Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

ҚАЛБ ҲАРОРАТИ

 

         Бадиий сўзнинг мўъжизавий қувватидан қалб ларзага келади, сеҳрланади, завқ-шавққа тўлади. Ҳақиқий бадиий асар таъсиридан қалбда ўзгача бир ҳарорат ва ёруғлик пайдо бўлади. Асар муаллифи, унинг қаҳрамонлари ёки тасвирлаган воқелик моҳияти билан ғойибона мулоқотлар, баҳс-тортишувлар давом этади. Яхши китоб инсоннинг бир умрлик сирдоши ва йўлдошига айланади. Бу тоифа  асарларни қайтадан такрор ўқиш ва уқиш, айниқса, адабиётшуносларга тинчлик бермайди: дилини, кўнгил ҳароратини бировлар билан баҳам кўриш, адиб маҳоратидан, покиза тийнатли қаҳрамонлар қисматидан сўз очишга эхтиёж туғилади. Шу зайлда турлича, янгича адабий таҳлил ва талқинлар ёзилади. Чинакам санъат намунаси билан бирга шу умрбоқий асар моҳиятини илмий-назарий нуқтаи назардан теран кашф этган мақола ва китобларнинг ҳам умри узаяди.

         Муҳтарам китобхон, бу тарзда айтилаётган сўзимиз ўзани қаерга бориб тақалишини билиб турибсиз. Чунки сиз ҳозиргина Умарали Норматовнинг «Қодирий мўъжизаси» деган ажойиб бир китобини ўқиб чиқдингиз. Олимнинг қалб ҳароратига, завқ-шавққа тўла ҳаяжонли таҳлилларига гувоҳ бўлдингиз. Табиийки, олим бу китобни бир ўтиришда ёки бир-икки йил ичида ёзган эмас. Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодининг барча қирраларини, адибга муносабат билдирган илмий асарларни ўрганиш, тадқиқ этиш – узоқ давом этган машаққатли иш. Умарали Норматов бу иш билан умри давомида машғул бўлди. Ўрни келганда изланишларни, кузатишларни қоғозга туширди.

Агар диққат қилинса, У.Норматовнинг вақтли матбуотда босилган  мақолаларининг сони беш юздан кўп, алоҳида китоб ҳолида нашр қилинган асарларининг сони йигирмадан ортиқ. Табиийки, бу асарлар орасида Давлат мукофотига сазовор бўлганлари ҳам бор. Аммо, менинг назаримда, «Қодирий мўъжизаси»  - бу мутлақо ўзгача, мароқ билан, завқ-шавқ билан, тўлиб-тошиб, меҳр-муҳаббат билан ёзилгани жиҳатидан барчасидан ажралиб туради. Китобнинг «Қодирий боғи» деб номланган аввалги бўлимида Абдулла Қодирийнинг ҳаёт йўлини, бошидан ўтган яхши-ёмон кунларни, фожиавий қисматни ёритар экан, домла адиб яшаган мураккаб адабий-ижтимоий муҳит руҳини, унинг атрофида кечган иғвою маломатлар моҳиятини чуқур ҳис этиб куйиниб ёзади: «Қамоқда, тергов пайтида устига  бўҳтондан иборат айблар қўйилганда, айниқса, ҳамкасбларининг юзсизларча мунофиқлик қилаётганини кўрганда адиб қандай аҳволга тушганини, бу имони бутун, ўта ҳалол, ростгўй, мард йигит қалбида қандай туғёнлар кечганлигини хаёлан тасаввур қилиш мумкин. Агар ўша кескин драматик руҳий ҳолат тўла тикланса, шекспирона трагедия туғилиши аниқ». Бундай аниқ ва кескин фикр-мулоҳазаларни манбаларни чуқур ўрганган ва адибнинг ҳолатини хаёлан тугал тасаввур қилган одамгина ёза олади.

У. Норматов ёзувчининг асарларини ва архив ҳужжатларини, мавжуд илмий тадқиқотлар ҳамда биографик маълумотларни қайта назардан ўтказади. Абдулла Қодирий дунёсини, ҳам истеъдодли ижодкор, ҳам ўз замонасининг кишиси сифатидаги хусусиятларини теран тушунади. Адиб дунёқараши шаклланган муҳит об-ҳавоси ҳароратига, таълим-тарбия масканларининг савиясига тўғри ташхис қўяди; бир қанча чигал масалаларга ойдинлик киритади. Олим муайян муаммо устида фикр юритар экан, бир қирғоқни ташлаб, иккинчи қирғоқни забт этиб «замона қаҳрамони»га айланишни хуш кўрмайди. Балки, ўз талқинларида ижод психологиясига, инсон табиатига хос барча хусусият ва майлларни инобатга олади.

Китобдан ўрин олган  «Ўткан кунлар»нинг маъно ва бадиият жилоларига, «Меҳробдан чаён» ва «Обид кетмон» асарларининг янгича талқинларига бағишланган саҳифаларда ҳам  муаллифнинг қалб ҳарорати уфуриб туради.

Умарали Норматов  «Ўткан кунлар» романи негизида «истиқлол қайғуси»ни кўради. Романида тасвир этилган социал муҳитнинг муҳим бир қиррасига урғу беради. Табиийки, шу фикрнинг, ғоянинг илдизлари Абдулла Қодирий шуурида, асл маслагида мавжуд эди. Домла айни «истиқлол қайғуси», «мустамлака балосидан халққа сабоқ бериш» тезисини илгари сурганда бежизга оташин эркпарвар шоир Чўлпонни эсламайди. Шунингдек, Абдурауф Фитратнинг «Туркистонда руслар» мақоласидан иқтибослар келтиради. Даврдошларнинг дарддошлиги ва малакдошлиги ойдинлашади.

«Обид кетмон» ҳақиқати»да қиссасидаги Хатиб домла ва мулла Муҳсин образларини, айниқса, мулла Обид образи табиатини синчиклаб ўрганади. Шу асар баҳонасида У. Норматов Абдулла Қодирийнинг динга ва диндорларга муносабатини тушунтирар экан, маълум бир вақтлар оралиғида давр оқимидаги ижодкорга, сўнгра ўз ички бутунлигига қайтган шахс сиймосига урғу беради. Бир неча асарларида диндорлар образининг бадиий талқинида Абдулла Қодирий ниҳоятда холисликка боради. «Умуман, 30-йиллар ўзбек адабиётида динга, диндорларга бунақа холис муносабатда бўлган бошқа бирорта асарни, руҳонийларнинг бунақа самимий, ҳаётий образларини кўрмаймиз».  Шубҳасиз, бу ўринда олим мулла Обидни ҳам назарда тутади. Обид кетмон образининг адабиётимиздаги «ноёб ҳодиса» эканига урғу беради. Илгариги қодирийшунослар тадқиқотларида учрамайдиган Обид кетмон образининг янги қирраларини ўртага ташлайди; покдомон, ҳалол, ҳақиқатгўй, иймонли бир инсоннинг теварак-атрофидаги «одамча»лардан ҳар жиҳатдан фарқланишини кўрсатади.

 Адабиётшунос олимнинг «Меҳробдан чаён» романи тақинлари тарихига, образлари устидаги баҳсларга муносабати, айниқса, Худоёрхон образи юзасидан билдирган фикрлари ғоятда ўринлидир. 

 Маълумки, «Меҳробдан чаён» романидан Қўқон хонлигидан айрим лавҳалар, хусусан, Худоёрхоннинг ҳукмронлиги, амалга оширган ишлари, ўрдадаги фисқу фужурлар билан боғлиқ манзаралар ўрин олган. Ёзувчи хонни ўз истаги йўлида ҳеч қандай зулмдан қайтмайдиган ҳукмдор, айни чоғда, ўзига яраша фазилату нуқсонлари бор шахс сифатида кўрсатишга интилади. Хон шахсиятининг бадиий талқинида муаллиф мувозанатни сақлай билган кўринади. Ҳукмдор табиатидаги ҳар икки жиҳат тасвири кўзга ташланади. Бу масалада асар моҳиятидан келиб чиққан ҳолда Умарали Норматов шундай ёзади: «Энг муҳими, «феодал иерархиянинг чўққисида турган ва бутун адолатсиз тузумни ўзида мужассамлаштирган тарихий шахс» образида кескин қоралаш, фош этиш билан баробар уни ўз ҳолича, йўқни йўндирмай, бор гапларни ёзишга уриниш ҳам мавжуд. Адабиётшуносликда, негадир ҳозирга қадар Худоёрхон талқинидаги мана шу жиҳатлар эътибордан четда қолиб келаётир».

Домланинг ўзи шу ҳақиқатни таъкидлар экан, романдаги хонга оид барча эпизодларни, тасвир тамойиллари ва талқинларни бирма-бир синчиклаб ўрганиб чиқади. Натижада Худоёрхон манфий ва мусбат хусусиятлар уйғунлигидан вужудга келган образ эканини асослаб беради. Такрор айтамизки, олим хон «образида кескин қоралаш, фош этиш билан баробар уни ўз ҳолича, йўқни йўндирмай, бор гапларни ёзишга уриниш ҳам мавжуд»лигини таъкидлайди.

Менда китобнинг иккинчи бўлимидаги «Отага таъзим», «Адиб ҳақида қайдлар» саҳифаларида берилган таҳлиллар адиб асарларига унинг ҳаёт йўлидаги жуда муҳим «дарича»лар орқали қарашдек таассурот қолдирди. Зеро, жаҳон адабиётшунослигидаги мавжуд адабиётшунослик методларидан бирида, айнан ана шу тамойил, яъни муайян бир ижодкор асарларини таржимаи ҳоли воситасида тадқиқ этиш етакчилик қилади. Кимдир «Отам ҳам большевик» ҳикоясига ёки «1819 йил ёдгори»га эътибор берган бўлиши мумкин, аммо ҳар икки йирик романи матнида келган, бевосита  адибнинг отаси тилга олинган эпизодларни биров эслайди ё эсламайди. У. Норматов эса шу кичик эслатмалардан улкан бир маъно – адибнинг отасига эҳтиромини кашф этади.

Кичик сарлавҳаларга ажратилган «Қайдлар» қисқа, лўнда, маълумотларга бой. Унда «Ўткан кунлар» таъқиқланган замонда ҳукм сурган қўрқув салтанатининг бутун даҳшатларини англаш, кутилмаган саволдан «ҳатто таҳликали зилзила пайти ҳам бетиним юриб» маъруза ўқийдиган доцент Зикриё Мирҳожиев домланинг «таққа  тўхтаб» қолганидаги аҳволини ва савол бергувчи талабанинг дом-дараксиз кетганини ҳам тиниқ тасаввур қилиш мумкин. Шунингдек, бир саҳифада «Ўткан кунлар»нинг ёзиб тугалланган санаси жуда ўринли асосланган бўлса, бошқа саҳифада романнинг асл матни муаммосига доир фикрлар – ҳали бу соҳада изланишлар давом этишини англатади. «Қозон сафари воқеаси»да кўпчилик учун янгилик бўладиган маълумотлар бор. «Қайдлар»даги таҳлиларнинг ҳаётий воқеа-ҳодисалар билан уйғунлиги ўқувчининг диққатини ўзига тортишини  алоҳида таъкидлашни истар эдим.

ХХ асар ўзбек адабий танқидчилиги тарихида адабий танқиднинг суҳбат жанрида мутахассислар билан энг кўп мулоқотлар уюштирган мунаққид Умарали Норматов бўлди. Бу гапда муболаға йўқ. Домла бутун ижодий фаолияти давомида қирқдан зиёд суҳбатлар ўтказибди. Улардан ўн бештаси жамланиб, 2008 йили «Ижодкорнинг дахлсиз дунёси» номи билан алоҳида китоб ҳолида  нашр ҳам қилинди.

Қўлингиздаги ушбу янги китобдан ўрин олган «Бадиий сўз қудрати» номли Умарали ака билан Ўткир Ҳошимов ўртасида бўлиб ўтган суҳбат Абдулла Қодирий ижоди хусусида. Китобга киритилганига сабаб ҳам шу. Буни қарангки, гарчанд суҳбат чорак аср муқаддам уюштирилган бўлса ҳам, ундаги қарашлар, айниқса, адиб романлари поэтикаси, миллийлиги, энг гўзал эпизодларга тегишлаи мулоҳазалар ҳозир ҳам асло ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Аксинча, ўша пайтларда суҳбатдошлар тилга олган айрим масалаларни кейинги давр тадқиқотчилари гўё янгиликдек тақдим этган ҳолларига дуч келмоқдамиз. Ҳар ҳолда, У. Норматов суҳбат жараёнида оддий бир савол бергувчи сифатида эмас, балки баҳс-мунозарага киришувчи, суҳбатдош адибнинг кўнглидаги гапларни айтишга ундовчи, энг муҳими, суҳбат баҳонасида мавзуга оид илмий-назарий муаммоларни ўртага ташловчи олим сифатида номоён бўлади.

Бу китобда фазилат кўп, унинг айрим қирраларидан сўзладик, холос.  

Муҳтарам китобхон! Дарҳақиқат, Сиз қатори бу китобни мен ҳам ўқидим. Устоз У. Норматов билан бир олий даргоҳда бақамти ишлаётган бир  шогирд сифатида ушбу китобдаги айрим саҳифаларининг майдонга келиш тарихига ҳам гувоҳман. Гарчанд бу китоб қисмлари, аввал мақолалар ҳолида алоҳида-алоҳида ёзилиб, матбуотда эълон этилган бўлса ҳам, уларнинг асосини Умарали Норматов истеъдоди ва табиатига хос самимият, холислик, ҳақгўйлик каби таҳлил тамойиллари бирлаштириб туради. Энг муҳими, биз сарлавҳага олиб чиққан бир жуфт сўз моҳияти - қалб ҳарорати шундай яққол сезилиб туради. Бу сезим ўқувчи қалбига меҳр-муҳаббат, эҳтирос бўлиб кўчади. Айрим адабиётшунослар бўлади, гўзал сўзлайди, дона-дона сўзлайди, лекин қуруқ ёзади. Оғзаки суҳбатлари билан иншолари орасида тафовут бўлади. Аммо Умарали Норматов домламиз ёзганларида унинг соҳир овози жаранглаб туради. Кўз тегмасин, Умарали Норматов шу жарангдор овоз билан сал кам ярим асрдан буён Миллий университет талабалари аудиториясида маърузалар ўқийдилар. Табиийки, бу маърузалар мавзу кўлами кенг, умумий тарзда сўз санъати – бадиий адабиётнинг  моҳияти тўғрисида. Бироқ бу маърузаларнинг бирортасида Абдулла Қодирийнинг ижод йўли, бадиий асарлари ёки санъаткорлиги, бадиий дунёси, бетакрор образлари, образли тили ёки кейинги авлод ёзувчиларига таъсири хусусида гапирмасдан ўтганига асло  ишонгимиз келмайди. Шу билан бирга Умарали Норматов ўз мураббийлик фаолияти давомида Абдулла Қодирий ижоди юзасидан ёзилган ўнлаб диплом ишларига, магистрлик диссертацияларига, энг муҳими, қодирийшунослик соҳасига муносиб ҳисса бўлиб қўшилган иккита номзодлик ва битта докторлик диссертациясига илмий раҳбарлик қилди.

Тўла ишонч билан айта оламизки, Абдулла Қодирий ва унинг бадиий олами, қодирийшунослик Умарали Норматов ижодининг асос-негизини ташкил этади. Шу маънода мазкур «Қодирий мўъжизаси» китоби адабиётшунос олимнинг ижодий биографиясидаги бош мавзу ва бош китобдек таассурот қолдиради.

 

Баҳодир КАРИМ

 

2009 йил сентябрь

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz