашаддий рақиби ҳам охири унинг олдида руҳан таслим бўлади. Бунинг гувоҳи бўлган ҳикоячи-қаҳрамон беихтиёр “гул япроғидаги шудрингдай покиза, бокира, олий мақсад йўлида ҳеч қандай тўсиқни писанд қилмайдиган бундай оқила аёлни учратмагандим” дея ҳаяжонини яширолмайди.

         Бу беназир мардона ҳамшира аёл шижоати туфайли ажал ёқасида инграб ётган беморлар ҳаётга қайтади, ашаддий золимлар, устомон фирибгарлар шаштидан тушади, ғафлат бандалари ҳушёр тортади, ниҳоят, ўзи ҳам, яқинлари ҳам қуллик исканжасидан халос этилади. Асар бахтли хотима билан якунланади. Икки севишган ёш – ҳикоячи қаҳрамон Даврон билан унга тақдирдош Гулруҳ кўп кўргиликлар поёнида она юртига қайтиб, шу табаррук заминда чин бахтини топадилар.

         Эҳтимол, айрим ўқувчиларга қаҳрамоннинг шижоати бир оз ошириб юборилгандек, бахтли хотима эса эртаклардагидек силлиқ кечгандек, олдинда ҳали янги тўсиқлар борлигига лоақал имо-ишоралар ҳам йўқдек туюлар... Асарда гоҳо фавқулодда ҳодисаларга маҳлиёлик, воқеанавислик устунлик қилиб кетган ўринлар учрайди. Нима бўлганда ҳам, айни шундай романтик руҳдаги ёшлар учун ҳам ибрат, ҳам сабоқ бўла оладиган қаҳрамонларга эҳтиёж, ташналик ниҳоятда катта эди. Зулфия қизимизнинг  шундай ташналикни муайян даражада қондиришга интилишининг ўзиёқ таҳсинга лойиқ.

“Армон асираси” романида ўтиш даври талотумлари палласида тирикчилик важидан нафс илинжида асл касб-кори қолиб, ўзини бозорга урган бир гуруҳ оломон қаламга олинади. Бозор асарда асл маъносидан кўра бамисоли рамзий театр саҳнасини эслатади. Бу саҳнада роман персонажлари синовдан ўтадилар. Бошда улар бир-биридан унчалик фарқ қилмайди. Ўтаётган кунлар ҳам, персонажларнинг юмуш, ташвишлари ҳам деярли бир хил, бир хил, бир хил... Шунчаки тирикчилик, нафс илинжи уларни қиёфасиз оломонга айлантириб қўйган. Бу зерикарли, шунчаки кун ўтказиш мавсумининг охири борми ўзи? Дониш, Насиба, Ҳулкар, Беҳзод, Талгат, Зуҳра каби миллатнинг асл фарзандлари бўлишга лойиқ зотлар шаҳар чеккасидаги ташландиқ, бадбўй, диққинафас маконда нима қилиб юрибди, деган аламли савол ўқувчи қалбини изтиробга солади, Бора-бора бу маскан кўз олдингизда зулматга айланади. Зулфиянинг аввалги романи “Машаққатлар гирдоби”да бўлгани каби бу романида ҳам секин-аста зулматни ёритувчи зиё ёлқинлари бўй кўрсата бошлайди. Асар бошида бир қадар муштипар, содда, ишонувчан-лақма аёл тариқасида намоён бўлган Насибанинг қалби тубида пинҳон ётган табиий эзгу туйғу, фазилатлар юзага қалқиб чиқиб, у ҳақидаги аввалги тасаввурларингизни ўзгартира бошлайди. Асар персонажлари орасида ҳаёт синовларидан, турмуш чорраҳаларидан эсон-омон ўтиб олган зот – айни шу Насибанинг ўзидир. Энг муҳими, ғоят чигал, таҳликали дамларда ҳам у ўзлигига содиқ қолади, аёллик шаъни, ор-номуси, латофатига гард юқтирмайди. Бу аломат аёл жамики қийинчиликларни, рўзғор “юк”ини бўйнига олиб, турмуш чорраҳалари комига тушиб қолган умр йўлдоши Донишни ҳалокатдан халос этишга уринади. Афсус, бу фаришта аёл табиатидаги бебаҳо фазилатларни, қалб тубидаги эзгу туйғуларни бошда кўплар, ҳаттоки умр йўлдоши ҳам пайқамайди, қадрига етмайди.

Роман мутолааси чоғида мана шу ҳол бир армон бўлиб ўқувчи қалбини тирнайди. Ниҳоят, асар охирига бориб, кутилмаганда, яна бир ғаройибтабиат одам – Талгат аёлдаги ана шу пинҳона жозибани ўзича кашф этади. Аслида эса аёлнинг нозик-нафис, сезгир кўнгли сиртдан қараганда тунд, тушуниксиз бу кимсанинг қалби тубида чўкиб ётган, бошқалар сезмаган ноёб инсоний хислатларни биринчи бўлиб илғаган, уни вужудига илашган ғуборлардан поклаб, асл ҳолига қайтаришга аҳд қилган. Бу эзгу ният йўлидаги қатъият, қалбдаги чексиз меҳр-мурувват ўз кучини кўрсатади. Бошда истеъдодли олим, асл инсон, вафодор эр саналган бу кимса суюкли умр йўлдошини хиёнат устида кўриб, чавақлаб ташлаган, бунинг учун муносиб жазо ҳам олган. Шундан кейин инсон, хусусан, аёл зотига ишончини йўқотиб ночор, тунд, тушкун, руҳан хаста қасоскорга айланган. Ана шундай кимса Насибанинг қалб саховати туфайли, аввало, ўлим тўшагидан оёққа туради, секин-аста аёл зотига бўлган қарашида ҳам ўзгариш юз беради. Руҳиятида бутунлай бошқача, аввалгиларига сира ҳам ўхшамайдиган янги, кучли, ҳар қандай ғазабу нафратдан холи бир туйғу ҳукмронлик қила бошлайди. Бу ўзгариш нафақат унинг қиёфасида, балки онги-шуурида, онгининг зим-зиё тубида ҳам юз беарди. Қандайдир кўзга кўринмас куч – гўё қалбида улуғ кимёгар нафратни муҳаббатга, ёвузликни эзгуликка, худбинликни меҳрибонликка айлантираётгандай...

Ана шу жараёнда унинг Насибага муносабати ҳам ўзгача тус олади. Авваллари Насибани хушламаган, ичида унга кек сақлаб юрган одам назарида Насиба “ўз қадрини билмайдиган” ношуд-нотавон эмас, балки “қадри-ю шаънини жуда юқори қўядиган фаҳм-фаросатли”, “ўта ақлли ва сабр-тоқатли” аёлга айланади. Насиба бошлаган ишини “охирги чизиққа довур етиб боришини кутиб яшайдиган” жасур инсон. Тўғри, тирик инсон, аёл сифатида гоҳо “қўрқади, ваҳимадан юраги ёрилгудек бўлади, лекин, барибир, шу қўрқув сари бостириб бораверади. Унинг ҳатто қайғусида ҳам кучли алланима бордай...”

Талгат кашф этган Насиба ана шундай аломат зот!

Насибанинг қалб саховати туфайли фақат Талгат эмас, бозор гирдобига тушиб қолган, турмушда ҳам, ижодда ҳам “бозор одами”га айлана бошлаган ноёб истеъдод соҳибаси Ҳулкар ҳам ўзлигига қайтади, яна бир ёрқин истеъдод Беҳзод васлига эришади. Муҳими, буларнинг барчаси романда қуруқ ҳикоя қилинган эмас, персонажлар руҳиятидаги эврилишлар ҳосиласи тарзида берилган. Шу жиҳатдан “Армон асираси”да адиба илк романига нисбатан анча олдин кетган.

Шу тариқа армон асираси Насибанинг қалб саховати, эзгулик йўлидаги фидойилиги ва бу ноёб хислатларининг ҳаётбахш ёғдулари асарнинг асосий пафосини белгилайди. Шуниси ҳам борки, романда бу умидбахш руҳ ҳеч қанақа дабдабасиз, осойишта, табиий бир йўсинда намоён бўлади. Романни ўқиб тугатар экансиз, беихтиёр, шоирнинг мана бу тўртлиги ёдга тушади:

 

Инсон билан тирикдир инсон,

Муҳаббатдан ҳаётнинг боши.

Одамларга бахш этади жон,

Одамларнинг меҳр қуёши.

 

*        *

*

Адибанинг “Ёзсиз йил”, шунингдек, “Қуёш нега чиқаверади?”, “Бахтсизлик  маликаси” ҳикояларида персонажлар тушиб қолган чигал вазият, ўша кезлари улар қисмати, табиати, руҳиятида юз берган эврилишлар, қабоҳат ва эзгу туйғулар маҳорабаси ифодаси “Машаққатлар гирдоби”, “Армон асираси” романларидагидан бутунлай ўзгача. Романларда инсон қисмати, табиати, руҳиятидаги жараёнлар ҳаётдаги ижтимоий силсилалар билан алоқадорликда содир бўлса, ҳикоялардаги бу ҳолат тушуниш ва тушунтириш мушкул бўлган, қисман, “илми ғойиб”га дахлдор қисмат жумбоғи, тақдири азалнинг “шева”лари, қолаверса, шахс тафаккури, “онг оқими” нағмалари, инсон табиатидаги туғма фазилат ва иллат, улуғворлик ва тубанлик, даҳолик ва ожизлик, нафосат ва дағаллик орасидаги азалий зиддиятларнинг ҳосиласи тарзида талқин этилади.

Зулфия олдинроқ яратган айрим асарларидаги каби “Қуёш нега чиқаверади?”, “Бахтсизлик маликаси” ҳикояларида миллий адабиётимизда нисбатан кам ишланган реаллик билан хаёлот-тасаввур оралиғида содир бўлган қисмат ва руҳият жумбоқлари бадиий талқини, ижтимоиётдан холи “кўнгил лирикаси”га яқин турадиган адабий-ижодий тажрибаларни дадил давом эттирган.

“Қуёш нега чиқаверади?” ҳикояси ўқувчини аламли ўйлар гирдобига тортади. Тақдири азалнинг шафқатсизликлари, адолатсизликлари туфайли кўксида яшашга, одамларга меҳр ҳисси сўнган инсоннинг фожиаси, руҳий ҳолатлари алам-изтироб билан қаламга олинади. Ҳикоядаги вазият, жавобсиз саволлар Сизу бизни ҳам ўйга толдиради. Асардаги Турсуной ҳар жиҳатдан бекаму кўст, баркамол қиз. Унда чирой, ақл-заковат, иқтидор – барчаси мужассам. Асар персонажларидан бири айтганидай, у истаса, бахтли бўлиши мумкин, бунинг учун барча имкониятлар муҳайё. Қизиғи, у буни хоҳламайди. Ёзувчи “нега”, “нима учун” деган саволларни ўртага қўяди. Саволга ҳар хил йўллар билан жавоб ахтаради. Бу қиз мавжуд ҳаёт одами эмас, у ўй-хаёллар бандаси. “Мен кўп, жуда кўп ўйлайман, – дейди Турсуной. – Нега шундай? Нега бу дунёда тўкис бахт йўқ? Ҳаммаси Унинг, ёлғиз Унинг ихтиёрида бўлса, нега дунёни бекаму-кўст яратмади? Атиги бир марта, бир мартагина дунёга келадиган инсонни азоб-уқубатларга гирифтор қилмасликнинг иложи йўқмиди?” Шу тарздаги исёнкорона саволларни қўйиш учун унда муайян асослар бор.

Ота-онасининг дунёга келган тўртта фарзанди турмаган, Турсуной туғилгач, кетма-кет юз берган ўлимлар тўхтайди, аммо ундан кейин яна йўқотиш... Турсуной бунга тоқат қилолмайди. Ахир тўқсон олти ёшга кирган амма ҳамманинг жонига тегиб ҳаётнинг этагига ёпишиб олиб яшаб юрибди-ю, муштдай укагинаси оламга сиғмади...” Нега?... Нима учун?... У ҳам яшаб юраверса бўларди-ку!... Анави ғўнғиллаётган асаларига қара. Шунинг ҳам ҳаётда ўз ўрни бор. Шугина жонзотнинг-а. Менинг укагинам... ахир у инсон эди-ку! Яшашга ҳаққи бор эди-ку!...” – дея ўртанади қиз.

Персонаж ана шундай мушкул тиғиз руҳий изтироблар оғушида қолган кезлари яқин тенгдоши уни англашга, дардига малҳам бўлишга чоғланади. Дугонасининг бундай ҳолатга тушувида “жин”ларнинг хуружидан, аллақандай телбалик аломатидан холи бошқа бир нарса мавжудлигини сезади, Турсунойнинг онги ва шуурида юз бераётган “чақин”лар ўз-ўзини ҳамда дунёни англашнинг фавқулодда кучайган ҳолати, деган хулосага келади. “Нега? Нима учун?”- жонига ёпирилиб ҳужум қилаётган ушбу саволларга жавоб излашдан безор бўлиб кетганидан, у ҳаётдан аламли, аччиқ бир лаззат ичида ўч олаётир, деган тахминларга боради. Турсуной аламли савол ва ўйларининг авж пардага кўтарилган чоғлари неча бор ўз жонига қасд қилади. Қизиқ, ҳар гал ажал сиртмоғидан омон қолади. Бу ҳол тақдиру азалнинг бир каромати! Афсус, у буни ҳозирча англаш даражасига етгани йўқ. Атрофдагилар, ҳатто яқин дугонаси буни англашга қобил эмас. Турсуной ўша мушкул дамларда бир донишманд, нажоткор раҳнамога муҳтож. Ҳикояда шу тарзда мушкул жумбоқ очиқлигича қолади.

Бу чигал жумбоққа жавобни ўқувчи галдаги ҳикоя – “Бахтсизлик маликаси”дан топгандай бўлади. Бу ҳикояда ҳам персонажлар қисмати, руҳиятидаги эврилиш, драмалар ижтимоий омилларга алоқадор бўлмаган ҳаёт тасодифлари, тақдири азалнинг ғаройиботларидан иборат. Маликанинг отаси, онаси, туғишган иниси, опаси бирин-кетин тасодифлар чангалида оламдан ўтадилар, биргина Маликага эса жин ҳам урмайди. Мудҳиш кўргиликни қарангки, вақти соати келиб, унаштирилган йигити ҳам тўй куни автоҳалокатга учраб, дунёдан кўз юмади. Сўққабош аламдийда қиз бу кўргиликлар оловида қанчалар қоврилиб ёнмасин, ота-она хонадони чироғини ёқиб, опаларидан қолган тўрт фарзандга “она” бўлиб, рўзғор тебратишда давом этади. Эл орасида бундай аёл зотини “шумқадам” дея камситишдек ғайриинсоний удум бор. “Дард устига чипқон” деганларидай бу ҳол ҳам қизни аламли ўйларга толдиради... Тақдири азал каромати, ҳимматини қарангки, танидаги мислсиз ирода – бардош учун Малика яратганнинг чексиз марҳаматига – Аброр исмли аломат йигитнинг севгисига мушарраф бўлади. Кеча кетидан кундуз, ёвузлик ортидан эзгулик келганидай, айни ўша яратганнинг беназир туҳфаси, эзгулик фариштаси Аброр туфайли Малика учун бахтсизликлар вақт шамолининг қанотида узоқларга ғойиб бўлади...

Аммо “Машаққатлар гирдоби”даги Гулруҳ каби ҳикоядаги Аброр сиймоси ифодасида афсона, эртак қаҳарамонларига хос жўмардлик, ҳодисалар талқини ва ечимида эса эртакларга хос бахтли хотимани кўриб, талабчан китобхон бурун жийириши мумкин. Ахир инсон қалбидаги ҳар қандай жўмардлик ҳам осонликча рўёбга чиқмаслиги аён. Кўп ҳолларда замонавий бадиий ифода даражасида туриб қалам тебратаётган адибамиздан сирли-сеҳрли ҳодисалар тасвири, ибратли қаҳрамон талқинида, шахс жумбоғи ечими борасида ҳам янги, салмоқдор бадиий ихтиролар кутишга ҳақлимиз.

Юқорида тилга олинган икки асардан кўнглимиз тўлмаган жиҳатларни “Ёзсиз йил” ҳикоясидан топамиз. Бу асарда муаллиф ўта чигал вазиятга тушиб қолган одамлар қисмати ифодасида руҳий-психологик таҳлил йўлидан бориб ўзининг замонавий-бадиий тасвир ва талқин маҳоратини намоён эта олган.

Жаҳон адабиётида ҳамиша она-Ватан каби бош ҳарф билан ёзилишга лойиқ табаррук Она зотининг мушкул дамларда туққан фарзандига беқиёс меҳр-муруввати хусусида кўп ва хўб ёзилган. Миллий насримизда ҳам ўшалар қаторида туришга лойиқ асарлар бор. Устоз Саид Аҳмад қаламига мансуб “Уфқ” романидаги Онахоннинг гуноҳкор – қочоқ ўғлига нисбатан армон, алам-ўкинч билан йўғрилган парвоналиги ифодаси адабиётимизда жиддий ҳодиса бўлган эди. Зулфия эса  шу йўналишда бутунлай ўзгача Она тимсолини яратишга эришган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳикоянинг сюжет қурилиши пухта ишланган, воқеалар тадрижи персонажлар руҳий эврилишлари таҳлили билан уйғунликда моҳирона ифодаланган. Гоҳ қувонч-таскин, тенгсиз умид, гоҳ дард хуружи, азоб-уқубат, таҳқиру надомат, гоҳ йилт этган сурур, хаёлдаги алдамчи фароғат, аслида эса адоғи йўқ мусибатлар билан ўтган икки бандайи ожиз – она ва ўғлон кўргиликлари – бутун бошли бир романга татигулик беором дақиқалар, кунлар, ойлар, йиллар силсиласи биргина ҳикоя бағридан муносиб жой олган. Ҳикояда тиғиз вазиятлар бот-бот такрорланади ва ҳар гал муаллиф беназир зот – Она танида мужассам беқиёс меҳригиёнинг янги-янги қирраларини кашф этишга эришади.

Асар билан таниш ўқувчи билади: Собир автоҳалокат туфайли ногирон бўлиб қолган, энг ёмони, у эркаклигидан маҳрум бўлган. Бу мудҳиш фалокатнинг азоб, изтироби ўғлидан кўра ҳам онахон – Бувгул хола тани жонини қовуради. Ҳикоя давомида хола вужудини ёндирган оташ, хаста ўғил кўнгли, ороми деб чеккан заҳматлари алангаси тафтини ўқувчи ҳар доим сезиб, ҳис этиб туради. Ҳаётнинг турфа нағмасини қарангки, Собир шу ҳолда  қишлоқнинг тенги йўқ сулув қизи Марваридга кўнгил берган, қиз ҳам, ўз навбатида,  йигитга ошиқу шайдо. Уларнинг Лайлию Мажнун севги достонини эслатадиган ишқий мулоқотлари ҳар қандай тама, ҳирс ва нафс майлларидан холи, икки фаришта ошиғу маъшуқанинг соф қалб талпинишларидан иборат. Айни шу жиҳати билан асар бугунги замонавий адабиётда урф бўлган ишқий кечинмалар талқинидан бутунлай фарқ қилади. Икки ёш орасида яширадиган ҳеч қанақа сир йўқ. Ҳар икки томон ҳам орадаги мудҳиш кўргиликдан воқиф. Аммо бу ҳол уларнинг кўнгил майлларига асло тўсиқ бўлолмайди. Улар бир умрга бирга бўлишга қатъий аҳд қилганлар. Висол дамларида Собир дардини бутунлай унутади, яйраб-яшнаб кетади. Қиз раъйи, истагига кўра, Онасини қизникига совчиликка боришга ундайди...

Ҳалокат, хасталик, ногиронлик асоратларидан ҳам кўра мушкулроқ драмалар ана шу дақиқалардан бошланади. Йигит томонда жоҳил, қалбан сўқир ака, қиз томонда эса бағритош ота икки ошиқ – ёшлар майлига тиш-тирноғи билан қарши турадилар. Фақат Онаизоргина ўғлон билан қиз қалбининг, қиёси йўқ чин муҳаббатининг ягона ҳимоячисига айланади. Биласиз, қишлоқ муҳитида гап ётмайди. Шахсий-оилавий интим сир дарҳол ошкор бўлади, ҳар хил ғийбат, паст-баланд гап-сўзлар ўрмалайди. Бу ҳол катта ўғил билан қиз отаси хуружини аланга олдиради. Ана шундай тиғиз дамларда катта ўғил дағдағаларига, қиз отаси ёғдирган маломат тошлари, одамларнинг таъна-дашномларига, таҳқиру надоматларига, қўйингки, жамики бало-қазоларга шу муштипар Онахонгина мардона қарши туриб беради. Хаста, аммо чин ошиқ ўғлон кўнгил майли учун ҳар дақиқа жонини, жаҳонини беришга тайёр.

Начора, жоҳиллар қўли баланд келади, Марваридни яқин қариндоши ўғлига зўрлаб узатадилар, у қайтиб келади, сўнг уни оёқ етмас тоғ қишлоғи одамига унаштирадилар. Ошиқ йигит жим туролмайди, хасталигига қарамай қиш чилласида унинг изидан боради, маъшуқасининг албатта қайтиб келиш ваъдасини олиб, бир дунё қувонч, ёрқин умид билан қайтади... Энди ҳам ўғлон, ҳам Она кўксида умидсизлик бир дам чекиниб, яшаш иштиёқи жўш уради.

Афсус, бу қувончли дақиқалар узоққа бормайди, ваъда ушалмай қолади.

Биз юқорида ўқувчини таништириш учун келтирган воқеалар тафсилоти шунчаки қуруқ ҳикоя қилинмайди, балки руҳий-психологик ҳолатлар таҳлили жўрлигида китобхонни ларзага соладиган тарзда берилади. Ҳикояни ўқий туриб, руҳий изтироблар оғушида хаёлга толасан киши: ҳаётда мўъжизалар ҳам рўй бериши мумкин-ку! Эҳтимол, бедаво дарддан ҳам хавфлироқ одамлар – жоҳил, қаҳри қаттиқ кимсалар қаршилик қилмаганида, бу икки ёш қовушганида Собир бутунлай соғайиб, тўкис турмушга қайтиши ҳам мумкин эди-ку! Ахир ҳаётда шу ҳолда ҳам тотув яшаб ўтган жуфтликлар бўлган. Бундан кейинги ҳижрон ифодаси, кундан-кун танни емириб бораётган хасталик азобларини ўғил ва Она баб-баравар тортади, икки вужуд бир жон –бир тан бўлиб ёнади. Ҳижрон аламлари  худди мумтоз ғазалиётимиздаги поёнсиз фиғонлар каби авж пардаларда акс-садо беради.

Галдаги лавҳа бундан-да ҳаяжонли. Марварид янги йил арафасида келишга ваъда қилган эди. Хаста Собир маъшуқасини интизорлик билан кутаётир, аммо ундан дарак йўқ. Ўша топдаги Она билан боланинг моҳир рассом гавдалантиргандек унсиз драматик ҳолатлари тасвири кўнгилларни зир титратади. Аниқ кўриб, ҳис этиб турасиз: деразадан кўчага интизор тикилиб турган Собирнинг бир маҳал елкалари силкина бошлайди, Бувгул хола, кўнгли вайрон ҳолда, ўғлига томон талпинади. Шу пайт бирдан Собир Она томон ўгирилади. Дунёнинг бутун дард-алами кўзларида жам... Унинг қонсиз юзида йирик-йирик томчилар думалайди. Энди Собирга ҳаммаси аён, ўзининг узоқ яшамаслигини ҳам, Марвариднинг келмаслигини, келтирмасликларини ҳам билади, билади-ю, онасидан яширади, худди онаси ундан яширгандай... Машҳур “Асрор бобо”даги чол билан кампирнинг мудҳиш сирдан воқиф ҳолда, бир-бирини асраш ниятида бир-биридан сир сақлаш ҳолатини – кўнгилларни зир титратадиган вазиятни эслатадиган, аммо тақлиддан бутунлай холи ноёб бадиий лавҳа!

Ўша мудҳиш дамларда Она вужудини кемираётган изтиробни билдирмасликка ҳарчанд уринмасин, ўзини тутолмайди, бари бир оналигига бориб, ўғли бошини кўксига босади. “Қайноқ кўз ёшлар энди унинг кўксини куйдириб, юрагига томчилар ва ундан қон бўлиб, томирларига сизиб оқарди” деб ёзади ҳикоянавис. Бу жумлаларни қаламга тушириш чоғи муаллифнинг қўли титраб турганлигини баралла ҳис этасиз.

Бундай тиғиз санъаткорона чизилган лавҳаларни шарҳлаш қийин, ҳар қандай шарҳ унинг асл жозибасини, сеҳрли руҳини тушириб юбориши мумкин. Энг муҳими, ҳикоянавис персонажларни ана шундай мушкул вазиятлардан эсон-омон олиб ўта билади. Бу энди чин санъат мўъжизаси.

         Қарангки, ошиқ йигитнинг  ҳаёт шами ўчай деб турганида ҳам, ҳаётга иштиёқи, висолга умиди бутунлай сўнмайди. Ажаб, энди мавжуд ҳаётда амалга ошмаган висол ҳаёт-мамот юзма-юз келган дамларда, кечинмалар жазаваси авжида хаёлда, тасаввурда содир бўлади. Машраб қисматини ёдга туширувчи ошиқ йигит тақдирида мўъжиза рўй беради, гўё Машраб янглиғ аршнинг кунгурасида ёр висолига эришади. Ўша висол чоғи Марварид Собирга қарата асл муддаосини ошкор этади; фақат унинг юрагинигина севишини, бошқаси асло қизиқтирмаслигини дангал айтади. “Бошқа ҳеч бир аёл бундай демаган бўларди. Шунинг учун ҳам уни телбаларча севиб қолдим-да” дея онажонига сўнгги дил розини изҳор этади. Висол базми чоғи Онаизор “Бахтли бўлинглар, илойим... Қўша қариб юринглар... илойим”... дея дуо қилади. Шу сўзларни айтаётганида “Бувгул хола ўкириб юборишдан базўр ўзини тийди” деб ёзади муаллиф. Шу лавҳани ўқиётиб, ўқувчи ҳам айни Она ҳолига тушади.

Тасвир яна заминга, мавжуд ҳаётга қайтади. Катта ўғил, ҳиссиз нодон кимсалар гўё Онаизорни авайлаш мақсадида уни куни битган ўғилдан ажратишга уринадилар, бу ният ўтмагач, ўжар кампирни “иймонсиз”га чиқарадилар. Шунда у “Менинг иймоним – болам!” дея ҳайқиради. Ниҳоят, ўғил жон таслим қилади, онаизорнинг устунга суянганича “Мен ёмон қолдим, сен яхши бор, болам” деган сўзларни дуодай ожизона такрорлаб турганини кўриб, юрак-бағрингиз эзилиб кетади. Сўнг бундан-да залворлироқ ҳолатга дуч келамиз. Пировардида, онаизор бирдан осмонга тикилиб: “Одамни эрмак учун яратиб, уни эплай олмай қолганингдан кейин ўлимни ўйлаб топдингми?” дея савдойиларча шивирлайди.

Бундай исёнкорона шивирлаш асло тақдири азал ҳукмига нисбатан шаккоклик эмас, балки Она қалбидаги фарзандига бўлган илоҳий меҳрнинг сўнгги – якуний тасдиғи каби янграйди.

Миллий адабиётимизда пайдо бўлган бу ноёб янгилик – муаззам, мунгли меҳр-муҳаббат қўшиғи шу тарзда интиҳосига етади, охир-оқибат ҳикоя Она шаънига битилган қасида каби янграйди.

Маълум бўляптики, Зулфиянинг бир вақтлар танқидчиликда менсимай қараладиган, унча хуш кўрилмайдиган ижтимоийликдан холи соф “кўнгил майллари нағмалари” талқини адабий тажрибалари йўлидан бориб яратган қатор ҳикоялари, айниқса, “Ёзсиз йил” ўзининг бадиий-маънавий таъсир кучи жиҳатидан соф ижтимоий йўналишдаги етук асарлардан асло қолишмайди.

Адибанинг инсон шаънини ҳимоя қилиш ва улуғлашдек мўътабар мавзуни янада теранроқ ва кўламдорроқ ёритиш, муаммоларнинг бетакрор ечимини топиш йўлидаги изланишларида омад тилаб қоламиз.

 

2010 йил январь.

 

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz