Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

БЕДОРЛИКДА ЎТГАН УМР

(Саид Аҳмад таваллудининг 90 йиллигига)

 

         Тақдир мени ХХ асрнинг бир қатор моҳир сўз усталари билан танишиш, мулоқотда бўлиш, ҳатто, оға-ини, сафдош дўст, шогирд, улфат тутиниш бахтига муяссар этди. Илк танишувдаёқ мени ўзига ром этган адиблардан бири, шубҳасиз, Саид Аҳмаддир. Аллоҳ унга узоқ умр берди, роппа-роса саксон етти ярим йил яшади, бинобарин, ўзи айтганидай, саксон етти қиш, ёзни кўрди, бирини йиғлаб, бирини илҳом тўла ижод билан, яна бирини чилпарчин бўлган умидлар харобаси устида кўзёш тўкиб ўтказди...

         Муқаддас китобларда Аллоҳ бандасини бу фоний дунёга синаш учун юборади, деган доно ҳикмат бор. Қарангки, у туғилиб кўз очган бу қадим муқаддас юрт аср бошидаги махорабалар, инқилобий талотумлар туфайли бузғун-бенаво ҳолга тушган, синфий кураш жазаваси авжига минган, миллатнинг асл зиёли ўғлонлари таъқибу таҳдид остига олинган, юрт таянчи – давлатмандларни қулоқ сифтада тугатиш васвасаси авжига чиққан кезлар эди. Сўнг турли-туман жазавали кампаниялар, сургунлар, қатағонлар; Иккинчи жаҳон уруши; урушдан кейинги машаққатлар, яна қатағонларнинг янги тўлқини... улар комига тортилган миллионлаб тирик жонлар... Ана шунлар орасида Тошкентдек шаҳри азимда тагли-жойли, бадавлат, зиёли оилада дунёга келган Саид Аҳмад отлиқ шўҳ-шаддод оловқалб йигитча ҳам бор эди. Ота томонидан бобоси Дадахўжабой жадидлар билан маслакдош, бадавлат маърифатпарвар, онаси Зулфияхон эса қозининг қизи бўлгани учун, у дунёга келган оила бошига кетма-кет бало-қазолар ёғилди, аввал, отаси Ҳусанхўжани “халқ душмани” деб қамашди, сўнг Оқилхон, Имомхон акалари ҳибсга олинди, Мухторхон акаси эса Сталинград жангларида бедарак кетди. “Халқ душманлари” хонадонининг эркатойи Саид Аҳмадни ҳар қадамда камситишди, октябрят, пионер, комсомол сафларига яқинлаштирмадилар, ҳатто уни аскарликка ҳам нолойиқ топишди. Мактаб, олий таълим юртларида аксар ҳолларда ёлғиз ўтирган, тенгдошлари яқинига йўлашга чўчишган, ўт-олов йигитча, ўз навбатида, тенгдошлари билан дўст тутинишга, қизларга кўнгил изҳор қилишга ҳам ботинолмаган.

         Шу хил хўрликларнинг барча-барчасига унинг ўксик қалби дош беролди. Ўша мудҳиш дамларда рассомликка, сўз санъатига шайдолик унинг бирдан-бир овунчоғига айланди. Шиорлар, плакатларнинг куни туққан замон эди, алвонларга шиорлар ёзиб, чойхона-ю агитпунктларга плакатлар ясаб овунди, кун ўтказди. Айни пайтда, қўлига қалам олиб нималарнидир қоралашга чоғланди. Бора-бора журналистика ва бадиий ижод олами уни бутунлай ўзиники қилиб олди. Бу қутлуғ даргоҳга қадам қўяр экан, унинг кўнглида бир дунё айтгулик сўзлари, изҳор қилгулик оҳу зорлари бор эди. Бироқ у кезлари бу хил юрак сўзларини, оҳу зорларини айтиб бўлмас замонлар эди. Шеърларини ёд олган шоирлар, романларини қўлдан қўймай ўқиган адиблар теварагида қиёмат қўпаётган, ўзлари эса бирин-кетин ғойиб бўлаётганди. Энг даҳшатлиси, “халқ душмани” деб қатағон қилинаётган қалам аҳли хусусида матбуотда чиқаётган “айбнома”лар эндигина қўлига қалам тутган Саид Аҳмад шахсиятига ҳам дахлдор эди... Нима қилиш керак? Шундоқ ҳам оёқ ости қалқиб турган йигитча юрак дардини қоғозга тушириб, бошини дорга тутиб берсинми?!  У замона зайлига қараб иш тутди. Бирин-кетин латифанамо, қизиқарли, аммо дил оғриқларидан холи енгил-елпи, олди-қочди ҳодисалар асосига қурилган кулгили ҳикоялар битди, 1940 йили уларни жамлаб “Тортиқ” деб номланган китобча ҳолида нашр эттирди. Бироқ бу китоб муаллифнинг ўз устози Абдулла Қаҳҳорнинг кескин танқидига учради. Рад этиш мумкин бўлмаган танқдидий руҳдаги таҳлилу далиллар билан баробар устоз адиб китоб муаллифининг истеъдодига, ижодий истиқболига катта умид билдирди. Афсус, бу умид-орзунинг рўёбга чиқиши хийла кечикди. Яна ўша иллат асорати – замона зайлига “рассомлик фаолияти” – шиорлар, плакатлар руҳига мос асарлар ясашни давом эттирди. Энди у журналистика оламига шўнғиди, улкан қурилишлар, пахта далаларининг шунқорлари ҳақида хабар, очерклар, режим раво кўрадиган “юлғич”, “фирибгар”ларни фош этувчи фельетонлар битишда давом этди. Қўлига қалам олгандан буён 15-20 йил давомида қоралаган газета, журнал, радио орқали эълон этилган битиклари тўпланса, умр бўйи ёзганларининг учдан икки қисмини ташкил этадиёв. Тақдир ҳукми шафқатсиз: уларнинг деярли барчаси ўша давр вақтли матбуот саҳифаларида, радио эфири тўлқинларида қолиб кетди.

         Ўтган аср 50-йиллар бошларида Саид Аҳмад ҳаётида яна бир фожиа рўй берди. Урушдан бурун оила бошига ёғган бало, қанчалар эҳтиёткор бўлмасин, энди уни ҳам ўз комига тортди. У ҳам ота, акалари каби “халқ душмани” сифатида айбланди. Эндигина оғзи ошга етганида – шоира Саида Зуннунова билан турмуш қурганидан ярим йил ўтар-ўтмас у ҳам ҳибсга олинди; беш йиллик қамоқ, тергов, лагерь, жудолик азоблари, бу ёқда ёлғиз қолган она, ёш келинчак, унинг бошига тушган ситам-савдолар, оғир дамларда аёл – ёш келин зоти кўрсатган мислсиз ирода, сабр-тоқат, матонат – бутун бир ҳам фожеий, ҳам қаҳрамонона достонга арзигулик саргузаштлар... Бу табаррук зот тақдири азалнинг ушбу синовларидан ҳам омон чиқди.      Шунча кўргиликлардан кейин энди у аввалгидек яшаши, ёзиши мумкин эмас эди. Биринчи навбатда, ҳақгўй устози Абдулла Қаҳҳор, довюрак умр йўлдоши Саида Зуннунова, қолаверса, китобхони қаршисида ёлғон, енгил-елпи нарсалардан асар ясашни ўзи учун энди ор деб билди. Боз устига, замон ҳам ўзгара бошлади, мустабид ҳукмдор вафотидан сўнг машъум режим таҳдидлари бир оз юмшаб, эркинлик шабадалари эса бошлади. Ўша кезлардаги руҳий ҳолати хусусида ўзи алам билан айтган дил сўзлари ғоят қимматли:

         “Биз ҳаммамиз, жами ижодкорлар офтобда куйиб, кечалари чивинга таланиб, қум бўронларида юз-кўзини дока билан ўраб ишлаётган юпун одамларни юрак амри билан ватанпарварлик бурчини адо этгани келган, чинакам фидойи, онгли, илғор совет гражданлари, азамат чўлқуварлар деб таърифладик”. Адиб “Аслида шундаймикин?” деган савол қўяди ва шундай аламли мушоҳадаларни ўртага ташлайди: “Бу тўғрида бирон дақиқа бўлсин ўйлаб кўрмадик. Қайтага уларни бахтиёр, тўкин совет оиласи, деб таърифладик. Ҳатто чўл шамолларидан қорайиб сополга ўхшаб кетган юзларини гўзаллик тимсоли, деб тасвирладик. Кетмондан қадоқ бўлиб кетган қўлларини “олтин қўллар” дедик”. Энг ачинарлиси, “Ичингда шунча гап бор экан, нега миқ этмай юрибсан, деб ҳеч ким сўрамади...” Унингча, аслида “Ижоднинг онаси – изтироб. Ижод – изтироб фарзанди. Биз буни жуда яхши билардик. Билиб туриб куймай, ёнмай ёзардик...”

         Ижодкор учун бундан ортиқ кўргилик – фожиа бўлиши мумкинми? Адиб фожианинг асл сабабини ҳам дангал айтади: “Чунки  пролетар адабиётига шеър эмас, шиор керак эди. Социалистик реализм методи қўл-оёғимизни, ҳатто тилимизни ҳам боғлаб қўйганди. Бизда очлар йўқ, очлар чет элда, деса ишонганмиз. Бизда камбағал йўқ, камбағал инқилобнинг нари ёғида қолиб кетган, деса чиппа-чин ишонганмиз. Ўғриликка, талончиликка муҳтожлик сабаб эканлигини очиқ айтишга тилимиз боғлиқ эди... Биз ана шунақа забун ижодкорлар эдик”.

         Булар ёзувчи бош асари “Уфқ”қа қўл уриш арафасида кўнглидан кечган мушоҳадалар. Энди у бутунлай бошқача, яъни фақат ҳақиқатни ёзишга, одамларнинг ичидаги дардини, юрагини ўртаётган армонларини рўй-рост кўрсатишга чоғланади. Аммо шу пайтга қадар ҳақиқатни ёзиб ўққа учган, ертўлалардаги яккахоналарда офтоб кўрмай оламдан ўтганлар, Сибирь қаҳратонларида умрини поёнига етказган валломатлар қисмати бир дам бўлсин кўз олдидан кетмайди. Боз устига, дилидагиларни қоғозга тўкаётганида ўз бошига тушган кўргиликлар асорати уни тинч қўярмикин – темир кишанлар суяк-суякларигача эзиб ташлаган қўллари қалтирамасмикин? Аммо адиб аҳдида қатъий. Яратгандан мадад сўраб биринчи саҳифанинг бошига мумтоз адабиётимиз анъанасига кўра “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб ёзади-ю, беихтиёр атрофга бир аланглаб олади. Бу муқаддас жумла роман тугагунга қадар илк нусхасининг илк саҳифаси бошида машъалдек порлаб туради, фақат асар нашр учун кўчирилган нусхада замон тақозосига кўра тушириб қолдирилди. Бутун асар давомида адиб Аллоҳ олдидаги аҳдига – ҳақиқатга содиқ қолади. Уч китобдан иборат трилогиянинг “Ҳижрон  кунлари” деб номланган илк китоби иккинчи жаҳон уруши даври, аниқроғи, муаллифнинг ўзи бевосита шоҳид бўлган, яқиндан билган лавҳалари – кишиларимизнинг фронт орқасидаги ҳаётини, урушнинг уруш ортида қолганлар тақдиридаги асорати, урушдан қайтганлар қисматини ифодалайди. Ёзувчи уруш туфайли алоҳида шахслар, бутун миллат, Ватан бошига тушган оғир савдолар, жудолик дард-аламларини, фашизм ҳарбий жиноятининг мудҳиш оқибатларини рўй-рост кўрсатади. Уруш туфайли бола отадан, ота боладан, маъшуқа ошиғидан жудо бўлди, биров умрбод майиб бўлиб тўшакка михланди, биров касб-коридан, севган санъатидан жудо бўлди. Уруш тўзони ота билан болани бир-бирига рақиб этиб қўяди, муштипар она нобоп ўғил қилмиши туфайли уят, ор-номус исканжасида оламдан ўтади, бошқа бир она жангда ҳалок бўлган ёлғиз ўғли доғида телба бўлиб қолади... “Дод, деб йиғласа бўладиган ишлар ўтди бошимиздан” дейди чуқур изтироб билан асар персонажларидан бири...

         Бир вақтлар ёзувчининг илк китоби “Тортиқ” ҳақида кескин танқидий мақола билан чиққан устоз Абдулла Қаҳҳор орадан чорак аср ўтиб шогирдининг бу  романини олқишлаб қарши олади. “Уфқ”қа бағишланган мақоласини “Илҳом ва жасорат самараси” деб атайди, ўзи ҳам илҳом ва шавқ ила тўлиб-тошиб дилидагиларни тўкиб солади: “Бу – соф ҳаёт, ёзувчининг қалбини ўртаган, ардоқлаган, унга илҳом берган ҳаёт тасвири, оғир, шу билан бирга, гўзал, мунгли ва шу билан бирга фараҳбахш, мусибатга тўла ва шу билан бирга одамга қувват берадиган умид, унинг бошини “тошдан” қиладиган ишонч барқ уриб турган ҳақиқий ҳаёт манзарасидир”.

         Асарни адабий танқид ва китобхон ҳам илиқ қарши олди. Бундан илҳомланган адиб, трилогиянинг “Уфқ бўсағасида”, “Қирқ беш кун” китоблари устида илҳом билан ижодий ишларини давом эттирди. Ҳар уч китоб ХХ аср миёнасидаги миллат тарихининг ёрқин мангу кўзгуси сифатида адабиётимиз тарихидан муносиб ўрин олди.

         “Уфқ” устида иш олиб борган ўн беш йиллик давр Саид Аҳмад ҳаётининг энг тотли, шукуҳли йиллари бўлди. Умр йўлдоши Саида опа оилада адиб учун ҳамма шароитни яратиб берди, трилогиянинг “Қирқ беш кун” китоби Андижонда, Катта Фарғона канали бошланиш қисмига яқин боғ ҳовлида ёзилди. Асарнинг қўлдан чиққан ҳар бир саҳифаси, бобларини Саида опа кузатиб, ўқиб, адибга рағбат, мадад бериб борди. Гоҳо орада, оилавий доирада қизлари болакай Нодирахон иштирокида қизғин баҳслар ҳам бўлиб турди.

         “Уфқ”дан сўнг Саида опа тириклигида адиб ижодидаги яна бир чўққи – “Келинлар қўзғолони” дунёга келди. Бу асар ҳам адибга катта, балки, оламшумул шуҳрат келтирди.

         Афсус, шундан кейин орадан бир йил ўтиб чархи кажрафторнинг бандасини доғда қолдирадиган яна бир шеваси рўй берди, кутилмаганда Саида опа оламдан ўтди. Адибнинг галдаги ўттиз йиллик умри жудолик-танҳолик изтироблари ичида кечди. Адиб бу йилларни қишин-ёзин устоз Абдулла Қаҳҳордан мерос қолган Дўрмондаги боғ ҳовлисида ўтказди. Тенгдош ижодкор дўстлари, садоқатли шогирдлари уни ёлғиз қолдирмасликка ҳаракат қилдилар. Салкам ўттиз йил давомида бу даргоҳдан дўсту қадрдонларнинг, шогирдларнинг қадами узилмади; бу масканда кечган мароқли “мажолис-ун нафоис”лар, ҳазил-мутойибалар тилларда достонга айланди.

         Шахсан камина ҳам улардан баҳраманад бўлганлардан бириман. Ўша йиллари Саид Аҳмад ака юртимиз бўйлаб кетма-кет сафарларга чиқарди, фақат ўзи эмас, яқин дўст, шогирдларини ҳам ёнида бирга олиб юрарди. Сафарларда, турли давралардаги гурунгларда кўп кузатганман: суҳбат йўналиши ҳаёт жумбоқларига, қалтис масалаларга, айниқса, сиёсатга келиб тақалганда, устоз дарҳол гапни бошқа ёққа, ҳазил-мутойибага буриб юборар, “Бизнинг ўтиришимиз политбюро мажлиси эмас, бунақа масалаларни ҳал этишни давлат арбобларига қўйиб берайлик, сизу биз яйраб олди-қочдилардан гаплашайлик” дея ҳазил-мутойибалар дафтарини варақлашга тушарди. Бирдан даврада кулги-қийқириқ янграр, латифалар латифаларга уланиб кетарди...

         Кўнглим сезиб турарди, ҳаётда айни шундай давраларда бир оғиз қалтис сўзи учун боши кетганларни у кўп кўрган, кўриб юрак олдириб қўйган, ўзини ҳам, жўраларини ҳам аяш мақсадида айни шундай йўл тутарди, беозор кулги, ҳазил-мутойиба унинг учун эҳтимол тутилган бало-қазолардан асраш-асраниш учун қалқон вазифасини ўтарди. Бир гал иккимиз ёлғиз суҳбатлашиб ўтирганимизда бирдан сардафтарини – бошдан кечирган мусибатларини сўзлай кетди. Ўша пайтга қадар бунақасини сира эшитмаган эдим. Лол бўлиб қолдим. Шунча кўргиликлар, хорлик, разолатни бошдан кечириб бу хилда қувноқ, шўх-шодон ҳолда юриш, ичак узди, хушчақчақ асарлар ёзиш... Бунинг боисини сўраганимда, шундай жавоб қилганди: “Чамамда, мени айни шу наса – ҳазил-мутойибага ўчлик, юмор ҳиссининг кучлилиги сақлаб қолди. “Яратганнинг ўзи дард-офат билан бирга унинг давосини ҳам беради” дейишади-ку! Агар менда айни шу кулгига ўчлик бўлмаганида аллақачон ғам-кулфатлар қуюнида ғарқ бўлиб кетардим. Эҳтимол, шу ғам-кулфатларни унутиш учун ҳам хушчақчақ нарсалар ёзгим келгандир. Пайти келганда, айтиб ўтай, кулги орқали одам боласи ҳар қандай бало-қазолардан, ҳатто ўлимдан ҳам ғолиб келганлигига кўп бор иқрор бўлганман...”

         Устознинг мени лол қолдирган яна бир хислати – ундаги бедорлик. Сафарларда, ёз ойлари Дўрмондаги боғ ҳовлисида кўп бора шоҳид бўлганман. Тунлари уни мириқиб ухлаб ётганини деярли кўрмаганман. Ҳар гал бехос уйғониб кетганимда уни сигарет тутатиб, хаёл суриб ўтирган ҳолда кўрардим. Бир гал у “Сенлар маза қилиб уйқуни урдиларинг, шундай чиройли тунни бекор ўтказдиларинг, мен эса миямда битта чиройли ҳикояни пишириб қўйдим, қани энди шу дамда машинкам ёнимда бўлса, ярим соатда уни қоғозга туширардим” – деганди. Устоз баъзан бедорликда ўй-мушоҳадалардан толиққан чоғлари кўнглига энг яқин оладиган шогирдлари  – Йўлдошали ёки Тўланбойни уйғотиб тонггача секингина гурунглашиб ўтирарди. Баъзан эса, шумликка ўтиб Эркин, Ўткир ёки каминани уйғотиб бехос саволга тутарди. Бир гал мендан сўраб қолди: “Белинскийнинг маъшуқаси ким бўлган – исми ёдимдан кўтарилибди?” Эртаси тун ярмида Эркинни туртиб уйғотиб “Клара Цеткин қачон туғилган?” дея безовта қилганди. Камина ҳам, Эркин ҳам кутилмаган саволга жавоб излаб устозга қўшилиб тунни бедор ўтказган эдик...

         Бу хилдаги бедорлик устоз учун туғма хислатмикин? Қўрқув салтанати ваҳми, таҳлика авжига минган йилларнинг адиб шуури, руҳиятидаги асоратларимикин? Ёки ижодий ўй-мушоҳада, тасаввур учун берилган имкониятмикин?.. Барча тахминларда қандайдир даражада асос бор. Шуниси қизиқки, бошқалардан фарқли ўлароқ, устозда кун бўйи тунги бедорликнинг ҳеч қанақа салбий оқибати сезилмасди. Бутун ҳаёти давомида уни ҳазил-мутойиба, юмор туйғуси билан баробар айни шу бедорлик хислати бало-қазолардан асраб қолган, деб бемалол айтиш мумкин. Бир суҳбатда у “жуда кам ухлайман, доим тетик бўлишга ҳаракат қиламан” деганди. Умрининг аксар қисми сафарларда, одамлар, дўстлари орасида, ижодкор устоз, тенгдош, шогирдлар даврасида ўтган, ҳамиша давраларга ўзгача руҳ, шавқ бағишлаган бу аллома айни шу жўшқин давраларда асарлари учун бой хазина йиққан, тунги бедорлик чоғлари эса улар кўнглида Саидаҳмадона бадиий шакллар тусини олган, сўнг қоғозга тушган. Адиб асарларини ўқиганимда давраларда, қувноқ гурунгларда айтилган лутф, латифа, ҳазил-мутойибаларнинг акс-садосини шундоққина кўриб, ҳис этиб тураман. Жумладан, адибга катта шуҳрат келтираган, миллий комедиямизнинг “Майсаранинг иши”, “Шоҳи сўзана”дан кейинги энг юксак намунаси дея эътироф этилган “Келинлар қўзғолони” ҳам айни шу тарзда қувноқ, жўшқин давраларда туғилиб, бедорликда шакл-шамойилини топган. Асардаги ўта халқчил, пишиқ-пухта бадиий ифоданинг, сеҳрли кулгининг бош омили, замини ана шунда.

         Комедиядаги кулги ғоят сержило. Унда, бир жиҳатдан, персонажлар табиатидаги айрим қусурларни чимдиб ўтиш бор. Айни пайтда, бу кулги одамга одамнинг меҳрини товлантирадиган, одамдаги ҳамдардлик, меҳр-мурувват туйғуси билан йўғрилган ҳаётбахш кулгидир. Шу билан баробар, одамни ўйга толдирадиган шўх ва хазин кулгидир. Томошабин саҳнада Фармонбиби, унинг ўғиллари, келинлари хатти-ҳаракатини кўриб, кузатиб кўзидан ёш чиқар ҳолатда хандон отиб кулади ва театр залидан шу одамлар билан дўст тутиниб чиқади. Айни чоғда танти, мағрур “пошшо хотин”нинг пировардида мағлуб ҳолатидан қисман ўкинади. Бугина эмас, синчиклаб мушоҳада қилинса, асар фақат шу хилдаги шўх ва хазин енгил ҳазил-мутойибалардангина иборат эмаслигига амин бўласиз. Ўша ҳазил-мутойибалар замирида авваллари биз пайқамаган жиддий маъно мавжудлигини – комедиядаги қувноқ ҳазил ва кулги билан йўғрилган комик ҳодисалар ифодасида асар ёзилган, саҳнага чиққан кезлардаги жиддий бир ҳодисага – барчани тенглаштиришга, одамларни бир қолипга солишга йўналтирилган сиёсатга – “совет ҳаёт тарзи” ва унинг инқирозига ишоралар борлигини ҳам пайқаш қийин эмас.

         Истиқлол йилларида адиб ижодининг яна янги қиррлари намоён бўла бошлади. Истиқлолга эришганимизда устоз 72 ёшда эди. Кекса бўлишига қарамай, аввалги “қуш уйқусини” ҳам тарк этиб, бутунаси илҳом ва ижод оғушида яшади. Мана шу йиллари у кўпдан бери юраги дов бермай келган яқин кечмиш тарихимиздаги, ўз оилавий ва шахсий ҳаётидаги, Қодирий ибораси билан айтганда, “энг кирлик қора кунлар” фожиасини қаламга олишга чоғланди. Бирин-кетин “Сароб”, “Боса-келмас дарвозаси”, “Тақдир, тақдир”, “Офтоб ойим” каби лагерь ҳаётига оид туркум ҳикоялари майдонга келди. Аммо уларни қоғозга тушириш осонликча кечгани йўқ. 2000 йил 5 май санаси билан “Халқ сўзи” газетасида эълон этилган каминага йўлланган очиқ хатида адиб бу туркум ҳикояларнинг яратилиш чоғидаги руҳий ҳолати, изтироблари хусусида шуларни ёзади:

         “Азизим Умарали! Сиз ҳар кўришганимизда “Бошингиздан ўтган воқеаларни ёзинг!” деб қистар эдингиз. Нима деб жавоб берганим эсингиздами?

         У воқеаларни ёзмоқ учун хаёлан қамоқ лагерларига боришим, ўша азоб-уқубатларни қайтадан бошимдан кечиришим керак. Бунга энди юрагим бардош беолмас, дегандим.

         Мана, “Борса келмас дарвозаси”га нуқта қўйдим. Ўрнимдан тураётганимда бошим айланиб ўтириб қолдим. Ичкари уйда телевизор кўриб ўтирган куёв ўғлим Маҳмуджонни чақирдим. У рангимни кўриб қўрқиб кетди. Шошиб томиримни ушлади. Ичкаридан аппарат олиб чиқиб қон босимимни ўлчади. 200га 130.

         Биламан, бу инсульт остонасидаги ҳолат.

         Беш кун кечаю кундуз ухламай ушбу хотирани ёздим. Гўё беш кун қайтадан қамалиб чиқдим.

         “Сароб” деган ҳикоямни ўқигансиз. Унга ҳам нуқта қўйганимда шу аҳволга тушгандим. Ўшанда мени шу Маҳмуджон ўлимдан сақлаб қолганди. Кечаси соат учда неварам шаҳар уйимизга телефон қилиб дадасига аҳволимни айтганида, у гўё Қибрайга учиб келган эди. “Тез ёрдам”ни чақириб касалхонага оборган.

         “Сароб”да ҳам лагерь, қамоқ воқеаларини ёзгандим. Юрак кўтаролмади. Шундоқ бўлишини билатуриб ёзган эдим. Қандоқ қора кунлар бошимизга тушганини биздан кейингилар билсин, деб ёздим.

         Ўқиб кўринг, маъқул бўлса беҳад қувонардим.

         Сизга самимий салом билан С.А.

         2000 йил 5 май.”

 

         Ҳамдўстлик мамлакатлари халқлари, биринчи галда рус адабиётида лагерь ҳаёти тўғрисида жаҳонга машҳур асарлар бор. Ўзимизда ҳам айрим яхши роман ва қиссалар мавжуд. Уларда тоталитар режим ҳукмрон бўлган мамлакатни ГУЛАГ оролларига, бедаво саратон корпусига қиёс қилишлар учрайди. Саид Аҳмаднинг бу мавзудаги ҳикоялари мавжуд асарлардан баралла ажралиб туради. Аввало, улар ўзбекона миллий руҳ билан йўғрилган, лагерь даҳшатлари ҳам ҳеч кимникига ўхшамайдиган Саид Аҳмадчасига ўзбекона бир нигоҳ билан идрок ва талқин этилади. Чунончи, “Борса келмас дарвозаси”га “халқ душмани” қизининг йиғлаб айтган қўшиғидан шундай сатрлар эпиграф – бош сўз қилиб келтирилган:

 

Бу ватан қандай ватандир, ҳар гўшасида турмалар,

Қўнгани бир ер тополмай осмонда йиғлар турналар...

 

Ватаннинг ўша йиллардаги манзарасини фақат Саид Аҳмадгина шу тарзда ўта миллий, жонли, бетакрор тарзда ифодалаши мумкин.

Ҳикоя яна ўша халқ душмани қизи куйлаган қўшиқдан олинган қуйидаги мисралар билан якунланади:

 

Сиз асир бўлган қафасни тишларим бирлан бузай,

Бузмасам маҳшар куни бағримни армон тирналар.

 

Бу байт адибнинг ушбу туркум ҳикояларидаги бошқа бир ғоят муҳим жиҳатга ишорадир. Асарларда қаламга олинган бири биридан мудҳиш, маломатли, ғам-ғуссага, мусибатларга тўла лавҳалар бағридан қандайдир одамга далда берадиган умид, унинг бошини тошдан қиладиган қудрат, зулматни ёритадиган сирли-сеҳрли нур барқ уриб туради. Ёзувчининг беназир юмористик истеъдоди туфайли мусибатлар маконида ҳам кулги, ҳазил-мутойибалар учун ўрин топилади. Энг муҳими, деярли ҳар бир ҳикояда ўзлигини, қалбидаги имон-эътиқод, она-юрт, ўзгаларга ҳиммат, мурувват туйғусини йўқотмаган боши тошдан аломат матонатли инсонларга дуч келамиз. Жумладан, асарлардаги ҳикоячировий (яъни муаллиф) образининг ўзи ана шундай сиймодир.

Адибнинг ХХ аср охирида чоп этилган Йўқотганларим ва топганларимкитоби ҳам адабий-маданий ҳаётимизда муҳим ҳодиса бўлди. Ўз устозлари, тенгдошлари, издош-шогирдлари ҳақидаги эссе-бадиалардан иборат бу китоб ҳам адибнинг дилбар ҳикоялари, “Уфқ” трилогияси, қувноқ ҳажвия, комедиялари каби шавқ билан ўқилади, у аллақачон аср адабиётининг оғир ва шонли йўли, “ҳаётий лавҳалари”ни гавдалантирувчи жонли тарихи – ўқув қўлланмаси деб тан олинган.

Бундай бетакрор китобни фақат қаламга олинган жамики ҳодисаларга жонли гувоҳ Саид Аҳмадгина ёзиши мумкин эди. Бу асар адабиларимиз машъум замонларда қандай оғир шароит, вазиятларда яшаб ижод этгани, ўшандай замонларда ҳам ноёб бадиий дурдоналар яратишга эришгани тўғрисида ҳаққоний тасаввур беради. Китоб муаллифи улкан алломаларни қуруқ ҳимоя қилиш, нуқул улар шаънига ҳамду санолар ёғдириш йўлидан бормайди, уларни ҳаётда қандай бўлса, шундайича кўрсатади; шахсиятидаги, ижодидаги ожиз, зиддиятли ўринларни, уларнинг инжиқликларини ҳам рўй-рост айтади. Кези келганда, бу борада ўзини ҳам аямайди. Бу ҳол ўқувчига асло малол келмайди, аксинча, ўша улкан сиймоларга бизнинг ҳурмат-эҳтиромимизни янада оширади, уларни тўғри тушуниш, асарларидаги ожиз, зиддиятли жиҳатлар боисини англашга ундайди. Аслида адабиёт илмининг бош мақсади шу. Айни шу фазилати билан илмийликка асло даво қилмайдиган бу китоб баъзи саёз “соф” илмий тадқиқотлардан кўра илмийликка кўпроқ дахлдордир. Адибнинг “Киприкда қолган тонг” (2003), “Зилзила” (2005) китобларига кирган хотираларида ҳам шу руҳ давом эттирилди.

Шу тариқа истиқлол йилларида адиб ўзини чинакамига эркин ҳис этди, узоқ йиллар кўнглига бетиним ғулғула солиб келган “қўрқув салтанати” ваҳмларидан халос бўлиб, дилидаги оҳу зорларини тўкиб солишга эришди. Боз устига, адибнинг адабиёт, эл-юрт олдидаги хизматлари муносиб тақдирланди. Буюк хизматлари учун ордени, Ўзбекистон Қаҳрамони унвонлари билан мукофотланди.

Қисқаси, эл-юрт ардоғидаги бу суюкли адиб Аллоҳ инъом этган узоқ ва машаққатли ҳаёт йўлидан мудом бедорликда омон ўтди, жамики синовларга дош беролди. Яратган етук асарлари қаҳрамонлари каби ўзининг ибратли ҳаёти, беназир шахсияти, суҳбатлари билан ҳам халқимиз, адабиётимиз тарихи, замондошлари хотирасида ёрқин из қолдирди.

2010 йил апрель.

 

 

 

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz