Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

НАСРНИНГ МУНАВВАР ЙЎЛИ

(Одил Ёқубов ижодий йўли ҳақида мушоҳадалар)

 

        

2006 йилнинг 20 август якшанба куни Бўстонлиқнинг Чорбоғ ҳудудида жойлашган ёзувчиларнинг дала боғ қўрғонида ижодкорлар ўртасида анъанавий бешинчи шахмат турнири бўлиб ўтди. Устоз Озод Шарафиддиновнинг порлоқ хотирасига бағишланган ушбу тадбирда меҳмон сифатида иштирок этиш шарафига муяссар бўлдим. Таклиф этилганлар қаторида улкан адибимиз Одил Ёқубов ҳам бор эди. Турнирни даврадагиларнинг энг ёши улуғи – саксонни қоралаб келаётган Одил ака табрик сўзи билан бошлаб бердилар. Одил ака ҳам шаҳмат шайдоси; авваллари кўп кузатганман – мана ман деган шаҳмат шоввозлари саналмиш адиблар – Озод ака, Эркин, Худойберди, Иброҳимжонлар билан мардона беллашиб, бирда ғалаба сурурини тотиб, бирда мағлубият аламини чеккан, камдан-кам ҳолларда дурангга рози бўлган. Агар ўйинга тушса, аминманки, бугун ҳам рақибини доғда қолдириши тайин. Бироқ ўз қадрини билган оқсоқол адибимиз ёшига ярашадиган йўл тутиб қаламкаш сафдошлари, шогирдларига оқ йўл тилаш билан чекланди. Турнир иштирокчиларига ҳалақит бермаслик учун сўлим боғнинг кўркам айвонида устоз адиб теварагида алоҳида давра қурдик. Эрталаб бошланган гурунг кеч – асрга қадар қарийб  ўн соат давом этди. Жуда кўп воқеа-ҳодисалар, гоҳ жиддий, гоҳ кулгили, гоҳо қувончли, гоҳ алам-армонли хотиралар эсга олинди. Гап-сўзлар асосан адабиёт, бугунги адабий жараён муаммолари, босиб ўтилган йўл сабоқлари устида кетди.

         Умр оқар дарё дейдилар. Одил ака билан илк бор ярим аср бурун университетда танишганман. У киши мендан бор-йўғи бир курс олдинда – рус филологияси бўлимида ўқирди. Кези келганда айтиб ўтай, урушдан кейинги йиллари талабалар таркиби ўзига хос бўлган – курсдошлар орасида тўғридан-тўғри мактаб партасидан университет аудиториясига келган 17-18 ёшлилар билан баробар ёши бирмунча улуғ, уруш қатнашчиларини ҳам учратиш мумкин эди. Одил Ёқубов ана шундай жанг кўрган талабалардан эди. Ўз даврида ўзбек болалар адабиётида муайян янгилик бўлган «Тенгдошлар» қиссаси муаллифи билан бир том остида таълим олиш бизларга чексиз ғурур бахш этарди. Талаба адиб барча талабаларнинг нигоҳида-назарида эди, унинг ҳар бир хатти-ҳаракатини кузатиб борардик. Одил аканинг қуйи курс талабаси одоб-андиша, сулувликда танҳо Марямхон билан ишқий мулоқотлари ҳам ёшларнинг оғзига тушган эди. Ўша кезлари Одил ака қаерда, қайси хонадонда яшаганини билмайман, бироқ дарсдан бўш вақтларда ҳамиша университетнинг асосий кутубхонасида кўрардик. Камина ҳам кутубхонанинг «кунда-шунда»ларидан эдим. Бироқ «кунда-шунда»ликда ҳеч қайсимиз Одил акага тенглашолмасдик. Одил аканинг ўқув хонаси четроғида жойлашган столи устида турли-туман китоблар, асосан рус ва жаҳон адабиёти намуналари, журнал-газеталар, дафтар-қўлёзмалар қалашиб ётарди. Мутолаа, дарсларга тайёргарлик билан баробар, афтидан, у янги асарлари устида ҳам шу ерда ишларди. Ўша йиллари университетда адабиёт тўгарагининг нуфузи хила баланд эди, тўгарак органи «Студент» журналининг галдаги ҳар бир сони жиддий муҳокама қилинар, муҳокама чоғи  аксари асосий гапни Одил ака айтарди. Бу одам хила вазмин, сиртдан осойишта кўринса-да, минбарга чиққанида ҳаяжон билан жўшиб-ёниб гапирар, баҳс-мунозаралар чоғи ҳеч кимни, ҳатто домлаларни ҳам аямасдан дилидаги гапларни шартта-шартта айтаверарди. Айниқса, асарларга 40-50-йилларида урф бўлган ақидапарастлик асосида ёндашишларга асло тоқат қилолмасди. Фақат қаламкаш дўстлари эмас, ўз асарлари хусусида айтилган бундай фикрларни кескин рад этарди. «Розахон» деган бир пардали комедияси муҳокамасида каминанинг ўша давр расмий қарашлари таъсирида асарда қаламга олинган мешчанлик иллати «ҳаётимиз учун типик эмас» деган гапим Одил аканинг жиддий эътирозига учради. Бундай кескин эътироз мени, бир жиҳатдан, эсанкиратиб қўйди, иккинчи томондан, илк бор адабиёт хусусидаги расмий қарашларга ўзгачароқ, яъни танқидий кўз билан қарашга туртки берди.

         Университетни битириш олдида чоп этилган «Икки муҳаббат» тўплами, айни шу йили саҳна юзини кўрган «Чин муҳаббат», «Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди» драмалари билан биз университетдошлар ҳақли равишда фахрланардик. Университетни тугатиб Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи бўлиб ишлаган кезлари энди уни асосан ўша даргоҳда учратардик. Галдаги ҳар бир янги асарини иштиёқ билан ўқиб борардик. «Розахон» муҳокамасида гапириб тилим куйгани учун адибнинг галдаги асарлари ҳақида сўз айтишга чўчиб юрардим. Ниҳоят, «Шарқ юлдузи»нинг 1960 йил 1 сонида Одил Ёқубовнинг «Муқаддас» қиссаси чиқди. Бу қисса кўплар қатори мени ҳам зўр ҳаяжонга солди. Энди у ҳақда мақола ёзишга журъат этдим. «Ёш ленинчи»да чиққан каттагина тақриз муаллифга маъқул тушди, унинг «Қиссани тушуниб ёзибсиз» деган гапи мени руҳлантириб юборди. Шундан кейин ёзувчи яратган деярли барча асарлари хусусида баҳоли қудрат сўз айтишга уриниб келаман... Дарҳақиқат, «Муқаддас» муаллифнинг ўша пайтга қадар ёзган ҳикоя, қисса, драмаларига нисбатан солиштириб бўлмас даражада олға ташланган дадил қадам эди. Бу асар гўё «Одил Ёқубов» деган феномен учун муаллифлик ёрлиғи вазифасини ўтади. «Тенгдошлар»дан «Муқаддас»га қадар ўтган ўн йиллик йўл ёзувчи учун ижодда ўзлигини англаш – топиш йўлидаги бетиним изланиш, одат тусига кирган адабий қолиплар билан муросасиз олишиш, машъум «конфликтсизлик назарияси» таъсирини, китобийлик инерциясини енгиб ўтиш йиллари бўлди. Муаллиф «Муқаддас»да ҳаётнинг ўзидан олган завқини, ўз юрак дардини, ҳаяжонларини изҳор этади, ўзи қаламга олган ҳаёт ҳодисаларини, персонажлар қалби ва руҳиятини мураккаблиги, зиддиятлари, чинакам нафосати билан китобхонга етказа олади. Қиссадаги икки ёшнинг ҳаётдаги илк мустақил қадамлари, қувонч ва ташвишлари ниҳоятда самимий ҳикоя қилинган, энг муҳими, ёзувчи дилидаги гаплар китобхон қалбини ҳаяжонга соларли гўзал поэтик шаклини топган.

         «Муқаддас» ёзувчининг бош эстетик принципларини тайин этувчи асар сифатида ҳам қадрли. «Муқаддас» сўзи фақат қисса қаҳрамони номи билангина боғлиқ бўлмай, ёзувчи асарида зўр эҳтиром билан илгари сурган инсондаги энг азиз, муқаддас туйғулар – виждон, бурч, эътиқод, диёнат, адолат ғоясини ҳам ўзида ифодалайди. «Диёнат»дан тортиб тарихий романларию «Оққушлар...», «Адолат манзили» ва «Осий банда»га қадар адибнинг эътиборга сазовор барча асарларидаги гап-сўзлар асосан худди шу муаммо теварагида айланади...

         1960-68-йиллар давомида Одил акани асосан Абдулла Қаҳҳор хонадонида, «Қаҳҳор одамлари» - П.Қодиров, М.Қўшжонов, О.Шарафиддиновлар даврасида кўрардим. Бу давра ўзига хос адабий дорилфунун, ижодий тафаккур мактаби бўлган. Эл-юрт, миллий адабиёт ғами билан куйиб-ёниб яшаш нима эканини шу даврада кўрганман, дилдан ҳис этганман. Ҳаёт, адабиёт, адабий жараён хусусидаги теша тегмаган гапларни, мардона ҳаққоний сўзларни шу даврада эшитардим. Бу даврада бир-бирларига ҳамду санолар ёғдириш ёт эди. Абдулла ака О.Ёқубов, П.Қодиров, М.Қўшжонов, О.Шарафиддиновларни русча таълим кўрган, жаҳон адабиёти, адабиётшунослигидан бохабар чинакам «мулла ижодкорлар» дея ҳурмат қилар, шу билан баробар «улар русча ўйлаб, ўзбекча ёзади» дея писанда қилиб қўярди. Бир гал: «Одилнинг янги романи қўлёзмасини ўқидингизми? - деб сўрадилар ва давом этиб, - «Эр бошига иш тушса...» қўлёзмаси столим устида турибди. «Ўтмишдан эртаклар» билан бандман. Романни вақтида ўқиб беролмаганим учун ҳижолатдаман. Кеча газетада чиққан бобига кўзим тушди. Эҳтирос, ўзбекона руҳ билан ёзилибди. Бироқ Одил эҳтиросга берилиб жумлаларни чаённинг думидек гажжак қилиб юборибди. Бу усул Туробга ярашади. Одилга эса мутлақо ёпишмай турибди. Буни Одилнинг ўзига айтдим».

         Одил ака роман устидаги иш жараёнида бу мулоҳазани ҳисобга олгани аён. Газетада чиққан боб билан романнинг китоб нусхаси матнини қиёслаганда бунга тўла амин бўласиз. Айни пайтда маслакдош шогирдлари устоз асарлари ҳақида ҳам танқидий мулоҳазаларини дадил айтаверар эдилар. «Ўтмишдан эртаклар»да қора бўёқлар, бири-биридан мунгли, кишида оғир таассурот қолдирадиган ҳодисалар кўпайиб кетгани, «Тобутдан товуш»да яланғоч саҳналар борлиги, «Нурли чўққилар»да асар ғояси Қаҳҳорга хос ифоданинг ўзидан табиий йўсинда оқиб чиқиши етишмаслиги – шу хилдаги эътирозларни Одил акадан эшитганман.

         Адабиётшуносликда «биографик метод» деган илмий мактаб бор. Бу мактаб тарафдорлари ижодкор асарларида муаллиф биографияси, шахсияти билан алоқадор жиҳатларни тадқиқ этади. Афсус, бу илмий мактаб бизда ҳали тўла-тўкис шаклланган эмас. Одил Ёқубов ижоди айни шу муаммони текшириш учун ғоят бой материал беради. «Эр бошига иш тушса», «Излайман», «Музқаймоқ», «Қайдасан, Морико?» каби тўғридан-тўғри автобиографик характердаги роман, қисса, ҳикоялари қатори адибнинг бадиий фантазия-тасаввур маҳсули саналмиш асарларида ҳам кўрган-кечирганлари, ҳаётий тажрибалари билан алоқадор жиҳатлар беҳисоб. Ҳатто узоқ ўтмишдан олиб ёзган драма, романлари воқеалари пардаси ортида адибнинг ўзлиги, замонаси, уни қийнаган, ўйга толдирган ўткир ҳаётий муаммоларга туташ робиталар баралла кўзга ташланиб туради. У ўтмишга ҳам ўз замонаси, ХХ аср иккинчи ярми одами нигоҳи, ҳаётий тажрибаси орқали назар ташлайди.

         Одил аканинг волидаи муҳтарамаси қазо қилганида Озод ака, Пиримқул ака, Худойбердилар билан Қарноққа борганда, наҳорги эҳсон оши пайтида таъзияга келганларни кузатганда, улар орасида ўнлаб айни адиб асарларидаги персонажларга қуйиб қўйгандек ўхшаш чеҳраларни кўриб ҳайратда қолган эдим. Бугина эмас, халқимизнинг азалий удумлари, мўътабар анъаналари яхши сақланган, тиниқ булоқлари, сўлим боғлари, хусусан, олмазорлари, бепоён яйловлари, ям-яшил қир-адирлари билан дилларни мафтун этувчи киндик қони тўкилган бу мафтункор юрт манзаралари ифодаси адиб асарларига бетакрор руҳ, ажиб файз бахш этган.

         Одил акани бемалол ўз замонасининг куйчиси, бадиий солномачиси деб аташ мумкин. 37-йил қатағони, Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги фронт орти воқеалари, Узоқ Шарқдаги жанг лавҳалари, 50-йиллар мушкулотлари, 60-йиллар тўлғоқлари, қайта қуриш, ниҳоят, истиқлол тўлқинлари, бозор муносабатларига ўтиш даври одамлар қисмати, руҳиятидаги эврилишлар – «Эр бошига иш тушса», «Излайман», «Қайдасан, Морико?», «Қанот жуфт бўлади», «Диёнат», «Оққушлар...», «Адолат манзили», «Бир кошона сирлари» ва «Осий банда»да мамлакат, миллат ҳаётидаги адибнинг ўзи гувоҳ бўлган, бевосита иштирок этган ўша тарихий ҳодиса, жараёнлар ҳаққоний, мардона, бетакрор ва таъсирчан акс эттирилган.

         Одил Ёқубовнинг бахти, омади шундаки, унинг ёзувчи сифатида шаклланиши мустабид тузум адабий сиёсатида эрувгарчилик, бир оз эркинлик шабадалари эса бошлаган, ҳақиқатни айтиш, ифодалаш учун қисман йўл очилган даврга тўғри келди. Ўша кезлари кўп миллатли шўро адабиёти равнақида янги бир тўлқин бошланди. В. Астафьев, В. Тендряков, В. Распутин, Евг. Евтушенко, Р.Гамзатов, Ч.Айтматов каби ҳаиқатпараст, адолатпарвар ижодкорлар майдонга чиқди, А. Таврдовский сингари оқсоқол устоз адиблар бу шиддатли адабий ҳаракатни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиб турдилар. Бизда ҳам айни шундай ҳодиса рўй берди, А.Қаҳҳор қаноти остида уюшган ўнлаб ижодкорларнинг ҳақиқат, адолат руҳи билан йўғрилган асарлари туфайли миллий адабиётимизнинг нуфузи беқиёс даражада юқорига кўтарилди. Қаҳҳорнинг «Ёзувчи, шоир одамларнинг дилидаги, тили учидаги гапларни айтиши керак», «Адабиёт атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарф қилиш керак эмас» деган сўзларини бизлар китобдан эмас, илк бор давраларда адибнинг ўз оғзидан эшитганмиз. Бугунги кунда 60-80-йиллар адабиётидаги «гап айтиш»га мойиллик тамойилини қусур сановчилар ҳам топилади. Тўғри, ўша кезлари кўплаб истеъдодли адиблар асарларида «гап айтиш»га, «масала кўтариш»га берилиб кетиб гоҳо сўз санъатининг бош вазифаси – инсон жумбоғи, инсон қалбини англаш, тушуниш, тушунтириш мушкул бўлган қалб нағмаларини бадиий таҳлил ва талқин этиш эътибордан четда қолгандай туюлади. Бу ҳол ўша кезлардаги вазият, адабиёт олдида турган вазифалар билан изоҳланади. Расмий доираларда, улкан минбарларда, фан тилида, публицистикада мамлакат, одамлар ҳаётига оид ўткир муаммоларни кўтариб чиқиш, бор ҳақиқатни айтиш имкони бўлмагани учун бу вазифани, яъни социология, фалсафа, публицистика бажариши лозим бўлган вазифаларни адабиёт ўз зиммасига олди. Истеъдодли, имон-эътиқоди бутун, жасур адибларнинг энг яхши асарлари виждон садосига, ҳақиқат баҳсларига айланди. Айни пайтда чин истеъдод соҳиблари, жумладан, О.Ёқубов қисса ва романларида «гап айтиш», «масала кўтариш», яъни ҳақиқат баҳслари персонажлар тимсолида тажассум топган мангу муаммолар – шахс жумбоғи талқинлари билан ажиб бир тарзда туташиб кетган. «Диёнат»даги Отақўзи, Нормурод домла, «Оққушлар...»даги Шоввоз, Ойсулув, «Адолат манзили»даги  Суюн бургут, Ветеран, «Бир кошона сирлари»даги Сарвар, Дилора, Дарвешали ва Гулнозалар айни шу жиҳатлари билан эътиборга молик.

         Нуқул ўз кўрган-кечирганлари, тенгдош-замондошлари ҳақида ёзиб эл оғзига тушган адиб 70-йилларга келиб бирдан тарихий мавзуга қўл уриши – буюк олим, темурийзода Улуғбек ҳаётидан тарихий роман ёзиши кўпларни ҳайратга солди. Боз устига улкан шоир, драматург қаламига мансуб миллий театримиз саҳнасида қўйилиб маданий ҳаётимизда жиддий ҳодисага айланган тождор улуғ олим тимсоли довруғи ҳали заррача сусаймаган бир паллада пайдо бўлган роман муаллифи Улуғбек ҳақида қандай янги гап айтди экан деган андиша кўплар қатори мени ҳам безовта қиларди. Шоир Туроб Тўла лутф қилиб, ҳазрат Навоийдан иқтибос келтириб: «Эмас осон бу майдон ичра турмоқ, Шайхнинг панжасига панжа урмоқ», дейиши бежиз эмас эди. Шу орада роман қўлёзмаси қўлимга тушди. Асарни бир кеча-кундузда ўқиб туширдим. Очиғи, «Ўткан кунлар»дан кейин миллий адабиётимиздаги мени энг ҳаяжонга солган тарихий роман шу бўлди. Мутолаа жараёнида бошдаги шубҳа-гумонлар тарқалди-кетди. Машҳур трагедияни мутлақо такрорламайдиган, айни пайтда у билан бемалол беллаша оладиган бутунлай янгича, оригинал асар пайдо бўлганлиги Одил аканинг кўплаб мухлислари қатори мени ҳам беҳад қувонтирди. Кейинроқ бу икки шоҳ асарни қиёсий таҳлил ва тадқиқ этувчи махсус мақола ёздим.

         1972 йилнинг декабрида Ёзувчилар уюшмасида роман қўлёзмаси муҳокамаси бўлди. Муҳокама мажлисини уюшма раҳбарларидан бири Раҳмат Файзий бошқарди. Раҳмат ака ўзига хос эҳтиёткорлик билан нотиқлар сўзларидаги эҳтирослар шаштини қайтариб, силаб-сийпалаб турди. Нотиқлардан бири бу тарихий романдаги замонавий руҳ ҳақида сўз очиб, «У фақат Улуғбек ва унинг даври эмас, ҳамма замонларнинг асари, жумладан, улуғ сиймо бошига тушган савдолар,  энг қалтис дамларда унга яқин, ҳатто ундан яхшилик кўрган бандаи ожизлар орасидаги саросима, иккиланиш, устоз алломадан юз ўгириш, хиёнатлар бизнинг замонамизда ҳам бўлди-ку, бўляпти-ку! Узоққа бормайлик, Ҳабиб Абдуллаев, Абдулла Қаҳҳорлар ҳаётининг сўнгги кунларида, вафотларидан сўнг айни шундай ҳодисаларни кўрдик-ку!» деганида, Раҳмат ака довдираб қолдилар. Шунда хушёр бир адиб бир-биридан узоқ XV аср билан XX аср воқеаларидан бундай паралеллар қидириш нотўғри ва хатарли эканини айтиб гапни бошқа ёққа бурди. Муҳокамадан сўнг ўша адиб қулоғимга шивирлаб: «Сиз танқидчилар бунақа талқинлардан тийилиб туринглар, агар шу гаплар юқорига етиб боргудек бўлса, романнинг нашри таппа-тақ тўхтайди» деди.

         Муҳокама чоғи айтилган яна бир қалтис гап жиддий эътирозга сабаб бўлди. Ҳозир аниқ эсимда йўқ, кимдир «Бош қаҳрамон асарнинг қоқ ўртасида ҳалокатга учраб, саҳнадан чиқиб кетади. Улуғбек ўлими тасвирини асар охирига олиш керак» деган фикрни ўртага ташлади. Бунда у улуғ сиймолар ҳақида ёзилган жаҳон адабиётидаги ва ўзимиздаги кўплаб асарларни, жумладан, «Мирзо Улуғбек» трагедиясини рўкач қилиб кўрсатди. Бу мулоҳазани бир-икки нотиқ қўллаб-қувватлагандай бўлди. Шунда устоз Озод ака сўз олиб бу фикрга кескин эътироз билдирди. «Адабиётдаги мавжуд анъаналар, қонуниятлар мезони бўйича эмас, ҳар бир асарга унинг ўз ички қонуниятлари асосида баҳо беришга, фикр юритишга ўрганишимиз керак»,- дея гап бошлади у. Устоз сўзида давом этиб муаллиф тутган йўлни ҳар жиҳатдан оқлади. Дарҳақиқат, улуғ шахслар ҳақидаги трагедиялар, биографик романларнинг  аксарияти бош қаҳрамоннинг ҳалокати, ўлими билан тугайди. Агар Одил Ёқубов бояги нотиқларнинг гапига кириб, анъанавий йўлдан бориб Улуғбек ҳалокатини роман охирига кўчиргудек бўлса, асар барбод бўлиши мумкин. Аввало, «Улуғбек хазинаси» асари «Навоий», «Юлдузли тунлар» сингари бош қаҳрамоннинг узоқ йиллик ҳаёт йўлини ҳикоя қилиб берувчи тарихий-биографик роман эмас; қаҳрамон ҳаётининг қисқа ва энг қалтис фожеий палласи ҳақидаги асар. Бугина эмас, асар номидан ҳам кўриниб турибди: Улуғбек ҳаёт йўли эмас, унинг умр сарҳисоби, умри давомида орттирган энг азиз хазинаси – маънавий мероси, бу мероснинг қисмати, шу қалтис дамларда уни асраб қолиш йўлида кетган жангу жадаллар, яқинлар, шогирдлар орасидаги иккиланиш, ажралиш, инсоний ожизлигу матонат, хиёнату садоқат – шулар билан боғлиқ бошдан-оёқ руҳий драмалар романидир. Асар биринчи қисмида Улуғбекнинг умр сўнгидаги қалб драмалари, алам-ўкинчлари, фарёдлари қанчалар таъсирчан ифода этилган бўлса, бош қаҳрамон ҳалокатидан сўнг садоқатли шогирд Али Қушчининг шижоатлари, падаркуш Абдуллатифнинг руҳий қийноқлари, шогирд Мавлоно Муҳиддиннинг икки ўт орасидаги тўлғонишлари ифодаси орқали бошдаги драматик шиддат асар охирига қадар заррача сусаймай давом этади. Энг муҳими, фақат Улуғбекнинг танг вазиятдаги изтироблари эмас, Абдуллатиф, Мавлоно Муҳиддиннинг қалб қийноқлари ҳам ўқувчини ларзага соладиган тарзда ифода этилади. Ана шундай драмалар қуюни гирдобида ҳамиша, ҳар қадамда марҳум улуғ алломанинг безовта руҳи кезиб юргандай туюлади. Бу безовта руҳ садоқатли шогирдларни шижоатга ундайди, хиёнаткор бандайи ожизларни эса дўзаҳ азобига солади. Шу тариқа «Улуғбек хазинаси» орқали миллий адабиётимизда воқеанавислик романларидан кескин фарқ қилувчи руҳий драматик–тарихий романчиликка асос солинди, бу тажрибани муаллиф галдаги «Кўҳна дунё» романида давом эттирди ва кўп янги хусусиятлар билан бойитди.

         Чорбоғдаги гурунг чоғи муаллиф билан бирга бу роман теварагида кетган айрим баҳс-мунозаралар, умуман роман табиати, хусусан, тарихий роман муаммолари хусусида бундан йигирма-йигирма беш йиллар бурун олиб борган суҳбатларимизни эсга олдик. Қаранг, чорак аср илгари «Роман табиати: талаб ва имкониятлари», «Ойбек даҳоси» сарлавҳаси остида матбуотда эълон этилган суҳбат-мақолаларда илгари сурилган фикр-мулоҳазалар бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотган эмас.

         Роман жанри теварагида неча юз йиллардан бери баҳс-мунозаралар давом этади, унинг, жумладан, тарихий романнинг жанр хусусиятларини аниқлашга кўп уринишлар бўлган. Бироқ ҳеч ким тарихий романнинг ҳамма учун мақбул узил-кесил таърифини беролгани йўқ. Шахсан Одил ака тарихчининг иши тугаган жойда ёзувчининг иши бошланади, деган қарашга мойил. Воқеанавислик, тарихий шахслар ҳаётини ҳикоя қилиб бериш, тарихий жараёнларни беллетристик тарзда гавдалантиришни ҳар қандай қаламкаш, жумладан беллетрист тарихчи ҳам эплайверади. Аммо тарихий шахслар руҳиятини, умуман руҳий жараёнларни ифодалаш, бадиий таҳлил этиш эса ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Ғазнавий, Ибн Сино, Беруний ҳаёти, фаолиятига оид кўплаб тарихий ҳужжатлар сақланиб қолган. «Кўҳна дунё» муаллифи, шубҳасиз, улардан фойдаланган. Бироқ ёзувчи «Улуғбек хазинаси»да бўлгани каби бу романда ҳам мавжуд тарихий ҳужжатларни, улуғ шахслар биографиясини бошдан-оёқ ҳикоя қилиш йўлидан борган эмас. Айни «Улуғбек хазинаси»даги каби бу уч улкан сиймо ҳаётининг қисқа даврлик палласини, энг кескин зиддиятли ҳодисалар силсиласини роман майдонига олиб чиқади; фақат бу уч сиймо эмас, улар билан алоқадор қатор персонажлар ҳаётидаги чигалликлар, руҳиятидаги шиддатли коллизия, изтироблар ўқувчини ҳаяжонга соладиган, ўйга толдирадиган бир тарзда ифода этилади. Мураккаб чигал қисматлар, руҳий драмалар ифодаси эса қизғин баҳс-мунозаралар руҳи билан йўғрилган. Бундай баҳс-мунозаралар фақат персонажлар орасида эмас, муаллиф билан асарда қаламга олинган тарихий давр, тарихий шахслар, бу кўҳна дунёнинг ажаб жумбоқлари, адолатсизликлари устида кетади; адибни айниқса, шоир айтмоқчи, чархи кажрафторнинг бир шеваси – айшни нодон суриб, кулфатни доно тортиши аламли ўйларга, чексиз изтиробларга солади. Шу тариқа О.Ёқубов миллий адабиётимизда тарихий романнинг ўзига хос баҳс-мунозара хилини яратди. Баҳс-мунозара руҳи, айниқса, Султон Маҳмуд Ғазнавий сиймоси талқинида ёрқинроқ намоён бўлган. Асар муаллифи Ғазнавийни кўпроқ мустабид ҳукмдор сифатида кўрсатишга жазм этади; султоннинг эзгу ишлари, қурган қасрлари, у яратган гўзалликда беназир жаннатмонанд боғлари, барпо қилган мачит ва мадрасалари, илм-фан кишиларига кўрсатган саҳоватлари, жанглардаги шижоати, мардлигу тантиликларини ҳам эҳтиром ила эътироф этган ҳолда унинг ўз ҳаётида йўл қўйган хатолари, адолатсизликлари, гуноҳлари учун умр сўнгида чеккан руҳий қийноқлари, Оллоҳ олдида тавба-тазаррулари ифодасига кенгроқ ўрин берди.

         Ёзувчи асарида шундай йўл танлаган экан, у бунга ҳақли. «Кўҳна дунё» Ғазнавий ҳақидаги илмий рисола эмас. Адабий асарда ижодкор ўз бадиий ниятидан келиб чиқиб, тарихий шахсларга турли нуқтаи назардан ёндашавериши мумкин. Биламизки, Алишер Навоий достонидаги Искандар образи тарихий шахс Александр Македонскийдан кескин фарқ қилади. Мария Стюартни Ф.Шиллер ўзича, В.Скотт бошқача, С.Цвейг яна ўзгача талқин этган. Клеопатранинг Шекспир, А.Пушкин, Б.Шоу ва Чўлпон асарларидаги, шунингдек 60-йиллари Америка киночилари яратган фильмдаги талқинлари нақадар хилма-хил. Исо Масиҳ ҳақидаги асарларда-чи!? Эҳтимол, келгусида бир истеъдодли ўзбек адиби чиқиб Султон Маҳмуд Ғазнавий ҳаётига мурожаат этиб тамомила бошқача, яъни унинг кўпроқ ижобий томонларини кўрсатишга жазм қилиб, бу ишни қойилмақом қилиб адо этса, марҳамат, бундай ижодий жасоратни қутлаш мумкин. «Кўҳна дунё»да султон кўпроқ мустабид тождор сифатида гавдалантирилган экан, бу ҳам умуман олганда тарихий ҳақиқатга зид эмас, бу мураккаб сиймо ҳаётида бунинг учун етарли асослар бор. Қолаверса, ҳар қандай бандайи мўмин, айниқса эл-юртга кўп йиллар бош бўлган оқил сиймо умри поёнида, боқий дунё бўсағасида, сўнгги сарҳисоб чоғида хато-гуноҳлари учун изтироб оловида қовирилиши, тавба-тазаррулар орқали покланишга интилиши табиий бир ҳол.

         Чорбоғдаги гурунгда адибнинг ижтимоий, журналистлик фаолияти устида ҳам гап кетди. У ҳар доимгидек бу гал ҳам «Литературная газета»га мухбирлик, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»га бош муҳаррирлик қилган йилларини мамнуният билан эслади. Абдулла Қаҳҳорнинг «Литературная газета» орқали момақалдироқдай янграган мақолаларининг майдонга келиши ва юзага чиқишида мухбир Одил Ёқубовнинг ҳам ҳиссаси борлиги адабий жамоатчиликка аён. Одил ака ўртача ҳикоя ёки достондан кўра халқнинг дардини ифодалайдиган, корига ярайдиган ўткир публицистик мақола афзалдир деган гапни кўп бор такрорларди ўша йиллари. Айни «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» бош редактори О.Ёқубовнинг даъавати, рағбати туфайли ўнлаб ёш истеъдодли шоир ва носирларимиз оташин публицист сифатида танилдилар.

         Озод Шарафиддиновнинг «Нутқ ёҳуд адиб ҳаётининг юлдузли онлари» эссеси устида сўз очилганида, адиб «Бундай       мақолани фақат Озодгина ёзиши мумкин, - деди чуқур мамнуният билан. – Озод билан мен чин дўст, маслакдош эдик. Менинг дардим унинг дарди, унинг қувончи менинг ҳам қувончим эди. Москвадаги қурултой минбарида сўзлаган 7-8 минутлик нутқимнинг асл моҳиятини Сиз тилга олган мақолада худди айни мен каби қалбдан ҳис этиб, мен каби ўртаниб-ёниб теран очиб берган. Бизнинг танқидчилигимизда бунақаси кам учрайди».

         Адиб қурултой минбаридан сўз олиш тарихи устида тўхталиб, бунда Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг бениҳоя катта хизматини алоҳида таъкидлади. «Шахсан у киши ташаббус кўрсатмаганида, куйиб-пишиб қурултой ҳайъати раисини бунга кўндирмаганида, биздек фақир бир ёзувчи учун минбарга чиқиш бир орзу-хаёл бўлиб қолаверарди, - дея сўзини давом эттирди. – Дўстим Озод Президентимиз ҳақида «Мустақиллик меъмори» деган яхши нарса ёзди. Камина ҳам «Қашқадарё гурунглари» очеркимда бу жасур, бунёдкор сиймонинг бетакрор инсоний фазилатлари, ижтимоий адолатни тиклаш йўлидаги жонбозликлари хусусида баҳоли қудрат қалам тебратганман. Бу асар ҳақида ҳам энг одил, ҳақ гапни Озод айтди».

         Ниҳоят, гап-сўзларимиз адибнинг янги асари «Осий банда» романига келиб тақалди. «Саодат», «Тафаккур» журналларида асардан эълон қилинган боблар устида қизғин гап кетди. И.Ғафуров муаллифни романга топиб қўйилган чиройли ном билан қутлади, Ўткир Ҳошимов, Мирпўлат Мирзо, А.Расулов, О.Абдуллаевлар эса янги асарда яқин кечмиш воқеалари ўзгача тарзда кенг кўламда ҳарорат билан акс эттирилганлигини таъкидладилар.

          «Жаҳон адабиёти» (2006 йил  сентябрь сони) саҳифаларида босилган роман бобларини ўқиб у ҳақда кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Табиийки, ҳали тўла ҳолда чиқмаган роман устида гап айтиш, узил-кесил ҳукм-хулоса чиқариш қийин. Бироқ ўқилган боблар мутолааси чоғида туғилган айрим кузатиш, ўй-мулоҳазаларни изҳор этиш мумкин деб ўйлайман.

         Илк таассурот шуки, ёзувчи янги романида ҳам шу пайтга қадар замондошлари ҳаётидан олиб ёзган асарлари, хусусан, романлари тажрибаларига – шаклланган ўз анъаналарига содиқ қолган. Ўзи кўрган, кузатган, бевосита шоҳид бўлган ҳодисаларни қаламга олган. Адиб бу романида ҳам ўзини қийнаган, қалбини ўртаган ҳаётий муаммолар, ўша азалий инсоний жумбоқлар – имон-эътиқод, ор-номус ва диёнат каби муқаддас фазилатлардан чекинишга олиб келган ижтимоий иллатлар устида баҳс юритади, тоталитар режим, мустабид сиёсат замонида яшаган, шахс сифатида шаклланган, катта ва кичик лавозимларда фаолият кўрсатган осий бандаларнинг табиати, қисматида ўша давр қолдирган асоратларни, руҳиятида кечган пинҳона ва ошкора зиддиятларни фавқулодда бир маҳорат, ўзига хос эҳтирос, ҳарорат билан ифодалайди.

         Романдан эълон этилган боблар воқеалари марказида донгдор машъал хўжалик раҳбари ҳазрат Саркор образи туради. Аввалги романларида бўлгани каби муаллиф қаҳрамон умри, фаолиятининг энг тиғиз, драматик палласида туриб унинг босиб ўтган ҳаёт йўлига назар ташлайди; раҳбарлик лавозимидаги илк қадамларидан тортиб бу йўлдаги парвозию, инқирозлари манзараларини бирма-бир эслаш, гавдалантириш орқали мамлакатимиз тарихидаги ўтган аср 50-йиллар ўрталаридан то 80-йиллар бошларига қадар, чорак аср давомида содир бўлган характерли тарихий жараёнларни китобхон кўзи олдида ёрқин, жонли бир тарзда гавдалантириб беради.

         Асарни ўқиган ёш китобхон учун ундаги воқеалар, Саркор саргузаштлари, Катта Ота, Кичик Ота, жаллод грузин пошшо, дудуқ пошшо, қаҳри қаттиқ кўзойнак пошшо каби республика ва собиқ иттифоқ бош раҳбарлари билан боғлиқ эртакнамо, ҳам кулгили, ҳам аянчли ҳодисалар, хусусан, Катта Отанинг Мирзачўлга ташрифи, тўнғиз ови ҳангомалари нуқул ёзувчи фантазияси, бадиий тўқима бўлиб туюлиши мумкин. Адибга тенгдош одамлар яхши билади – бу номлар остидаги тайёр трагикомик персонажлар ҳаётда бор, ўтган одамлар; эртакнамо ҳангомалар эса ҳаётнинг ўзида деярли айнан содир бўлган. Қарангки, улкан мамлакат, неча миллионлаб тирик инсонлар тақдири ўша йиллари ўшандай кимсалар-нокис раҳнамолар ихтиёрида эди. Ёвуз ният қаҳри қаттиқ кўзойнак пошшонинг Кичик Отага ғарази туфайли бутун бошли ўзбек халқининг шаъни топталган, бадном этилган. Ана Сизга мустабид тузумнинг асл қиёфаси!

         Шуни унутмаслик керак, мазкур роман ҳужжатли асар эмас, ёзувчи, бир чеккаси, адабий одоб юзасидан, қолаверса, бадиият тақозосидан келиб чиқиб, ҳаётда бор шахсларни ўз номи билан эмас, адабий тўқима номлар билан атайди, инсоний қисматлар, саргузаштлар бобида ўзини эркин тутади, шахслар, саргузаштларни ижодий фантазия – тасаввур либосига ўраган ҳолда ўқувчига тақдим этади. Шу тариқа асарда ҳаётий ҳақиқат билан ижодий тасаввур ажойиб бир тарзда уйғунлашади. Ёзувчининг «Кўҳна дунё» романида қўлланган бу усул янги замонавий романида ўзгача жило билан намоён бўлган. Истеҳзо, киноя-кесатиқлар, нозик ишора, қочиримлар билан йўғрилган теран таҳлилий тасвир ва талқинлар эса асарга ўзига хос руҳ, фазилат бахш этган.

         Такрор айтаман, бу гаплар асарнинг эълон этилган боблари мутолааси асносида туғилган илк таассурот, илк мулоҳазалардир. Одил аканинг кўплаб мухлислари қатори шахсан мен ҳам романнинг тўла нашрини орзиқиб кутиб қоламан.

         «Осий банда» шундан далолат бериб турибдики, саксон ёшга қадам қўйган ардоқли адибимиз қалбидаги жўшқин илҳом, ижодий парвоз ҳамон авжида. Бу парвоз яна кўп бадиий мўъжизаларни инъом этажак.

2006 йил

 

 

 

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz