Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

АДАБИЙ ЖАРАЁНДАГИ ҒАРОЙИБ РОБИТАЛАР

 

          Адабий ҳодисаларни, жараённи қайси мезон, принциплар асосида ўрганиш, баҳолаш масаласи ҳозирги кунда энг ўткир муаммолардан бири бўлиб турибди. Бу борада қизиқ, зиддиятли ҳолатларга дуч келаётирмиз, бир гуруҳ ҳамкасбларимиз, кўпроқ ёшлар адабиётга мафкуравий қурол, восита, ҳаёт кўзгуси эмас, балки «соф санъат» ҳодисаси деб қарашни астойдил ёқлаб чиқаётирлар. Иккинчи гуруҳ адабиётшунослар эса социологик-мафкуравий жиҳатдан ёндашишнинг «янгича», «замонавий» усулини тақдим этаётирлар ва шу усулга таяниб маданий меросимизни қайта баҳолаш, элакдан ўтказишга уринаётирлар. Айниқса, совет даври адиблари ижодига муносабатда бу баҳсли тус олаётир. Бир вақтлар большевистик мафкура руҳи билан суғорилган асарлар ҳар жиҳатдан ҳимоя остига олиниб, бу мафкурага ёт асарлар танқидга, таъқибга учраган бўлса, эндиликда, аксинча, большевистик мафкура тугул унинг аломатлари мавжуд жамики асарлар рад этилиб, бу йўлга зид турувчи асарлар шаънига ҳамду санолар ёғдирилмоқда. Шу тариқа бадиий асарнинг санъат ҳодисаси экани яна иккинчи ўринга ўтиб қолмоқда.

Бу хил мунозаралар айрим ҳамсабларимизнинг меъдасига тегди шекилли, улар бундан қутилишнинг чораси сифатида «соф санъат» назарияси йўлини тутаётирлар. «Соф санъат» назарияси ҳам аслида янгилик эмас, бундай йўл жаҳон адабиётшунослигида қадимдан бор, 20-йиллари совет адабиётшунослигида хийла кенг ёйилган «формалистик мактаб» адабиётни соф санъат сифатида текшириш соҳасида кўп хайрли ишлар қилган эди. Гарчи 30 — 40-йилларда бу мактаб таъқибга учраган бўлса-да, унинг анъаналари хилма-хил кўринишда гоҳ пинҳона, гоҳ ошкора давом этди, 60 — 7О-йилларда эса хийла жонланди. Бугунги кунда бизда ҳам бу мактабнинг эркин, қонуний тарзда ривожи учун имкон яратилди. Бироқ бундан буён адабиётшунослик фақат шу йўлдангина бориши зарур деб чиқиш ўринли эмас. «Формал мактаб»нинг кўпгина мақбул жиҳатларини асло инкор этмаган ҳолда, у билан баробар бошқа адабий-илмий йўналишлар, жумладан,, бадиий асар, ҳодисаларни ижтимоий-мафкуравий томондан текшириш, аниқроғи, ғоявий-бадиий жиҳатларни яхлитликда олиб қараш усули ҳам амал қилавериши мумкин ва лозим.

Табиийки, бу йўл бир вақтлар юз берган «вульгар социологизм» каби иллатлардан бутунлай халос этиш, тубдан янгиланиш, такомиллаштиришга муҳтож. Кейинги пайтларда «вулгар социологизм» иллатининг, боя эслатилганидек, янгича кўринишда намоён бўлаётганлиги жиддий ташвиш туғдирмоқда, социологик ёндашишни яна бир бор ёмон отлиқ бўлишига олиб келмоқда. Аслида холис, соғлом, юксак маърифатли, адабиётнинг сўз санъати эканини асло назардан соқит этмайдиган теран илмий социологик тадқиқот усулига бугунги адабиётшуносликда талаб ва эҳтиёж ниҳоятда катта. Айниқса, XX аср ўзбек адабиётини бу усулни четлаб ўтиб текшириш, одилона баҳолаш асло мумкин эмас. Бизга маъқул келиш ёки келмаслигидан қатьи назар XX аср ўзбек адабиёти биринчи галда мафкуралашган, ижтимоийлашган адабиёт. Ўзбек ёзма адабиёти ўзининг кўп асрлик тарихи давомида ҳеч қачон XX асрдагидек ижтимоий ҳаёт масалаларига бу қадар яқин келган, фаол аралашган эмас. Кўпинча ижтимоийлашган мафкуравий адабиёт тушунчаси совет адабиёти, социалистик реализм намуналарига нисбат берилади; ҳолбуки кўп асрлик анъанага эга диний-тасаввуфий адабиёт, жамият иллатларига кескин танқидий муносабат йўлини тутган Машраб, Турди, Махмур, Гулханий, Муқимий, Аваз каби- оловқалб шоирлар ижоди, асримиз бошларида етакчи мавқе эгаллаган жадид адабиёти мафкуралашган адабиётнинг ўзгинаси эди. Совет давридаги ҳукмрон мафкурага ошкора хизмат этувчи адабий йўналиш билан баробар, бу йўналишга, яъни «давлат адабиёти»га мухолиф сифатида юзага келган «социал адолат учун кураш олиб борадиган жанговор жабҳа» ҳам танқидчи Аҳмад Отабой «Сўз ва маданият» мақоласида («ЎзАС», 1995 йил, 1 сентябр) таъкидлаганидай, мафкуравий адабиётнинг бир кўринишидир.

Модомики шундоқ экан, XX аср адабиётини «формал мактаб», «соф санъат» мезони билан текшириб, одилона баҳолаб бўладими? Миллий маданиятимиз, адабиётимиз тарихида улкан бурилиш, янгиланиш палласини бошлаб берган жадид қаламкашларининг илк тажрибалари «соф санъат» талабларига дош бера оладими?! Ёки Чўлпон шеъриятининг, Қодирий романларининг, Фитрат драматургиясининг ижтимоий-сиёсий, фалсафий томонларини четлаб ўтиб, фақат уларнинг санъатигагина қараб бу улуғ алломалар яратган буюк бадиий кашфиётлар қадр-қимматини аниқлаш мумкинми?! Асло!

XX аср ўзбек адабиётига хос бу хилдаги мафкуралашиш жараёнини, Аҳмад Отабой сўзлари билан айтганда, адабиётнинг «ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий мунозаралар доирасига» тортилишини нуқулгина салбий ҳодиса деб баҳолаш, аср адабиётидаги мавжуд мафкуравий жиҳатдан бир-бирига зид икки йуналишни икки бошли дев ҳақидаги эртакка, афсона-мифга қиёслаш тўғри бўлармикан?! Танқидчи қатъий қилиб: «мустақиллик адабиётни хизматкорлик мажбуриятидан халос қилди ва энди адабиёт инсон ҳақида инсоний тил билан гапира бошлайди, фикрлай бошлайди», деб ёзади. Совет даври адабиётини, айниқса, ундаги «социал адолат учун кураш» пафоси билан йўғрилган йўналишни «инсоний тил билан гапириш ва фикрлаш»дан бутунлай холи дейиш инсофдан эмас. Адабиётдаги мафкурани нуқул ташқи ижтимоий-маънавий босим, тазйиқ самараси ва унга акс-садо деб қарамаслик даркор. Улкан санъаткорларда мафкура кўпинча чуқур ички эҳтиёж, табиий зарурат тариқасида, оригинал ижодий тарзда намоён бўлади: ана шунда ёзувчининг асарда илгари сурган ғоялари самимий чиқади, инсон ҳақида «инсоний тил билан гапириш ва фикрлаш»га эришилади. Танқидчининг айни шу мафкуралашиш туфайли совет даврида адабиётимиз овози «икки дарё орасида қолиб кетди» деган қатъий даъвоси киши кўнглига оғир ботади.

XX аср адабиётига баҳо бераётганда миллий адабиётимизнинг аввалги асрлардаги, Навоий ва Бобур давридан кейинги, яъни «мафкуралаштириш», «мафкуравий тазйиқ» бўлмаган XVI — XIX асрлардаги аҳволи, савия-даражаси, жаҳондаги мавқеини ҳам унутмайлик. Барча зиддиятли томонларига, рўй берган йўқотиш, хатолар, фожиаларга қарамай XX асрда ўзбек адабиёти ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилди, мавжуд анъаналар доирасидан чиқиб жаҳон тараққийпарвар замонавий-модерн адабиёт йўлига тушиб олди. Собиқ Иттифоқдаги ва хориждаги ўттиздан ортиқ туркий халқлар адабиётларининг янги босқичдаги бўй-басти билан ўлчаланадиган бўлса, миллий адабиётимизнинг камситиладиган ери йуқ. Ҳамза, Чўлпон, Фитрат, Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, О. Ёқубов, П. Қодиров, А. Орипов, Э. Воҳидов, Рауф Парфи, X. Тўхтабоев, Т. Пўлатов, Ў .Ҳошимов, Ш. Холмирзаев, Тоғай Мурод каби адибларимизнинг етук асарларидаги кўп жиҳатлар жаҳон тараққийпарвар адабиётидаги талай етакчи тамойилларга ҳамоҳанг эканлиги ўзимизда ҳам, хорижда ҳам бот-бот эътироф этилди, этилмоқда. Навоий, Бобурдан кейин овози «икки дарё ораси»ни ёриб чиққан адиблар айни шу асрда етишгани ҳеч кимга сир эмас.

Аҳмад Отабойнинг танқидий мулоҳазаларида муайян асос бор, албатта. Аҳмад Отабой жаҳон адабиётида XX асрда пайдо бўлган кўпгина янги оқимлардан, чунончи, модернизм, постмодернизм, абсурд адабиёти мўъжизаларидан яхши хабардор. Танқидчи миллий адабиётимизнинг камоли, даражасини ўша мўъжизалар билан қиёс қилганда кўнгли тўлмайди, тўлмаслиги табиий.

Янги ўзбек адабиёти асосан XIX аср Европа, шунингдек,, замонавий ҳинд, араб, турк адабиёти тажрибалари таъсирида шакллангани, масалан, Р. Тагор Чўлпон, Ж. Зайдон Қодирий учун намуна, устоз мавқеини ўтаганлигини ҳам эсда тутайлик. Бироқ 20 - 30-йилларда ижодий изланишлар ғоят тезкор суръатлар билан борган; адибларимиз, Қодирий сўзлари билан айтганда, халқимиз рағбатини мумкин қадар янгиликка тортишга, замонавий жаҳон адабиётидаги «сўнгги приёмлар»ни олиб киришга интилганлар. Қодирийнинг қатор адабий-танқидий мақолалари, айниқса, импрессионистлар хусусидаги мулоҳазалари, Чўлпоннинг Мейерхолд театри ҳақидага кузатишлари бу икки забардаст сиймо аср адабиёти, саънатидаги янги жараёнлардан чуқур хабардор эканликларидан дарак беради. Бунинг самараси ўша кезлардаёқ кўринган, бизда ҳам модернистик тамойиллар уч бера бошлаган эди. Айниқса, Чўлпон прозаси, Ойбек лирикаси бу жиҳатдан ибратли. Афсуски, бундай тамойиллар барқарор ижодий оқим даражасига бориб етмади. Совет давридаги ижтимоий-сиёсий муҳит, адабий сиёсат бунга йўл бермади.

Кези келганда айтиб ўтай: адабий жараёндаги мафкуравий-ғоявий жиҳатдан фарқ қилувчи йўналишлар хусусидаги баҳс-мунозаралар қисман миллий маданиятни синфий жиҳатдан кескин иккига ажратиб текшириш, баҳолашдан иборат ва яқин ўтмишда кўп чалкашликларга, оғир мусибатларга олиб келган машъум таълимотни қайта тирилтиришга уринишдай таассурот қолдиради. Адабиётга, адабиёт тарихига тор синфий-партиявий ёндашишдан иборат бундай йўл ўзини оқламади, ғайри илмий усул сифатида рад этилди. Шунга кўра ҳаммамиз ҳозир ундан юз ўгириб, осонгина бир вақтлар қораланган «ягона оқим» томонига ўтиб олдик. Аммо бу йўл билан жумбоқни ечиш мумкин эмас. Адабий жараёнда ғоявий-мафкуравий асоси жиҳатидан бир-биридан кескин фарқ қилувчи асарлар, ижодий принципига кўра бир-бирига зид турувчи ижодкорлар ҳам борки, буни инкор этиш бор нарсани кўриб туриб ўзни кўрмасликка олишдай бир гап. Ахир Амирий ёки Фазлий билан Махмур ёки Гулханий, Феруз билан Аваз, Беҳбудий билан Васлий амал қилган ғоявий-бадиий ақидалар бир хил эмаслиги, совет даври адибларидан Г.Марков билан А.Солженицинни «ягона оқим» мезони билан баҳолаб бўлмаслиги ўз-ўзидан аён... Бундай мураккаб ҳодисаларни илмий ҳал этишнинг йўл-йўриқлари пухта ишлаб чиқилгани йўқ. Бизнингча, қайси йўналиш, ижодий мактабга мансублигидан қатъи назар ижодкор бисотидаги чин бадиий қадриятларга дахлдор жиҳатлар – ҳаёт, инсон ва унинг қалби ҳақидаги ҳақиқатни кашф этиш маҳорати, гуманистик оҳанглар, теран маънодорлик, санъаткорона мўъжизавийлик каби омиллар асарларни баҳолашда асосий мезон вазифасини ўташи мумкин. Бундай усул тор синфий ёндашиш принципидан фарқли ўлароқ тафовутларни инкор этмаган ҳолда ижодкор яратган қадриятларнинг асл моҳиятини очиқ, холис, одилона баҳолаш имконини беради.

XX аср ўзбек адабиёти тарихи устида гап борганда яна бир ўткир масала — социалистик реализм жумбоғини четлаб ўтиб бўлмайди. Ҳозир соцреализмдан гап очилгудек бўлса, уни совет даврида ўйлаб чиқарилган «қотил метод» деб аташ ҳолларига дуч келаётирмиз. Дўстлар, масалага холис, кенг ва одилона ёндашайлик! Биламизки, соцреализм деб аталган бадиий-ижодий ҳодиса (номланишидаги ноаниқлик ва талқин этишдаги чалкашликлардан қатъий назар) совет давридан анча бурун рус, шунингдек,, жаҳон адабиёти, саънатида пайдо бўлган эди. Бу ҳодиса XX асрда советлар юрти, социалистик система билан баробар кўплаб носоциалистик мамлакатлар адабиёти ва санъатида изчил давом этди, ҳатто социалистик система қулагандан кейин ҳам қатор хорижий мамлакатларда амал қилмоқда. Чунончи, 1995 йил баҳорида Останкино телевидениеси Ҳиндихитойдаги миллий озодлик курашчилари иштирокчилари қисмати ҳақида 1994 йил ишланган яхшигина бир француз фильмини намойиш этди. Бу картина айни соцреализм намунаси эди. Демак, Францияда, бошқа кўплаб тараққий этган демократик мамлакатларда соцреализм адабиёти ва санъати яшаб келяпти. Ҳар қандай ижодий методда бўлгани каби бу йўналишга мансуб асарлар орасида ҳам кучли ва заифлари бор. Бироқ хорижда соцреализм миллий адабиёт ва саънат ривожига катта кулфат келтирганини кўрган, эшитган эмасмиз. Чунки чинакам демократик мамлакатларда барча ижодий оқимлар, йўналишлар, методлар учун йўл очиқ. Бинобарин, соцреализм ҳам кўплаб ижодий методлар қатори яшашга ҳақли. Бутун бало шундаки, советлар даврида большевиклар партияси ва ҳокимияти адабиёт ҳамда санъатга раҳнамоликни ўз зиммасига олди, соц реализмни совет адабиёти ва санъатининг асосий методи деб эълон этди, бинобарин, ҳодисага давлат мақоми туси берилди. Соцреализмни расмий ижодий метод сифатида эълон этилиши туфайли бошқа ижодий мактаблар завол топиб қолмасдан, балки соцреализмнинг ўзи ҳам кўп нарса йўқотди.

Адабий жараённинг сирли-сеҳрли жиҳатларидан бири шундаки, мафкуравий тазйиқ, ёзувчига тақдим этилган у ёки бу дастурамал деб билган тор, бирёқлама, хато ижодий принциплар уни чалғитиши, ижодда панд бериши мумкин, бироқ ижодкор чинакам истеъдод соҳиби бўлса, гоҳ онгли, гоҳ онгсиз — савқи табиий билан мавжуд ақидаларга зид бориб, амалда жиддий бадиий кашфиётлар қилавериши мумкин эканини 30 — 40-йиллар ўзбек адабиёти — ўша кезлари соцреализм адабиётининг пешқадам намояндалари сифатида майдонга чиққан Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон сингари адибларимизнинг ижодий тақдири мисолида яққол кўриш мумкин.

Аввало, бу адибларнинг соцреализм принциплари асосида яратилган қатор асарлари, чунончи, «Сароб», «Зайнаб ва Омон» «Қутлуғ қон», «Синчалак» айрим бирёқлама, зиддиятли, чекланган томонларига қарамай, умуминсоний моҳиятга эга бадиий қадриятлар даражасига кўтарила олган. Иккинчидан, бу адиблар бисотида соцреализм қолипига тушмайдиган «Шум бола», «Навоий», «Наъматак», «Ўлим», «Офелиянинг ўлими», «Ишим бордир ўша оҳуда» каби ўнлаб ғаройиб санъат намуналари бор. Учинчидан, коммунистик мафкура, соцреализм принциплари билан қуролланган бу алломалар ҳаётни, жамиятни «материалистик тушуниш» даражасига кўтарила олмаган, «соцреализмга тўла етиб келолмаган» Чўлпон, Фитрат, Қодирийлар билан мафкуравий — ижодий масалаларда кескин баҳслар олиб борган, ҳар бири ўзига хос ижодий мактаб яратган бўлсалар-да, бир неча ҳолларда беихтиёр улар бошлаган, асос солган ижодий анъаналарнинг давомчиси сифатида майдонга чиқадилар. Биз Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжоннинг ғоявий-мафкуравий масалаларда Қодирий,  Чўлпон,   Фитрат билан олиб борган кескин баҳс-мунозаралари ҳақида кўп гапирамизу, аммо улар бисотидаги Қодирий, Чўлпон, Фитрат ижоди  билан муштарак жиҳатларига деярли эътибор бермаймиз.  Гўё бундай ҳодисалар бўлмагандай. Адабий ворислик ижодий тажрибаларни тўғридан-тўғри давом эттириш тарзидагина эмас, баҳс-мунозаралар, гоҳо инкор этишлар шаклида зиддиятли тарзда содир бўлиши ҳам мумкинлиги фанда исбот этилган.Қолаверса, адабий авлодлар орасидаги давр тақозоси туфайли юз берадиган  ғоявий-мафкуравий айирма, зиддиятлар адабий жараён, бадиий тараққиётнинг давомийлигини бутунлай тўхтатиб қўя олмайди. Ғоявий-мафкуравий жабҳада бир эмас, бир неча бор туб инқилобий ўзгариш, бурилишларнинг гувоҳи бўлган XX аср ўзбек адабиёти тажрибаси шу қонуниятнинг ҳаётийлиги ва боқийлигини бот-бот исбот этиб турибди.

Энди аниқ далилларга ўтайлик. Бир қарашда ғоявий-мафкуравий жиҳатдан бошқа-бошқа қутбларда турган Абдулла Қаҳҳор ёки Ҳамид Олимжон ижоди билан Чўлпон ва Фитрат тажрибалари орасида муштарак жиҳатларни қидириш эриш туюлади. Ўжар ҳақиқат эса бу хил тасаввурларни ўзгартириб юбориши мумкин. Шу пайтга қадар Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикоячиликда холис, аниқ-лўнда, изчил реалистик услуби А. Чехов тажрибаси асосида шаклланган, деган фикр юради. Ёзувчининг ўзи ҳам буни қайта-қайта эътироф этган. Аммо «қаҳҳорона ривоя» тарзининг илк миллий намуналари Чўлпон насрида мавжуд. Қаҳҳорнинг қатор ҳикояларидаги ифода услуби, оҳанги, масалан, «Анор»даги аёл ва эрнинг чигал вазиятдаги руҳий ҳолатлари тасвири айнан Чўлпоннинг «Новвой қиз» асаридаги алданган қиз билан йигитнинг драматик дақиқалари эпизодини ёдга туширади. Абдулла Қаҳҳор ижодида ақл-заковат, жасорат бобида эркаклардан ҳам устун турадиган, эрки, инсонлик шаъни учун дадил кураш йўлига кирган жасур шахсларнинг бутун бир галереяси яратилган.   Бу жиҳатдан  «Мастон», «Хотинлар»,   «Минг  бир жон», «Синчалак»ни эслаш кифоя. Бу ҳодисани ҳам танқидчилик жаҳон ва рус  адабиёти, жумладан,, Ж. Лондон ҳикоялари, «Оптимистик трагедия» каби асарлар таъсири билан боғлайдилар. Аслида бу ҳам Чўлпоннинг қатор ҳикояларидан, «Ёрқиной», «Замона хотини» драмаларидан  бошланган анъананинг давоми эмасми! Абдулла Қаҳҳорнинг «Томошабоғ» ҳикоясидаги алам-ўкинчларга тўла шафқатсиз ҳаёт лавҳаси – чор маъмурларнинг маҳаллий аҳоли вакилларига ўта нописанд муносабати, таҳқирлаши беихтиёр Чўлпоннинг «Вайроналар орасидан», «Қутурғон мустамлакачилар», «Кеча ва кундуз» каби асарларидаги ҳодисаларни эсга туширади.

Чўлпон маслакдоши Фитратнинг «Арслон» драмасида шундай эпизод бор: бойнинг хотини Зайнаб ойим имом билан пинҳона дон олишиб юради, имом паранжида бойникига келиб айшини давом эттиради, маккор хотин уни эрига «холам» деб таништиради, номаҳрам «аёл» билан эри орасида тилмочлик қилади, лақма эр эса уларнинг пинҳона ишларига омад тилайди. Пировардида сир фош бўлади. Абдулла Қаҳҳорнинг 30-йиллари ёзган машҳур «Майиз емаган хотин» асари айни шу эпизоддан ўсиб чиқмаганмикин деган хаёлга борасан киши.

Ҳамид Олимжон «Фитратнинг адабий ижоди ҳақида» мақоласида «Чин севиш», «Ҳинд ихтилолчилари» драмаларини танқид қилиб, улардаги қаҳрамонларнинг Ватан мустақиллиги учун истилочиларга қарши олиб борган курашлари драматург учун гўё бир фон, либос бўлганлигини айтади; «Декорация ўзгарган бўлса ҳам, мазмун ҳамон эски, миллатчилик қарашларининг янгича товланишидан иборат», деб ҳисоблайди. Қизиғи шундаки, орадан бир неча йил ўтиб яратилган «Муқанна» драмаси қаҳрамонлари ҳам чет эл босқинчиларига қарши курашувчи ватанпарварлардир. Айрим фарқли жиҳатларига қарамай «Муқанна» муаллифи Ҳамид Олимжон моҳият эътибори билан беихтиёр Фитрат йўлидан борган. Умуман, 20-йиллар ўзбек адабиётига хос муҳим мотив — шахс ва миллат эрки, шаъни, миллий озодлик, истиқлол ғоялари 30 — 40-йилларда «Кеча ва кундуз», «Қутлуғ қон», «Нил ва Рим», «Муқанна», «Маҳмуд Таробий», «Жалолиддин Мангуберди», «Ўтрор» каби асарлар орқали хилма-хил кўринишда давом этди.

Ҳамид Олимжонни «социализм ғалабаси куйчиси», «шодлик куйчиси» деб аташ кенг расм бўлган. Дарҳақиқат, шоир 30-йиллар «шодлик ва бахт»ни тўлиб куйлаган, «шодлик ва бахтни куйламак»ни ўзи учун зўр саодат деб билган, бахтиёрликни одат қилиб олган, айни пайтда эли «қайғуни билмас», «мотам йўқ Ватан» шоири чин инсон сифатида беихтиёр шу ақидаларга зид бориб ғаройиб мунгли-маъюс туйғуларга, «мусибат ва ғам»га ошуфта сатрлар ҳам битади. Шоир фожеий ҳалокатидан етти-саккиз йил бурун ёзган «Ўлим» шеърида «Сени қандай кутар эканман?» деган савол қўяди ва дилда кечган бор гапини қоғозга туширади:

 

Ўйлаганда сени доимо

Юрагим орқага тортади

 

Ва босади муздай совуқ тер,

Сесканаман, ғамим ортади.

 

Шодлик ва бахт ҳақидаги туркум шеърлар билан бир вақтда яратилган «Офелиянинг ўлими», «Ғунча янглиғ бурканиб кўнглинг очилмайдир нега» ғазали ёки «Зайнаб ва Омон» достонидаги Омоннинг «Сенга энди нелар айтайин», деб бошланувчи ҳикояси, дил рози ифодаси «шодлик куйчиси» Ҳамид Олимжон ҳам мусибат ва ғам, пора бўлган қалб нолалари изҳори бобида асрнинг мана мен деган мунгли шоирлари билан беллаша олишини тасдиқлайди. «Чимён эсдаликлари», «Ҳолбуки тун», «Ишим бордир ўша оҳуда» каби ўнлаб лирик шеърларидаги ўйчан, маъюс, романтик сирли-сеҳрли жиҳатлар бир чеккаси Чўлпондан юққанини, ҳеч бўлмаганда Чўлпон лирикасига оҳангдош эканини пайқаш қийин эмас.

Мана энди гал Ойбекка келди. Ойбек ва Чўлпон, Қодирий, Фитрат муносабатлари ғоят кўпқиррали, мазмундор ҳамда ўта қизиқарли мавзу. Аввало Ойбекнинг Чўлпон, Қодирий, Фитрат ҳақидаги илмий тадқиқот ва мақолалари замондошларининг шу мавзудаги кўп ишларидан кескин фарқ қилади. «Чўлпоннинг мафкураси эмас, бадиий намуналари ўқилади, воз кечилмайди», деб ёзади у «Чўлпон. Шоирни қандай текшириш керак» мақоласида. «Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли» рисоласига қадар ва ундан кейин ҳам узоқ йиллар ҳеч ким Қодирийнинг санъаткорлигини Ойбек даражасида нозик ҳис этган, теран очиб берган эмас.

Ойбекнинг шеърий истеъдоди бевосита Чўлпон таъсирида шаклланган эди, гарчи кейинчалик ғоявий-мафкуравий жиҳатдан ўзи учун бошқа йўл танлаган, «болғалар пўлат сафи ила бориш»га қатъий қарор берган бўлса-да, барибир, бир умр шеъриятда Чўлпон анъаналарига содиқ қолди. Ойбекнинг энг катта хизматларидан бири шуки, 20-йиллар шеъриятимиздаги улкан кашфиёт — Чўлпонга хос поэтик руҳ, сирли-сеҳрли оҳангларни 30 — 40-йиллар қатағони суронларидан эсон-омон олиб ўтиб, 60-йилларнинг нисбатан эркин адабий авлоди қўлига топширди.

Ойбек лирикаси, шунингдек,, Ҳамид Олимжоннинг юқорида тилга олинган шеърлари, қолаверса, Ғафур Ғулом, Уйғун, Зулфия, Усмон Носир каби шоирларнинг соф рубобий тароналари совет даври, хусусан, 30 — 40-йиллар ўзбек шеърияти нуқул ижтимоийлашган, мафкуравий шеърият, деган даъволарни рад этади. Бу хил даъволар шеъриятимизнинг асл ҳолати эмас, балки унинг тарихи тўғрисида адабиётшуносликда шаклланган қарашлар асосида айтилган. Шахсан мен «Хазина» бирлашмасида тўрт жилддан иборат XX аср ўзбек шеърияти антологиясини тайёрлашда қатнашиб, бу асрдаги шеъриятимиз йуналиши жиҳатидан ҳам хилма-хил эканига, жумладан,, деярли ҳамма босқичларда, энг оғир паллаларда ҳам ижтимоий, мафкуравий, сиёсий босимлардан бутунлай холи «соф лирика» намуналари яратилганлигига ишонч ҳосил қилдим. Аминманки, мазкур антология китобхон қўлига етиб борса, XX аср миллий шеъриятимиз манзараси хусусидаги мавжуд тасаввурлар тубдан ўзгариб кетади.

Айтилганлардан чиқадиган хулоса шуки, XX аср ўзбек адабиёти босиб ўтган йўл, турли ижодий авлодлар, улар амал қилган мафкуравий ақидалар, ижодий принциплар орасидаги тафовут, яратилган асарларнинг даражаси, қиммати хусусида қатъий ҳукм-хулосалар чиқаришга шошилмайлик; йўлдаги хилма-хил тақиқ, тазйиқларга, ҳар хил оғишларга қарамай, сўз санъати ўз ички қонуниятларига, ворисийлик принципларига амал қилган ҳолда ривожланганлигини ҳамиша назарда тутайлик..

 

 

1995 йил

 

 

 

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz