Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

 

АДОЛАТНИНГ МАШАҚҚАТЛИ ЙЎЛЛАРИ

 

 

Чўлпон туғилган куннинг юз йиллиги республикамизда муносиб нишонланди. Бу қутлуғ санага яхши тайёргарлик кўрилди. Биламизки, Чўлпон бор-йўғи 41 йил умр кўрди, шоир умрининг ярмидан кўпроғи қизғин ижтимоий-ижодий фаолиятда ўтди; гарчи унинг шеърияти, насрий асарлари, “Кеча ва кундуз” романи, драмалари адабиётимизда, маданий ҳаётимизда, миллий адабий тафаккур ривожида чуқур из қолдирган бўлса-да, ижодкор меҳнати, тоталитар тузум шароитида, тириклигида қадрланмади, аксинча, буюк адиб таъқибу таҳдидлар остида яшади, охири қатағон этилди; қатл этилгандан кейин ҳам узоқ йиллар номи “қора рўйхат”дан тушмай келди. 80-йиллар охирлари, асосан, истиқлол даврига келиб, унинг қулуғ номи, шаъни тиклана бошланди, ижодий мероси халққа қайтарилди, мукаммал асарлар тўпламлари чоп этишга киришилди, ҳаёти, ижоди ҳақида жиддий тадқиқотлар майдонга келди, асарлари театр саҳналари, телевидение экранларига чиқди, мактаб ва олий ўқув юртлари адабиёт дастури, дарсликларидан муқим ўрин олди. 1991 йили Қодирий, Фитрат қатори Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди; бугунги кунда унинг номида институт, нашриёт, кўплаб маданий муассасалар, махсус мукофот бор. Буларнинг барчаси истиқлол йилларида рўй берди. Хўш, авваллари-чи?!

20–30-йиллари Чўлпон бошига тушган қора кунлар, унинг ижоди теварагида кетган машмашалар, ниҳоят, 37-йилда ҳибсга олингани, 38-йилда қатл этилгани, сўнг кўп йиллар давомида асарлари таъқиб остида бўлгани тўғрисида архив ҳужжатлари, замондошлари хотиралари, тадқиқотчилар асарлари орқали анча-мунча нарсаларни биламиз. Мен бу ерда 50-йиллар ўрталаридан ўзим университетда ўқиган, аспирантурада таълим олган, ниҳоят, 80-йиллар бошларида республика адабиёт илмининг мўътабар марказларидан бири деб тан олинган ўзбек адабиёти кафедрасида ишлаган кезлари ўзим бевосита шоҳид бўлган айрим воқеаларни эслатиб ўтмоқчиман.

Бир неча йиллардан бери Америкада яшаб, у ерда олий ўқув юртлари талабаларига сабоқ берган, жиддий тадқиқот ишлари олиб борган ҳамкасбимиз Хайрулла Исматуллаев “Би-би-си” радиосида 1997 йил 23 октябрь куни Чўлпон ижодининг хорижда ўрганилишига оид мазмундор суҳбатида мунозарали бир фикрни ўртага ташлади. Унинг даъвосига кўра, 60-80- йиллар давомида хориждаги тадқиқотчилар Чўлпон меросини холисона ўрганиш, тарғиб қилиш соҳасида катта жонбозлик қилганлари ҳолда, адибнинг ўз юртидаги адабиётшунослар бу борада “лом-мим” демай қўл қовуштириб турган эмиш. Бу даъвога қўшилиб бўлмайди.

Хайрулланинг ўзи ҳам 60–70-йилларда универитетда ишлаган, яхши билади: ўзбек адабиёти кафедрасида, С. Долимов, А. Алиев, Н.Худойберганов, Б. Акрамов, Т. Солиҳов, А. Расулов, биринчи галда, О.Шарафиддинов каби кафедра аъзолари кўнглида Қодирий, Фитрат, айниқса, Чўлпонга нисбатан хайрхоҳлик руҳи ниҳоятда кучли эди. Бу руҳ талабаларга ҳам кўчиб ўтган эди. Ҳар қанча эҳтиёт чоралари кўрилмасин, университет аудиторияларида Чўлпон сатрлари янграб турарди. Талабалар қўлида “Кеча ва кундуз”, “Тонг сирлари”нинг кўчирилиб муқоваланган қўлёзма нусхалари айланиб юрганини билардик, билиб, ўзимизни билмасликка олардик. Ўша кезлари университетда таълим олган, шу ерда етишган деярли барча  шоирлар ижодида Чўлпон шеърияти руҳи мавжудлигини пайқаш қийин эмас.

Хориждаги чўлпоншунослардан фарқли ўлароқ, ўз юртидаги, жумладан, университетдаги олимлар бу борада қандай оғир шароитда иш олиб борганликларини унутмаслик даркор.

Устоз Озод ака 60-йиллардаёқ Чўлпон ижодининг энг жонкуяр, ботир, жасур тадқиқотчиси, тарғиботчиси сифатида танилган эди. У ХХ съезддан кейин Ёзувчилар уюшмасида Чўлпон ижодий мероси бўйича тузилган комиссия аъзоси сифтада мустақил фаолият олиб борган эди; олим тез орада Чўлпоннинг ўз вақтида чоп этилган, фидойи китохонлар қўлида сақлаб қолган деярли барча асарларини тўплашга эришди. Унинг ташаббуси билан 1967 йил босилган ва чиқар-чиқмас ман қилинган “Тирик сатрлар” тўпламига Чўлпоннинг йигирмадан ортиқ шеърлари киритилди. Худди ўша йили “Адабиётимизнинг ярим асри” тўпламида эълон этилган “Йиллар ва йўллар” мақоласида олим Чўлпон ижодига, шеъриятига ижобий баҳо беришга ҳаракат қилди. Мазкур мақола учун Озод ака “Чўлпонинг тарғиботчиси”, бинобарин, миллатчиликка майли бор одам сифатида “қора рўйхат”га тиркалди.

Бу орада Ёзувчилар уюшмасида марказкомнинг идеология бўйича котиби иштирокида ўтган катта бир анжуманда “Фан” нашриёти чиқарган адабиёт тарихида Чўлпон шеърияти асоссиз, ғайриилмий йўсинда танқид остига олинганлигини “Баҳорни соғиндим” шеъри таҳлили мисолида домла ғоят ишонарли кўрсатиб берди. Залда ўтирганларнинг кўпчилиги, билиб турибман, Озод ака томонида. Бироқ марказком котиби охирги сўзида Озод акага эътироз билдирди, уни чимдиб ўтди, “Чўлпон бизнинг шоир эмас, у ҳеч қачон бизники бўлолмаслиги”ни уқтирди.

70-йиллари университетда олий ўқув юртлари муаллимларининг малакасини ошириш курслари, жумладан, ўзбек адабиёти кафедраси ташкил этилган, ўша кезлари бу кафедра жўшқин фаолият олиб борар, Озод ака каби етук ҳақиқатгўй домлаларнинг маърузалари ғоят мароқли ўтар эди. Озод ака ўзига хос жасорат билан ўзбек адабиёти тарихи, жумладан, Қодирий, Чўлпон, Фитрат ижоди ҳақида бор ҳақиқатни айтишга интилар, хусусан, Чўлпон ижоди устида ёниб сўзлар, шоир шеърларини бемалол тингловчиларга ўқиб бераверар эди. Эҳтиёт юзасидан домла тинловчиларга таништириш учун кўпроқ Чўлпонинг сиёсатдан йироқроқ туюлган пардали ёки советларга хайрхоҳлик руҳидаги шеърларини танларди. Шунга қарамай, тингловчилардан бири, ортодоксал коммунист, фан номзоди, ташқаридан келган эмас, балки Озод ака билан бирга ишлайдиган муаллима домланинг “универсиетдек муқаддас даргоҳ”да миллатчи, аксилинқилобчи Чўлпон шеърларининг ўқишига тоқат қилолмай” зудлик билан университет парткомитга арз билан киради. Раҳбарият дарҳол факультет декани, кафедра мудирини чақириб, Озод ака иштирокида бу “қалтис масала” муҳокама қилинади. Озод ака муҳокама чоғи аудиторияда ўқиган Чўлпон шеърлари билан муҳокама қатнашчиларини таништириб, уларнинг нимаси “зарарли” эканлигини сўрайди. Табиийки, тайинли жавоб бўлмайди. Озод ака бу ишни бундан кейин ҳам давом эттираверишини айтади. Муҳокама Озода акага бунақа масалада “бир оз эҳтиёт бўлиш зарурлиги”ни эслатиш билан якунланади. Ҳар ҳолда ўша йиллари университет тепасида юксак маърифтли, бағри кенг одамлар турганлигини эсдан чиқармайлик.

Яна бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. “Вопросы литературы” журналигининг 1986 йил 12-сонида  Н. Худойбергановнинг танқидчиликдаги провинционализм ҳақидаги жиддий мақоласи чиқиб қолди. Мақолада, жумладан, Чўлпон ижодий мероси эътибордан четда қолаётгани, асарлари босилмаётгани айтилган эди. Орадан сал фурсат ўтмай маказкомдан университет парткомига қўнғироқ қилиниб, тезликда бу мақолани муҳокама қилиш, унинг муаллифига париявий чора кўриш топширилди. Бу масалада парткомга Озод ака билан мени чақиришди. Озод ака котибга ётиғи билан мақола моҳиятини тушунтирди, Норбой партия аъзоси эмаслигини эслатди; бунинг устига, мақола Москва нашрида чиққанлиги, ундаги гаплар ҳозир жиддий шов-шувлар учун асос бўлолмаслигини, агар шундай қилинса, университет шаънига доғ тушиши мумкинлини айтди. Котиб иккиланиб қолди, марказком билан телефон орқали боғланиб, бўлган гапларни юқорига етказди. Марказком ходимлари ўз сўзларида туриб олдилар, мақолани эътиборсиз қолдириб бўлмаслигини, албатта, муҳокама қилиб, муаллифга чора кўриш ва  бу ҳақда марказкомга ёзма ахборот бериш топширилди. Менинг қўлимда марказком учун 1986 йил 13 мартда тайёрланган айни шу хусусдаги  батафсил тушунтириш хати сақланади. Озод ака маслаҳати билан Норбой иккаламиз тайёрлаган бу тушунтириш хати ўзи бутун бир бошли тадқиқот экани, Чўлпон ўша шароитда айланма йўллар билан ҳимоя қилинганлигини эслаб, ҳайрон қоламан. Бугун тушунтириш хатидаги даъво-фикрлар жуда жўн, арзимас гаплар бўлиб туюлиши мумкин. Унда шўро нашрларида шоир тўғрисида айтилган барча илиқ гаплар келтирилган эди. Қаранг, ўша кезлари Чўлпон ҳақида шу гапларни юқорига етказиш ҳам нақадар машаққат, борингки, жасорат бўлган!

1983 йили Аҳмад Алиевнинг “Адабий мерос ва замонавийлик” деган китоби менинг мухтасар сўз бошим билан босилиб чиқди. Китобдаги 20-йиллар адабиётига, жумладан, Фитрат, Чўлпон ижодига оид айрим мулоҳазалар, илиқ гаплар катта шов-шувларга сабаб бўлди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да китоб хусусида катта бир танқидий мақола чиқди. Ўзбек адабиёти кафедрасидаги “носоғлом муҳит”ни, “мафкуравий-сиёсий оғиш”ларни тафтиш этиш учун махсус комиссия иш бошлади... Яна мен ҳайрон қоламан, катта дағдағалар билан бошланган комиссия фаолияти негадир натижасиз якунланди, факультетда, кафедрада ҳеч кимнинг бурни қонамади. Бу сирли хайрли ишларда қандайдир соғлом кучларнинг, биринчи галда, унверситет раҳбариятининг қўли борлиги аниқ.

Ниҳоят, яна бир кичик ва ўз даври учун жиддий воқеа. 1985 йил февралда университетда анъанавий навоийхонлик анжумани ўтказилди. Анжуманда талабалар ҳам маърузалар билан қатнашди. Жумладан, истеъдодли талабалардан Раҳмон Қўчқоров Навоий ва замонавий адабиёт мавзусида чиқиш қилди. У “Фарҳод ва Ширин” достонидаги бир поэтик лавҳа билан Чўлпон шеъриятидаги муштараклик хусусида сўз очиб, “Гўзал” шеърини ёддан ғоят таъсирчан ўқиди. Раҳмоннинг бу иши залдагиларни лол қолдирди, президиумда ўтирганлар орасида саросима бошланди; маърузачини тўхтатишнинг иложи йўқ, тўхтатмаслик эса кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин... Шунда президиумда ўтирган таниқли бир шоир бу “қалтис воқеа”дан ўзини четга олиш мақсадида секингина ўрнидан туриб, ғойиб бўлди. Бу воқеа ўша куниёқ бутун шаҳарга овоза бўлиб кетди: нима дейсан, университетда катта анжуманда Чўлпон шеъри декломация қилинибди.

Эртаси эрталабданоқ текшир-текшир бошланди. Мендан дарҳол “Гўзал” шеърининг матнини топиб бериш, тушунтириш хати ёзиш сўралди. Масъул шахс шеър ва тушунтириш хати билан танишгач, “Гўзал” шеърида сиёсат йўқлиги тўғри, лекин пессимиз аломати бор экан, уни катта минбарларда талабалар олдида ўқиш ножоиз деган фикрни айтди. Шундай қилиб, бу гал ҳам, одатдагидек, можаро хийла силлиқ ҳал бўлди.

1986 йил 7 февраль куни марказкомнинг мафкура бўйича котиби хонасида бўлиб ўтган республикамизнинг таниқли олимлари, адиблари иштирокидаги кенгашда мен ҳам қатнашган эдим. Чўлпон, Фитрат ижоди, меросига муносабат масаласида кетган қизғин баҳслар чоғида Озод аканинг мардона туриб бу алломаларни, айниқса, Чўлпонни ҳимоя қилганлиги ёдимда. Муҳокама қанчалар жиддий, кескин тусда ўтган бўлмасин, ўша йиғилишдан кейин бу алломаларга муносабатда юмшаш рўй бера бошлади. Орадан кўп ўтмай Чўлпон асарлари халққа қайтарила бошланди; “Кеча ва кундуз” романи Озод ака сўз бошиси билан “Шарқ юлдузи” журналида эълон этилди, олимнинг таҳрири билан “Яна олдим созимни” номи остида Чўлпоннинг танланган асарлари чиқди. 1992 йили университет раҳбарияти ташаббуси билан Ҳозирги ўзбек адабиёти кафедраси ҳузурида 20–30-йиллар адабиётини тадқиқ этувчи махсус илмий марказ ташкил этилди; марказ қисқа фурсат ичида Қодирий, Чўлпон, Фитрат меросини халққа қайтариш, ижодини тадқиқ этиш соҳасида самарали ишларни амалга оширди; жумладан, Чўлпоннинг уч жилдлик асарлари , “Адабиёт надир” номи остида шоирнинг адабий-танқидий мақолалари ва у ҳақидаги хотиралардан иборат китоб чоп этилди, “Чўлпон дунёси” деган тадқиқотлар тўплами нашрга тайёрланди; “Чўлпон”, “Чўлпонни англаш”, “Руҳий дунё таҳлили” каби рисолалар нашр этилди; бир қатор истеъдодли чўлпоншунослар етишди, Замира Эшонова, Дилмурод Қуронов, Улуғбек Султонов, Нормамат Йўлдошевлар Чўлпон ижоди бўйича номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилдилар; Д. Қуронов “Чўлпон насри поэтикаси” мавзусидаги докторлик диссертациясини интиҳосига етказди. Чўлпон таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон Фанлар академияси мажлислар залида ўтказилган илмий анжуманда устоз Чўлпон ҳақида роппа-роса қирқ йил кўнглида асраб юрган оташин сўзларини тўкиб солди.

Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор... Истиқлол шарофати билан Чўлпоннинг 100 йиллик тўйи нишонланган қутлуғ кунларда ХХ аср янги ўзбек адабиётининг буюк намояндаси Чўлпон ҳақидаги адолатнинг не-не машаққатлар билан юзага чиқишида университетдаги адабиётшунос-олимларнинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигидан қувонаман.

 

1997 йил ноябрь.

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz