Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

БЕНАЗИР БАДИИЙ ОБИДА

ЁХУД  АСРЛАР ҒАМИ СИЛСИЛАСИНИНГ ИНТИҲОСИ

 

 

         Тоғай Мурод романлари адибнинг, қолаверса, миллий адабиётимизнинг шунчаки навбатдаги намуналари эмас. ХХ аср, аниқроғи, салкам бир аср давом этган истибдод ниҳоясида майдонга келган “Отамдан қолган далалар” билан “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романлари ўша аср ибтидосида ўлкада юз берган миллий уйғониш натижасида бошланган миллатнинг бир неча авлод  асл ўғлонлари – ёрқин истеъдодлар қалбини олов бўлиб ўртаган мислсиз дард, истибдодга қарши исёну туғёнлари силсиласининг давоми, аср охиридаги интиҳоси, балки, сўнгги нидоси каби янграйди. Ҳар икки асарнинг поэтик қамрови ҳам айни истибдод даври саналари билан чегараланган.

         Ғаройиб бир силсила. Агар миллий уйғониш “жарчи”ларидан бирининг шоҳ асари – биринчи ўзбек миллий романи “Ўткан кунлар” қаҳрамони чоризм босқини чоғи, илк тўқнашувда олдинги сафда туриб, қаҳрамонларча шаҳид бўлгани ҳақидаги хабар билан якунланса, “Отамдан қолган далалар” воқеалари айни шу палладан бошланиб, истибдоднинг сўнгги кунлари талвасаси тасвири билан хотималанади. “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романи қаҳрамони эса истибдоднинг иккинчи палласи – шўролар салтанатининг тенгдоши. Маълумки, “Ўткан кунлар”нинг маъно-мундарижа доираси ғоят кенг, унда хилма-хил ижтимоий-маънавий, миллий ва умумбашарий муаммолар кўтарилган. Буларнинг ҳар бири асарда юксак ва бетакрор бадиий ифодаси  ҳамда талқинини топган. Улар ичида, менингча, энг муҳими, юртнинг, миллатнинг тақдири, мустақиллик масаласидир. “Ўткан кунлар” романига қадар ҳам, асар ёзилган пайтда ва ундан кейин ҳам ҳеч ким ХIX асрда миллат тақдири учун  ҳаёт-мамот аҳамиятига молик  тарихий ҳодисаларнинг, яқин тарихимизнинг  “энг кирлик, қора кунларини” – ўлканинг мустақилликдан маҳрум бўлиб мустамлакачилар олдида таслим бўлишга, муқаддас тупроғимизнинг, миллат шаънининг топталишига олиб келган омилларни Қодирийчалик теран, холис, ғоят таъсирчан таҳлил этган асар ярата олгани йўқ. Аслида, Қодирийга тинчлик бермаган, уни қўлга қалам олишга ундаган мислсиз дард ҳам айни шу нарса эди. “Ўткан кунлар”да романга хос тафаккурни таъмин этган бош омил ҳам аслида шу!

         Мустамлакачилик келтирган бало-офатларни, унинг сон-саноқсиз мудҳиш оқибатларини айтиб, адо этиш қийин, уларнинг энг даҳшатлиси – миллат руҳини топтаб, ўзлик туйғусини сўндириб, одамларни мутелик, қуллик балосига мубтало этиш, ғафлат бандасига айлантиришдан иборат мудҳиш офатдир. Миллий уйғониш дарғалари – Чўлпон, Қодирийлар миллат вужудига сингдирилган мана шу иллат-офатга қарши ўт очдилар. Чўлпон шўро истибдодининг ибтидосидаёқ миллат фарзандаларига қарата мана бундай аламли саволларни ўртага ташлаган эди: “Нима учун ғазабингни уйғотмайди оғу-ўқ? Нима учун борлиғингда бу даража бузғунлиқ? Нима учун ўч булути селларини ёғдирмас? Нима учун куч тангриси бор кучи-ла солдирмас?” “Нима учун ёвларингни бир замон Йўқ қилғудек темирли ўч йўқ сенда?” “Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка, Нега сенинг бўғзингни бўғиб ётар кўланка?...”

         Орадан икки йил ўтиб шоир:

 

         Тириксан, ўлмагансан,

         Сен-да одам, сен-да инсонсан;

         Кишан кийма, бўйин эгма,

         Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсан!..

 

дея ҳайқиради.

         Чўлпондан кейин бу аламли саволни ўзгача кўринишда энг кескин қилиб қўйган улуғ шижоатли зот Абдулла Қаҳҳор бўлди. Адиб салкам қирқ йиллик ижодининг сара намуналари – ўтмишдан олиб ёзган туркум ҳикоялари, “Сароб” романи, “Ўтмишдан эртаклар” қиссаси – булар бошдан-оёқ истибдод офати – мутеликка, қулликка қаши исёндан иборат эди. Адибнинг ўзи “бадиий асар” деса арзигулик деб билган илк ҳикояларидан бирини “Бошсиз одам” деб атади, сара ҳикоялари “Ўғри”, “Анор” қаҳрамонларининг номлари – Қобил бобо, Туробжон  уларнинг кимлигидан далолат бериб турибди: қобил-мўмин, туроб-тупроқдек хор-хоксор  кимсаларнинг қисмати ўқувчи дилини вайрон этади, адиб умри поёнида яратган “Ўтмишдан эртаклар”даги қатор персонажлар, айниқса, Бабар адиб ижодий кредосининг чўққиси – якуни бўлди. Ота-боболари катта умид билан қўйган Бобурдек табаррук номини ҳам унутиб, бетайин, маънисиз “Бабар”га айланган кимсанинг фожеий қисмати ифодаси мустамлака сиёсати мудҳиш оқибатига қарши ўқилган бадиий айбномадир. Энди бу хусусда Абдулла Қаҳҳордан ўтказиб бир нарса дейиш, ёзиш қийин, деган хаёлда юрардик. Қарангки, орадан ўттиз йил ўтиб истибдод поёнида Тоғай Мурод устоз “панжасига панжа уришга” журъат этди, бу мушкул жумбоқни қойилмақом қилиб ҳал этишга эришди.

         “Отамдан қолган далалар” бош қаҳрамонининг номи қаҳҳорона  тарзда  исми жисмига мос – Деҳқонқул. Муаллиф роман яратилиши  жараёни асносидаги ижодий-руҳий ҳолати устида тўхталиб: “Энди қоним ўз ғанимларим учун қайнамади. Йўқ, ўз ғанимларим ўз йўлида қолди. Энди қоним... оламшумул ғанимларим учун қайнади... Кўнглимда эл-юртим йўлида нимаики дардим бор – барини ушбу романимда тўкиб солдим” деб ёзади. Бу лўнда эътирофда романнинг асосий руҳи – пафоси аниқ-равшан ифодаланган. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, бу роман Аллоҳ инъом этган энг улуғ неъмат – ҳурлигини, мустақиллигини, эркини, озодлигини бой берган, босқинчилар бўйинтурғини бўйнига илиб, истибдод исканжасида қулга айланган халқнинг аянчли ҳоли, у чеккан заҳматлар туфайли адиб дилидаги оҳ-армон, нола-фиғон, бир асрдан ортиқ давом этган империя зулми, зуғумига қарши зўр нафрат-туғён каби янграйди.

         Роман марказида Деҳқонқул тақдири туради. Асар воқеалари ҳаёти, тақдири, қисмати, руҳий дунёси она ер, киндик қони  тўкилган муқаддас тупроқ билан мустаҳкам боғлиқ, ўзбекнинг рамзи дегулик меҳнаткаш, заҳматкаш инсон – Деҳқонқул тилидан сўзлаб берилади. Деҳқонқул ҳикоясини ўз саргузаштларидан эмас, балки, анча наридан – бобоси Жамолиддин, отаси Сурхони Ақраб тарихидан бошлайди. Чунки Бобо ва Ота тарихини эсламай, сўзламай туриб, Деҳқонқул қисмати, характери маъно-моҳиятини англаш, англатиш қийин.

         Бобо Жамолиддин – оқпошшо истилоси даврининг жонли шоҳиди. У ҳам туғма меҳнаткаш деҳқон, имон-эътиқоди бутун шахс. Меҳнат, тоат-ибодат билан баробар, юрт қайғуси ҳам унинг учун бегона эмас, ор-номус, инсонлик шаънини баланд тутади; юртининг покиза тупроғи, тиниқ оқиб турган сувлари бешарм, бераҳм келгиндилар томонидан булғанганида ўзини қўярга жой тополмайди, соддадил оломон зулмга қарши бош кўтарганда беихтиёр улар сафида туради; охири, шафқатсизлик, хўрлик, таҳқиру надоматларга тоқат қилолмай босқинчилар оёғи етмас масканларни қўмсаб, қанчалар оғир бўлмасин, туғилган юрти – гўзал Фарғонани ташлаб, бош олиб кетади...

         Ота Сурхони Ақраб – қизил империя салтанатининг таркиб топиш даври гувоҳи. У – қўли гул боғбон. Шу билан баробар, ота Ақрабда ҳам она Ватан, миллий ғурур туйғуси баланд, юртнинг мустақиллиги, озодлиги деб қизил офатга қарши жангга отланади, эл-юртига, она заминига, оиласи, зурёдларига чексиз садоқатини намоён этиб, эътиқоди, матонати билан ёвларни лол қолдириб, мардона туриб жон таслим этади...

         Мана энди гал Деҳқонқул таърифига келди. Деҳқонқул шўролар даврининг  одами. Хўш, Деҳқонқул Ота ва Бобосидан нималарни мерос қилиб олди? “Социалистик ҳаёт тарзи” шароитида у нималарга эришди-ю, нималарни бой берди? Деҳқонқуга Ота, Бобосидан фақат меҳнаткашлик хислати ўтган, холос. Ота-боболарга хос юртсеварлик, эрксеварлик, инсоний ғурур, ўзликни англаш, қадрлаш ҳисси унда бутунлай барҳам топган. Дадил айтиш мумкинки, Деҳқонқул образи – ўзбек адабиётида жиддий бадиий кашфиёт. Деҳқонқул совет даври адабиётида завқ-шавқ билан қаламга олинган социалистик меҳнат қаҳрамонларига пародия – кескин киноя тариқасида яратилган. У – тоталитар тузум, “қизил империя” сиёсати тарбиялаб етиштирган “меҳнат кишиси”, “янги инсон” тимсоли; мустабид ҳокимият мунофиқона мафкурасининг тирик қурбони.

         Деҳқонқул шўролар салтанатининг деярли тенгдоши. Ёзувчи адабиётимизда урф бўлган йўлдан бормайди, қаҳрамон тақдири орқали даврни, “социалистик жамият тарихи”ни ифодалашни ўз олдига мақсад қилиб қўймайди. Ёзувчини, биринчи галда, Деҳқонқулни қул, муте қилиб шакллантирган ҳаётий омиллар, уларнинг маънавий-фожиавий оқибатлари қизиқтиради.

         Деҳқонқулни, аввало, Ленин ишига, партияга, шўролар ҳукуматига, улуғ оғага ҳурмат, садоқат руҳида тарбиялашган; унга Ленинни “ота”, Крупскаяни “она” деб ўргатишган, ўлан-лапарларни эмас, “партия-совет қўшиқлари”ни тинглаб, айтиб тили чиққан, уйқудан турганда ҳам, уйқуга ётиш олдида ҳам, тўю маракаларда ҳам партия, доҳий, улуғ оғага таъзим, салом билан йўғрилган мадҳиялар қулоғига қуйилган; юрти дунёда энг озод, ҳур, тўқ-фаровон эканига, 80-йилларга бориб, коммунизмда яшашига чиппа-чин ишонтиришган... У бора-бора сўз билан амал орасидаги зиддиятни  сезган, кўрган; тенгдошлари қатори ўқишни қўйиб, пахта далаларидаги, заҳарли химикатлар остидаги “ҳур меҳнат” гашти нима эканини гўдаклигидаёқ татиган, шу “шонли меҳнат”га меҳр-муҳаббат руҳида вояга етган. Салгина бўлсин, бу машаққатлардан ўзини четга олганида “босмачининг, совет тузуми душманининг ўғли” деб ҳақорат қилинган; бу хилдаги дағдағалар кўнглидаги қаршилик кўрсатиш туйғусини бутунлай сўндирган...

         Шу тариқа, Деҳқонқул ўзига хос манқурт бир кимса бўлиб етишади. Бу одам фақат садоқат билан меҳнат қилишнигина билади. У деҳқончилик илмини миридан сиригача эгаллаган. Ўзи ўтқазган ҳар бир ниҳолнинг ҳоли, дарди унга аён. У ўзини ҳам, аёлини ҳам, болаларини ҳам ўйламай, аямай бетиним тер тўкади; табиат билан туташиб, табиий офатлар билан олишиб, енгиб йилма-йил мўл ҳосил етиштиради, машъал бригадирга айланади.

         Аслида бунинг нимаси ёмон? Меҳнат инсонни улуғлайди, деймиз-ку! Шунчалар фидойи меҳнаткаш инсон Деҳқонқул нега кўзимизга қаҳрамон эмас, аянчли бир кимса бўлиб кўринади, ўқувчида фахр-ифтихор эмас, ўкинч-надомат, ачиниш туйғусини қўзғотади. Ҳамма гап мана шунда. У ким учун, нима учун бетиним тер тўкаётганини, ҳоли не кечаётганини ўйлаб ҳам кўрмайди. У карахт бир ҳолга тушиб қолган. Теварак-атрофида, ҳаётда нималар бўлаётганлиги, ҳақ ва ноҳақ ишлар, адолатсизликлар, яқин кишилари, аёли, фарзандлари ҳол-аҳволи уни мутлақо қизиқтирмайди. Идеологиянинг қип-қизил мунофиқона ёлғонларига асло парво қилмайди, беъмани кўрсатмаларига қаршилик кўрсатмайди, кўрсатолмайди; мунофиқ қаламкашларнинг дала шунқорлари ҳақидаги мунофиқона очерки ҳам, москвалик киночиларнинг машъал бригада ҳаётига бағишланган бошдан-оёқ ёлғонга қурилган картинаси ҳам уни ажаблантирмайди, аксинча, картинадаги сохта ролни ижодчилар айтгандай қилиб ҳеч қийналмай ижро этиб беради. Ўзининг, ҳамқишлоқларининг ўта ночор аянчли турмушларини кўриб, билиб туриб “Мунча ширин экан бу Совет даврони, Мамнун яшар ҳар инсон – йўқдир армони” сингари тутуриқсиз қўшиқларни бепарво тинглайверади. Машъал бригадир бўла туриб, қўли қисқалигидан, мотоцикл олишга қурби етмаганидан, аёлининг оддий сўровларини бажо келтиролмаётганидан, бугина эмас, қозони гўшт кўрмаётгани, болалари тўйиб овқат емаётганлигидан изтиробга тушмайди. Марказга, кўрик-кенгашга ижарага олинган кийимларни кийиб боришдан ор қилмайди. Кенгашдаги иштироки ҳам маълум – тўрига қараб ўтиради, тўридагилар чапак чалса, у ҳам чапак чалади, тўридагилар оёққа турса, у ҳам оёққа туради...

         Тўғри, унда ҳам гоҳи ота-бобосидан қолган ғурур андак уч беради; бироқ у шаҳарга бориб, тўр шляпа билан бахмал сўзана сотиб олишу, телбаларча бахмал сўзанани шартта йиртиб, оёғига пайтава қилиб ўраш, телеэкранда кўринган Америка президентига бошидаги шляпасини олиб силташдан нарига ўтмайди. Бу қўли очиқ, меҳмондўст, танти ўзбек емай, ичмай топганини меҳмонга қўяди, меҳмони оёғи остига қўй сўйиб керилади, аммо меҳмонлар учун олиб келган икки дона хурмони деб ўғилчасини уриб, оғзи-бурнини қонга белайди.

         Хўш, бу хилдаги телбаларча тантилик, саховат, қулларча эрксиз меҳнат, шўроларга садоқат, маънавий карахтлик, қарамлик, мутелик туфайли у нималарга эришди?! Оддий орзулари ушалмаган вафодор аёли турмуш ситамлари, машаққатларидан тўйиб жонига қасд қилади, ўзига ўт қўяди, тўйиб овқат емай оёққа турган ўғлонлари (ўғлонларидан бирининг исми Қулмат!) очофат, муте, ногирон-дардман бўлиб етишмоқда; ўзи эса ҳалол, фидокорона меҳнатлари эвазига “юлғич”, “порахўр” деб айбланиб, қамоққа олинади, айтиб адо бўлмас, тилга олиб бўлмас қийноқ, хўрликларга гирифтор этилади, уни ўз тезагини ейишга мажбур этадилар, эркаклик шаънини топтайдилар... Бу шўрлик банда шу даражага бориб етганки, уни қамоққа олиб кетаётганларида ҳам даладаги ишини, пахта теримини ўйлайди; қамоқдаги азоб-уқубатлар пайтида ҳам “ленинча адолат”га умид боғлайди, шунча хўрликдан кейин ҳам даласига, меҳнат қучоғига қайтиш хаёли билан нафас олади.

         Қисқаси, Деҳқонқул қисмати, карахт ҳолати, муте табиати тасвири – “қизил империя” сиёсати, “социалистик ҳаёт тарзи” миллатни, миллий туйғу, қадриятларни топташга қаратилган, чиройли шиорларга ўралган, аслида геноциддан иборат мунофиқона коммунистик мафкура устидан чиқарилган зўр айбномадир. Мустақиллигини йўқотган халқ, ўзлигидан, қадриятларидан узоқлашган, фикрлашдан тўхтаган муте, итоаткор кимсанинг, охир-оқибат, келадиган манзили шу! Ёзувчи Деҳқонқул қисмати орқали шу фикр-ғояни ўқувчини ларзага солар бир тарзда ифода этган.

         Бу романнинг бетакрор ифода тарзи, тили, тасвир оҳанги, образлар тизими жиддий тадқиқотлар, хилма-хил ёндашув ва талқинлар учун озиқ беради. Юқоридаги мулоҳазалардан кўриниб турибдики, унда янги адабиётимизнинг салкам бир асрлик тажрибалари билан туташадиган ришталар, жўшқин мотивлар, анъанавий реализмнинг “қони-жони” саналмиш ижтимоий таҳлил устувор; айни пайтда, романнинг ифода тарзида халқ оғзаки ижоди, достончилик анъаналарига эш жиҳатлар ҳам бисёр. Шулар билан баробар, шахс қисмати талқинида, персонажлар руҳияти таҳлилида замонавий жаҳон адабиётига хос бир талай тамойиллар – абсурд ва экзистенциализм, онг оқимига хос хусусиятларни ҳам кузатиш мумкин.

 

*                 *

*

         Тоғай Мурод галдаги романи “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” асарида шўро салтанати йиллари шаклланган, шакллантирилган одамлардаги шўровий эътиқод фожиасининг бошқа бир кўринишини қаламга олади. “Отамдан қолган далалар” қаҳрамони, юқорида таъкидланганидек, ўз номи билан қул, муте, итоаткор бандаи ожиз. У билиб-билмай шу йўлга кирган. Фидокорона меҳнатда ўтган, ўтаётган умри, хатти-ҳаракатлари маънисиз – абсурддан иборат эканини англаб етишга қодир эмас. Унинг фожиаси шунда. “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романидаги Ботир фирқа эса исми жисмига мос: ҳам ботирлиги бор, ҳам оқ-қорани танийдиган шахс, фирқа одами, раҳбар ходим. Ҳамма нарсага ақли етади. Ўзи қилаётган, амалга ошираётган ишларнинг кўпи бемаъни, ножўя эканини билади, билиб туриб, вазият тақозоси, ўз даври арбоби сифатида арбоблик бурчи, қолаверса, “ўрганган кўнгил” шеваси туфайли тузум сиёсатини амалга оширишда собит турган, бу йўлда ҳеч кимни, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам аямаган. Бу тур образлар кўп миллатли шўро адабиётида Сталин вафотидан кейин пайдо бўла бошлаган, хусусан, шу йўналишдаги Ч. Айтматовнинг “Алвидо, Гулсари”, “Асрга татигулик кун” романлари катта довруғ қозонган эди. Миллий адабиётимизда О. Ёқубовнинг “Диёнат”, “Оққушлар, оппоқ қушлар”, Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор”, яна бир талай роман ва қиссаларда Айтматов қаҳрамонларига маънодош персонажлар қад ростлади. Улар силсиласида Тоғай Мурод кашф этган Ботир фирқа алоҳида ажралиб туради.

         Фарқли жиҳати шундаки, аввалги эътиқод қурбонлари саналмиш қаҳрамонлар жараён ҳали давом этаётган давр маҳсули эдилар. Тоғай Мурод қаҳрамони эса асрий силсила поёнига етган вазият одами; унинг ижодкори мустабид тузум вайроналари устида туриб, сохта эътиқод эгасининг умр йўлини, табиати ва руҳиятидаги эврилишларни таҳлил ҳамда тадқиқ этади. Ботир фирқага узоқ умр насиб этди, у ҳам “Отамдан қолган далалар” қаҳрамони каби ХХ аср тенгдоши. Аср охирига келиб, у амал қилган эътиқодлар сароб бўлиб чиқди, ўз қўли билан яратган ҳайбатли “қоя”лар бирин-кетин қулай бошлади. Айни шу паллада унинг қисматида, руҳиятида кечган жараёнларни муаллиф ўзига хос трагикомик тарзда фавқулодда бир маҳорат билан ифодалайди. Шуниси муҳимки, Ботир фирқа бир думалаб осонгина янги замон кишиси – бозор даври одамига айланиб қоладиганлар хилидан эмас. Даврнинг тезкор, шафқатсиз ўзгаришларини у ғоят қийинчилик билан қарши олади. Бунинг учун муаллиф уни ошкора қоралаш, масхаралаш, фош этиш йўлидан бормайди; қаҳрамонни бир тирик инсон сифатида тушуниб, унга ҳам осон эмаслигини, унинг ташвишларида муайян асослар ҳам борлигини, бир тизимдан иккинчи бир тизимга ўтиш чоғи жамиятдаги янгиланишларнинг ўзи кўп қийинчилик, зиддиятлар ичида кечаётганлигини дил-дилдан ҳис этиб қалам тебратади; муаллифнинг сеҳрли қалами остидан қад ростлаган бу ғаройиб осий бандаи ожиз бизга замондош тирик инсон сифатида бор феъл-атвори, дарди-дунёси билан кўз олдингизда “мана – мен” деб туради.

         Замонавий руҳшунослик таълимотларидан яхши хабардор адиб қаҳрамон руҳияти таҳлили чоғи онгли ва онгсиз – онг ости жараёнларини ғоят нозик илғайди ва уларни китобхонга назокат билан етказади. Ботир фирқа бутун вужуди билан фирқа, коммунистик эътиқод одами бўлса-да, қалби тубида чин инсоний, миллий, умумбашарий, қолаверса, исломий туйғулар ҳам пинҳона маскан тутган. Пайти келганда улар юзага қалқиб чиқади, ўша машъум замонларда уни имконият доирасида амал қилган эътиқодига зид савоб ишларни ҳам адо этишга ундайди. Қалб тубидаги шу ноёб туйғу бу ғаройиб табиат кимсани бугунги мушкул, чигал руҳий қийноқлар гирдобидан чиқишида бирдан-бир нажот “калит”и вазифасини ўтайди.

         Шу тариқа, шоир ибораси билан айтганда, асрлар ғамини сўйлаган бир-бирига туташ бу икки роман яхлит ҳолда миллат ва миллий адабиётимиз тарихидаги туб бурилиш палласи – истибдод интиҳоси ва истиқлолнинг бошланиши даврида сўз сеҳри орқали қад ростлаган беназир бадиий обидадир.

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz