Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

 

ҲАЙРАТ ОҒУШИДАГИ УМР

 

Адабиётимизнинг чинакам жонкуяри, таниқли олим, синчков адабиётшунос, куйди-пишди инсон Умарали Норматов домла етмишга кирибдилар. Қалингина сочлари чала ярим оқарган, адл қоматли, ҳаракатчан, доим қандайдир хаёллар қуршовида юрадиган Умарали ака етмиш яшар мўйсафидга асло ўхшамайди. Чунки профессор У. Норматов даврнинг суръатини нозик ҳис этади. Миллат ижтимоий тафаккуридан ортда қолмасликка интилади. Шу боис фикран ёш. Фикри вужудининг етовида бўлмаган одам учун ақлнинг ёшлиги жисмни ҳам қаришдан сақлайди. Янги фикр вужудга тиним бермайди, ҳаракатдаги вужуд эса қаримайди. Домла фикран ҳам, жисман ҳам кўпгина элликвойлардан ёшроқ кўринади.

Адабиёт - ҳайрат меваси. Адабиётшунослик аслида ҳайратшуносликдир. Филолог олим ана шу ҳайратнинг манбаи қаерда эканини текшириш билан шуғулланади. Умарали Норматов доимо ҳайрат оғушида яшайди, нимадандир мутаасир бўлиб, ҳаяжонланиб юради. Ўзига таъсир қилган асарлар ҳақида фикр билдирганида: “Ҳайратда қолар даражада гўзал”,- деган иборани тез-тез қўллайди. Негаки, Умарали ака бадиий асарни шунчаки ўқимайди, балки ҳайрат билан, муҳаббат билан идрок этади.

Домла адабиётни, сўзни севади, шу сабаб адибни аяйди. Табиатидаги самимий ҳайрат туйғуси боис баъзан асарларга ортиқчароқ баҳо бериб юборадиУмарали Норматов асару адибга чўқмор билан ҳамла қилишни эмас, балки уни ширинликлар билан сийлашни хуш кўради. Айни вақтда талабчанликни ҳам қўлдан бермасликка интилади. Умарали ака урадиган эмас, балки аяйдиган, суяйдиган танқидчилардан саналади. Олим адабиёт ҳақида, чинакам ҳайрат манбаи тўғрисида зерикарли фикрлаш мумкинлигини ҳазм қилолмайди. Ўзи ҳам самимий, эҳтиросли ва баҳсга чорловчи йўсинда ёзади. Таҳлил мобайнида баъзан йўл қўядиган хатолари ҳам туйғунинг жўшқинлиги туфайли содир бўлади.

Умарали Норматов бугун ҳам ёш йигитлардай изланишлар, китоблар қуршовида. У гоҳ реализмнинг замонавий кўринишларини тадқиқ этса, гоҳ модерн йўналишнинг намоён бўлишини текширади, гоҳ абсурд адабиётнинг илдизлари хусусида изланади. Баъзан умумтаълим мактаблари дарсликлари устида, баъзан эса олий мактаб адабий таълими муаммолари юзасидан тадқиқ олиб бораётган бўлади. Айрим олимлар кексайгач, ёшликда орттирган фикрий захираларини тинчгина еб ётмоқчи бўлишади. Умарали домла эса илмда бир нафаслик тин олиш ҳам анча ортда қолиш эканлигини жуда яхши биладилар. Шу боис ҳаммани аяйдиган одам ўзларига нисбатан ҳайратда қолар даражада шафқатсизлик қиладилар, ўз устларида тинимсиз ишлайдилар.

Умарали ака адабиётга доир қарашларини ҳар жиҳатдан асослашга астойдил интилса-да, ўз фикрини сўнгги ҳақиқат деб тиқиштирмайди. Олим бадиий адабиётнинг сирли-сеҳрли, серқиёфа ҳодисалигини, унда киши  қабул қилиши оғир кечадиган жиҳатлар бўлиши табиийлигини яхши билади. Домлада эгоцентризм йўқлиги учун ҳам ўзининг бадиий асарга ёндашувини ягона мезон деб ҳисобламайди. Шу боис ўзига ёқмайдиган фикрларни ҳам бутунлай инкор этмайди, уларга имкон қадар холислик билан муносабатда бўлишга интилади.

Домлага хос хусусиятлардан бири шундаки, у тинимсиз ўқийди. Шу боис дунё адабиёти ва адабиётшунослигидан яхши хабардор. Ўзимизда эълон қилинган деярли барча бадиий асарлар билан сўзсиз танишиб боради. Айримлар ўқимай туриб хулоса чиқариш, тузукроқ танишмай туриб ҳукм айтишдан ҳижолат чекмайдиган бир пайтда домланинг ҳамиша бадиий матн билан таниш бўлгани туфайли айтадиган салмоқли фикрлари ўзгача аҳамият касб этади.

Умарали ака кўп ва кучли ҳаяжон билан ишлайди, тез ёзади. Шу сабаб баъзан шошилиброқ, ошириброқ айтган пайтлари ҳам бўлади. Ўзига ниҳоят даражада талабчан ва табиатан инсофли одам бўлганлиги учун шу вақтга қадар яратган асарлари ҳақида олим: “Ўзимча хомчўт қилиб чиқсам уларнинг деярли тўртдан уч қисми бугун аҳамиятини йўқотибди. Бунинг боиси шундаки, ўша аҳамиятини йўқотган ишлар адабий жараёндаги ўткинчи, танқиддан тубан нарсалар ҳақидадир, арзимас масалалар хусусидаги баҳс мулоҳазалардир. Бугун уларнинг ҳеч кимга, ҳатто ўзимга ҳам кераги йўқ. Оллоҳ томонидан бир бор берилган умрни, ўзимга яраша қобилият-иқтидорни ўткинчи, арзимас машғулотлар учун беҳуда исроф қилганимга афсусланаман”,- деб ёзган. Лекин яхшиямки, домланинг афсус қиладиган ишлари у киши айтганчалик кўп эмас. Бунинг устига ўз хатоларини ошкора тан олмоқ ва буни матбуот орқали айтмоқ учун ҳам инсоф зарур бўлади.

Профессор Умарали Норматов бадиий асарни шунчаки бир тасодиф туфайли ёзилиб қолинадиган ҳодиса деб ҳисобламайди. Бадиий ижодни ҳамиша мустаҳкам ва турғун қонуният асосида ривожланадиган жараён деб билади. У бадиий ҳодисалар замиридаги қонуниятларни пайқай биладиган олим. Шунинг учун ҳамМайсаранинг ишиасаридаги кулгининг халқона илдизлари ҳақида ҳажвшунослар пайқамаган нозик кузатишларни қила олди. Шу боисМеҳробдан чаёнромнида халқ кулгиси муаммосини жуда миқёсли ижтимоий, миллий ва руҳий аспектларда текшириб ўзига хос хулосалар бера олди.

Домла кекса ёшдаги бошқа кишилардан фарқли ўлароқ янгиликка, янгича қарашларга ўч, қизиқувчан, баъзан бу қизиқувчанликнинг эргашувчанликка ўтиб кетган ҳоллари ҳам йўқ эмас. Зотан, бадиий адабиёт кўнгил мавжлари ифодаси. Кўнгилнинг тўлқинлари ҳақида гапирганда эса тошиқиб кетиш узрли.

Умарали Норматов чинакам бадиий асарни бир ўқиб кетиладиган нарса деб ҳисобламайди. Бирор асарни қайта ўқиш уни қайта идрок этиш, аввал пайқалмаган жиҳатларини кўриш имконини беради деб билади. Шу боис ҳам баъзан бир ёзувчи, ҳатто унинг бирор асари ҳақида ўнлаб йиллар мобайнида қайта-қайта қалам суради. Қўлингиздаги китобча ҳам айни шу хилдаги қайта мутолаа ва мушоҳада маҳсули ўлароқ дунёга келган. Ҳар қандай чинакам истеъдод эгаси сингари Абдулла Қаҳҳор ҳам вақтга бўй бермайдиган адиблардан. Айниқса, унинг ўтмиш мавзусидаги ҳикоялари ваСаробромани герменевтик нуқтаи назаридан ғоят ўзига хос тақдирга эгадирлар. Чунки асл талант қаламига мансуб бу битиклар вақт ўтиши ва ўқувчиларнинг бадиий тафаккури ўзгариши билан янгича ўқилади, янгича тушунилади, янгича талқин этилади. Шунинг учун ҳам миллий тафаккуримизда янгиланишлар рўй бериши билан Абдулла Қаҳҳор асарларини қайтадан идрок этиш зарурияти пайдо бўлди.

Чинакам асар қачон ёзилганидан, қандай дунёқараш маҳсули бўлганлигидан қатъи назар кейинги авлодлар маънавияти ва руҳиятига таъсир кўрсатаверади. Асл бадиий асар мафкуравий қолиплардан баландроқ туради, унинг биқиқ талаблари доирасини ёриб чиқароқ пайдо бўлади. Умарали Норматов Қаҳҳор асарларидаги айни шу жиҳатларни ўта билимдонлик ва беадад муҳаббат билан кўрсатиб бера олган. Олим адиб асарлари яшовчанлиги сирларини тадқиқ этар экан чин бадиий кашфиёт муаллиф истагига зид ҳолда ҳам ўз умрини кечириши мумкинлигини асослаб беради. “Сароброманини ўқишли қилган, унинг бугунги авлодга ҳам бадиий таъсир кўрсата олишини таъминлаган жиҳатлар мазкур рисолада ғоят нуктадонлик билан кўрсатилган. Рисолада шахсияти бутунлиги синдирилган инсон фожиасининг жуда кўламли ва таъсирчан тасвири қанчалик умрзоқ бўлиши мумкинлиги ёрқин намоён этилган.

Қўлланма бугунги ўзбек танқидий тафаккури кўтарилган юксаклик ҳақида тасаввур уйғотиши жиҳатидан ҳам, бадиий матнга замонавий герменевтика илми талаблари билан ёндашишнинг амалий самараси сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шуниси диққатга моликки, профессор Умарали Норматовнинг мазкур асари соф амалиётчилик нуқтаи назаридан ҳам ғоят ўзига хос ҳодиса бўлиб, ўзбек адабиётшунослиги янгича қиёфа касб этаётганлигидан, унинг бугунги ҳаётий талабларни ҳисобга олиш имконияти ортиб бораётганлигидан ёрқин далолатдир.

Бир нарса кўнглимга таскин беради: мен бирор гуноҳ ишга онгли равишда қўл урган эмасман; оиламга, турмуш ўртоғимга, фарзандларим, дўстларим, устозларимга энг кескин вазиятларда ҳам хиёнат қилмадим. Ҳамиша ҳаромдан ҳазар қилиб яшадим. Ҳеч кимга таъмагирлик билан ялтоқилик қилмадим”,- деб ёзади Умарали Норматов суҳбатларидан бирида. Ўзи тайин этган ҳаётий қоидаларга садоқат билан яшаб келаётган имонли домламизга узоқ умр, саломатлик ва ижодий омад ёр бўлишини тилаймиз.

 

 

Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ

 

 

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz