Umarali Normatov
 
 
Kitoblar
Moqolalar
Suhbat va esselar
U.Normatov haqida
 
Saytimizga xush kelibsiz!

 

ЕТУК МУНАҚҚИД ФАОЛИЯТИ САҲИФАЛАРИ

 

Олимнинг умри йиллар билан ўлчанмайди, олимнинг умри у яратган асарлар, илмий тадқиқотлар салмоғи билан сарҳисоб қилинади. Олимнинг умри у ихтиро этган китоблар умричадир, қолдирган шогирдлари воситасида бу умр келажакка қадам ташлайди. Аллоҳ ато этган буюк неъмат – умр қанча йил бўлса-да, бу моддий ҳаёт билан яшаш олимга камлик қилади. Зеро, «олим» калимаси Аллоҳнинг гўзал исмлари (асмои ҳусно)дан бирига айланишининг боиси ҳам шунда.

 Етук мунаққид, фидойи олим ва шогирдпарвар устоз  Умарали Норматов 1931 йил 3 январда Фарғона филояти Бешариқ туманидаги Рапқон қишлоғида зиёли оиласида туғилди. Қўқон мадрасаларида таълим олган оталари Нормат қори  Қуръони карим ва Ҳадис илмини билгани, Саъдий, Ҳофиз, Навоий, Фузулий, Бедил ва Машраб асарларини қўлдан қўймай ўқигани учун қишлоқ кишилари «Қори ака» деб ҳурматлайдиган шахс бўлган. Ўзи миниб шаҳарга қатнайдиган баҳосиз Қорабайир отини Саъдий «Гулистон»ининг форсий-туркий матни қўлёзмасига алмаштириб юборгани қишлоқда ҳализамон оғиздан-оғизга ўтади. Оналари Сорабиби Яссавий ҳикматларию, Сўфи Оллоҳёр байтларини нурли ва ҳазин оҳангда ўқийдиган отинча аёл бўлгани эсланади. Тоғалари қишлоқ мактабида усули жадидани жорий қилган муаллим  Мулла Маҳмуд бир ҳафтанинг ичида жиян-шогирди Умаралига араб ёзувини ўргатгани маълум. Табиийки, шундай зиёли муҳитда тарбияланган Умарали Норматов ҳам университет таълимига қадар ўрта мактабни аълога, Педагогика билим юртини имтиёзли диплом билан битирди. Талабалик йилларидаёқ /улом Каримов, Субутой Долимов, Озод Шарафиддинов каби устозлар назарига тушди. Университетни имтиёзли дипломга битирган истеъдодли шогирдини қишлоқ мактабида оддий ўқитувчи бўлиб қолиб кетишини истамаган устоз Озод Шарафиддинов уни ҳали мактаб бағрига сингиб улгурмасидан  университет аспирантурасига олиб келади. Қишлоқ оқсоқоллари Озод аканинг Рапқонга боришию, «маслаҳат оши» ўтган чойхонани яхши эслашади...

Тошкент Давлат университетида аспирантура таҳсили (1959-1962)дан сўнг Филология факультетининг Ўзбек адабиёти тарихи кафедрасида ўз устозлари қаторига ишга таклиф қилинади. Орадан бир йил ўтмаёқ «Ҳозирги ўзбек ҳикоячилиги тараққиёти тенденциялари» мавзуида номзодлик диссертацияси (1963)ни ёқлади. Фаол мунаққид, зукко олим сифатида Абдулла Қаҳҳорнинг назарига тушиб, «Қаҳҳорнинг одами», яъни унинг даврасига даҳлдорлар сафидан жой олади. Танқидчиликда Матёқуб Қўшжонов ва Озод Шарафиддиновдан кейинги мунаққидлар рўйхатида муқим турди. «Инсон фаолиятига оид соҳалар ичида сўз санъатидек тутқич бермайдиган» ижод турининг этагини маҳкам тутди, унинг «қолипга, қоидага тушмайдиган сир-синоати» қоида ва тамойилларини ишлаб чиқадиган олим бўлиб етишди. Матбуотга чиққан илк мақоласидаёқ «ёш адибларнинг ютуқ ва камчиликлари»ни кўрсатишга (1957) интилган мунаққид сифатида кўринган бўлса, ўзининг илк китобини ўзбекнинг энг оддий ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор ҳикояларини англашдек машаққатли ишга бағишлади. Оддий сўзда жилваланган буюк қудрат ва илоҳий сеҳрни кашф этишдек нозик ва масъулиятли ишга «Маҳорат сирлари» (1968)дан тортиб «Тафаккур ёғдуси» (2005)гача содиқ қолди. Сабаби «ҳар бир улкан ижодкор буюк асари билан ҳар гал янгича йўл, усул, қоидалоар кашф этади. Бунинг устига ижодкор шахсиятидек сирли, ажабтовур одам боласига... Аллоҳ инсон зотига хос жамики кучли ва заиф, зиддиятли, сирли-сеҳрли, мўъжизакор сифатларни мужассам этиш учун ёзувчилик истеъдодини яратган бўлса», мунаққидга ана ўша мўъжизалар билан иш кўрадиган, ҳар гал янги асар ўқиганда гўзаллик билан учрашгандай ҳайратлана оладиган, ўз ҳайратининг сабабларини таҳқиқ қилиб, уни ўқувчиларига юқтира оладиган салоҳиятни берган. Умарали Норматов қаламидан чиққан беш юздан ортиқ мақолаларни тасниф қилганда, йигирмадан ортиқ китобларни мушоҳада этганда бу асарлар бағридаги чўғнинг тафтидан совуқ қалблар илиқлаша боргани, жозиб қалблар эҳтиросга берилганини ҳеч ташбеҳу таърифларсиз кузатиш мумкин. Ана шунда мунаққид умрини ўзи айтгандай бекорга сарф бўлмаганини, йиллар суронига совуриб қўймаганини ҳис қилиш мумкин. «Аллоҳ томонидан бир бор берилган умрни, ўзига яраша қобилият-иқтидорни ўткинчи, арзимас машғулотлар учун беҳуда сарф қилгани» учун таассуф тортган олимгина ўз фаолиятига холис қарай олади, ўзининг камтарона илмий тажрибасини ҳам устозларидан, атроф-муҳитдан кўради: «Университетдаги адабий муҳит, /улом Каримов, Субутой Долимовдек алломалар билан бирга ишлаш, улфат тутиниш бахти насиб қилганидан», Озод Шарафиддиновдай асримизнинг буюк танқидчисига «биринчи шогирд бўлиш, салкам қирқ йил у аллома билан бирга ишлаш фахрини» ҳис қилган масъулиятли мунаққид «ҳаётда, адабиёт илми йўлида топганлари қанчалар ардоқли бўлмасин»,  олим «яшаган, ишлаган йиллари адабиёт илмида майдонга чиққан ёрқин сиймолар, содир бўлган буюк ўзгаришлар, кашфиётлар қаршисида анчайин камтарона ўрин тутишини ўйлаб бир оз ҳушёр» тортиб қолади. «Ўзбек адабиёти, адабиёт фани шу йиллар давомида жаҳон адабиёти, тафаккури ривожига таъсир кўрсата оладиган асарлар бера олдими?» деган савол олимни сонсиз жумбоқлар сари етаклайди. Бу савол қаршисида ўзини жуда-жуда ожиз сезади, айрим ҳолларда унга жавоб топгандай, адабиётимизда ярқ этиб кўринган ҳар бир учқундан юлдуз умидини қилишга, ҳар бир назарий ҳодисага жаҳоний маъно беришга тутинади. «Умарали ака урадиган эмас, суядиган танқидчилардан» экани, «ҳайрат оғушидаги умр», «ҳаяжонга кўмилган фикр» каби мақтов-танқидлар чимчилаб турса ҳам гўзалликни излашдан, топганларини ўқувчиларига ҳовучлаб тутишдан тортинмайди. Чунки ҳайрат ва ҳаяжон замирида буюк  СЎЗга, сўз санъатига ва унинг келажагига чексиз муҳаббат ва ишонч ётади. Умид билан суқилган таёқнинг бир кун самар беришига ишониб, ҳатто ўзи танимайдиган бошловчи адибага мактуб битади, унинг асарини «тафаккур ёғдуси» санаб, «ўзбекона нафосат, адолат туйғуси уфуриб турган истеъдодли бир адибанинг кўз олдимизда шаклланиб келаётганлигини миллий насримиз учун қувончли ҳодиса» деб билади. 

Абдулла Қодирийдан юқтирган «бутун одам» тушунчаси ҳаётий ибрат намунасигина эмас, балки эстетик идеал бўлиб туюлади, шунинг учун ҳар бир персонаж ва қаҳрамондан шахси бутунликни кутади ва бунинг қирраларини учратган кимсани Қодирий ва Қаҳҳор қаҳрамонларидай суйиб ардоқлайди. Адабиётдаги ҳар бир янги асарни китобхонлардан бир кун аввал кўради, унинг янгилик белгиларини топганда асар муаллифидан ҳам шодмонроқ бўлиб суюнади. Озод Шарафиддинов ёзганидай, ХХ асрнинг 60-йилларидан буён миллий адабиётдаги биронта салмоқли асар ёҳуд жиддий адабий воқеа танқидчининг эътиборидан четда қолган эмас. Ёзувчининг мунаққидлар билан ўзаро ижодий ҳамкорлигини кучайтиришда, ўта ижтимоийлашган танқиднинг бадиий ижод табиатини санъат асари деб англаши томон юз ўгиришида Умарали Норматовнинг чиқишлари, хусусан, ёзувчилар билан қилган адабий суҳбатлари муҳим аҳамият касб этади. Олимнинг адабий-танқидий ишлари яҳлит ҳолда замонавий адабий жараён ҳамда янги ўзбек адабиёти тарихи, тараққиёти масалаларига бағишланган. Унинг қаламига мансуб миллий адабиётимизнинг нодир асарлари таҳлили, ўзига хос талқини, бу адабиётнинг ўнлаб намояндаларининг адабий портретлари, ниҳоят, янги ўзбек адабиётининг тараққиёт тамойилларига оид илмий-назарий ишлари адабий жамоатчилик томонидан эътироф этилди. Янги ўзбек адабиёти анъаналари ва новаторлик хусусиятларини аниқлаш олим илмий тадқиқотларининг асосини ташкил этди. Ўзбек ҳикоячилигининг тараққиёт тамойиллари ҳақидаги номзодлик, «Ҳозирги ўзбек прозаси (традиция ва наваторлик муаммолари)» (1978) тадқиқиқига бағишланган докторлик ишларида, «Насримиз уфқлари» (1974), «Насримиз анъаналари» (1978) сингари китобларида ўзбек насри тамойилларини изчил таҳлил қилади, унинг тараққиёт хусусиятларини зукко олим нигоҳи билан кузатади. Бундай зоҳирий сифатларни асос билган шарҳчилар Умарали акани «наср мунаққиди», «эпик танқидчи» каби тамсиллар билан сийладилар. Бироқ ёзганларини синчиклаб кузатган китобхон наср баробарида ўзбек назмининг устивор хусусиятларини сарафроз қилган, Чўлпондан Баҳром Рўзимуҳаммадгача ХХ асрнинг тиниқ шоир ва шоиралари ҳақида гўзал тақриз ва мақолалар яратган олим эканини яхши пайқайдилар.

Ҳар соҳадаги каби адабиётнинг ҳам юксак юлдузли онлари, нурли чўққилари баробарида қўналғада жиндай пастлаб кетган даврлари бўлганидек, Умарали акада ҳам ўз даврига фарзанд бўлиш, унинг зилол сувларидан нафланиш баробарида оқоваларига ҳам дуч келиш онлари бўлди. Мафкуравий тазйиқ даври ўзбек адабиётининг хусусиятларини ўрганганда, давр адабиётининг  назарий асоси реализм табиатидан келиб чиқиб иш кўриш «Етуклик» (1982), «Ақл ва қалб чироғи» (1983), «Давр туйғуси» (1987) асарларида кўзга урунади. Давр зуғумига бўйин эгиб, етуклик белгиларини соцреализм тамойилларидан кутган бўлса-да, бу адабиётнинг улуғлигини турли хил шакллар ва услубларга бағрини очган бадииятида кўрди.

 «Қалб инқилоби» (1986), «Қодирий боғи» (1996), «Ўткан кунлар» ҳайрати» китоблари замонавий ўзбек адабиётшунослигининг жиддий ютуғи сифатида эътироф этилди. Умарали ака ҳар доимгидек мустақиллик йилларида ҳам миллий-адабий жараённи қадам-бақадам синчиклаб кузатиб борди, адабиётимизда пайдо бўлган янгича адабий-эстетик тамойилларни аниқлаш, бугунги адабий жараёнининг назарий муаммоларини тадқиқ этиш йўлидан борди. «Умидбахш тамойиллар» (2000), «Тафаккур ёғдуси» китоблари, матбуотда эълон этилган юзлаб адабий-танқидий мақолаларини айни шу муаммоларга бағишлаган.  «Маҳорат сирлари» (1968)дан «Қаҳҳорни англаш машаққати» (2000)гача, «Қодирий боғи» (1996)дан «Тафаккур ёғдуси» (2005)гача ХХ аср ўзбек насрининг пирлари Қодирий ва Қаҳҳор ижодини бутун бўй-басти, нурли ва камчил томонларигача кузатишга вақтини, умрини сарфлашдан тийилмади.

Адабий-танқидий мақолага нисбатан назарий ишнинг умри узоқроқ эканини яхши англаган олим кейинги вақтда жаҳон адабиётидаги услубий оқим истилоҳларини ўрганишга, унинг табиатига мос равишда миллий адабиётимиздан намуналар, тимсоллар ва муқобиллар белгилашга дилдан ҳаракат қиляпти. Шу йўналишда «абсурд» адабиёти, символизм, структурализм ва постмодернизм каби ўзбек китобхонлари тугул адабиётшунослари ҳам қийинлик билан бўйин бераётган ҳодисаларнинг моҳиятини англатишга, нафақат адабиёт, балки санъатнинг бошқа турларида кечаётган янгиланиш жараёнининг фалсафий моҳиятини идрок қилишга интилади. Ана шу маънода Умарали ака доим замон билан чарчамасдан ҳамқадам бораётган, ҳатто айрим ёш мунаққидлар кузатиб улгурмаётган ҳодиса ва жараёнларни, бадиий ва илмий-танқидий асарларни ўқиш ва ўқитишдан тинмаётганини кўрсатади.

Француз маърифатчиларининг устози Дени Дидро ёзганидек,  киши ўқишдан, ўқиганларини таҳлил қилишдан тўхтаса, тафаккур қилишдан тўхтайди. Умарали Норматов нафақат йилдан йилга, балки кун сайин яшариб бораётган, тирик адабий жараённи ўзгача сезимлар билан англаб, янгича талқин қилаётган мунаққидга айланмоқда. Умарали акадаги бу сифат бисотидаги бир ҳовуч сўзни эзмалик билан айлантириб кун кўраётган кекса авлодга; ўқишдан, уқишдан, сўз ва фикр ҳаракатидан тўхтаган айрим ёш ижодкорларга ҳам ўрнакдир.

Умарали Норматов умрининг асосий қисмини университетда ёшлар орасида ўтказди. Кафедранинг илм тараққиёти йўлидаги имкониятларини яхши англаган олим 1974 йили Ҳозирги ўзбек адабиёти кафедрасига асос солди ва ўттиз йилдан ортиқроқ муддатда кафедра мудири ва профессори бўлиб ишлади. Янги ўзбек адабиёти намояндаларининг шўро даврида топталган шаънини тиклаш, улар меросини халққа қайтариш, ХХ аср адабиёти тарихини тубдан қайта баҳолаш, холисона илмий ёритиш йўлида жонбозлик қилди. 1990-2002 йиллари домла раҳбарлик қилган кафедра қошидаги 20-30-йиллар ўзбек адабиёти тадқиқига бағишланган илмий гуруҳ улкан ишларни бажарди, «Абдулла Қодирийнинг бадиий олами» номи остида илмий жамоа тўплами, Чўлпоннинг уч жилддан иборат «Асарлар»и нашрга таёрланди, «Адабиёт надир?» китоби чоп этилди. Республика Фан ва технологиялар маркази гранти бўйича 2003-2005 йиллари О.Шарафиддиновнинг Истиқлол йилларида яратган асарларидан иборат 70 босма тобоқ ҳажмдаги «Сайланма»си нашр этилди. Шу асосда «Миллий истиқлол ғояси ва ҳозирги ўзбек адабиётшунослиги, танқидчилиги тараққиёти тамойиллари» каби тадқиқот ишларини олиб борди. Бунинг баробарида кафедрада О.Шарафиддинов, А. Алиев, А. Расулов, Н. Худойберганов, С.Содиқов, Р. Қўчқоров, Б. Каримов, А. Улуғов, сингари истеъдодли мунаққид-адабиётшунослардан иборат илмий жамоа шаклланди, мазкур жамоанинг саъй-ҳаракати туфайли Миллий университет мамлакатимизда ва ҳорижда тан олинган адабий-танқидий тафаккур марказларидан бирига айланди. Адабий танқидчиликда «Озод Шарафиддинов мактаби» деб ном олган илмий марказга асос солинди. Кафедранинг барча профессор-ўқитувчилари Ёзувчилар уюшмаси аъзоси сифатида қайноқ адабий ҳаёт ичида нафас олдилар.

Умарали Норматов университетда «Янги ўзбек адабиёти», «Ҳозирги адабий жараён», «Ҳозирги адабий жараён муаммолари», «Илмий ижодиёт методологияси» фанлари бўйича машғулотлар олиб боради, унинг маърузалари илмий теранлиги, янгича оригинал ёндашув ва жўшқин талқинлари билан ажралиб туради. Олий ўқув юртларини дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминлашда самарали иш олиб борди. О.Шарафиддинов ва У.Норматов тузган дастур ва унинг иштирокида тайёрланган «ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи» (1997 йил) дарслиги университет тизимида фаол қўлланилмоқда. Ҳозир факультетда Республика Ёзувчилари уюшмаси ва Ҳозирги ўзбек адабиёти кафедраси ташаббуси билан ЎзМУ қошида ташкил этилган Олий адабиёт курси муваффақият билан фаолият олиб бормоқда. Унинг сафларида бўлажак шоир, носир, драматург ва мунаққидлар бадиий ижод сирларидан таҳсил олмоқдалар.

Умарали Норматов мамлакатимиз илмий салоҳиятини оширишда, уни истеъдодли кадрлар билан таъминлашда ҳам фаоллик кўрсатаётир. Ўзбекистон Р ФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт  институти, ЎзМУ қошидаги докторлик диссертациялари ҳимоялари бўйича ихтисослашган илмий кенгашлар аъзосидир. Проф. Умарали Норматов раҳбарлигида иккита докторлик, 11 та номзодлик дисертациялари ҳимоя қилинди. У раҳбар бўлган кафедра мактабидан чиққан шогирдлар бугун маданиятимизнинг турли жабҳаларида фаолият кўрсатмоқда. Чунончи, филология фанлари доктори Дилмурод Қуронов Андижон Давлат университетида Филология факультети декани, филология фанлари доктори Баҳодир Каримов эса ЎзМУ Ўзбек филологияси факультети декани вазфасида ишлайди.

Умарали Норматов Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ 1991 йил март ойида ташкил этилган умумтаълим мактабларида янгиланган адабий тафаккур асосида дарслик ва ўқув қўлланмалари яратиш бўйича муаллифлар гуруҳига раҳбарлик қилди. Ташкилотчи педагог раҳбарлигида адабиёт ўқитишнинг янги концепсияси ишлаб чиқилди ва унга мувофиқ умумтаълим мактабларнинг 5-11 синфлар учун «Ўзбек адабиёти» бўйича янги ўқув дастури тузилди, шу дастур асосида дарслик ва ўқув қўлланмалари яратилди. 5-, 9- 11-синфлар учун Адабиёт дарсликлари, мажмуа ва методик қўлланмалари муаллифи сифатида қатнашди. Танловларда унинг иштирокида яратилган 9-синф «Адабиёт» (2002 йил), 5-синф «Адабиёт» (2003 йил) дарслик-мажмуалари ғолиб чиқди.

У.Норматовнинг адабиётшунослик, таълим-тарбия соҳасидаги хизматлари муносиб тақдирланган. 1981 йили етук олимга Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби унвони, 1989 йили «Қалб инқилоби» китоби учун Республика Давлат мукофоти берилган; адабий-танқидий мақолалари учун «Шарқ юлдузи», «Гулистон», «Тафаккур» журналларининг йиллик  мукофотларини олган. Ўзбекистон республикаси Халқ маорифи аълочиси нишони (1992), «ТошДУ моҳир педагоги» унвони (1998) соҳиби. Устоз Умарали ака ёзадилар: «Дипломлар, гувоҳномалар, унвону даражалар ўз йўлига. Хўш, ярим асрлик филология йўлидаги тинимсиз фаолиятдан мен нима топдим? Топганим шу бўлдики, сўз санъати инсоният яратган, аниқроғи, Аллоҳ одамларга ҳадя этган ноёб неъмат, сеҳрли мўъжиза эканига такрор-такрор иқрор бўлдим... Инсон фаолиятидаги ҳеч қайси соҳа адабиётчалик сир-сеҳрга бой эмас. Инсон ва унинг табиати, қалби, руҳияти ҳақиқатини кашф этишда ҳеч бир соҳа адабиёт билан тенглаша олмайди, унинг ўрнини босолмайди... Чинакам санъат асарини ўқиганимда, томоша қилганимда ҳайратдан ўзимда йўқ яйрайман. Кўнглимда шу соҳага майл-меҳр уйғотгани, ризқимни шу соҳадан бергани учун Яратганга шукроналар айтаман». 

Йил бошида Умарали Норматов келажак сари 75 қадамни ташлади. Ўзининг ҳар бир одимида янги-янги илмий-танқидий асарлар ёзиб, халқимиз маънавиятини бойитишга ва унинг комиллик сари юксалишига дилдан сайъ-ҳаракат қилмоқда.

Илм йўлида чеккан заҳматларингизни, миллат камолоти учун қилган саъй-ҳаракатларингизни Яратганнинг ўзи даргоҳида қабул этсин, Аллоҳ таоло икки дунё саодатидан баҳраманд бўлишликка насиби рўз айласин!               

 

Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ,

филология фанлари доктори, профессор.

 

 

Copyright © 2010. || web master: Sadullo Quronov
Используются технологии uCoz